Бомба, чўккан кемалар, бетон қоялар. Ўзбекистон, Марказий Осиё ва жаҳонда саёзлашган дарё ва каналлар нималарни намоён қилмоқда?

Сув сатҳи пасайган дарё.
Сурат тагсўзи, Ўзбекистон ва Марказий Осиёда бу йил дарёлардаги сув сатҳи пасайгани кузатилмоқда.
Published
Ўқилиш вақти: 6 дақ

Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги сув захиралари ва дарё сувлари сатҳи пасайиши иқлим ўзгариши ва ҳаддан ташқари иссиқ келган ёз об-ҳавоси манзарасида янада долзарброқ аҳамият касб этмоқда.

The Times of Central Asia нашри 2026 йил ёзи Марказий Осиёдаги сув захираларига "босим" жиҳатидан муҳим бурилиш нуқтаси бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзган.

Минтақа бу йилги ёзни ўзининг асосий сув манбаси бўлган икки дарё -Амударё ва Сирдарёдаги сув сатҳининг ўтган йилларга қараганда анчайин паст даражада бошдан кечираётгани айтилган.

Бунга асосий икки сабаб бир томондан иқлим ўзгариши ва бошқа томондан истеъмолнинг ўсиб бораётганидир.

Минтақа давлатлари орасида айниқса Ўзбекистон аҳоли сонининг кўплиги ва улкан қишлоқ хўжалиги сектори туфайли кўпроқ бу факторлар таъсири остида бўлиши айтилади.

Баъзи манбаларга кўра, бу йил Сирдарё ва Амударёдаги сув сатҳи одатдаги даражанинг тахминан 60 фоизи атрофидадир.

Қозоғистон Бош вазири Ўлжас Бектенов раислигида ўтган йил охирида сув тақсимоти бўйича ўтказилган махсус йиғилишида мамлакат жанубидаги Қизилўрда, Туркистон ва Жамбил вилоятларидаги мониторинг ҳар учала минтақадаги сув захираларида сув сатҳининг пасайиши кузатилаётгани айтилган.

Жумладан Шардара сув омборига оқим 43% га тушиб кетгани ва Норин-Сирдарё сув тизимидаги сув ҳажми ўтган йилга қараганда 3.8 миллиард кубометрга камроқ эканлиги билдирилган.

Жамбил вилоятидаги сув омборида эса сув ҳажми хавотирли 41% эканлиги урғуланган.

Минтақанинг асосий сув манбаларидан бири кўрилган Қирғизистон ўзи учун энергия ишлаб чиқариш ва ва қуйи оқимдаги давлатлар ўнгидаги мажбуриятини бажариш ўртасидаги танлов ўнгида турибди.

Тоқтоғул сув омборидаги сув сатҳи пасайиши гидроэнергия ишлаб чиқариш корхонаси фаолиятининг чекланишига олиб келган. Вазиятни тўғрилаш учун Қирғизистон сувни қўшни давлатлар – Ўзбекистон ва Қозоғистон сувга эҳтиёж энг кўпайган вақт, яъни ёз ойларида камайтиришга мажбур бўлган.

Asiaplustj нинг Instagram даги хавбари.

Сурат манбаси, Asiaplustj Instagram

Амударёнинг сув манбаи ҳисобланган Тожикистон музликлари ва тоғлардаги қор сатҳи аҳволи ҳам яхши эмас. ASIAPLUSTJ нашрининг Insagram саҳифасида Гидрометеорология Агентлиги мутахассислари тадқиқотларига асосан келтирилган хабарга кўра, Қоратоғ ва Зарафшон минтақаларидаги мавсумий қорларнинг 95 фоизи аллақачон эриб битган.

2025 йил май ойида Душанбеда музликлар вазиятига бағишланган илк халқаро конференцияда Тожикистон ва Қирғизистон тоғларидаги музликлар ҳар доимгидан ҳам юқори суръатларда эриётгани қайд этилганди.

