You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Гуллар ва бақлажонлар тақиқда. Сайловлар арафасида Россиянинг Арманистонга босими
Арманистонда 7 июн куни бўлиб ўтадиган парламент сайловлари яқинлашар экан, Россия Арманистоннинг Россияга экспортининг катта қисмини чеклаш орқали Ереванга босимни кучайтирди. Тақиқ деярли барча мева, сабзавот, гуллар, балиқ ва минерал сувларни ўз ичига олади.
Сўнгги ойларда Москва Ереваннинг Европа Иттифоқи билан яқинлашиш йўлида қадамлар қўяётган ташқи сиёсатидан бир неча бор норозилигини билдирди.
Аввалроқ Россия президенти Владимир Путин Арманистон раҳбарияти "икки стулда ўтира" олмаслиги, яъни Евросиё Иқтисодий Иттифоқига (ЕОИИ) аъзоликни сақлаб қолишни истаса, Европа Иттифоқи билан муносабатларни ривожлантирмаслиги кераклигини айтганди.
У шунингдек, Москва ва Ереван ўртасидаги муносабатлардаги ҳозирги вазиятни Россия ва Украина ўртасидаги келишмовчилик билан таққослади. Путиннинг сўзларига кўра, жорий можаро Украинанинг Европа Иттифоқига интеграциялашиш истаги билан бошланган.
"Коммерсант" рўзномаси хабарига кўра, Москва шунингдек, агар Арманистон Европа Иттифоқига яқинлашишда давом этса, Ереванни газ, ёқилғи ва олмос етказиб бериш бўйича келишувни бекор қилиш билан таҳдид қилган.
Россия апрел ойи охирида Арманистон маҳсулотларига тақиқлар қўйишни бошлади. Чекловларни жорий этиш жараёни 4 ва 5 май кунлари Ереванда 8-Европа сиёсий ҳамжамияти саммити ва биринчи Арманистон-Европа Иттифоқи саммити бўлиб ўтганидан кейин тезлашди.
Саммитдан сўнг томонлар қўшма декларацияни имзолашди. Декларацияда саммит "сўнгги йиллардаги муҳим ютуқлар ва ҳамкорликнинг стратегик аҳамиятини" акс эттириши таъкидланди.
Европа Иттифоқи Еревани қўллаб-қувватлашни давом эттиришга содиқлигини яна бир бор таъкидлаб, "Арманистон ва Европа Иттифоқи умумий сиёсий қадриятлар ва халқаро ҳуқуқ, БМТ Низоми ва қоидаларга асосланган халқаро тартиб билан боғланган"лигини таъкидлади. Ҳужжатда шунингдек, Европа Иттифоқи "арман халқининг Европа томон интилишларини" тан олиши айтилган.
Ҳозирча Ереванга босим асосан иқтисодий, яъни Арманистондан кўплаб маҳсулотларни импорт қилишни тақиқлаш билан чекланган.
Чекловлар хронологияси
2-июн куни "Росселхознадзор" Арманистондан картошка, бақлажон, олма, нок, беҳи ва қуритилган меваларни импорт қилишга чекловлар қўяётганини эълон қилди. Агентлик импортга тақиқ муддатсиз эканлигини билдирди.
"Росселхознадзор" шунингдек, ушбу маҳсулотларнинг ЕОИИга аъзо давлатларга транзити ҳам "бу мамлакатларга карантин маҳсулотларининг келишини тасдиқлаш механизмлари йўқлиги сабабли" тақиқланганлигини таъкидлади.
1- июн. Навбат балиққа
"Росселхознадзор" Арманистондаги иккита компаниядан ташқари барча балиқни қайта ишлаш заводларини сертификатлашни тўхтатиб қўйганини эълон қилди.
Агентликнинг эълонига кўра, заводларнинг ярми текширувдан бош тортган.
"Икки тасдиқланган заводдан олинган балиқ маҳсулотлари хавфсизлик кўрсаткичлари бўйича лаборатория мониторинги шарти билан Россияга импорт қилинади", дея маълум қилишди Россия расмийлари.
Худди шу кни Россия Арманистондан узум ва данакли меваларни (олча, гилос, ўрик, олхўри, ва шафтоли) импорт қилишни тақиқлади.
"Росселхознадзор" бу қарорни "Россияга Арманистон меваларини етказиб беришда қонунбузарлик ҳолатларининг кўпайиши" билан изоҳлади.
"Ҳозирги вазият Россия ва ЕОИИнинг фитосанитария хавфсизлигига, шунингдек, Россияда боғдорчилиги, мева етиштириш ва узумчиликни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш дастурларини амалга оширишга таҳдид солмоқда", дейилади агентлик баёнотида.
