"Евронигоҳ": Болгария илк бор ғалаба қозонди, танлов Осиёга йўл олмоқда

Евронигоҳ танловида болгариялик Дара ғолиб бўлди

Сурат манбаси, Reuters

Published
Ўқилиш вақти: 3 дақ

21 йиллик уринишлар, мағлубиятлар ва ҳатто бир неча бор танловни тарк этишдан кейин Болгария ниҳоят "Евровидение" ёки "Eurovision" тарихида илк бор ғалаба қозонди.

Таҳлилчилар бу йилги тадбир зиддиятлар ва бойкотлар манзарасида ўтганини, натижа эса кутилмаган бўлганини таъкидлашмоқда.

Айни дамда Марказий Осиёда ўтган йиллардаги каби танлов борасида қизғин муҳокамалар кузатилмади.

Бироқ "Eвронигоҳ" кенгайиш йўлида.

Ноябр ойида илк бор Таиландда "Eurovision Asia" танлови ўтказилиши режалаштирилган.

Dara ва Bangaranga

16 май куни Венада бўлиб ўтган финалда болгар поп юлдузи Dara ижро этган Bangaranga қўшиғи энг кўп овоз тўплаб, кубокни Софияга олиб кетди.

Якшанба куни хонанда Болгария пойтахтида қаҳрамонларча кутиб олинди.

Юзлаб мухлислар мамлакат тарихидаги илк "Евронигоҳ" ғалабасини нишонладилар. Улар орасида ёшлар ва ўсмирлар кўп эди.

Reuters ахборот агентлиги ёзишича, санъаткор мухлисларига мурожаат қилиб, ёшларни орзу қилишга ва меҳнатдан қочмасликка чорлади:

"Бу ғалаба мен учун жуда катта аҳамиятга эга, чунки мен кўплаб болаларга ҳаммаси мумкинлигини кўрсата оламан. Кичик мамлакатдан бўлишингиз ҳеч нарсани англатмайди, чунки биз меҳнатимиз, орзуларимиз ва кундалик саъй-ҳаракатларимиз билан бутун дунёни ағдариб юборишимиз мумкин".

Болгариянинг узоқ йўли

Болгария Eurovision'да илк бор 2005 йилда иштирок этган.

Бироқ молиявий ва ташкилий қийинчиликлар сабаб тўрт марта қатнашмаган.

2023 йилдан кейинги уч йиллик танаффусдан сўнг мамлакат яна танловга қайтди ва бу сафар тарихий натижага эришди.

Мусиқий таҳлилчилар бу қайтиш Болгария учун нафақат янги саҳифа, балки халқаро мусиқа майдонида янги имкониятлар эшигини очганини таъкидлашмоқда.

"Дунёда K-pop жанри ҳозир мусиқанинг чўққисида турибди. Шу сабабли Eurovision ҳам K-pop тўлқинида қолди. Болгариялик хонанданинг қўшиғи ҳам шу услубга яқин. Унинг ижроси одамни уйғотади, ҳаракатга келтиради. Юнон хонанданинг асари ҳам шундай таассурот берди" - дейди қирғизистонлик продюсер Сабир Абдумўминов.

Iqtibos

Dara аслида букмекерлар тахминида фаворит ҳисобланмаган, аммо саҳнадаги мураккаб рақс ҳаракатлари ва қулоққа дарров ўрнашадиган қўшиғи рақобатчиларни ортда қолдирди.

Бир қатор ахборот воситаларига кўра, Daraга Россияда ижод қиладиган, асли болгариялик артист Филипп Киркоров ва унинг Dream Team продюсерлик жамоаси ёрдам берган.

Киркоров ўзи буни "Яна Чурикова" YouTube каналига тасдиқлаб, Болгария телеканали илтимос қилгани учун чин дилдан ёрдам кўрсатганини айтди.

Зиддиятлар ва бойкотлар

Ноам Беттан Евронигоҳда

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Исроил намояндаси Ноам Беттан иккинчи ўринни эгаллади

1956 йилдан бери ўтказиб келинаётган Европадаги энг йирик мусиқа танлови бу йил ҳам зиддиятлардан холи бўлмади.

Унда 31 давлат иштирок этди.

Испания, Ирландия, Нидерланд, Словения ва Исландия "Евронигоҳ"ни бойкот қилди.

Бу давлатлар ва айрим мухлислар Ғазодаги уруш фонида Исроил танловдан четлатилиши керак, деб ҳисобладилар.

Вена шаҳридаги норозилик намойиши

Сурат манбаси, AFP via Getty Images

Европа телерадио уюшмаси тадбир сиёсатдан йироқлигини таъкидлаб, Исроилни четлатмади, аммо овоз бериш қоидаларини қатъийлаштирди.

Венадаги "Евронигоҳ" ҳавфсизлик чоралари кучайтирилган шароитда ташкил этилди.

Россия эса Украинага қарши уруши туфайли 2022 йилдан бери танловдан четлатилган.

"Исроилга бойкот кайфияти ўтган йили ҳам, ундан олдинги йили ҳам бор эди. Шунга қарамай, Исроил иккинчи ўринни олди, чунки улар таклиф қилган қўшиқ ҳам оммабоп эди" – дейди эксперт Сабир Абдумўмунов.

Қоидага кўра, ким ғолиб бўлса, кейинги йилги танлов ўша қўшиқчининг мамлакатида ўтади.

Демак, 2027 йилда "Евронигоҳ" қўшиқ танловига Болгария мезбонлик қилади.

Марказий Осиёдаги муносабат ва "Eurovision Asia"

Эксперт Сабир Абдимўминов Ўзбекистон билан чегарадош ҳудуддаги Боткен шаҳрида яшайди.

Унинг таъкидлашича, бу йил Марказий Осиёда "Евронигоҳ" танлови ўтган йиллардаги каби қизғин муҳокама қилинмади.

"Аслида бу минтақада танловни мунтазам кузатганлар кам эди. Шунинг учун бу ҳолатни муаммо деб ҳисобламайман. Ўзим эса доим кузатаман ва таҳлил қиламан", – дейди у.

Жорий йилда "Eurovision" минтақавий кенгайиши кутилмоқда.

Европа телерадио уюшмаси ва америкалик Voxovation компанияси илк бор "Eurovision Asia" танловини ташкил этмоқда.

Биринчи тадбир 2026 йил 14 ноябрда Бангкокда ўтказилади.

Унга Осиё давлатларидан қўшиқчилар иштирок этади.

Марказий Осиёдан кимлар қатнашиши ҳали аниқ эмас, аммо экспертлар Қозоғистон иштирокчи юбориши мумкинлигини тахмин қилмоқдалар.