You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Арманистон Путин босими остида: биз ва Европа Иттифоқи ўртасида танлов қил
Россия ва Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) лидерларининг Арманистонга босими ошмоқда. Бу ҳафта Қозоғистон пойтахти Остонада бўлиб ўтган саммитда ЕОИИга аъзо давлатлар раҳбарлари қўшма баёнот чиқариб, Арманистонда ЕОИИ таркибида қолиш ёки Европа Иттифоқи (ЕИ)га қўшилиш ўртасида референдум ўтказилишига чақирдилар.
Кремл сайтида 29 майда чоп қилинган баёнотда шундай дейилади:
«Арманистон Республикасида имконқадар тез муддатларда Европа Иттифоқига қўшилиш ёки Евросиё Иқтисодий Иттифоқи таркибида қолиш ҳақида умумхалқ референдуми ўтказилиши зарурати бўйича мавқеларга қўшиламиз.»
Остонада ўтган саммитда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам қатнашди. Ўзбекистон ЕОИИ да кузатувчи давлат сифатида иштирок этиб келади.
Аммо, Арманистондан саммитга Бош вазир Никол Пашинян эмас, бош вазир ўринбосари Мгер Григорян келди.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
Қўшма баёнотда Россия, Беларус, Қозоғистон ва Қирғизистон раҳбарлари, шунингдек, Арманистоннинг Европа Иттифоқига қўшилиши «ЕОИИ давлатларининг иқтисодий хавфсизлигига сезиларли хавф» туғдиришини айтишди.
Григорян ўз нутқида Арманистон ЕОИИ фаолиятида виждонан иштирок этишда давом этишга бел боғлагани, аммо бу ўзаро ҳурмат, тенг ҳуқуқли шериклик ва барча давлатларнинг миллий манфаатларини ҳисобга олган ҳолда қилиниши кераклигини айтди.
Остонада қабул қилинган баёнотда айтилишича, ЕОИИ нинг декабрда бўлиб ўтадиган олий учрашувида Арманистоннинг ЕОИИ дан чиқиб кетиши оқибатлари ҳақида доклад тақдим этилади.
Босим бошланган
Охирги йилларда Россия ва Арманистон ўртасида муносабатлар совуган. Бунинг энг асосий сабабларидан бири шуки, расмий Ереван Арманистоннинг Озарбайжон билан 2020-2023 йиллардаги Тоғли Қорабоғ урушида Россия тинчликни сақловчи кучларини ўз вазифасини бажармасликда айблаган.
Пашинян бунинг ортидан Арманистоннинг Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидаги аъзолигини музлатиб қўйган ва Ғарб давлатлари билан алоқаларни ривожлантиришга киришган.
Арманистонда 7 июнга мўлжалланган парламент сайловлари олдидан Россия Ереванга босимни кучайтирмоқда.
Россия Қишлоқ хўжалигини бошқарувчи Россельхознадзор аллақачон бир қатор арман маҳсулотлари – минерал суви, сабзавотлар ва конякнинг мамлакатга киритилишини ман қилди. Россия энергетика вазирлиги эса Арманистонга нефть маҳсулотлари, табиий газ ва олмоснинг солиқсиз етказиб берилишини тўхтатишини айтмоқда.
Россия Президенти Владимир Путин бир неча бор Арманистон бир вақтнинг ўзида ЕОИИ ва ЕИ да аъзо бўла олмаслигини айтган.
Ўтган йил февралида Арманистон парламенти Европа Иттифоқига қўшилиш бўйича жараённинг бошланиши ҳақидаги қонунни қабул қилди.
Айни дамда, Пашинян Арманистоннинг ЕОИИ дан чиқиб кетиши масаласи кўриб чиқилмаётганини ҳам айтган. У Москва билан алоқаларга шикаст етказиш ниятида эмаслиги, лекин шу билан бирга, Арманистон манфаатларини Россияникидан устун қўйишини билдирганди.
ЕОИИ Остонада ўтган саммитида ташқи ҳамкорлар билан алоқаларни ўрнатишга очиқлигини айтди, жумладан Тунис билан эркин савдо бўйича музокараларни бошлагани ва Сербия билан шундай музокараларда илгарилаганини маълум қилди.
Аммо, ташкилот фикрида, Арманистоннинг ЕИ га қўшилиши ЕОИИ нормалари ва қоидаларига зиддиятни уйғотади.