You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Бобурийлар салтанати журналистикаси. Ахборотнинг бошқарувдаги роли
- Author, Соутик Бисвас
- Role, BBC мухбири, Ҳиндистон
- Published
- Ўқилиш вақти: 6 дақ
Европада газеталар ихтиро қилинаётган пайтда, Бобурийлар бошқарган Ҳиндистонда ўз ахборот тармоғи мавжуд эди.
XVI аср охирларидан бошлаб котиблар, агентлар ва мирзолардан иборат йирик тизим "ахборот" деб аталган қисқа хабарномалар тайёрлар эди. Уларда сарой фитналари, ҳарбий юришлар, тайинловлар, молия ишлари ва турли миш-мишлар ёритиларди.
Мўрт қоғозларга форс тилида шошилинч ёзилган бу хабарномалар Бобурийлар салтанатида ахборот тизимини ташкил этган. Улар бир вақтда разведка маълумотномаси, расмий айланма ҳужжат ва янгилик бюллетени вазифасини бажарган.
Ҳар куни юзлаб, эҳтимол, минглаб шундай хабарлар подшоҳ саройи ва вилоят ҳокимлари ўртасида айланиб турган. Бу уларнинг қудрати авжига чиққан даврда Ҳинд яриморолининг катта қисми ва дунё аҳолисининг қарийб тўртдан бирини бошқарган империяни ягона бошқарув тизимига боғлаб турарди. Хабарномаларнинг аксари йиғилган амалдорлар ҳузурида овоз чиқариб ўқилар, шу тариқа подшоҳ саройидаги янгиликлар мамлакатнинг энг чекка ҳудудларигача етиб борарди.
Ўнлаб йиллар давомида ушбу хабарнома, фармон ва маъмурий ҳужжатларнинг минглаб саҳифалари Ҳиндистон ва Британиядаги кутубхоналар ҳамда архивларда сақланди. Тарихчилар уларнинг мавжудлигини биларди. Аммо деярли ҳеч ким уларни чуқур ўрганишга журъат этмаган.
Беркли Калифорния университети тарихчиси Мунис Д. Фаруқий қарийб йигирма йил давомида шу иш билан шуғулланган.
У 2007 йилдан бошлаб Ҳиндистон ва Британия архивларида сақланаётган улкан "Ахбороти Дарбари Муалла" ("Олий даргоҳ хабарномалари") тўпламини ўрганишга киришди.
У Колкатадаги Миллий кутубхонада сақланаётган 6500 саҳифадан ортиқ ҳужжатни таҳлил қилиб, ўн минглаб қайдлар орқали шаҳзода, саркарда, сарой амалдорлари, подшо оиласи хонимлари, сарой оғалари ва бошқа кўплаб шахслар фаолиятини кузатди.
Ана шу тадқиқот натижасида XVII аср охирида ҳукмронлик қилган Аврангзеб (подшоҳлик даврида Оламгир номи билан ҳам танилган) ва Бобурийлар салтанати ҳақида яқин орада нашр этилиши режаланган янги тарихий асар юзага келди. У нафақат Ҳиндистон тарихидаги энг баҳсли Бобурий ҳукмдорлардан бири сиймосига янгича назар ташлайди, балки илк замонавий даврнинг энг йирик империяларидан бири қандай бошқарилганини ҳам очиб беради.
Бобурийлар даврига оид ушбу хабарномалар камида тўртта маълум тўпламда сақланган – Лондон, Биканер, Ситамау ва Колкатада. Бироқ тарихчилар фикрича, яна бошқалари хусусий тўпламларда ҳам бўлиши мумкин.
Бу ҳужжатларнинг бир қисми Жайпур қалъасининг салқин ва қуруқ ертўласида боғламлар ҳолатида сақланган. XIX аср бошларида Ост-Индия компанияси амалдори ва қадимшунос Жеймс Тод ушбу хабарномаларнинг катта қисмини вақтинча фойдаланишга олиб, 1823 йилда Британияга қайтар экан, уларни эгаларига қайтармаган. Кейинчалик у мазкур тўпламни Қироллик Осиё жамияти кутубхонасига ҳадя қилган.
