You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Янгиликлар: Ўзбекистон муҳимми, Ислом Каримов қандай имкониятни бой берди ва минтақага Россия таҳдиди кучайдими? O‘zbekiston Rossiya Yangiliklar
- Author, Феруза Раҳмон
- Role, bbc.com/uzbek
Энди нима бўлади?
Алоқадор мавзулар:
- Ўзбекистон: Мирзиёев нега жиддий ташвишда эканликларини айтди, Россия бекорга қўрқитмаяптими?
- Ташқи таҳдидга қандай қарши туриш мумкин, Қозоғистон Россиядан қўрқмайдими ва Россия Марказий Осиёни ким сифатида кўради?
- Ўзбекистон. Кун саволи: Россия ва Хитой гегемонлиги қаршисида бугун Туркий давлатлар нима қила олади?
- Россия, Ўзбекистон ва минтақа: ИШИД Марказий Осиёга кирдими?
Минтақавий ҳамкорлик масаласи сўнгги бир неча ҳафтанинг ўзида кетма-кет икки бор кун тартибига чиқди.
Бугун Марказий Осиёда мунтақавий ҳамкорликнинг қанчалик зарур ва муҳим эканига оид баёнотлар ҳам минтақавий ва ҳам халқаро миқёсда устма-уст янгради.
Марказий Осиёнинг етакчи лидерлари томонидан бунинг сабаби яна жорий пайтда дунёда кучайиб бораётган геосиёсий танглик билан изоҳланди.
Қозоғистон президенти ҳозир минтақавий ҳамкорликнинг қанчалик зарур эканини Марказий Осиё лидерларининг сўнгги Душанбе саммитида урғулаган бўлса, минтақанинг энг йирик давлати бўлмиш Ўзбекистон раҳбари бу масалани мазкур саммитдан қисқа вақт ўтмай, БМТ Бош Ассамблеясида ҳам кўтарди.
Бугунги кун зарурияти?..
Тожикистон пойтахти Душанбеда янграган сўнгги баёнотлар халқаро миқёсда ўзига эътибор тортмай қолмади.
Уларнинг оҳанг, мазмун ва моҳияти Марказий Осиё Россиянинг Украинага босқинидан хавотирда, деган талқинларга ҳам сабаб бўлди.
Саммит манзарасида "Глобал "танглик" фонида Марказий Осиё давлатлари янада яқин алоқалар ўрнатишга ваъда беришди", деган гаплар сарлавҳаларга чиқди.
Хабарларда президент Путин ўтган йили Украинага қўшин жўнатганидан сўнг беш собиқ Совет давлати можароларини ҳал қилиш ва минтақавий иттифоқларни кучайтиришга зўр берганликлари ҳақида ёзилди.
Мазкур хабарларда бу гал, айниқса, Россияга чегарадош ягона минтақа давлати бўлган Қозоғистон президентининг сўзлари ўзига эътибор тортгани кўрилди.
Қасим-Жомарт Тоқаев Душанбеда ҳам "бугун дунёда бўй кўрсатиб турган мураккаб вазият ва кучайиб бораётган геосиёсий танглик"ка алоҳида тўхталиб ўтган.
Қозоғистон президенти "геосиёсий кескинликлар кучайиб бораётган бир пайтда минтақада барқарорлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ экани"ни таъкидлаган.
Қасим-Жомарт Тоқаевнинг бу сўзлари Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг куни-кеча Тожикистон пойтахти Душанбеда бўлиб ўтган сўнгги - Бешинчи Маслаҳат учрашуви чоғида янграган.
Қозоғистон президентининг расмий хабарларда келтирилган сўзларига таянилса, халқаро вазият туфайли Марказий Осиё давлатларининг ҳар бири муайян қийинчиликларни бошидан кечирмоқда.
Ўзбекистон президенти эса, Марказий Осиё лидерларининг Қирғизистоннинг Чўлпонотасида бўлиб ўтган ўтган йилги саммити чоғида жаҳон иқтисодиётидаги инқирозли ҳолатлар кучайиб бораётгани натижасида минтақа давлатлари анъанавий логистика занжирлари узилиши билан боғлиқ муаммога дуч келаётгани, инфляциянинг импорти ортаётгани, озиқ-овқат ва энергетик хавфсизлигига нисбатан хавф-хатарлар бир неча бор кўпаяётганини таъкидлаганди.
Расмий Кремлнинг империалистик амбициялари йўлида айнан Қозоғистон қолган минтақа давлатлари учун "буфер" вазифасини бажарувчи мамлакат сифатида кўриб келинади.
Сўнгги йилларда ери, давлатчилиги Путин ва яна қатор бошқа номдор рус сиёсатчилари томонидан қайта-қайта ошкора савол остига олинган ва бу Россиянинг Украинадан кейинги нишони айнан Қозоғистон бўлажагига оид жиддий хавотирларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.
Қозоғистон Россия Украинага очган уруш фонида Марказий Осиёда биринчи бўлиб ўзининг мудофаа салоҳиятини кучайтиришини расман ва ошкора эълон қилган, мамлакати ва фуқаролари хавфсизлигини таъминлашга қаратилган миллий лойиҳа ҳам ишлаб чиққан.
Украина президенти эса, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси муҳокамасида қилган сўнгги чиқишида "Россия ҳар ўн йилда янги уруш бошлаши"ни айтаркан, энди "Қозоғистон ва Болтиқбўйи давлатларига яққол таҳдид солаётгани"ни таъкидлаган.
Шу кунларда Россиянинг Қозоғистонни ўзларига "дўст" бўлган ўттиздан ортиқ давлат рўйхатига киритмагани ҳам четдаги кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортган яна бир хос факторга айланган.
Хитойнинг сўнгги ўн йилликлардаги кучайиб бораётган иқтисодий экспансиясига қарамай, аксарият таҳлилчилар наздларида, икки асрлик гегемонлиги ортидан бугун ҳам айнан Россия минтақадаги асосий куч, қудрат сифатида кўрилади.
Россиянинг четдаги энг йирик ҳарбий базаси ва катта сондаги ҳарбий иншоотлари ҳам айнан Марказий Осиёда жойлашган.
Бундан ташқари, Россия ҳозир ҳам уларнинг асосий стратегик шериги, яқин иттифоқчиси, энг йирик савдо-иқтисодий, ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкори саналади, минтақанинг муҳим транспорт-логистика йўлаклари ҳам асосан Россия орқали ўтган.
Йилларки, аксарият давлатларида ишсизлик ва камбағаллик ҳануз долзарб муаммолигича қолаётган Марказий Осиёнинг миллионлаб сондаги аҳолиси учун энг катта меҳнат бозори вазифасини ҳам бажариб келади.
Минтақа давлатларининг кўпчилиги Россия шамсияси остидаги ва Кремлнинг геосиёсий, геоиқтисодий лойиҳалари, деб кўрилувчи ҳарбий, сиёсий ва иқтисодий ташкилоту иттифоқларга ҳам аъзо.
Геостратегик муҳим минтақа
Бир томондан Ғарбнинг асосий рақиблари ва дунёнинг геосиёсий, геоиқтисодий, ядровий қудратлари сирасига кирувчи Россия ва Хитой, бошқа тарафдан муҳим транзит йўли саналувчи, узоқ йиллик урушлар ортидан ҳозир яна Толибон ҳаракати қўлида бўлган беқарор Афғонистонга чегарадош, катта сондаги арзон ишчи кучи, табиий энергия заҳиралари, турли ноёб ва қимматбаҳо маъданларга бой Марказий Осиё эса, дунёнинг геостратегик жиҳатдан муҳим минтақаси.
Россия, Хитой ва АҚШ геосиёсий рақобатда бўлган, учовлон ўз таъсирини кучайтириш ва манфаатларини парваришлаш илинжида бўлган ҳудуд.
Бошқа томондан, халқаро таҳлилчилар наздларида, назорат анчайин қаттиқ, беқарорлик, исломий жангарилик, диний радикализм ва ижтимоий норозиликлар потенциали юқори бўлган минтақа.
Минтақа яқинда Қозоғистон ва Ўзбекистон мисолида йирик норозилик намойишлари, Қирғизистон ва Тожикистон мисолида эса, устма-уст ҳалокатли чегараоша қуролли тўқнашувларга ҳам саҳна бўлган.
Ҳатто шу кунларда ҳам расмий Москва Душанбе ва Бишкекни ўрталаридаги чегара можаросини оловлантирмасликка чақириб чиққан.
Икковлонни кескин баёнотлар ва шошилинч қўйилган қадамлар баҳсли чегара масаласини ҳал қилишга халақит бериши мумкинлиги билан огоҳлантирган.
Яъни, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий вазият, кучайиб бораётган геосиёсий танглик баробарида яқин-яқингача узоқ йиллик урушлар ичида бўлган, сафларида Марказий осиёликлар ҳам жанг қилган турли жангари гуруҳлар бошпана топиб келган ва ҳозир яна Толибон назорати остида бўлган Афғонистон, сув ва чегара тақсимоти минтақа барқарорлигига асосий таҳдид сифатида кўрилади.
Бунга қўшимча яна қарийб икки йилдирки ҳануз тинмаётган Украина урушининг тақдири ҳам минтақага Россия таҳдидининг кўламини белгилаши мумкин бўлган омил сифатида ўртага чиққан.
Минтақа давлатларининг ҳеч бири шу пайтгача Россиянинг Украинага босқинини на-да ошкора қўллаган ва на-да ошкора қоралаган.
Ғарбнинг Россияга қарши халқаро санкцияларига ҳам уларнинг ошкора эътироз билан чиқишгани ҳалича кўрилмаган.
Минтақанинг аксарият давлатлари расман ўзларининг кўпқутбли, аммо миллий манфаатларига асосланган ташқи сиёсат тарафдори эканликлари мавқеида собит.
Аксарият етакчи минтақавий таҳлилчилар наздларида эса, худди шу уруш минтақа давлатлари мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига ўз мустақилликлари тарихида кўрилмаган бир даражада янги таҳдидни ҳам пайдо қилган.
Худди шу манзарада Ғарбнинг Марказий Осиё давлатлари мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қатъий қўллаб-қувватлашлари баён қилинган баёнотларининг ҳам сони кескин ортгани кўрилган.
Шу йил февраль ойида АҚШ томони минтақа давлатларини Россия тажовузидан расман огоҳлантиришгача борган.
Огоҳлик АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкеннинг минтақага қилган илк ташрифи давомида янграган.
АҚШ Давлат котиби бунинг сабабини "ўз қўшнилари чегараларини куч билан йўқ қилишга уринаётган қудратли давлат" кейинги қадамини ҳам бемалол қўйиши мумкинлиги хавфи билан изоҳлаган.
Янги омиллар ва бирлашиш эҳтиёжи
Душанбе ва Нью-Йоркдаги баёнотлар ҳам минтақада глобал қудратлар ўртасидаги геосиёсий рақобат янада кучайган, Украина уруши ва худди шу уруш фонида Россия баробарида қудратли Хитой ва Ғарб ҳам Марказий Осиёга ҳар томонлама яқинлашиш ҳаракатида бўлган бир пайтда янграган.
Ғарбнинг Украина уруши боис қўллаётган кескин иқтисодий ва молиявий жазо чоралари Россияни ечим илинжида Марказий Осиё оша Жанубий Осиё, айниқса, Хитой ва Ҳиндистонга кўз тикишга мажбур қиларкан, бу ҳам минтақанинг глобал қудратлар назаридаги аҳамиятини янада оширган, Ғарбни минтақага нисбатан сиёсатида янада ҳушёр торттирган.
Етакчи минтақавий таҳлилчиларга кўра эса, сўнгги йилларда атрофида шаклланаётган геосиёсий фазо минтақа учун янги имкониятлар эшигини ҳам очган, уларга бу каби қарши мувозанатлардан фойдаланиб, Россияга қарамликдан имкон қадар қутулиш, ҳам транспорт-логистика ва ҳам ўз кун тартибини шакллантириш нуқтаи назаридан ЕвроОсиё ҳудудида муҳим ўйинчига айланиш, минтақада Россиянинг кучсизланганидан фойдаланиб, бир бўлиб, баҳамжиҳатликда иқтисодий, сиёсий ва дипломатик жиҳатдан кучайиш имкониятини берган.
Украина уруши атрофида вужудга келган бу каби вазият ва глобал қудратларнинг имкон қадар яқинлашишга бўлган бугунги интилишлари минтақа давлатларини ўз ҳамкорлари, иттифоқчилари, бозорлари ва транспорт-логистика йўлларини янада турфалаштириш, мавжудларини ривожлантириб, уларнинг бор потенциалидан фойдаланиш ҳаракатларига ҳам ундамай қолмаган.
Улар Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги минтақавий боғлиқликнинг муҳим бўғини эканини айтиб, ҳозир Толибон қўл остида бўлган ва амалдаги муваққат ҳукумати халқаро миқёсда расман тан олинмаган эканига қарамай, ўзларига қўшни Афғонистонни ҳам интеграция жараёнига жалб қилиш ниятида эканликларини сўнгги йилларда ошкора баён қилишга ўтишган.
Уларнинг Туркий давлатлар ташкилоти доирасида ҳам бир-бирларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш илинжида эканликларига оид расмий баёнотларининг сони ортган.
Марказий Осиёнинг сўнгги йилларда қанчалик ўзаро ҳамкорликка интилаётгани эса, халқаро миқёсда эътибор топган воқеъликка айланган.
Айрим минтақавий етакчи таҳлилчиларга кўра, бугунги кунда Марказий Осиёда ўз мустақилликлари тарихида кузатилмаган бир даражада геосиёсий ҳамжиҳатлик мавжуд, улар ҳеч бир қудрат тарафида эмас ва бу сўнгги тўрт, беш йил ичида шаклланган "уникал бир ҳолат".
Ўзбекистон ва минтақавий интеграция
Ўзбекистон президенти 19 сентябрь куни Нью-Йоркда, БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида қилган чиқишида минтақавий ҳамкорлик масаласига алоҳида тўхталиб ўтган.
Шавкат Мирзиёев ўз нутқида "Марказий Осиёда ҳамкорликни кенгайтиришдан бошқа йўл йўқ" экани ва "бўлиши ҳам мумкин эмас"лигини таъкидлаган.
Ўзбекистон президентининг айтишича, Марказий Осиёнинг дунёга очиқлиги - минтақа хавфсизлиги ва барқарор ривожини таъминлайдиган энг муҳим шартга айланмоқда.
Шавкат Мирзиёев "Марказий Осиё халқаро ҳамжамиятнинг қўллови билан бирдамлик йўлидан боришда давом этиши"ҳам ҳам ишонч билдирган.
"Марказий Осиёни тинч ва гуллаб-яшнаётган ҳудудга айлантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатида бундан буён ҳам устувор мақсад бўлиб қолади", - дея баён қилган Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон президенти ўз нутқида дунёда "ишонч инқирози" ва "халқаро ҳуқуқдан чекиниш" туфайли юзага келган кескинлик кучайиб бораётганини қайд этаркан, мамлакатларни "умумий манфаатларни мавжуд зиддиятлардан юқори қўйган ҳолда" жипслашишга ҳам чақирган.
Теграсида АҚШ ва Марказий Осиё лидерларининг C5+1 форматидаги илк саммити ҳам бўлиб ўтган Нью-Йоркдаги худди шу саммит арафасида эса, Американинг нуфузли Forbs журнали сўнгги йилларда Марказий Осиёда кучайиб бораётган минтақавий ҳамкорлик марказига президент Шавкат Мирзиёевни қўйди, Ўзбекистон президентини бунинг бош сабабчиси ва ташаббускори, дея кўрсатди.
Нашр бу ҳақда АҚШ президентининг Марказий Осиё билан ҳамкорликни ҳам ўз ичига олувчи ва Американи яна ҳақиқий геосиёсий курашга қайтариши айтилган мақоласида тўхталиб ўтди.
Қудратга келиши ортидан қўл урган радикал ўзгаришлар - бизнес, чегаралар, туризм ва савдони очиш билан бунга биринчи навбатда Шавкат Мирзиёев сабабчи бўлганини таъкидлади.
"Ташқи дунё иккиланиб турган бир пайтда, бешта "истон" давлатлари ўз вақтинчалик ечимларини ўртага ташлашди. Улар 70 миллион одам яшайдиган ҳудудни қамраб олувчи савдо блокини яратишди. Ҳар бири ўз ҳолича қолганида бошқаларнинг дўқ-пўписасига дучор бўлиш эҳтимолидан қочишди. Ва яна хорижий сармояга йўл очишни истадилар. Аммо асосийси - мавжуд номақбул шароитларни ва минтақавий иҳоталанишни фойдали томонга буришни кўзладилар. Бу ўриндаги бош ташаббускор эса, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бўлди", - деб ёзди нашр.
Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов иҳоталаган Ўзбекистонни қисқа вақтнинг ичида минтақа ва дунёга қайта очган, унинг минтақавий интеграцияни кучайтириш саъй-ҳаракатида экани кўрилган, олиб бораётган бу каби минтақавий ташқи сиёсати ҳали ўшандаёқ халқаро миқёсда эътироф этилган.
Ўзбекистоннинг янги президенти Ислом Каримов бошқаруви билан кечган чорак асрдан ортиқроқ вақт давомида минтақада шаклланган ва айримлари уруш эҳтимоли билан огоҳлантириш даражасига ўсиб етган сув, чегара, энергетика, йўл ва виза каби муаммоларга саноқли йилларнинг ичида деярли тўлиғича барҳам беришнинг уддасидан чиққан.
Шавкат Мирзиёев қўшнилари билан яхши бўлишмаса, дунё ҳамжамияти ўзларига дўст бўлмаслигини алоҳида таъкидлаган.
Ўзбекистон Марказий Осиёнинг юрагида жойлашган, энг йирик давлати, минтақа аҳолисининг ярмига яқини битта ўзининг ҳисобига тўғри келади.
Минтақавий таҳлилчилар тарихий, маданий, географик, инсоний ресурслар назарда тутилганда, минтақавий бирлаштирувчи вазифаси айнан Ўзбекистонга юкланишини таъкидлашади.
Аммо кучли, бой ва қудратли Марказий Осиё Россия ва Хитой учун бутунлай янгича хавотирларни пайдо қилиши, худди шу нарса минтақавий интеграция йўлидаги асосий тўсиқлардан бирига айланишига оид қарашлар ҳам йўқ эмас.
Қозоғистон президентининг Тожикистон пойтахтида айтган сўзларига таянилса, катта эҳтимол билан кейинги ўн йиллик минтақа учун ҳал қилувчи бўлади ва бу тарихий имкониятдан қанчалик самарали фойдаланишлари фақат ўзларига боғлиқ.
Президент Тоқаев XXI асрда Марказий Осиёни ривожлантириш бўйича дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномада "ана шу эзгу мақсад"га эришишнинг ўзаро мақбул формуласи белгилаб берилганини ҳам қўшимча қилган.
Аммо Чўлпонотадаги ўтган йилги саммит чоғида қабул қилинган мазкур шартнома ҳали-ҳануз Тожикистон ва Туркманистон томонидан имзоланмаган.
Қозоғистон президенти уни тезроқ кучга киритишнинг муҳимлигини ҳам урғулаган.
Совет Иттифоқи парчаланиб, ўз мустақилликларини қўлга киритишлари ортидан, минтақанинг етакчи икки давлати - Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг биринчи президентлари томонидан илгари сурилган Марказий Осиё Иттифоқи каби интеграцион ғоя ва ташаббуслар эса, иш бермаган.
Аксарият минтақавий таҳлилчилар бунинг сабабини минтақа давлатлари тафаккурида иттифоққа бўлган эҳтиёждан кўра, ўзаро рақобат ёки ишончсизлик туйғуси устунлик қилиб келгани билан изоҳлашган.
Улар ташқи дунёда бу иттифоққа, бирлашувга ундовчи, мажбурловчи омил, босимнинг мавжуд эмаслигини ҳам мазкур ғоя қадрсизланишининг асосий сабабларидан бири ўлароқ тилга олишган.
Ўзбекистон президентининг Чўлпонотада айтган сўзларига таянилса, бутун минтақанинг тинчлиги, барқарорлиги ва фаровонлиги жипсликлари, Марказий Осиёнинг умумий манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича қатъий чоралар кўришга тайёрликларига боғлиқ.
Беш минтақа давлати лидерлари ҳозир Германияда, улар Германия канцлерининг таклифи билан илк бор бир Европа Иттифоқи давлати билан баҳамжиҳат фикр алмашиш учун йиғилишган.
Хабарларга кўра, Украина уруши оқибатлари ҳам муҳокама этилажак музокаралар чоғида ҳам асосий эътибор минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилади.
Бугунги геосиёсий танглик ва кучайиб бораётган ташқи таҳдид хавфи энди минтақа давлатларини бирлаштирувчи, жипслаштирувчи факторга айлана оладими?
Би-би-си воқеаларнинг сўнгги ривожи манзарасида худди ана шундай саволлар билан қатор минтақавий таҳлилчиларга мурожаат қилди:
Камолиддин Раббимов,
Сиёсий таҳлилчи, Ўзбекистон
Камолиддин Раббимов: Интеграциянинг зарурлиги бўйича бир қанча жудаям фундаментал омиллар мавжуд.
Инсоният глобализмга кириб келди ва қудратли давлатлар, қудратли цивилизацияларнинг фони ва босимида яшаб қолиш учун кучларни, имкониятларни бирлаштириш бу - бирламчи шарт ҳисобланади.
Мисол учун, 15 йил Европада яшаганимда, Франция, Германия ва бошқа европалик сиёсатчиларнинг энг асосий аргументи шундан иборат эдики, бир миллиард тўрт юз миллионлик Хитой билан ва унинг иқтисодиёти, қудрати, геосиёсати билан рақобатлашиш учун кичик давлатлар бўлиб бу рақобатга киришиш - ютқазишни англатади, фақатгина имкониятларни бирлаштирсаккина, яшаб қола оламиз, дейишади.
Энди, Марказий Осиё бу нафақат Хитой, балки, бир томондан, Россия, иккинчи томондан Хитой Халқ Республикаси, учинчи томондан глобал жануб билан бевосита, билвосита чегарадош бўлган катта макроҳудуд ҳисобланади.
Қолаверса, минтақанинг майдони, сарҳади катта бўлиши билан биргаликда аҳолиси у қадар катта эмас.
Мисол учун, бутун бир бешта республиканинг аҳолисини бирлаштирсангиз, бор-йўғи 85 миллионга етар-етмас бўлади.
Масалан, қўшни Хитойда бир миллиард тўрт юз миллион, минтақамизга қўшни бўлган Ҳиндистондан ундан ҳам кўпроқ ёки шимолдаги Россиянинг ўзи 145 миллион....
Яъни, имкониятларни бирлаштириш бу - авваламбор хавфсизликни таъминлаш ва биргаликда коллектив бўлиб яшаб қолишнинг фундаментал шарти ҳисобланади.
Қолаверса, дунёда, глобаллашган дунёда яшовчанликни таъминлашнинг яна бир бошқа шарти - иқтисодий ўсиш, иқтисодий имконият яратиш.
Акс ҳолда глобаллашган дунё ва айни пайтда глобал танлаш имконияти ҳам даври.
Марказий Осиёнинг аҳолиси ўзида қолиши учун, бу ерда иқтисодий қудрат шакллантириш учун, геосиёсий мустақиллик шакллантириш учун бизга катта аҳоли керак бўлади.
Ва шунча аҳолини, демакки, иқтисодий ўсиш, ўрта синф шакллантириш каби фундаментал бир вазифаларни таъминлаши керак.
Яъни, ҳудуди жиҳатдан минтақа жудаям катта, унинг ерости, ерусти бойликлари кўп, лекин, биринчидан, аҳолиси кам ва энг катта муаммо минтақа давлатлари шу пайтга қадар тўлақонли бирлашмади, минтақада бирлашиш имконияти бўлмади.
Аммо интеграция учун, бирлашиш учун жудаям муҳим бўлган бу ерда катта, катта замин мавжуд.
Мисол учун, Кавказ билан, у ердаги давлатлар билан қиёслайдиган бўлсак, Кавказда учта давлат бор.
Грузия бу - православ, Арманистон бу - арман-григорян черкови ва у ерда Озарбайжон Ислом динининг шиа мазҳабига эътиқод қилади.
Мана бу учаласининг бирлашуви ва интеграцияси ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмас.
Марказий Осиёдаги бешта давлатнинг ҳаммаси битта дин, мазҳабга эътиқод қилади.
Тўртта давлат туркий давлат ