Яқин Шарқда янги зарбалар. Тинчлик келишуви хавф остидами? - (Видео)

Published
Ўқилиш вақти: 7 дақ

Исроил Ливандаги шифохонага зарба берди

Исроил жанубий Ливанда зарбаларни давом эттирди, бироқ Эрон томонидан дастакланадиган Ҳизбуллоҳ гуруҳи билан қисман оташкесим келишувидан сўнг Бейрутга зарба беришдан тийилди. Ливан маълумотига кўра, АҚШ президенти Доналд Трамп томонидан душанба кеч эълон қилинган келишувга биноан, Исроил Ҳизбуллоҳ Исроилга ҳужумларни тўхтатиши эвазига пойтахтга ҳужум қилмайди.

Бу воқеалар кенгроқ минтақавий кескинлик манзарасида юз берди, чунки Эрон Ливандаги Исроил ҳарбий ҳаракатлари АҚШ билан можарони тугатишга қаратилган музокараларни хавф остига қўяётганини таъкидлади. Оташкесим эълон қилинганига қарамай, ҳарбий ҳаракатлар тўлиқ тўхтамади, бу эса ўз навбатида келишувнинг заифлигини кўрсатди.

Оташкесим келишуви эълон қилинганидан сўнг, Исроил ўзининг шимолий ҳудудига учирилган икки снарядни тутиб қолганини маълум қилди, Ҳизбуллоҳ эса жанубий Ливанда Исроил кучларини нишонга олганини билдирди. Шу билан бирга, Ливан расмийлари ҳалокатли Исроил зарбалари ҳақида хабар берди, жумладан Сур шаҳридаги Жабал Амел шифохонаси яқинидаги ҳужум натижасида тўрт киши ҳалок бўлган ва 127 киши жароҳатланган, улар орасида тиббиёт ходимлари ҳам бор, баъзилари оғир аҳволда.

Шифохона атрофидаги ҳолат вайронкор - кенг кўламли бузилишлар, зарар кўрган бинолар ва ҳувиллаб қолган кўчалар кўзга ташланади. Гувоҳлар ва тиббиёт ходимлари зарбанинг кутилмаганда содир бўлганини айтиб, ҳудудда ҳарбий нишонлар бўлмаганини айтдилар ҳамда Исроилни фуқаролик инфратузилмаси ва фавқулодда хизмат ходимларини нишонга олганликда айбладилар.

Доктор Ваэл Мруэ, шифохона бош шифокори, кечани ҳужум оқибатларини бартараф этиш билан ўтказди.

"Биз беморлар ва кўчирилган одамлар билан ишлаётган эдик. Ҳаммаси одатдагидек эди, бирдан 'пах'," деди у. "Бу ҳеч қандай олдиндан огоҳлантиришсиз содир бўлди. Суратларнинг ўзи ҳаммасини айтиб турибди."

У шунингдек, яқин атрофда ҳарбий нишон бўлганини инкор этди.

"Исроил душмани журналистлар, тез ёрдам ходимлари ва тиббиёт персоналини нишонга олмоқда. Унга фарқи йўқ, унинг истаги - бизни ўз мамлакатимиздан ҳайдаб чиқариш", деди у.

Шифохона ичида йўлаклар синган ойна бўлаклари билан тўлиб кетган эди. Шифт панеллари полга қулаб тушган, инкубаторлар қатори эса портлаш кучидан ёрилиб, шикастланган ҳолда турарди. Бор-йўғи тўрт соат аввал туғилган чақалоқ Форис эндигина тузалатётган онаси яқинида, кўк рангли юмшоқ кўрпага ўралган ҳолда ухлаб ётарди. Унинг бувиси Амал уни фахр билан кўрсатиб, шундай деди, "Ҳақиқатдан ҳам ҳаёт жуда қийин, лекин биз бунга чидашимиз керак. Бу янги туғилган ушбу чақалоқнинг она юрти, у [Форис] ватанни ҳимоя қилиши керак. Бу - масъулият."

Исроил ҳарбийлари бу ҳудудда "Ҳизбуллоҳнинг террорчилик инфратузилмаси"га зарба берганини билдирди. Улар ҳужум натижасида шифохонага зарар етганини тан олган ҳолда, шифохона "мўлжал қилинмаганини" таъкидлади. Шу билан бирга, Исроил Ҳизбуллоҳни фуқаролик инфратузилмаси ва аҳоли орасида жойлашиб олганликда айблади, аммо бунга далил келтирмади.

Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса сўнгги уч ой ичида тез ёрдам машиналари ва тиббий муассасаларга 159 та ҳужум қайд этилганини, 128 нафар тиббиёт ходими ҳалок бўлганини маълум қилди.

Сешанба эрталаб Ливан фуқаролик ҳимояси агентлиги Набатияҳ туманидаги Кфар Сир марказига яна бир Исроил зарбаси берилганини маълум қилди. Ҳужум бинога зарар етказган, аммо қурбонлар қайд этилмаган. Шу куни, Ливан давлат Миллий ахборот агентлиги хабар қилишича, Маржаюн ва Набатияҳ ўртасидаги йўлда дрон зарбаси натижасида яқиндаги Қлаяа насроний қишлоғидан бир тиш доктори фарзандлари билан бирга ҳалок бўлди.

Исроил ҳарбийлари кун иккинчи ярмида Набатияҳ шаҳри учун янги эвакуация буйруғини чиқарди ва Ҳизбуллоҳ томонидан оташкесим бузилганини иддао қилиб, "қатъий ҳаракат қилишга мажбур" эканини билдирди. Исроил расмийларига кўра, Ҳизбуллоҳ Ливандан Исроил аҳоли пунктларига ракета ва дрон ҳужумлари уюштирган. Ҳизбуллоҳ эса жанубий Ливандаги Ҳаддота, Байада ва Завтар аш-Шарқияда Исроил қўшинлари ва танкларига дронлар ва ракеталар билан зарба берганини маълум қилди.

Ливан 2-март куни Ҳизбуллоҳнинг Исроилга ракеталар отиши ортидан урушга кирди ва бу Исроилнинг Эрон етакчисини ўлдирган зарбасига жавоб сифатида баҳо берилди. Содир бўлган тўқнашувлар тобора кучайиб, ҳаво ҳужумлари ва қуруқликдаги амалиётлар билан давом этмоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, уруш бошланганидан бери Ливанда камида 3468 киши ҳалок бўлган, 1 миллиондан ортиқ аҳоли кўчишга мажбур бўлган, Исроил эса ўз томонидан 25 ҳарбий ва 4 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлганини билдирмоқда.

Ливаннинг Вашингтондаги элчихонаси Ҳизбуллоҳ АҚШ қўллаб-қувватлаган қисман оташкесим таклифини қабул қилганини билдирди. Унга кўра, Исроил Байрутга кенг кўламли ҳужум қилмаслиги, Ҳизбуллоҳ эса Исроилга зарбаларни тўхтатиши керак. Доналд Трамп Исроил бош вазири Бинямин Нетаняхунинг розилигини олганини айтди ва бу натижа Ливан президенти орқали Ҳизбуллоҳга етказилди. Трамп ҳар икки томон ўқ отишни тўхтатишга келишганини маълум қилди.

Бироқ Нетаняху Ҳизбуллоҳ Исроил шаҳарларига ҳужумни тўхтатмаса, Байрутдаги нишонларга зарба берилишини айтди ва жанубий Ливанда операциялар давом этишини таъкидлади. Ҳизбуллоҳ вакиллари эса тўлиқ оташкесим йўқлигини билдириб, Исроил қўшинларининг Ливандан чиқишига олиб келадиган кенг қамровли келишувни талаб қилди. Шу билан бирга, Эрон босими туфайли Байрут жанубига эҳтимолий зарбалар тўхтатилгани айтилди.

Дипломатик музокаралар Вашингтонда давом этаётган бир пайтда, АҚШ–Исроил–Эрон ўртасидаги кенгроқ келишув хавф остида қолмоқда. Нетаняхунинг Байрутга зарба бериш таҳдиди Эрон томонидан кескин танқид қилиниб, бу оташкесим барча жабҳаларда амал қилиши кераклиги таъкидланди. Шунингдек, Эрон Исроил ҳаракатлари сабаб АҚШ билан музокараларни тўхтатиш эҳтимолини ҳам билдирган.

АҚШ–Эрон зарбалари: Кувайт аэропорти нишонга олинди

АҚШ ҳарбийлари ўзини ҳимоя қилиш мақсадида Эронга қарши тунда зарбалар берганини билдирди ва Эрон томонидан кемалар ҳамда Форс кўрфази давлатларига учирилган баллистик ракеталар ва дронларни йўқ қилганини маълум қилди. Ушбу ҳужумлар Ҳўрмуз бўғози яқинидаги Қешм оролида амалга оширилиб, Эроннинг минтақадаги ҳаракатларига жавоб сифатида таърифланди.

Эрон эса ўз навбатида минтақадаги бир давлатда жойлашган АҚШ базаларига ракета ва дронлар билан зарба берганини айтди. АҚШ маълумотига кўра, Эрон Кувайт ва Баҳрайн томон ракета учирган, аммо уларнинг барчаси йўлда парчаланган ёки ҳаво ҳимояси томонидан уриб туширилган. Шу билан бирга, Кувайт Эрон дронлари мамлакат халқаро аэропортига зарба бериб, жиддий зарар етказгани ва одамлар жароҳатланганини билдирди.

Сўнгги ҳужумлар АҚШ ва Эрон ўртасидаги сулҳ музокаралари тўхтаб қолган бир пайтда содир бўлди. Вашингтон Қешм оролидаги зарбалар Эрон ҳарбий бошқарув нуқтасига қаратилганини айтди ва фуқаролик кемаларига таҳдид солган дронларни йўқ қилганини ҳам қайд этди. Эрон эса Ҳўрмуз бўғози хавфсизлигига таҳдидлар катта оқибатларга олиб келишини огоҳлантирди.

АҚШ шунингдек, Ҳўрмуз бўғозида жорий этилган денгиз блокадаси доирасида Ботсвана байроғи остида сузган нефт танкерига зарба берганини билдирди. Танкер экипажи огоҳлантиришларга бўйсунмагани айтилди. Пентагон маълумотига кўра, блокада бошланганидан бери бир нечта кемалар зарарсизлантирилган ва юздан ортиғи йўналишини ўзгартиришга мажбур бўлган.

Бу кескинлашув АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон билан келишувга эришиш мумкинлигини айтган бир вақтда юз берди. Бироқ томонлар Ҳўрмуз бўғози, уран захиралари ва ядровий дастур бўйича қарама-қаршиликларга эга бўлиб қолмоқда. Эрон эса Вашингтонни доимий равишда талабларини ўзгартиришда айблаб, музокаралар келажагини шубҳа остида қолдирмоқда.

АҚШ президенти Доналд Трамп бу ҳафта танқидчиларига "орқага ўтиринг ва тинчланинг", деб айтди ва Эрон "ҳақиқатан ҳам келишув тузишни истаяпти, ва бу АҚШ учун яхши келишув бўлади", деди.

АҚШ оммавий ахборот воситалари аввалроқ хабар беришича, Трамп эҳтимолий тинчлик келишуви шартларига ўзгартиришлар киритишни сўраган, бу эса оташкесим доирасини кенгайтириш бўйича маслаҳатчилар билан учрашувдан сўнг амалга оширилган.

CBS News маълумотига кўра, ушбу ўзгартишлар Ҳўрмуз бўғози ва Эрондан юқори даражада бойитилган уранни олиб чиқиб кетиш масаласига тааллуқли бўлган, шунингдек Эрон ядровий дастури бўйича музокараларни қайта бошлаш механизмини ҳам ўз ичига олган.

Душанба куни Эрон ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Исмоил Бақоий бу масала муҳокама қилинганини инкор этиб, Вашингтон "доим ўз қарашларини ўзгартириб, янги ёки зиддиятли талаблар қўяётганини" айтди.

Чоршанба куни эфирга узатилган интервюда Трамп Эрон "аллақачон ядровий қуролга эга бўлмасликка рози бўлганини" билдирди. Унинг таъкидлашича, Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Мужтабо Ҳоманаий музокараларда иштирок этмоқда.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

"Бизнинг муносабатларимиз анча яхши йўлга қўйилгандек", деди Трамп Pod Force One подкастига берган интервюсида. У билан учрашиш ҳақида сўралганда, "учрашгим келади, эҳтимол, маълум бир вақтда учрашамиз, вазият қандай ривожланишига қараб", деб жавоб берди.

АҚШ давлат котиби Марко Рубио эса сешанба куни Конгрессга мурожаатида музокарачилар Ҳўрмуз бўғозини қайта очиш эвазига Эронга санкцияларни юмшатишни таклиф қилинмаганини билдирди.

"Ҳозирча муҳокама қилинган барча масалаларда санкцияларни юмшатиш шартларга боғлиқ, яъни уларнинг жорий этилишига сабаб бўлган масала - ядровий дастур - бўйича чораларга қараб амалга оширилади", деди у.

"Уруш тугади", деди у сенатор билан яна бир кескин мулоқот пайтида, қўмита аъзолари АҚШнинг можарони тугатиш стратегиясини савол остига қўяётган бир вақтда.

Эслатма: Мақола Би-би-си журналистлари Жон Судворт, Саманта Гранвил, Ярослав Лукив, Тоби Манн ва Девид Гриттен хабарлари асосида ёзилди.