Рус тарихчилари қирғиз дарсликларидаги "колониализм" атамасига эътироз билдирди

    • Author, Даврон Ҳотам
    • Role, BBC Янгиликлар бўлими, Қирғизистон
  • Published
  • Ўқилиш вақти: 3 дақ

Москва "колониализм" ёки "мустамлакачилик" сўзи ўрнига нейтрал атамаларни таклиф қилмоқда, қирғиз олимлари эса тарихни ўз номи билан аташ кераклигини таъкидлаяпти. Бу баҳс бутун Марказий Осиё учун долзарблашмоқда.

Чор Россияси ва Совет Иттифоқи даврини қандай таърифлаш керак — "мустамлакачилик"ми ёки "маъмурий бошқарув"?

Бу масала сўнгги пайтларда Россия ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида жиддий баҳсларга сабаб бўлмоқда.

Яқинда Москвада ўтган учрашувда Россия ва Қирғизистон тарихчилари айнан шу мавзуни муҳокама қилди.

Москва позицияси

Россия Фанлар академияси вакили Андрей Биков Қирғизистон мактаб дарсликларида "далилий хатолар" ва "мифлаштириш" ҳолатлари борлигини билдирди.

Унинг айтишича, совет даври Россия дарсликларида асосан саноатлаштириш ва иқтисодий ривожланиш билан боғланади. Қирғиз дарсликларида эса миллий манфаатларнинг чекланиши ва қарамликка урғу берилгани рус томонига маъқул келмаяпти.

Конференцияда иштирок этган қирғизистонлик тарихчи, Миллий фанлар академиясининг Тарих, археология ва этнография институти директори Абилабек Асанкановнинг айтишича, Биков ўз маърузасида "колониализм" атамаси ёшлар орасида салбий қабул қилинишини айтган ва бу рус томонининг Қирғизистонга "тарих китобларини қандай қилиб тўғри ёзиш кераклиги" бўйича кўрсатма бериш ҳаракати эмаслигини алоҳида таъкидлаган.

Биковнинг таъкидлашича, у фақатгина икки мамлакатнинг тарих китобларидан "қарама-қаршилик келтириб чиқарадиган айрим баёнотларни" олиб ташлашни таклиф қилмоқда.

Биков "мустамлакачилик" атамаси ёшлар орасида салбий кайфият уйғотишини айтиб, уни "маъмурий бошқарув" каби нейтрал тушунчалар билан алмаштиришни таклиф қилмоқда. У буни "қарашлар ўртасидаги зиддиятни юмшатиш" зарурати билан изоҳлаган.

Қирғизистонлик мутахассисларнинг муносабати

Қирғизистонлик тарихчилар бу таклифни танқид остига олди. Улар тарихий жараёнларни ўз номи билан аташ шартлигини таъкидламоқда.

Хусусан, тарихчи Тинчтиқбек Чоротегин Россия билан "умумий дарслик" тайёрлаш ғоясига мутлақо қарши чиқди.

Сиёсатшунос Эмилбек Жороев Би-Би-Сига берган изоҳида тарих масаласи айрим давлатлар учун мафкуравий қуролга айланганини айтди. Унинг фикрича, ҳар бир давлат ўз тарихини мустақил ўрганиш ва талқин қилиш ҳуқуқига эга.

Сиёсий таҳлилчи Венера Ақматбекова рус олимларининг бошқа суверен давлатнинг дарсликларини таҳлил қилиб чиқишга ва уларни тўғриланг деб айтишга қандай ҳаққи бор, деган саволни ўртага ташлади:

"Россия томони "колониализм" ва "мустамлака" атамаларининг ишлатилиши чегарадан чиқиш ва салбий бўёққа эга эканини айтиб, бу сўзларни "маъмурият", "маъмурий бошқарув" сўзларига алмаштириш кераклигини, Россияни империя сифатида кўрсатиш нотўғрилигини таъкидлаган. Жаҳон геосиёсати тарихида қўлланиладиган атамалар бор. Бу атамалар шунчаки ўйлаб топилиб, қабул қилинавермайди. Ҳар бир атаманинг ортида қандайдир жараён ётади ва ўша жараённинг аниқ мезонлари бўлади. Шунга тўғри келсагина, кейин шундай аталади. Россиянинг қирғизларга нисбатан олиб борган сиёсати барча жиҳатдан мустамлакачилик мезонларига тўлиқ мос келади, бу — тарихий ҳақиқат", — деб ёзди у ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида.

Қирғизистон расмийлари ҳозирча бу масала юзасидан муносабат билдирмади.

Бу мавзу Ўзбекистон учун ҳам бегона эмас

Бунга ўхшаш баҳслар аввал Ўзбекистон атрофида ҳам кузатилган. Россия томони айрим ўзбек дарсликларида ҳам тарих "бирёқлама ва танқидий" ёритилаётганини даъво қилган эди. Ҳатто айримлари: "бу — русофобия", дейди.

Ўзбекистондаги тарихчи ва зиёлилар эса тарихий воқеаларни илмий асосда, борича баҳолаш зарурлигини таъкидлаб келади.

Мутахассислар қайд этишича, "мустамлакачилик" тушунчаси ресурсларни ташиб кетиш, иқтисодий ва сиёсий назорат каби аниқ мезонларга асосланади. Шу билан бирга, совет даврида саноатлаштириш ва инфратузилма ривожи бўлгани ҳам инкор этилмайди.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз: and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

Сўнгги йилларда Россияда Марказий Осиё тарихига оид янги нашрлар чоп этилмоқда. Айрим тадқиқотларда минтақа Россиянинг "ҳаётий манфаатлари зонаси" сифатида таърифлангани ҳам эътирозларга сабаб бўляпти.

Тарихни қандай талқин қилиш масаласи Марказий Осиёда фақат илмий эмас, балки кучли сиёсий аҳамият касб этиб бормоқда. Минтақа мутахассислари эса ташқи босимларсиз, турли нуқтаи назарларни ҳисобга олган ҳолда очиқ илмий мулоқот олиб бориш зарурлигини таъкидламоқда.