Мирзиёев Ўзбекистонни яшиллаштирмоқчи. Аммо мўмай даромад истаги ҳамон дарахтдан устунми?

Сурат манбаси, O'zbekiston prezidenti matbuot xizmati
Президент Мирзиёевга ҳар бир уй олдида уч дарахт сиёсати тақдим этилган куни Тошкент шаҳри ҳокимлиги пойтахт қоқ марказида автотураргоҳ қуриш режасини эълон қилди.
Ўзбекистон мустақиллик йилларида ўзининг яшил, соя-салқин масканларидан айрилгани бор гап.
Буни космосдан олинган Google суратлари ҳам исботлаб турипти.
Бошида бу ҳақда бонг ураётган атроф-муҳит жонкуярларининг чиқишларига эътибор берилмади, "ҳа, энди йўл қуриш учун, аҳолиси кўпайиб бораётган мамлакатга янги уй-жой қуриш учун айрим дарахтларни қурбон бериш керак", дея "тушуниш" билан ёндашиш ҳам бўлди.
Оқибатда Тошкент ҳавоси нафас олиш инсон саломатлиги учун зарарли даражагача кўтарилди.
Ўзбекистон шаҳарларини гармселу бўронлардан асраб келган "дарахт девор"лар йиқитилгани иқлим ўзгариши билан қўшилиб янада вайронакор тус оладиган бўлди.
Гулнора Каримованинг Форумлар саройи ҳайбатини кўрсатмай қўйгани учун қарийб 200 йиллик дарахтлар Амир Темур хиёбонидан томири билан қўпориб ташланди, бу нарса эса ҳокимларга ўз ҳудудларидаги кекса чинорларни йиқитишларига йўл очди.

Сурат манбаси, sreda.uz
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Президент Шавкат Мирзиёев иқлим ўзгариши туфайли ҳам тобора жазирама кучаяётган Ўзбекистонда мавжуд дарахтларни кесиш, янги яшил ҳудудларни кенгайтириш лозимлигини урғулаб келади.
2019 йил 1 ноябридан мамлакатда дарахт кесишга мораторий эълон қилинди.
Бир неча марта узайтирилган мораторий муддати Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йилги янги фармони билан муддатсиз даврга узайтирилди ва ноқонуний кесганлик учун жарималар бир неча баробарга оширилди.
2021 йил 24 августда дарахтларни кесиш, уларни муҳофаза қилиш ва яшил ҳудудларни кенгайтириш бўйича Ўзбекистон ҳукумати видеоселектор мажлиси ўтказилди.
Президент Мирзиёев мораторийга қарамай дарахтлар кесилаётганини танқид қилган, 55 млн кузги ва 70 млн баҳорги кўчат экиш вазифасини қўйди.
2021 йил декабрида Ўзбекистонда «Яшил макон» деб номланган умуммиллий лойиҳага киришилди, қимматбаҳо дарахт ҳамда буталарни кесишга мораторий муддатсиз узайтирилди.
2023 йил 14 октябрида Президент Мирзиёевнинг ўзи «Яшил макон» лойиҳаси доирасида кўчат ўтқазиб, кузги дарахт экиш мавсумини бошлаб берди.
Ўша мавсумда 85 млн туп кўчат экиш режалаштирилгани хабар қилинди.
2024 йил 29 март куни "Яшил макон» лойиҳаси, кўчат экиш ва ободонлаштириш масалаларига бағишланган катта видеоселектор йиғилиш ўтказилди.
Мамлакат бўйлаб 125 млн дона кўчат экиш, йўл бўйларига дарахт экиш, суғориш ва янги боғлар ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Ўша йили сентябр ва октябр ойларидаги ҳукумат мажлислари атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, Тошкент ва атрофида «яшил белбоғ»лар барпо этиш, янги қурилишлар атрофининг камида 25 фоизини кўкаламзорлаштириш, дарахт кесиш ва қасддан қуритиш учун жазони кучайтириш масалаларини кўриб чиқди.

