Ўзбекистон: 52 миллионлик келажак, адабиёт учун янги давр ва уруш таъсиридаги тақдирлар

52 миллион аҳоли: Ўзбекистон учун имкониятми ёки синов?
Ўзбекистон аҳолиси ўсишда давом этмоқда. ЮНИСЕФ прогнозларига кўра, 2050 йилга бориб мамлакат аҳолиси 52 миллиондан ошади. Бугунги кунда Ўзбекистонда 38 миллиондан ортиқ аҳоли яшайди. Мамлакат аҳоли сони бўйича дунёдаги энг йирик 40 давлат қаторига кирган.
Бироқ мутахассислар фақат аҳоли сони эмас, унинг таркиби ҳам ўзгараётганига эътибор қаратмоқда. Сўнгги ўн йилликларда туғилиш даражаси пасайиб, аҳолининг ўртача ёши ошиб бормоқда. Агар 2000 йилда ўзбекистонликларнинг ўртача ёши 20 атрофида бўлган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич қарийб 30 ёшга етган. Башорат қилинишича, 2050 йилга бориб ўртача ёш 35 га яқинлашади.
Шу билан бирга, мамлакатда меҳнатга лаёқатли аҳоли сони ҳам ўсмоқда. ЮНИСЕФ ҳисоботига кўра, бу ҳолат иқтисодий ўсиш учун қўшимча имкониятлар яратиши мумкин. Экспертлар буни "демографик дивиденд" деб атайди, яъни меҳнат бозорига кириб келаётган аҳоли сони юқори бўлган давр.
Бироқ бу демографик давр абадий эмас. Туғилиш даражаси аста-секин пасайиб, аҳолининг қариши тезлашмоқда. Агар 2024 йилда 65 ёшдан ошганлар сони 2 миллиондан ортиқ бўлган бўлса, 2050 йилга келиб бу рақам 6 миллиондан ошиши кутилади.
Таҳлилчилар фикрича, Ўзбекистон ҳозир муҳим демографик босқични бошдан кечирмоқда. Бироқ аҳоли ўсишининг ўзи иқтисодий ўсишни кафолатламайди. Бунинг учун янги иш ўринлари яратиш, таълим сифатини ошириш ва меҳнат бозори эҳтиёжларига мос кадрлар тайёрлаш муҳим аҳамият касб этади.
ЮНИСЕФ ҳисоботи муаллифлари фикрича, аҳоли қариши тезлашишидан олдинги давр Ўзбекистон учун муҳим имконият эшигини очади. Бу вақт ичида таълим, малака ва инсон капиталига сармоя киритиш мамлакатнинг демографик устунлигини иқтисодий натижага айлантириши мумкин.
Украина урушида қатнашган ўзбекистонликка ҳукм ўқилди

Сурат манбаси, EPA
Сурхондарёда Россия томонида Украинадаги урушда қатнашган 30 ёшли Ўзбекистон фуқароси 4 йил 6 ойга озодлиги чекланди.
Суд материалларига кўра, у Россияга ишлаш учун кетган ва кейинчалик гиёҳвандликка оид жиноят учун қамоқ жазосини ўтаётган вақтда Россия армияси билан шартнома имзолаган. У Донецк вилоятидаги жанговар ҳаракатларда иштирок этганини тан олган.
Ҳужжатларга кўра, фуқаро дрон ҳужумида яраланганидан кейин ҳарбий госпиталга юборилган. Кейинроқ Ўзбекистон элчихонаси кўмагида ватанга қайтган.
Ўзбекистон қонунчилигига кўра, фуқароларнинг чет давлат ҳарбий хизматида иштирок этиши тақиқланган.
Украина урушида Россия томонида қатнашган ўзбекистонликлар ҳақида аввал ҳам хабарлар берилган. Хусусан, BBC Рус хизмати ва Россиянинг мустақил Mediazona нашри тадқиқотларида урушга жалб қилинган айрим ўзбекистонликлар Россия қамоқхоналарида жазо ўтаётган маҳбуслар бўлгани қайд этилганди.
End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:
Адабиёт учун янги давр бошланмоқдами?

Сурат манбаси, Rasmiy
Ўзбекистонда адабиёт, маданият ва санъат соҳасини қўллаб-қувватлашга қаратилган янги чора-тадбирлар эълон қилинди. Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашувда ижодкорлар учун янги ижтимоий, моддий ва ижодий имкониятлар яратилиши маълум қилинди.
Режаларга кўра, ҳар йили камида 50 та сара асар учун давлат буюртмаси берилади. Шунингдек, ўзбек адабиётининг энг яхши 10 та асарини хорижий тилларга таржима қилиш ва уларни халқаро майдонда тарғиб этиш тизими жорий этилади. Ёзувчилар уюшмаси тавсияси билан нашр этиладиган китобларнинг қоғоз харажатлари давлат томонидан қопланади. Ёш ижодкорларнинг энг яхши лойиҳаларини молиялаштириш ҳам назарда тутилган.
Дастур ижодкорларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришни ҳам кўзлайди. Унга мувофиқ, айрим соҳа вакилларининг ипотека кредити дастлабки тўловининг 50 фоизи қоплаб берилади, шунингдек тиббий суғурта ва даволаниш билан боғлиқ қатор имтиёзлар жорий этилади.
Бу қарорлар Ўзбекистонда адабиётнинг жамиятдаги ўрни ҳақидаги баҳслар давом этаётган бир пайтда эълон қилинмоқда. Айрим ижодкорлар китобхонлик даражаси пасайиб бораётганидан хавотир билдирса, бошқалар миллий адабиётни халқаро майдонга олиб чиқиш ва янги авлод ижодкорларини қўллаб-қувватлаш зарурлигини таъкидлаб келади.
Шу билан бирга, адабий муҳитда китоблар сони ортиши ҳар доим ҳам сифат ошишини англатмаслиги ҳақидаги фикрлар ҳам янграб туради. Айрим муаллифлар ва адабиётшунослар ҳақиқий адабиётни тарғиб қилиш, китобхон дидини шакллантириш ва мустақил адабий танқидни ривожлантириш масалалари ҳамон долзарблигича қолаётганини таъкидлайди.
Президент ўз чиқишида адабиёт ва санъат миллий ўзликни мустаҳкамлаш ҳамда ёшларда Ватанга муҳаббат ва маънавий қадриятларни шакллантиришда муҳим ўрин тутишини таъкидлаган.
Адабиёт тарихида янги даврлар қарорлар билан эмас, асарлар билан бошланган. Бугунги ташаббуслар эртанги куннинг ана шундай асарларига, янги китобхонлар ва янги адабий овозларга йўл очадими, бу ҳозирча очиқ қолаётган саволдир.




























