You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Энди ҳамма эркак ота бўлиши мумкин: яширин сперма қандай топилади?
- Author, Крупа Падҳи
- Role, BBC Future
- Published
- Ўқилиш вақти: 6 дақ
Сунъий интеллект билан қувватланган янги технология, сперматазоидлари йўқ деб айтилган эркакларда ҳам уларни топиб, йиллар давомида тирноққа зор бўлган жуфтликларга имконият яратмоқда.
2025-йил ноябр ойи бошлари эди. Пенелопа АҚШнинг Ню-Жерси штатида ишдан уйига машинада қайтаётганида унга қўнғироқ бўлди. Бу унинг шифокори эди, узоқ кутилган хабарни етказиш учун қўнғироқ қилаётган экан. Икки ярим йиллик машаққатли уринишлардан сўнг Пенелопа ниҳоят ҳомиладор бўлганди.
Кўплаб текширувлардан сўнг, Пенелопанинг турмуш ўртоғи Самуэлда Клайнфелтер синдроми борлиги маълум бўлди. Бу қўшимча Х хромосома билан туғилган эркакларда учрайдиган генетик касаллик бўлиб, кўпинча вояга етгунга қадар ташхис қўйилмайди. Клайнфелтер синдромига чалинган аксарият эркакларнинг манийсида жуда кам сперматазоид бўлади ёки умуман бўлмайди. Бу ҳолат азооспермия деб аталади. Бепушт эркакларнинг тахминан 10 фоизида азооспермия кузатилади.
Қувонч ва ишончсизлик аралаш ҳислар билан Пенелопа ўша оқшом Самуэлнинг (иккисининг ҳам исми шахсий дахлсизликни ҳимоя қилиш мақсадида ўзгартирилди) уйга қайтишини ва бу хушхабарни унга айтишни кутди.
"Унинг юзида ҳиссиётлар тўлқини акс этди", дейди у. "У йиғлади… чунки бу нуқтага етиб келиш учун жуда кўп куч, вақт ва изланишлар талаб этилганди. Бизда атиги битта эмбрион борлиги ва у муваффақиятли чиққани учун қувончимиз чексиз эди".
Уларнинг ҳомиладор бўлиши фақатгина Колумбия университети томонидан азооспермияга чалинган эркакларда сперматазоидларни кузатиш ва топиш учун ишлаб чиқилган Star (Sperm Track and Recovery) тизими деб номланган янги усул туфайли мумкин бўлди. Тизим сунъий интеллект ёрдамида бу касалликка чалинган эркаклардаги саноқли "яширин" сперматазоидларни аниқлаш ва топишга кўмаклашади.
"Мен қўрқиб кетгандим. Ҳаётимнинг энг муҳим қисми бўлган ўз фарзандимни дунёга келтиролмасам керак, деб ўйлагандим", дейди Самуэл. Унга биологик фарзанд кўриш эҳтимоли 20 фоиз эканини айтишганди. "Бу мен учун юзимга тушган қаттиқ тарсакидек эди".
Бепуштлик бутун дунё бўйлаб миллионлаб одамларга таъсир қилади ва репродуктив ёшдаги ҳар олти кишидан бири ҳаётида камида бир марта ҳомиладор бўлиш муаммосига дуч келади. Эркаклар бепуштлиги 50 фоизгача ҳолатларда асосий омиллардан бири бўлиб, барча эркакларнинг 1 фоизи азооспермик.
Бу шуни англатадики, бутун дунё бўйлаб миллионлаб эркакларнинг сперматазоидлари сони шунчалик пастки, уларнинг алоҳида олинган уруғини топиш жуда қийин бўлгани сабабли улар азооспермик ҳисобланади. Аммо сунъий интеллектнинг ушбу яширин сперматазоидларни топиш қобилияти ота-она бўлишни орзу қилаётганларга умид бериши мумкин.
Ўтган йил охирида, беш йиллик ишланмадан сўнг, Star тизими ёрдамида туғилган биринчи чақалоқ қарийб йигирма йил давомида бепуштлик билан курашган эр-хотинга ниҳоят фарзандли бўлиш имконини берди. Бу Колумбия университети Фертиллик маркази директори Зев Уилямс ва унинг жамоаси яхши эслайдиган лаҳза.
"Ҳамма қувончдан осмонга сакрарди, – дейди у. – Шунча меҳнатингиз эвазига мукофот сифатида ана шундай ажойиб ва ўзгача ютуқлар жуда кам бўлади. Энди бир қизалоқ бор ва Худо хоҳласа, бундайлар янада кўпяди".