Президент Мирзиёев кесилган дарахтлар ўрнига янгилари экилмаётганини танқид қилди.
Ҳар йили Ўзбекистонда 200 млн дарахт ва бута экиш, «яшил белбоғ»лар ва боғларни ташкил қилиш вазифаларини қўйди.
2025 йил сентябридаги "Яшил макон" муҳокамасида баҳорда ўтқазилган 137 миллион кўчатдан 27,5 миллиони қуриб қолгани қайд этилди.
Куни-кеча бўлиб ўтган мажлисда кўчатларни шунчаки экиш эмас, уларнинг 1, 3 ва 5 йилдан кейинги ҳолати билан натижани баҳолаш масаласи қўйилди.
Президент матбуот хизматига кўра, энди Ўзбекистондаги "Яшил макон" лойиҳасини янги босқичга олиб чиқишга қарор қилинган.
Энди Ўзбекистон шаҳарларида шундай шароит яратилиши керакки, унда ҳар бир инсон ўзи яшаётган, ишлаётган ёки ўқиётган жойда камида учта дарахтни кўриш имкониятига эга бўлиши, аҳоли яшайдиган ҳудуднинг камида 30 фоизи дарахтлар сояси билан қопланган бўлиши, уйдан 300 метр масофада эса дам олиш учун яшил ҳудуд бўлиши керак.
Шаҳар марказига автомобил эмас, пиёда рағбатлантирилмайдими?

Сурат манбаси, Телеграм/Бургут
Президент Мирзиёевга "Яшил макон" лойиҳасини янада янги босқичга олиб чиқиш тақдим этилган куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги пойтахт марказидаги яшил ҳудудни акционга қўйгани хабарлари тарқалди.
"Тошкент ҳокимлиги автотураргоҳ қуриш баҳонасида пойтахтнинг олтинга тенг яшил ҳудудини сотувга қўймоқчи", деб ёзди Телеграмдаги Бургут канали.
"Тошкент шаҳар ҳокимлиги пойтахтнинг қоқ марказида — Алишер Навоий номидаги миллий кутубхонанинг орқа ҳудудида жойлашган 1,3 гектарлик ер участкасида [яшил зонада] давлат-хусусий шериклик асосида автотураргоҳ қуришни режалаштирмоқда. Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзақовнинг тегишли қарори қабул қилинган.
Техник шартларда автотураргоҳ билан бирга, "хиёбон ташкил қилиш" режаси ҳам кўзда тутилган бўлса-да, бу шунчаки кўзни шамғалат қилишдан бошқа нарса эмас, деб ўйлаймиз. Шундоқ ҳам хиёбон у ерлар", деб ёзди Бургут.
Ер участкаси 514 млн сўм билан электрон аукционга чиқарилади. Ер участкасини 10 йил муддатга оладиган хусусий шерик 10 млрд сўмлик инвестиция киритиши керак бўлади.
Шартларга кўра, автотураргоҳда ҳар бир автомобилдан олиниши лозим бўлган тўловларнинг 15%и давлат шеригига, 5%и эса «Пуллик тўхташ жойи» операторига ўтказиб берилади.
Кўплаб блогерлар авто тураргоҳ барпо этиш ғоясини танқид қилиб чиқдилар.
Шаҳар маркази ҳавосини ифлосламаслиги учун дунёнинг кўплаб шаҳарларида автомобилни марказга ҳайдаб бормасликка рағбат чоралари кучайтирилган, хусусан, Лондон марказида Congestion Charg тартиби ишлайди.
Фаоллар Тошкент марказини ҳам автомобил олиб киришга рағбатлантирадиган авто тураргоҳ эмас, аксини қилишга чақирмоқдалар.
Филолог Шаҳноза Соатова шундай ёзди:
«Айтганча, бугун ҳам автомобилсиз кун. Айни кунда шаҳар марказидаги кўпчилик пиёда сайр қиладиган ернинг автотураргоҳ учун сотувга чиқарилиши ҳақида хабар тарқалиши бир тасодиф бўлса-да, жуда хунук тасодифдир.
Бу ерга тегманглар. Асфалт кўп пойтахтимизда ёзда иссиқда яшаб бўлмай қоляпти. Ундан кўра автомобилдан воз кечишга чиндан рағбат берадиган чоралар кўпайтирилиши керак. Акс ҳолда "Автомобилсиз кун" ларимиз моҳиятан "Автомобилни офисдан нарироққа қўйиб келиш куни" бўлиб қолаверади», – деб ёзди Шаҳноза Соатова ўзининг Телеграм каналида.
End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:































