Татаристонга ҳужум Ўзбекистоннинг Украина урушига бетарафлиги синови бўлди

Сурат манбаси, Rasmiy
- Author, BBC Monitoring
- Published
- Ўқилиш вақти: 5 дақ
10 август куни Россия Татаристон Республикасининг Нижнекамск шаҳрига Украина уюштирган дронлар зарбалари оқибатида саккиз нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлди, яна бир неча киши жароҳат олди.
Бу Украинадаги уруш бошланганидан бери Россияга қарши амалга оширилган энг қонли Украина ҳужумларидан бири бўлди.
Кремл бу ҳодисани шу заҳоти "нацистик Киев режими" томонидан содир этилган террорчилик ҳужуми деб қоралаган бўлса-да, Ўзбекистон расмийлари сукут сақлаб келмоқдалар.
Нижнекамскдаги фожеа юзасидан Ўзбекистогн Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ҳеч қандай изоҳ ёки сиёсий баёнот берилмади, Ўзбекистон фуқароларининг ўлими учун масъулият масаласи кўтарилган талаблар ҳам билдирилмади.
Бундай эҳтиёткор муносабат Тошкент Украинадаги уруш бошланганидан буён юритиб келаётган нозик дипломатик мувозанатни намоён этади.
Ўзбекистон бир томондан Россияга сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан боғлиқ ҳолда қолар экан, иккинчи томондан Украинанинг суверенитетини қўллаб-қувватлаш позициясини сақлашга ҳаракат қилмоқда.
Нима бўлди?

Сурат манбаси, t.me/eveningkzn
Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 10 август куни Telegram орқали баёнот бериб, Татаристон Республикасининг Нижнекамск шаҳридаги нефтни қайта ишлаш заводига дронлар ҳужуми оқибатида саккиз нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлгани ва яна бир неча киши яраланганини маълум қилди.
Вазирлик Украина номини тилга олмаган ҳолда, "Нижнекамскдаги ҳодиса"да ҳалок бўлган фуқаролар маҳаллий корхонада ишлаган қурувчилар эканини билдирди.
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан жабрланганлар ва уларнинг оилаларига ёрдам кўрсатиш, ҳалок бўлганларнинг жасадларини махсус чартер рейси орқали Ўзбекистонга олиб келиш учун ҳукумат комиссияси тузилгани хабар қилинди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда бошқа давлат ташкилотлари вакилларидан иборат комиссия ўша куниёқ Татаристонга жўнаб кетди.
Шунингдек, вазирлик Қозондаги Ўзбекистон Бош консулхонаси ва Миллий миграция агентлиги вакиллари 10 августнинг ўзида ҳодиса жойига етиб боргани ва маҳаллий ҳокимият органлари билан яқин ҳамкорлик қилиб келаётганини таъкидлади.
Тошкент расмийлари жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича тезкор чоралар кўрган бўлса-да, ҳужумнинг ўзи юзасидан ҳозирча расмий муносабат билдирмади.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ўз расмий сайти ёки ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида мазкур ҳужум ҳақида маълумот бермагани кузатилди.
Ўзбекистондаги давлат назоратида бўлган оммавий ахборот воситалари ҳам ушбу мавзу бўйича сукут сақлаб келаяпти.
Нега бу ҳодиса рўй берди?
Тошкентнинг Нижнекамскдаги ҳужумга изоҳ беришдан тийилиши кутилган ҳолат эди.
Чунки Ўзбекистон уруш бошланганидан буён бетараф позицияни сақлаб, Россия билан яқин алоқаларини давом эттирган ҳолда, Украинанинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаб келаётгани кузатилади.
Ҳужумни қораловчи ҳар қандай баёнот сиёсий жиҳатдан Россия томонини олишни англатган бўларди, Ўзбекистон эса 2022 йилдан бери бундай қадамдан эҳтиёткорлик билан қочиб келмоқда.
Россия Ўзбекистон учун муҳим ҳамкор ҳисобланади, чунки икки мамлакат ўртасида умумий Совет ўтмиши мероси сифатида шаклланган чуқур иқтисодий интеграция мавжуд.
Ўзбекистон Марказий банкининг энг сўнгги маълумотларига кўра, Россия ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари учун энг йирик йўналиш бўлиб қолмоқда.
Ҳозирда хорижда меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқароларининг тахминан 60 фоизи, яъни 1,4 миллионга яқини айнан Россияда ишлаяптилар.
Бу маълумот 14 август куни Kursiv.media сайтида эълон қилинди.
Кремл билан яқин муносабатларни сақлаб келаётганига қарамасдан, Тошкент Москванинг ҳануз сезиларли сақланаётган сиёсий таъсиридан ҳам эҳтиёт бўлиб келади.
Шу сабабли Ўзбекистон собиқ Совет республикаларидан бири бўлган Украинанинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлайди.
Чунки Россиянинг ҳарбий тажовузи хавфли прецедент яратиши, келажакда Ўзбекистоннинг ўзига хос суверенитети ва чегаралари учун ҳам эҳтимолий таҳдид туғдириши мумкин.
Фожеага қандай муносабатлар билдирилди?

Ҳукумат сукут сақлаётган бўлса-да, Ўзбекистондаги сиёсий таҳлилчилар ва шарҳловчилар бу воқеага кескин муносабат билдирдилар.
Улар Украинадан ҳужум учун узр сўраш ва қурбонлар оилаларига ҳамдардлик изҳор этишни талаб қилдилар.
Сиёсий таҳлилчи Шавкат Саидов Ўзбекистон Украина билан дўстона муносабатларни сақлаб келаётганини эслатиб ўтиб, Киев ҳам шунга мос тарзда муносабат билдириши керак, деди.
"Украина томони, албатта, узр сўраши, афсус билдириши ва зарур бўлса, товон пули масаласини ҳам кўтариб, ёрдам беришга тайёр эканини айтиши керак", деди у 12 август куни Kunuz YouTube каналига берган интервюсида.
13 август куни Fikrat YouTube каналига берган интервюсида сиёсий таҳлилчи Ҳамза Болтаев шундай деди:
«Меҳнат муҳожирларининг ўлими Ўзбекистон ва Украина ўртасидаги муносабатларни давлат сиёсати даражасида ёмонлаштирмаса ҳам, жамоатчилик фикри ва қарашлари нуқтаи назаридан олганда, жамият ва оддий одамлар орасида Украинага бўлган муносабатнинг ўзгаришига олиб келиши мумкин».
Айни пайтда Кремлни қўллаб-қувватлайдиган блогерлар ва Telegram каналлари Тошкентни мазкур ҳужум учун Киевни оммавий равишда қоралашга чақирдилар.
Telegram'даги бир постида россиялик сиёсатшунос Вадим Трухачёв ҳодиса оқибатида ўзбекистонликлар билан бир қаторда бир нафар Тожикистон фуқароси ҳам ҳалок бўлганини таъкидлади.
У, шунингдек, Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматларини икки хил стандартни қўллашда айблаб, ўтган йили ҳар икки мамлакат Россия полицияси томонидан муҳожирларга нисбатан камситувчи муносабат юзасидан Кремлга тезда нота юборганини эслатди.
«Украинанинг Нижнекамскка дрон ҳужуми оқибатида Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари ҳалок бўлдилар. Аммо бу мамлакатлар Украина билан муносабатларни узадими? Балки махсус ҳарбий операцияга ёрдам бериш учун қўшин юборишар? Бироқ ҳозирча улар ҳатто Украинага норозилик ҳам билдирганлари йўқ. Ҳеч бир элчини чақиртиришмади. Шу билан бирга, миграция бўйича арзимас рейднинг ўзи учун Россия элчисини чақиртирадилар. Бу улар қандай ҳамкор экани ва аслида кимнинг томонида турганларини кўрсатади», деб ёзди Трухачёв.
Энди нима бўлади?
Нижнекамскдаги ҳужум шуни кўрсатадики, уруш давом этар экан, Ўзбекистон ҳокимияти учун Киев ва Москва билан муносабатларда дипломатик мувозанатни сақлаб қолиш тобора қийинлашиб боради.
Урушга у ёки бу тарзда тобора кўпроқ ўзбекистонликлар жалб этилаётгани сабабли, Тошкентдан ўз фуқароларини ҳимоя қилишни талаб қилувчи жамоатчилик босими ҳам ортиши кутилмоқда.
Ўзбекистоннинг уруш бўйича бетараф позицияси аллақачон бир нечта йўналишда синовларга дуч келмоқда.
Ғарб давлатлари Россияга санкцияларни четлаб ўтишда ёрдам берувчи ҳар қандай компания иккиламчи санкцияларга учраши мумкинлигидан Ўзбекистонни огоҳлантирган.
Европа Иттифоқи эса 2025 йилда Россия армиясига икки мақсадда қўлланиши мумкин бўлган маҳсулотларни етказиб бергани учун бир неча Ўзбек ширкатига нисбатан санкциялар жорий қилган.
Бироқ энг катта муаммо ўзбекистонлик фуқароларнинг юқори маош ва фуқаролик ваъдалари билан Россия армияси сафига жалб қилинаётганидир.
Украина ҳукумати қўллаб-қувватлайдиган «Хочу жить» лойиҳасининг хабар қилишича, 1 июн ҳолатига кўра, қарийб 5000 нафар ўзбекистонлик Россия томонида туриб урушда иштирок этаяпти.
Иқтисодчи Ринат Сагитовнинг фикрича, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини Россияга йўл олишга мажбур қилаётган асосий омил Ўзбекистондаги "оғир иқтисодий воқелик"дир.
Унинг таъкидлашича, мамлакат ичида ҳақиқий иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилмас экан, одамлар тирикчилик учун ўз ҳаётини хавф остига қўйишда давом этади.
Сагитов ўзининг "Голос Джельсомино" деб номланадиган Telegram каналида 11 август куни шундай ёзди:
"Иккита параллел воқелик мавжуд. Биринчисида саройлари бор, гўёки мавжуд бўлмаган олигархия бор, Давлат статистика қўмитаси ҳисоблаб чиққан минг доллардан юқори ўртача ойлик маошлар бор, иқтисодий ўсиш суръати 7,7 фоизни ташкил этади ва фаровонлик манзараси чизилган. Иккинчисида эса оғир ҳақиқат бор: ўз оиласини боқиш учун том маънода ўқлар остида эмаклаб юришга тайёр қашшоқ одамлар бор".


