Биринчи "Star" чақалоғи дунёга келганидан бери бу технология фертиллик марказида мунтазам қўлланиб келмоқда ва фарзандли бўлишга умид қилаётганлар рўйхати дунёнинг турли бурчакларидан келган юзлаб кишига етди. Технологиядан фойдаланган сўнгги 175 нафар беморга асосланиб, Уилямснинг айтишича, улар қарийб 30 фоиз ҳолатда сперматазоид топмоқда. Булар ўз сперматазоидлари ёрдамида фарзанд кўриш имконияти умуман йўқ деб айтилган шахслар.
Уилямснинг айтишича, кейинги синовларда "Star" малакали мутахассиснинг қўлда қидиришига қараганда 40 баравар кўпроқ сперматазоид топа олган.
Одатда, уруғ намунасининг ҳар миллилитрида ўн миллионлаб сперматазоид бўлади. Намунадан олинган кичик бир томчи микроскоп остида текширилиб, сперматазоидлар сони тахмин қилинади, шу билан бирга уларнинг ҳаракатчанлиги ва соғломлиги ҳам текширилади. Аммо азооспермик намуналарда бутун намунада фақат битта сперматазоид бўлиши мумкин, ҳатто баъзи ҳолларда улар умуман бўлмайди. Намунани бирма-бир, ҳар гал кичик томчидан олиб элакдан ўтказиш амалда имконсиз.
Уилямс 2020-йилда янги юлдузларни топиш учун сунъий интеллектдан қандай фойдаланилаётгани ҳақида ўқиб, "Star" тизими ғоясини ўйлаб топди.
Замонавий телескоплар тунги осмон ҳақида шунчалик кўп маълумот берадики, астрономлар учун илгари кўрилмаган объектларни таҳлил қилиш жуда кўп вақт талаб қилади. Аммо машинавий ўрганув алгоритмларидан фойдаланиш бу ишни бир неча дақиқада бажариши мумкин.
"Осмон манзараси сперматазоиди йўқ деб айтилган эркакларда кўраётган ҳолатимизни жуда эслатарди", дейди Уилямс. У сперматазоидларни худди шундай аниқлаш ва ажратиб олиш учун бундай технологияларни қўллаш мумкинми, деб ўйлай бошлади.
У ва унинг жамоаси намунани сканерлаш учун ишлатилиши мумкин бўлган юқори қувватли тасвирлаш технологиясидан аллақачон фойдаланаётган эди. Асосий вазифа – реал вақт режимида сониясига юзлаб тасвирларни таҳлил қилиб, топилган ҳар қандай сперматазоидни аниқлаш ва ажратиб олишдан иборат эди.
Уилямс ва унинг ҳамкасблари микрофлуид чиплардан, яъни соч толаси каби ингичка каналлар билан ўйиб ишланган шиша ёки полимердан фойдаланади. Сўнг сперма намунаси шу каналлардан оқиб ўтади ва уни тасвирга олиш мосламаси сканерлайди.
Машинавий ўрганув алгоритми тасвирлардаги ҳар қандай сперма ҳужайраларини реал вақт режимида аниқлайди. Бу уларни иложи борича эҳтиёткорлик билан ажратиб олиш ва шикастланиши олдини олиш имконини беради.
"Намуна оқиб ўтаётганда, биз уни сониясига 300 та кадр тезликда тасвирга оламиз", дейди Уилямс. "Биз кўраётган нарсаларнинг аксарияти шунчаки қолдиқлар ва парчалардир. Бу тоза суюқлик эмас. Сиз эса ана шу бошқа қолдиқлар ва ҳужайра парчалари уммонида ўша жуда ноёб уруғ ҳужайрани топишга ҳаракат қиласиз".
Уилямснинг айтишича, "Star" усули 100 фоизлик сезгир даражага эришган, яъни у намунада битта бўлса ҳам сперма ҳужайрасини топиш қобилиятига эга.
"Бу шунчаки биз илгари кўра олмаган нарсани топишдир", дейди у.
Сперма ҳужайраси аниқлангандан сўнг, роботлаштирилган тизим уни топилганидан кейинги миллисониялар ичида ажратиб олади. "Микрофлуид чипдаги роботехника суюқликнинг айнан сперма жойлашган ўша майда қисмини саралаб олади, – дейди Уилямс. – Натижада таркибида сперма бўлмаган семинал суюқлик билан тўла найча ва ичида сперма бўлган майда томчи ҳосил бўлади".
Самуэлнинг ҳолатида қўшимча қийинчилик бор эди ва бу "Star" тизими учун биринчи тажриба эди: Клайнфелтер синдромида сперма ташқари чиқмайди, шунинг учун сперма топиш учун урологлар моякнинг ўзини текширишлари керак. Самуэл бошқа фертиллик марказида моякдан намуна олиш бўйича муваффақиятли жарроҳлик амалиётига тайёргарлик кўриш учун тўққиз ой давомида гормонал терапия олди.
Сўнг намуна тадқиқот учун Уилямснинг Колумбиядаги жамоасига юборилди.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
"Жарроҳлик амалиётидан олинган тўқима андрология лабораториямизга олиб келинди ва у ерда "Star" тизимидан ўтказиш учун қайта ишланди", дейди жарроҳликни назорат қилган Колумбия университети Фертиллик марказининг тиббий ва лаборатория директори Эрик Форман.
Айни пайтда Пенелопа тухум ҳужайрасини олдириш муолажасидан ўтаётган эди. Одатда, янги сперма намунаси ўша куннинг ўзида етказилади, чунки бу уруғлантириш учун энг яхши имкониятдир. Улар вақт билан пойга ўйнаётганди.
"Star" тизими Самуэлнинг намунасидан саккизта сперма ҳужайрасини ажратиб олишга муваффақ бўлди ва улар ўз навбатида Пенелопанинг тухум ҳужайраларига киритилди. Улардан бири тўлақонли бластоцистага, яъни эмбрионнинг янада ривожланган босқичига айланди.
Уларнинг фарзанди, катта эҳтимол билан "Star" натижасида дунёга келадиган биринчи ўғил бола июль ойи охирида туғилиши кутилмоқда. Улар бу кунга етишларига ҳеч қачон ишонмаган эди.
"Энди бу ҳақиқатга ўхшай бошлади, айниқса, қимирлашларни ҳис қилаётганимда. Биз анатомия сканеридан ўтдик ва ҳаммаси аъло даражада кўриняпти", дейди Пенелопа.
Ноёб сперма ҳужайраларини излаб топиш сунъий интеллектнинг фертилликни даволашни яхшилаш учун қўлланилаётган ягона усули эмас.
Масалан, тухумдонларни стимуляция қилишда – ЭКУдаги бу муҳим жараён тухумдонларга бир нечта тухум ҳужайрасини ишлаб чиқаришга ёрдам беради – машинавий ўрганув гонадотропин гормонининг янада индивидуаллаштирилган дозасини ҳисоблаш имконини бермоқда. Шу билан бирга, чуқур ўрганув воситалари гамета ва эмбрионларни аниқроқ ва ҳаётчанроғини танлашга ёрдам бермоқда.
Аммо узоқ муддатли натижаларни баҳолаш учун мутахассислар кенг кўламли клиник синовлар, шунингдек, махфий тиббий маълумотлар билан ишлаш, махфийлик ҳамда жавобгарлик ва эгалик ҳуқуқи бўйича низоларни ҳал қилиш масалаларига ойдинлик киритиш зарурлигини таъкидламоқда.
Сунъий интеллект инновациялари билан боғлиқ бахтли якун ҳақидаги ҳаддан ташқари кўп ваъдалар борасида ҳам хавотирлар бор.
"Бепуштликдан узоқ вақт азият чеккан жуфтликлар фарзанд кўришга интилиб, умидсизликка тушиб қолишлари ва уларга самараси исботланмаган қиммат даволаш усулларини сотиб олишлари мумкин", дейди Буюк Британиядаги Уорвик университети акушерлик профессори Шиван Куэнби.
"Эркаклардаги оғир субфертиллик омили учун янги ечим ишлаб чиқиш мақсадида илғор тасвирлаш, муҳандислик ва сунъий интеллектнинг бирлаштирилгани жуда ҳаяжонли, – дея қўшимча қилади у. – Биргина муваффақиятли ҳомиладорлик – муҳим бошланиш. Бироқ, ушбу янги даволаш усулининг қийматини тўлиқ баҳолашдан олдин кўпроқ беморлар иштирокида қўшимча тадқиқотлар ўтказиш лозим".
Бироқ, Самуэл учун бу сунъий интеллектга асосланган усул унга ва рафиқасига оиласини яна кенгайтиришга ёрдам бериши мумкинлиги жуда қувончли.
"Албатта, ҳозир очкўзлик қиляпмиз ва келажакда яна бир фарзандли бўлишни хоҳлаймиз, аммо бу биз яна бошдан кечиришимиз керак бўлган жараён, чунки захирада тухум ҳужайраларидан бошқа ҳеч нарсамиз йўқ, – дейди у. – Аммо ҳозир бизда илгари йўқ бўлган умид бор".