Туғилган кунга босқин: Россияда миллатчилик қандай тус олмоқда?

Published
Ўқилиш вақти: 6 дақ

Кристофер Жайлс

Жулия Люфт

BBC Eye

Огоҳлантириш: Мақолада камситувчи иборалар учрайди.

Катя 30 ёшини нишонлаётган эди. У туғилган кун тортидаги шамларни ўчиришга тараддудланиб турганида, ижарага олинган тунги клубга ниқобли бир гуруҳ бостириб киради. Улар меҳмонларга оғзаки ва жисмоний тажовуз қила бошлайди.

"Бизни 'гомик', 'лесбиянка' деб аташарди. Ҳар томондан бақир-чақир ва зўравонлик овозлари келарди", дейди Катя Би-би-си Жаҳон хизмати суриштирувига. Унинг сўзларига кўра, ҳатто онасини ҳам ерда эмаклашга мажбур қилишган.

Ҳужумни "Русская община" деб аталувчи посбонлар гуруҳи уюштирган. Бу гуруҳнинг мақсади, Президент Владимир Путин таъбири билан айтганда, Ғарб либерализмига қарши курашиш ва "анъанавий оилавий қадриятлар"ни тарғиб қилишдир.

Бундай рейдларда баъзан кузатилгани каби, бу сафар ҳам уларга полиция ходимлари ҳамроҳлик қилган. Кейинроқ "Русская община" ижтимоий тармоқларда видео тарқатиб, клубда Россияда тақиқланган ЛГБТ "тарғиботи" аломатларини қидирганини билдирди. Аммо ҳеч қандай далил топилмади. Шунга қарамай, Катя ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан сўроқ қилинди.

Орадан тўққиз ой ўтиб, у тунги клуб деворидаги хоч шаклидаги қизил неон чироқ сабаб "динга ҳурматсизлик"да айбдор деб топилди.

Би-би-си суриштирувига кўра, "Русская община" Россиядаги миллатчи гуруҳлар ичида энг йирик тармоқлардан бири ҳисобланади. Сўнгги икки йилда унинг рейдлари сони кескин кўпайган. Шунингдек, гуруҳ Кремлга яқин шахслар бошқарадиган хайрия жамғармаларидан молиявий ёрдам олгани ҳақида далиллар ҳам аниқланган.

Архангелск шаҳрида муқобил маданий гуруҳлар учун базмлар ташкил қилиши билан танилган Катянинг айтишича, сўроқ вақтида ҳуқуқ-тартибот идораси ходими уни "анъанавий қадриятларга амал қилмаётганлик"да айблаб, "унда нимадир нотўғри экани"ни айтган.

Суд Катяни 200 соат мажбурий жамоат ишларига ҳукм қилди. Судда "Русская община" аъзоларидан бири гувоҳлик бериб, базмдаги хоч шаклидаги ёруғлик безаги унга "руҳий азоб" етказгани ва "чуқур саросима" уйғотганини айтган.

Катянинг сўзларига кўра, ҳозир у доимий қўрқув остида яшамоқда. Чунки унинг иши маҳаллий ОАВ ва "Русская община"нинг ижтимоий тармоқлардаги каналларида кенг ёритилганидан кейин интернетда оммавий таъқиб ва таҳдидларга дуч келган. Шунга қарамай, у ўз ҳикоясини Би-би-сига айтиб беришга қарор қилди.

Сўнгги бир йил давомида Би-би-си Жаҳон хизмати "Русская община"нинг олти нафар ҳозирги ва собиқ аъзоси, шунингдек, Катя каби уларнинг ҳаракатларидан жабр кўрган одамлар билан суҳбатлашди.

Бу суҳбатлар орқали ўта фаол миллатчи ва қаттиқ диндор руслардан ташкил топган ҳаракат манзараси намоён бўлди. Улар шаҳарларда патруллик қилади, дўконлар, омборлар, ётоқхоналар, тунги клублар ва аборт клиникаларига рейдлар уюштириб, ўзлари "анъанавий қадриятларга зид" деб ҳисоблайдиган ёки қонунбузарликка алоқадор деб гумон қилган фаолиятни излайди. Кейин эса нишонга олинган шахсларни жиноий жавобгарликка тортишга уринишади.

Ҳужумга учраганларнинг катта қисми муҳожирлар бўлган. "Русская община" аъзолари уларни иш жойида ёки дам олаётган пайтида айблаб чиққан ҳолатлар кўп учрайди. Би-би-си таҳлилига кўра, гуруҳ постларининг ҳар тўрттасидан бири муҳожирлар ҳақида бўлиб, уларда кўпинча ирқчиликка хос иборалар ишлатилади.

"Русская община" Би-би-сининг изоҳ бериш ҳақидаги сўровига жавоб қайтармади. Аммо ижтимоий тармоқлардаги баёнотида нашр айбловларини рад этди: "Гарчи "Русская община" юридик шахс ёки расмий аъзолик тизимига эга бўлмаган норасмий ҳамжамият бўлса-да, Би-би-сининг "буюк мутафаккирлари" қандай қилибдир унинг ҳозирги ва собиқ аъзоларини "топибди". Кўчадан исталган одамни ушлаб, уни "община" аъзоси деб аташ ва оғзига исталган гапни солиш мумкин", дейилади баёнотда.

Би-би-си "Русская община"ни бир неча ой аввал тарк этганини айтган шахс билан ҳам суҳбатлашган. Унинг ҳикояси гуруҳдаги кўпчиликка хос: Украинадаги урушдан ярадор бўлиб қайтган, жамиятда ўз ўрни ва мақсадини излаётган собиқ аскар.

Биз Дмитрий деб атаган бу шахснинг айтишича, у энди ўзининг ҳарбий тажрибаси ва кўникмаларини "мамлакатнинг ички муаммолари"га қарши қўллаётганидан мамнун. У мазкур муаммолар қаторига Россия маданиятига бўлаётган "ташқи таъсир"ни ҳам киритади.

"Бошқа маданият вакиллари кириб келади. "Русская община" эса организмни ҳимоя қиладиган антитана каби ҳаракат қилиб, уларнинг таъсирини тўхтатади. Шу маънода, уни ўзига хос табиб деса ҳам бўлади", дейди у.

Ўтган йили Россия давлатининг қудратли иттифоқчиларидан бири саналган Рус православ черкови барча епископларига "Русская община" билан ҳамкорлик қилишни тавсия этди. Бу қарор черков таълимотига мос қадриятларни тарғиб қилаётган гуруҳнинг мавқеини янада мустаҳкамлаб, унинг фаолиятига расмий тус берди.

BBC Eye қонун ижросини ўз қўлига олаётган рус миллатчилари фаолиятини ўрганади.

Таҳлилчиларнинг фикрича, Россияда давлат жамият ҳаётини қаттиқ назорат қилиб турган бир пайтда, "Русская община"нинг Кремль розилигисиз эркин фаолият юритиши деярли мумкин эмас.

Россия ҳукумати сўнгги йилларда мамлакатни янада анъанавий ва миллатчилик руҳидаги давлат сифатида кўрсатишга интилиб келаётган эди. Аммо бу сиёсат Кремль 2022 йил февраль ойида Украинага кенг кўламли босқин бошлаганидан кейин янада кучайди. Шу йилнинг ноябрида Владимир Путин "анъанавий рус маънавий-ахлоқий қадриятлари"ни ҳимоя қилишга бағишланган махсус фармонни имзолади.

"Русская община" Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларини очиқ ва қатъий қўллаб-қувватлайди. Ўтган йил декабрида гуруҳ фронтда жанг қилаётган ўта ўнгчи футбол мухлисларидан тузилган ва Британия ҳукумати санкцияларига тушган "Эспаньола" бригадаси билан қўшма ҳарбий бўлинма тузди.

"Русская община" ўзини йирик сармоядорлар қўллаб-қувватламаслигини айтади. Бироқ BBC Eye ўрганган ҳужжатлар гуруҳ айрим хайрия жамғармалари орқали нуфузли шахслар томонидан молиялаштирилаётганини кўрсатади.

Молиявий ҳужжатларга кўра, гуруҳнинг икки йирик ҳомийсидан бири шакар саноати магнати Игор Худокормовга тегишли жамғарма ҳисобланади. Россия ОАВ маълумотларига қараганда, йирик озиқ-овқат ишлаб чиқарувчи сифатида танилган Худокормов Россиянинг собиқ қишлоқ хўжалиги вазири, ҳозирги бош вазир ўринбосари Дмитрий Патрушев билан яқин алоқаларга эга. Патрушевнинг отаси эса Россия хавфсизлик хизмати собиқ раҳбари ва Путиннинг энг яқин доирасига кирувчи шахслардан бири саналади.

АҚШда жойлашган "ImportGenius" савдо маълумотлари платформасига кўра, Худокормовга тегишли "Prodimex" агросаноат конгломерати Европа Иттифоқининг муҳим савдо ҳамкорларидан бири ҳисобланади.

Қироллик Бирлашган хизматлар институти (Rusi)нинг молия ва хавфсизлик бўйича мутахассиси Том Китингнинг фикрича, Худокормовнинг Украинадаги урушни қўллаб-қувватлаётган ва инсон ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ фаолиятда айбланаётган "Русская община"ни молиялаштириши у билан ҳамкорлик қилаётган компаниялар учун жиддий саволлар туғдириши мумкин.

"Озиқ-овқат таъминотида муҳим ўрин тутадиган Россия компанияси айнан шундай фаолиятни қўллаб-қувватлаётган шахсга тегишли бўлишини хоҳлайсизми? Бу – ҳукуматлар ва компаниялар жавоб бериши керак бўлган савол", дейди у.

Худокормов изоҳ бериш ҳақидаги сўровимизга жавоб бермади.

Ҳужжатларда тилга олинган яна бир ҳомий – собиқ Совет давлатларидаги сайлов кампанияларида Кремль ва Россия разведкаси билан ишлагани айтиладиган дангалчи медиа шарҳловчи Сергей Михеевдир.

Михеев Би-би-сига шундай деди: "Мен асос солган "Сергей Михеев хайрия жамғармаси" ҳеч қачон "Русская обшина"га маблағ ўтказмаган. Буни гўёки тасдиқлайдиган ҳар қандай ҳужжат сохта".

"Русская община" фаолияти кўламини баҳолаш учун BBC Eye 2020–2025 йиллар оралиғида гуруҳнинг асосий ижтимоий тармоқ саҳифаларида чоп этилган 21 мингдан ортиқ пост, сурат ва видеоларни таҳлил қилди.

Бу маълумотларга кўра, гуруҳнинг биринчи рейди 2023 йил май ойида ўтказилган. Ўшандан 2025 йил охиригача "Русская община" 900 дан зиёд рейд уюштирган, уларнинг қарийб 300 тасида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳам қатнашган. Барча рейдлар оммавий каналларда эълон қилинмаслигини ҳисобга олганда, ҳақиқий рақам бундан ҳам юқори бўлиши мумкин.

Шунингдек, Би-би-си бир нечта миллатчи рус гуруҳларининг ижтимоий тармоқлардаги фаолиятини таҳлил қилиш учун кўп агентли сунъий интеллект тизимини ишлаб чиққан. Бу тизимда бир нечта СИ дастури бир вақтнинг ўзида ишлаб, турли вазифаларни бажаради ва жараён журналистлар томонидан назорат қилинади.

Мухбирлар танишиб чиққан тадқиқотга кўра, 10 дан ортиқ шунга ўхшаш гуруҳлар билан таққослаганда "Русская обшина" кўча ҳаракатларида жуда фаол.

"Русская община" ўзини Россиядаги кўп йиллик фуқаролик патруллари анъанасининг давомчиси сифатида кўрсатишга ҳаракат қилади. Бу тизим доирасида маҳаллий гуруҳлар расман рўйхатдан ўтиб, полицияга жамоат тартибини сақлашда ёрдам бериши мумкин. Аммо айрим рейдларда полиция иштирок этганига қарамай, "Русская община"нинг ўзи бундай фаолият учун расман рўйхатдан ўтмаган.

Санкт-Петербургда расман рўйхатдан ўтган патруль гуруҳи раҳбари Сергей Огнерубовнинг айтишича, у "Русская община" аъзоларига ўз ташкилотига қўшилишга рухсат берган. Бироқ у ҳаракатнинг умумий фаолиятини тартибга солинмаган ва норасмий деб танқид қилади.

"Агар миграция муаммоси билан шуғулланмоқчи бўлсангиз, бизга қўшилинг ва буни қонуний йўл билан амалга оширинг. Ниқоб тақиб, бозорларга бостириб кириш миграцияга қарши кураш эмас, бу кўпроқ майда безориликка ўхшайди", дейди у.

"Муайян гуруҳдаги одамларни ҳеч қандай асосларсиз ўзбошимчалик билан нишонга олиш қонунбузарлик бўлиши мумкин", дейди Москвада фаолият юритувчи, Россиядаги ўта ўнгчиларни ўрганувчи тадқиқотчи Александр Верховский.

"Қонун ва тартибни ҳимоя қиламиз, деб даъво қиладиган "Русская обшина" аслида бу контекстда ноқонуний ҳисобланадиган қўрқитиш усулидан фойдаланади", дейди у.

Суриштирув юзасидан изоҳ сўралганда, Россиянинг Лондондаги элчихонаси шундай баёнот берди: "'Русская община'нинг кенг жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланиши миллий маданият ва тарихий анъаналарга қизиқиш ортиб бораётганини кўрсатади. Афтидан, Россиядаги фуқаролик фаоллиги мамлакатимизни қоралашга уринаётганларнинг ғашини келтирмоқда".

Профессионал тадбир ташкилотчиси Катя учун эса базмлар даври тугади. Рейд, суд жараёнлари ва шифохона полларини ювишдан иборат мажбурий жамоат ишларидан кейин унинг бутун ҳаёти ўзгариб кетди.

"Ўн йил давомида мен муайян бир маромда яшадим. Бу мени бахтли қиларди, бу менинг ҳаётим эди. Сиздан бир парчангизни тортиб олишса, нима ҳис қиласиз? Йўқотишни ҳис қиласиз".