Энг бой тўплам Колката Миллий кутубхонасида сақланади. У Аврангзеб ҳукмронлигига бағишланган 21 жилддан иборат. Аврангзеб 1658–1707 йилларда Бобурийлар салтанатини бошқарган ва унинг ҳудудини энг катта даражада кенгайтирган сўнгги буюк подшоҳ ҳисобланади. Бу жилдлар илгари Ҳиндистон тарихшунослиги пойдеворини қўйган олим сэр Жадунот Саркарнинг шахсий кутубхонасида бўлган. Саркар Аврангзебнинг энг нуфузли биографи сифатида танилган.
Бир қарашда бу материалларнинг катта қисми зерикарли кўринади: тайинловлар, низолар, қўшинлар ҳаракати, совғалар, касалликлар ва туганмас маъмурий майда-чуйдалар.
Бироқ уларни яхлит ҳолда кўриб чиқилса, бу хабарномалар жуда ноёб манба – империянинг ўз-ўзини деярли узлуксиз кузатиб боришидан туғилган ёзма солномасидир, дейди Фаруқий.
Аврангзеб тахтга чиққан дастлабки йигирма йилга оид архив материаллари пароканда сақланган. Аммо 1680-йиллар бошларидан кейинги даврга дахлдор ҳужжатлар ҳайратланарли даражада кўп. Улар бир неча йил давомида деярли ҳар кунлик ахборот оқимини кузатиш имконини беради. Умуман олганда, бу материаллар императорнинг қарийб ярим асрлик ҳукмронлигининг тахминан учдан бир қисмини ёритади.
Фаруқий ўз илмий фаолиятининг катта қисмини XVII аср охиридаги Бобурийлар дунёсини ўрганишга бағишлаган. Бу даврда империя ўз қудрати чўққисига чиққан бўлса-да, кейинчалик Британия ҳукмронлигига йўл очган таназзул томон ҳам силжиб бораётган эди. "Ахборот"лар унга ўша дунёни мутлақо бошқача нигоҳ билан кўриш имконини берди.
"Ахборотлар билан ишлаш тажрибам бошидан охиригача битта катта "Эврика!" лаҳзаларидан иборат бўлди", – дейди Фаруқий. "Ўша даврдаги ахборот тизими нақадар мукаммал ва ривожлангани мени ҳануз ҳайратлантиради".
Фаруқий ўрганган хабарномалар Жайпур рожаси учун тайёрланган хабарлар бўлган. Унинг фикрича, яна юзлаб амалдорлар, шаҳзодалар ва зодагонлар ҳам империянинг турли чеккаларидаги вакилларидан шундай хабарномаларни олиб турган. Бу эса илк замонавий давр дунёсидаги энг мукаммал ахборот тармоқларидан бирини вужудга келтирган.
"Бундай бой ахборот тўплаш ва тарқатиш тизимини яратган тизим ҳақида ўйласам, ҳайратдан лол қоламан", дейди Фаруқий.
Ахборот ҳажми улканлиги Бобурийлар давлати замонаси мезонлари бўйича ўлчанса, жуда ривожланган ахборот тизимига эга бўлганини кўрсатади.
Фаруқий фикрича, бу маълумотлардан амалда қанчалик самарали фойдаланилгани турлича бўлган. Бироқ бу тизимнинг таъсири "баъзан ижобий, баъзан салбий тарзда" ўнлаб миллион инсонлар ҳаётига таъсир кўрсатган.
Хабарномалар Фаруқийнинг аввалги тасаввурларини қайта-қайта ўзгартириб юборди.
Унинг айтишича, Аврангзеб саройига нисбат бериладиган оммавий диний мажбурлов ҳолатлари ҳақида деярли далил топилмаган. Шунингдек, подшоҳ ҳарами ва ҳарам оғалари "ҳеч ким тасаввур қилмаган даражада сиёсий таъсирга эга" бўлган.
Подшоҳ ўта қаттиққўл ҳукмдор сифатида эмас, балки анча очиқ шахс сифатида намоён бўлган. Шунингдек, хабарномаларда сикҳлар каби гуруҳларга нисбатан душманлик муносабати Фаруқий кутганидан анча кам учраган. Бу эса сикҳларнинг камида 1711 йилга бориб шаклланган анъанавий қарашларига зид келади. Бу қарашга кўра, Аврангзеб уларнинг диний пешволари ва жамоасини таъқиб қилиш учун масъулдир.