Бу ҳолат сув таъминотида Қирғизистон ва Тожикистондан оқиб келувчи дарёларга деярли қарам бўлган Ўзбекистон ва Туркманистон каби давлатларнинг тобора ўсиб бораётган сувга эҳтиёжини қондириш келажаги борасида хавотирларга туртки берган.

Сув муаммосини ечиш учун нималар қилинмоқда?

Қуриган жилға
Сурат тагсўзи, Ўзбекистондан оқиб ўтувчи йирик дарёларда сув сатҳи пасайган бўлса, кичик жилғалар бутунлай қуриб қолган.
Skip podcast promotion and continue reading
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2026 йил июл ойида чоп қилган ҳисоботида Ўзбекистон сув захираларига босимни пасайтириш йўлида анчайин салмоқли чораларни кўраётгани ва илгари силжиётгани айтилган.

Ҳисобот сувни тежаш, суғориш тизимини замонавийлаштириш ва сув тақсимоти соҳасида минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги ҳаракатларини тилга олган.

Аммо айни ҳолда, Ўзбекистонга иқлим ўзгариши, сув истеъмолнинг кўпайиши ва Орол денгизининг қуриб бориши каби омиллар босими ҳануз кўп эканлиги айтилган.

2017 йилдан бери Ўзбекистонда сувдан фойдаланиш йўлида ўтказилган кенг кўламли ислоҳотлар сув захираларига босимни нисбатан камайтираётгани, лекин муаммони ҳозирча тўлиқ бартараф этмагани ҳам билдирилган.

Ҳисобот шунингдек, Ўзбекистоннинг халқаро сув дипломатиясида ўсиб бораётган ролига ҳам эътибор қаратган.

Июн ойида Бишкекда вазирлар даражасида ўтказилган учрашувда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон ёз ойларида муштарак сув ва энергия захираларидан самарали ва мувофиқлаштирилган равишда фойдаланиш борасида қўшма протоколни имзолашган.

Ўзбекистон билан Қозоғистон чегарасида эса Сирдарё сувидан фойдаланишда ошкоралик ва тежамкорликка эришиш мақсадида рақамли ўлчов ускуналари ўрнатилиб, мониторинг тизими ўрнатилмоқда.

2026 йил феврал ойида "Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги" Ўзбекистон Президенти қарори ҳам қабул қилинган.

Айни вақтда сув тақчиллигининг баъзи ижобий жиҳатлари ҳам бор. Сув захираларининг камайиб бориши Ўзбекистон расмийларини гидроэлектростанциялар ёрдамида эмас қуёш ва шамол энергиясидан кўпроқ фойдаланишга ундамоқда.

Давлатга тегишли "Ўзбекгидроэнерго" маълумотларига кўра, 2025 йилда гидроэлектростанцияларда ишлаб чиқарилган электр ундан аввалги йилларга қараганда 20 фоизга камайган.

Саёзлашган дарё ва каналлар тубидан нималар чиқиб келмоқда?

Тошкентдаги Бўрижар каналидаги бетон қоялар

Сурат манбаси, FB/Yevgeniy Sklyarevski

Сурат тагсўзи, Тошкентдаги Бўрижар каналидаги бетон қоялар

Европа давлатларида кузатилаётган ўта иссиқ ҳаво ва қурғоқчилик натижасида дарёларда Иккинчи Жаҳон уруши даврида чўкиб кетган кемалардан тортиб қадим ибодатхоналар сув юзида кўриниб қолаётгани манзарасида Ўзбекистонлик фойдаланувчилар Тошкентдаги Бўрижар каналидаги бетон қоялар суратларини ҳазиломуз тарзда Ижтимоий тармоқларда чоп қилишган.

Бу бетон қоялар сув сатҳининг пасайиши оқибатида кўриниб қолганми ёки ҳамиша шундайми номаълум. Аммо бу ҳолат тобора яққол кўзга ташланаётган сув захиралари муаммолари ўзбекистонликларнинг ҳам диққат-эътиборида эканлигини намоён қилади.

Одамлар тушган кичик қайиқ саёз сувда кўриниб қолган чўкиб кетган кема ўнгида турибди.