28- май. Резавор мевалар
"Росселхознадзор" (Ветеринария ва фитосанитария назорати федерал хизмати) Арманистон резавор мевалари ва сабзавотларини Россияга импорт қилишни чеклади. Чекловлар помидор, бодринг, қалампир, кўкатлар ва қулупнайга нисбатан қўлланилади.
Агентликнинг таъкидлашича, бу қарор Россиянинг "фитосанитария хавфсизлигини таъминлаш" учун, юк ташишдаги қоидабузарликларнинг кўпайиши сабабли қабул қилинган. "Росселхознадзор"нинг таъкидлашича, арман етиштирувчилари фитосанитария текширувларидан бўйин товламоқда.
"Арманистоннинг тегишли ташкилотлари илгари аниқланган қоидабузарликлар бўйича тегишли чораларни кўришмади", дейилади баёнотда.
22- май. "Жермук" минерал суви хавлими?
Россия Арманистондан "Жермук" минерал сувини импорт қилиш ва сотишни тақиқлади.
"Роспотребнадзор" агентлиги минерал сувни импорт қилиш ва сотишга қарши "вақтинчалик санитария чораси" жорий этилишини эълон қилди, чунки сув "ёрлиқда кўрсатилган маълумотларга мос келмайди".
"Сувда бикарбонат (анион), хлоридлар ва сульфатларнинг ҳаддан ташқари миқдори аниқланди. Маҳсулотнинг доривор хусусиятлари ҳақида нотўғри маълумотлар инсон соғлиғига хавф солиши мумкин", дейилади "Роспотребнадзор" баёнотида.
21-май. Гуллар ҳам мумкин эмас
"Росселхознадзор" (Ветеринария ва фитосанитария назорати федерал хизмати) Арманистондан гуллар импортига вақтинчалик чекловлар қўйди.
Агентлик бу қарорни "Россиянинг фитосанитария хавфсизлиги ва экспорт салоҳиятини ҳимоя қилиш учун" қабул қилганини маълум қилди ва 2025-йилда ва 2026-йилнинг дастлабки ойларида Арманистондан келган гул маҳсулотларида "ЕОИИ ҳудудида карантинга олинадиган моддалар" аниқланганини таъкидлади.
"Маҳсулотлар бузилмайди"
Арманистон Бош вазири Никол Пашинян "экспортга нисбатан адолатсиз тўсиқларга" дуч келаётган ишлаб чиқарувчилар ва экспортчиларга ёрдам беришга ваъда берди.
Унинг сўзларига кўра, Арманистон ҳукумати зарар кўрганларга янги бозорларни топишда ёрдам беради ва шунингдек, бизнес учун субсидиялар ва қўллаб-қувватлаш дастурларини ишга туширади.
"Қалампир бузилади, атиргуллар бузилади, ҳукумат бунинг учун пул тўлайди, аммо буларнинг барчаси натижасида Арманистонда маҳсулот ишлаб чиқариш ошади ва экспорт ҳам ортади", деб Пашиняннинг сўзларидан иқтибос келтирди "Арменпресс".
Сешанба, 2-июнь куни Никол Пашинян атиргул ва сабзавотларнинг биринчи партияси аллақачон Европага юборилганини эълон қилди.
"Бир қатор бизнес делегациялари аллақачон ишламоқда, атиргул ва сабзавотларнинг биринчи партияси юборилди, у етиб борганда, мен сизга қайси мамлакатларга юборилганини айтаман. Бирорта ҳам маҳсулот қолиб кетмайди. Булар Европа Иттифоқи ва бошқа бозорлар", деди Пашинян.
Европа Иттифоқими ёки ЕОИИ
Россия Ереваннинг асосий савдо шериги ва ўзининг нефт ва газ захираларига эга бўлмаган Арманистонга табиий газ етказиб берувчи асосий давлатдир.
Мамлакатнинг Евросиё Иқтисодий Иттифоқига аъзолиги Арманистонга божсиз савдо қилиш ва меҳнат мигрантлари учун қулай шарт-шароитлардан фойдаланиш имконини беради. Евросиё Иқтисодий Иттифоқига аъзо давлатлар ҳам Россия газига сезиларли чегирма оладилар.
1-апрел куни Кремлда бўлиб ўтган учрашувда Владимир Путин Пашинянга "республика Россия газини қандай шартларда олишини" эслатди ва Россия уни Арманистонга Европа нархларидан анча паст нархда сотишини таъкидлади.
Май ойи охирида Россия, Беларус, Қозоғистон ва Қирғизистон раҳбарлари Арманистондан Евросиё Иқтисодий Иттифоқида қолиш ёки Европа Иттифоқига аъзо бўлиш-бўлмаслигини ҳал қилиш учун референдум ўтказишни талаб қилиб, қўшма баёнот беришди.