Айрим муҳим кашфиётлар катта сенсациялар натижасида эмас, балки бир хил маълумотлар такрорланиши орқали юзага чиққан.
Фаруқий хабарномаларда қайта-қайта учрайдиган бир исмга эътибор қаратди: Аврангзебнинг қизи Зинат-ун-Нисо. Тарихчилар уни биларди, аммо унинг саройдаги ўрни ҳақида деярли ҳеч нарса ёзилмаган эди. Бироқ номаларда унинг номи такрор-такрор учрарди.
Орадан бир неча ҳафта ўтгач, Фаруқий бу аёл оддий маликалардан эмаслигини англади.
Зинат-ун-Нисо қудратли сиёсий арбоб бўлган ва кексайиб, сиёсий жиҳатдан заифлашиб бораётган отаси учун "беқиёс даражада таъсирли ва муҳим сиёсий таянч" вазифасини ўтаган. Фаруқий унинг номи тилга олинган ҳар бир ҳолатни қайд эта бошлади. Кейинчалик у Бобурийлар ҳарами ҳақидаги тадқиқотида марказий ўринлардан бирини эгаллади.
Ҳар бир янги топилма аввалги қарашларни қайта кўриб чиқишга мажбур қиларди.
"1990-йиллардан бери [хабарномалар ҳақида илк бор эшитганимдан буён] кўплаб тасаввурларимни қайта кўриб чиқишга тўғри келди", дейди Фаруқий. Унинг фикрича, хабарномалар нафақат Аврангзебга, балки бутун Бобурийлар салтанатига янгича назар ташлаш имконини беради.
Нега тарихчилар бу хабарномаларни ўрганишга иштиёқ кўрсатмаган?
Фаруқийнинг айтишича, у тарихчиларнинг иккиланишини яхши тушунади. Илмий фаолиятининг дастлабки йилларида у Бобурийлар даврига оид яна бир улкан архивни етти ҳафта давомида ўрганишга уринган, аммо охир-оқибат бу ишни ташлаб қўйган. Ана шу тажриба сабабли у қарийб ўн йил давомида ҳажми улкан ва индекслаштирилмаган архив тўпламларидан чўчиб қолган.
Хабарномалар ҳам худди шундай мураккаб вазифани юзага келтирган.
"Унда керакли маълумотни излаш худди сомон ғарамидан игна қидиришга ўхшайди", дейди у.
Индекснинг йўқлиги ва ўн минглаб қайдлар мавжудлиги сабабли архив билан ишлаш катта сабр, матонат, муайян тартиб ва керакли маълумотларни топиш учун саҳифама-саҳифа ўқиб чиқишни талаб қилади.
Бобурийлар сулоласининг илк подшоҳлари ҳақида сақланган тарихий далиллар нисбатан оз бўлса, Аврангзеб даврига келиб ҳужжатли манбалар кескин кўпайган. Давлат бошқарувига оид архивлар, шахсий ёзишмалар, маҳаллий тарихий асарлар, биографик луғатлар, шеърият, Европа савдо компанияларининг ҳужжатлари ҳамда сайёҳларнинг хотиралари сақланиб қолган.
Фаруқийнинг фикрича, хабарномалар унинг тадқиқоти учун беқиёс аҳамиятга эга эди. Бироқ улар ҳалигача етарлича фойдаланилмаган улкан архивнинг фақат бир қисмини ташкил этади.
"Ҳали ҳам жасур тарихчиларни кутиб ётган манбалар асосида ўнлаб, балки ундан ҳам кўпроқ китоблар ёзиш мумкин", дейди у.
Фаруқий Колкатадаги ушбу тўпламни илк бор очганида, уни нималар кутаётганини деярли тасаввур ҳам қилмаган.
"Биринчи жилднинг биринчи саҳифасини очишим биланоқ бу тўплам нақадар ноёб манба эканини англадим", – дея эслайди у. "Дарҳол узоқ вақт эътибордан четда қолган ёки жуда юзаки ўрганилган кўплаб тарихий йўналишларни кўрдим".
Унинг айтишича, ўз китобида у шуларнинг жуда кичик қисминигина ёритган.
"Ҳали бошқа тадқиқотчилар ўрганиши лозим бўлган жуда кўп мавзулар қолмоқда".