Сурат манбаси, Reuters

Европанинг 19 давлати орқали оқиб ўтувчи Дунай дарёсидаги сув сатҳи охирги 30 йилдаги энг паст даражага тушган.

Сербиянинг Прахово шаҳрида сув пасайиши оқибатида кўриниб қолган дарё тубидаги Иккинчи Жаҳон уруши даврида чўкиб кетган кема

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Сув пасайиши оқибатида кўриниб қолган дарё тубидаги нарсалар орасида Сербиянинг Прахово шаҳрида Иккинчи Жаҳон уруши даврида чўкиб кетган кема ҳам бор.

"Дунай суви тиззадан келмоқда"

Суви саёзлашиб кетган Дунайда одамлар чўмилишмоқда.

Сурат манбаси, Yusuf Jumayev

Тўрт йилдан бери Словакияда яшаб, ишлаётган қирғизистонлик Юнус Жумаевнинг таъкидлашича, Братиславадан оқиб ўтувчи Дунай дарёсида айниқса, охирги ҳафталарда дарёнинг айрим қисмлари саёзлашиб, чуқурлиги тизза атрофида бўлиб қолган. Юнуснинг сўзларига кўра, маҳаллий аҳоли суви қочган дарё ўзанида чўмилиб, дам олмоқда.

"Кеча одамлар Дунай сувини бемалол кечиб, дам олаётганига шахсан гувоҳ бўлдим. Айримлар бу ҳолатни иссиқ кунларда салқинлаб олиш имконияти сифатида қарши оляпти. Баъзилар буни жиддий экологик муаммо сифатида муҳокама қилмоқда", дейди Юсуф Жумаев.

Моллар подаси дарё остидан чиқиб қолган сув ўтларини еб юришибди.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Сербиядан оқиб ўтувчи Дунайдаги сув сатҳи одатдагидан 3 баробарга паст.

Сув сатҳининг пасайиши оқибатида камида 20 та Иккинчи Жаҳон уруши даврида чўкиб кетган кема сув юзида кўриниб қолган ва ҳозирда кемалар қатновига халақит бермоқда.

Чўкиб кетган кемалар сув юзида кўриниб турибди.

Сурат манбаси, Reuters

Портламай қолган бомбалар ҳам сув юзида

Чўкиб кетган кемалардан ташқари Хорватия, Венгрия ва Словакияда бир вақтлар портламай қолган бомбалар ҳам сув юзида кўриниб қолган.

Занглаган ва сув ўтларига булғанган узун бомба сув сатҳида кўриниб турибди.

Сурат манбаси, Polícia Slovenskej republiky

Сурат тагсўзи, Словакия полицияси Иккинчи Жаҳон уруши даврида Британияда ишлаб чиқарилган бомбани зудлик билан зарарсизлантиришни амалга оширган.

Бомбани зарарсизлантириш амалиёти вақтида яқин атрофдаги аҳоли вақтинча кўчирилган.

Видео тагсўзи, Бомбани сувдан олиб чиқиб, портлатиш жараёнини томоша қилинг. (видеода товуш йўқ)

Қадимий ашёлар

Болгарияда Дунай сувининг пасайиши оқибатида олимларнинг ишонишларича, сув остида қолиб кетган қадим замонда яшаган мамонт суяклари топилган.

Мамонтнинг жағи ва шоҳи бўлиши мумкин, дея тахмин қилинган суяклар қум ва тошлар орасида ётибди.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Мутахассислар бу мамонтнинг жағи ва шоҳи бўлиши мумкин, дея тахмин қилишмоқда.

Буюк Британияда деярли доим ям-яшил бўлиб турадиган ўтзорларнинг қуриши натижасида қадим ибодатхона қолдиқлари ва 17 асрдаги боғ контури намоён бўлган.

Бир вақтлар қурилган ибодатхона ва боғлар қолдиқлари.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Узоқ давом этиб келаётган қуруқ ҳаво ўтзорларни қуритиб, бир вақтлар қурилган ибодатхона ва боғлар қолдиқларини ошкор қилган.