Баёнотда Арманистоннинг Европа Иттифоқига аъзо бўлишга тайёргарлиги Евросиё Иқтисодий Иттифоқи мамлакатларининг "иқтисодий хавфсизлиги учун жиддий хавф" туғдириши айтилган. Шу билан бирга, Арманистон расмийлари ҳозирги Евросиё Иқтисодий Иттифоқига аъзоликнинг муҳим иқтисодий фойдалари ва келажакдаги Европа интеграцияси истиқболлари ўртасида танлов қилишга тайёр эмасликларини намойиш этмоқдалар.
Бош вазир Никол Пашинян Арманистонда Европа Иттифоқи ва ЕОИИ ўртасида танлов қилиш бўйича референдум ўтказиш учун ҳозирда ҳеч қандай асос йўқлигини айтди.
Унинг сўзларига кўра, Ереван "Европа Иттифоқи ва ЕОИИ ўртасида танлов муқаррар бўлгунча" ЕОИИ доирасида ишлаш ниятида.
Пашиняннинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқи ва ЕОИИ ўртасидаги танлов ҳозирда Арманистон учун назарий ҳисобланади ва мамлакат расман Европа Иттифоқига аъзо бўлиш учун ариза бермагунча ёки Европа Иттифоқига номзод мақомига эришмагунча шундай бўлиб қолади.
Келишмовчиликларга қарамай, 1-июн куни Путин Пашинянни туғилган куни билан табриклади ва Москва Ереван билан муносабатларни ривожлантиришни хоҳлаётганини билдирди.
"Мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги муносабатлар анъанавий равишда дўстона бўлиб келган. Ва биз уларнинг янада изчил ривожланишидан манфаатдормиз. "Сизга соғлиқ, фаровонлик ва муваффақият тилайман", дейилади Кремл томонидан эълон қилинган телеграммада.
Сиёсатшунос Микаэл Золяннинг фикрича, Кремл Арманистондаги мавқеини йўқотиш хавфини эндигина англаб етди.
"Арманистон биринчи марта Ғарб ва Россия ўртасидаги геосиёсий рақобат майдонига айланди. Илгари Москва Арманистонни ҳокимият тепасида ким бўлишидан қатъи назар, ўзининг таъсир доираси деб ҳисобларди", деб ёзади Пашинян блокидан собиқ парламент аъзоси Золян.
"Энди Арманистон ҳукумати "деколонизация", АҚШ билан ҳамкорлик ва Европа Иттифоқи билан интеграция ҳақида гапирмоқда. Пашинян сиёсий кампаниясининг асосий козири Ғарб билан яқинлашиш ва АҚШ воситачилигида Озарбайжон билан тузилган Вашингтон келишувларидир", деб айтди Микаэл Золян.
Европа Иттифоқи ва АҚШ қўллови
29 май куни, Путин ва Пашинян ўртасидаги суҳбатдан бир неча кун олдин, Reuters агентлиги баъзи ҳужжатлар ва Ғарб жосуслик манбаларига таяниб, Москва Арманистон парламент сайловларига аралашувини кучайтираётгани ҳақида хабар берди.
Арманистон парламент сайловлари олдидан Москва дезинформация тарқатмоқда ва Россиядан ўн минглаб арманларни овоз бериш учун олиб келишни режалаштирмоқда, деб хабар беради Reuters агентлиги бир нечта Ғарб жосуслик ходимлари ва агентлик томонидан кўриб чиқилган ҳужжатларга таяниб.
Манбаларнинг таъкидлашича, Москва 100 000 кишини сайлов участкаларига олиб келиш учун 50 миллион доллар сарфлашни режалаштирган.
2 июнь куни АҚШ Конгресси ўнгида кўрсатма берган Давлат котиби Марко Рубио Россия Қўшма Штатларнинг Арманистон билан ҳамкорлигидан унчалик мамнун эмаслигини айтди.
"Менимча, Россия Федерацияси амалдаги президентнинг [Арманистон бош вазирини назарда тутмоқда] Қўшма Штатлар билан ривожланаётган муносабатлари туфайли сайловларда ютқазишини исташига оид далиллар мавжуд", деди жаноб Рубио.
Аввалроқ АҚШ президенти Доналд Трамп Арманистондаги парламент сайловлари олдидан Пашинянни қўллаб-қувватлаган эди. "Мен 2026 йил 7 июндаги сайловларда Николни тўлиқ қўллаб-қувватлайман", деб ёзган у ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
АҚШ президенти Пашинянни "ажойиб дўст ва етакчи" деб атади.
Бир қанча Европа етакчилари ҳам Пашинянни қўллаб-қувватлашларини билдиришди.