Деҳлидаги ёнғинда Ўшдан шифо излаб келган оила ҳалок бўлди

Published
Ўқилиш вақти: 3 дақ

3 июн куни Ҳиндистон пойтахти Деҳлидаги меҳмонхоналардан бирида чиққан ёнғин оқибатида 21 киши ҳалок бўлди. Қурбонлар орасида Қирғизистоннинг уч нафар фуқароси ҳам борлиги расман тасдиқланди.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигига кўра, ҳалок бўлганлар орасида 1976 йилда туғилган Х.Н., 2003 йилда туғилган Х.Т. ва 1950 йилда туғилган К.М. ҳам бор.

Қирғизистоннинг Ҳиндистондаги элчиси Аскар Бешимов Би-Би-Сига маълум қилишича, ҳалок бўлганлар жигар кўчириб ўтказиш операциясидан сўнг яқин кунларда ватанга қайтишга тайёрланаётган эди.

"Улардан бири донор, бири бемор, яна бири — ёши каттароқ қариндоши уларга қараб юрган. Улар Max номли шифохонада даволаниб чиққан, ушбу меҳмонхонада яшаб, якшанба куни қайтишни режалаштираётган эди", — дейди элчи.

Унинг айтишича, дастлабки маълумотларга кўра, ёнғинга газ баллони портлаши сабаб бўлган бўлиши мумкин. Олов бинода тез тарқалиб, ичкаридаги одамларнинг ташқарига чиқишига тўсқинлик қилган.

Ҳиндистон ОАВларига кўра, 40 нафардан ортиқ киши қутқарилиб, шифохоналарга олиб борилган. Ёнғин пайтида бинода қанча одам бўлгани ҳозирча аниқ эмас.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълум қилишича, меҳмонхонадаги чет элликларнинг аксарияти даволаниш учун келган беморлар ва уларнинг яқинлари бўлган. Florist Inn меҳмонхонаси йирик тиббий марказ — Max Saket Superspeciality шифохонасига яқин жойлашгани сабабли тиббий туристлар орасида машҳур бўлган.

Ҳозирда расмийлар ёнғин сабабларини ўрганмоқда. Марҳумларнинг жасадларини Қирғизистонга юбориш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

"Қурбонлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқ"

Ҳиндистондаги WION дохил баъзи маҳаллий нашрлар меҳмонхонадаги ёнғинда ҳалок бўлганлар орасида Ўзбекистон фуқароси ҳам борлигини хабар беришганди.

Лекин Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонаси Консуллик бўлими Ҳиндистон расмийларидан олган маълумотларига асосан, мазкур ёнғин оқибатида ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар орасида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари йўқлигини маълум қилган.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонаси юз берган фожиали воқеа манзарасида Ҳиндистонда бўлиб турган ёки ушбу мамлакатга сафар қилишни режалаштираётган Ўзбекистон фуқароларини яшаш жойини танлашга жиддий ёндашишга чақирган.

Бемор ҳикояси: "Бу ҳаёт учун жанг эди"

ТИВ баёнотида тилга олинган Х.Н. — ижтимоий тармоқларда Наргиза Қўчқорова номи билан танилган ўшлик Наргиза Ҳакимова экани маълум бўлди.

Қирғизистон томони ва маҳаллий манбалар маълумотига кўра, бошқа икки қурбон унга донорлик қилган 23 ёшли ўғли ва уларга қараш учун бирга борган 76 ёшли онаси бўлган.

Наргиза Ҳиндистонга даволаниш учун боргани ҳақида facebook'даги саҳифасида давомий ёзиб борган.

Унинг сўзларига кўра, у узоқ йиллар давомида оғир касаллик билан курашган:

"Менинг дардим оддий касаллик эмас. 15 йилдан бери гепатит билан курашяпман. Бу касаллик вақт ўтиши билан жигарни емириб, охири циррозга олиб келди".

У Деҳлидаги Max Super Speciality Hospital шифохонасида жигар кўчириб ўтказиш бўйича мураккаб операцияни бошдан кечирган.

"Мен ҳеч қачон бегона юртга сайёҳ эмас, нажот излаб келаман деб ўйламаган эдим", — деб ёзган у.

Наргиза тикланиш жараёнининг оғир кечганини ҳам таъкидлаган. У бу жараёнда нафақат тана, балки инсон руҳияти ҳам синовдан ўтишини ёзган. Шифокорлар ҳақида эса у шундай дейди:

"Бу ерда мен биринчи марта ҳис қилдим: мен ёлғиз эмасман".

Фожиали якун

Деҳлидаги шифохонада даволанаётган оила мураккаб операциядан сўнг ватанга қайтишга ҳозирланаётган эди. Бироқ бу режалар ёнғин туфайли амалга ошмади.

Марҳуманинг сўнгги ёзувларида сабр ва умид мавзуси асосий ўрин тутган:

"Сабр — бу шунчаки кутиш эмас. Бу — оғриқни ичига ютиш ва барибир "ҳаммаси яхши бўлади", деб ишониш".

Аммо даволанишдан сўнг ватанга қайтишга ҳозирланаётган оиланинг сафари ёнғин туфайли фожиали тарзда якун топди.

Нега Ҳиндистон?

Марказий Осиё Ҳиндистоннинг тиббий туризм сектори учун йирик бозорга айланган.

Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистон каби давлатлардан Ҳиндистондаги шифохоналарда даво излаётган хорижликлар сони ҳар йили ортиб бораётгани айтилади.

Расмий маълумотларга кўра, 2025 йилнинг дастлабки 4 ойида Ҳиндистонга қарийб 14 минг тиббий сайёҳ келган.

Марказий Осиёлик беморлар нисбатан арзон нархларда юқори сифатли тиббий ёрдамни таклиф қилгани учун Ҳиндистонни танлашади.

Ҳиндистонда кардиология, онкология, ортопедия ва орган трансплантацияси каби соҳаларда Марказий Осиёдаги шифохоналардан кўра юқорироқ сифатли даволаш усуллари мавжудлиги ва виза олиш осонроқ бўлгани сабабли беморлар учун имконли йўналишлардан бири сифатида кўрилади.

Бундан ташқари, жуғрофий жиҳатдан яқинлик, тўғридан-тўғри парвозлар ва рус тилида сўзлашувчи координатор- таржимонларнинг мавжудлиги Ҳиндистонни Марказий Осиёдан келган беморлар учун қулайроқ манзилга айлантирган.