You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Эрон АҚШга жавоб қайтарди, Трамп қабул қилолмаяпти. Нега?
Президент Трамп Эроннинг урушни тугатиш бўйича АҚШ таклифига берган жавобини "мутлақо қабул қилиб бўлмайди" деб таърифлаган.
Эроннинг ярим расмий Тасним хабар агентлигига кўра, Теҳрон ўз таклифларини воситачи Покистон орқали етказган ва унда урушни барча жабҳаларда зудлик билан тугатиш зарурлиги таъкидланган.
Шунингдек, АҚШ ҳарбийлари Эрон портлари қамалини тўхтатиши ҳамда Эронга бошқа ҳужум қилмаслик лозимлиги урғуланган.
Феврал ойида АҚШ ва Исроил бошлаган урушни тугатиш йўлидаги оташкесим ҳамон давом этмоқда, аммо баъзида отишмалар бўлиб турибди.
Президент Трамп бир неча кун олдин Эрон билан уруш "тезда тугашини" айтганди.
Бироқ Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу Эронга қарши урушни тугади, деб ҳисоблашдан олдин бу мамлакатдан тўйинтирилган уранни "олиб чиқиб кетиш" шартлигини урғулаган.
Ким нима истайди?
Эрон расмий матбуотига кўра, Теҳрон урушда етказилган зарар учун товон истайди ва Ҳўрмуз бўғози устидан Эроннинг суверен мақомига ҳам эътибор қаратади.
Президент Пезешкиён ўтган якшанба кунги нутқида ўз мамлакати таклифига бевосита ишора қилмаса-да, аммо Эроннинг мавқеини очиқлаганди.
"Биз ҳеч қачон душман олдида бошимизни эгмаймиз ва агар мулоқот ёки музокара ҳақида гапирилса, бу таслим бўлиш ё чекинишни англатмайди" - деган Эрон президенти.
АҚШ президенти Трамп эса Truth Social тармоғида ўз мавқеини ёзган.
"Мен ҳозиргина Эроннинг гўёки "вакиллари" жавобини ўқидим. У менга ёқмади - МУТЛАҚО ҚАБУЛ ҚИЛИБ БЎЛМАЙДИ".
АҚШдаги Axios хабарига биноан, Қўшма Штатларнинг 14 банддан иборат меморандуми Эроннинг уранни тўйинтириш жараёнини тўхтатишни, санкцияларни олиб ташлашни ва Ҳўрмуз бўғози бўйлаб эркин ўтиб-қайтишни тиклашни кўзда тутади.
Унда номи ошкор этилмаган АҚШ мулозимларига таянилади ва улар ушбу масаладан хабардорлар, дея билдирилади.
Ушбу манбалар эса меморандумдаги кўплаб шартлар якуний келишувга эришишга боғлиқ бўлиб қолишини айтишган.
Эрон муҳим сув йўлини тўсишни давом эттираркан, дунё бўйлаб нефт нархлари ошиб кетди.
Жаҳон нефтининг 20% қисми айнан Ҳўрмуз орқали ўтади.
АҚШ эса Теҳронга босим кўрсатиш ниятида Эрон портларини қамал қилишни бошлаган.
Уруш тез тугайдими?
BBC мухбири Кэтрин Армстронгнинг 7 Май куни ёзишича, АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон билан уруш "тез орада тугайди" деб тахмин қилганди.
Ва Теҳроннинг ядровий амбицияларини тугатиш мақсадини аксарият одамлар "тушунаётганини" айтди.
Унинг бу изоҳлари Эрон урушни тугатиш бўйича АҚШ таклифи "ҳануз кўриб чиқилмоқда" деганидан сўнг янгради.
АҚШнинг Axios нашри Оқ уй Эрон билан 14 банддан иборат ўзаро англашув меморандумига яқинлашиб қолганини, бу эса батафсил ядровий музокаралар учун асос бўлиши мумкинлигини хабар қилди.
Эрон парламентининг юқори лавозимли аъзоси буни "истаклар рўйхати" деб рад этди, ташқи ишлар вазирлиги вакили эса Теҳрон АҚШ таклифи ҳақидаги қарашларини покистонлик воситачилар билан бўлишишини айтди.
Покистон ташқи ишлар вазири мамлакати "ушбу оташкесимни урушни буткул тўхтатишга айлантиришга ҳаракат қилаётганини" билдирди.
Axios ўз хабарида ушбу меморандумни бир саҳифалик, 14 бандли ҳужжат сифатида тасвирлайди ва у ядровий музокараларнинг батафсил босқичи учун асос бўлиши мумкинлигини ёзади.
Унда келтирилган бандлар орасида Эроннинг уран бойитишини тўхтатиши, санкцияларнинг бекор қилиниши ва Ҳўрмуз бўғози орқали эркин ҳаракатни тиклаш ҳам бор.
Нашр икки нафар АҚШ расмийси ва яна икки манбага таянади — уларнинг барчаси номи ошкор этилмаган — ва улар масаладан хабардор манбалар сифатида таърифланади. Бу манбалар меморандумда баён этилган кўплаб шартлар якуний келишувга боғлиқ бўлишини айтган.
Reuters ахборот агентлиги АҚШ ва Эрон ўртасидаги воситачилик жараёнидан хабардор икки манба Axios берган маълумотни тасдиқлаганини хабар қилди, бироқ таклиф оммага очиқланмаган.
Чоршанба оқшомида виртуал сайловолди тадбирида нутқ сўзлар экан, Трамп Жоржия штатидаги республикачиларга уруш яқин орада тугашига некбин қараётганини айтди.
Унинг қўшимча қилишича, кўпчилик Эронга ядровий қуролга эга бўлиш имконини бермаслик тўғри қарор эканини тушунади.
Олдинроқ президент АҚШ "сўнгги 24 соатда Эрон билан жуда яхши музокаралар ўтказганини" ва келишув мумкинлигини айтиб, юқори ёқилғи нархлари сабаб америкаликларга етаётган қийинчиликлар вақтинчалик эканини урғулади.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:
Аввалроқ Эрон ташқи ишлар вазирлиги вакили Исмоил Бақоий Эрон Талабалар Ахборот Агентлигига (ISNA) шундай деди: "АҚШ таклифи ҳануз Эрон томонидан кўриб чиқилмоқда ва якунлангач, ўз фикрини Покистон томонига етказади."
Axios хабарига жавобан, Эрон парламентининг миллий хавфсизлик ва ташқи сиёсат қўмитаси матбуот котиби Иброҳим Ризоий X ижтимоий тармоғида шундай ёзди: "Америкаликлар юзма-юз музокараларда эриша олмаган нарсасига ютқазаётган уруш орқали ҳам эриша олмайди".
У, шунингдек, Эрон "бармоғини тепкида ушлаб турибди ва тайёр" эканини айтиб, агар АҚШ "таслим бўлмаса ва зарур ён беришларни қилмаса", Эрон "қаттиқ ва пушаймон қилувчи жавоб қайтариши"дан огоҳлантирди.
Трамп ҳам зўравонлик қайта бошланиши мумкинлигидан огоҳлантириб, Truth Social платформасида ёзишича, агар Эрон келишувга рози бўлмаса, "бомбардимон бошланади ва у афсуски, аввалгидан анча юқори даража ва интенсивликда бўлади".
У яна "Epic Fury" амалиёти — АҚШ-Исроилнинг Эрондаги дастлабки ҳужуми — "агар Эрон келишилган нарсани беришга рози бўлса", якунланишини айтди. Бу баёнот АҚШ давлат котиби Марко Рубио операция ўз мақсадларига эришгач тугаганини айтганидан кейин янгради.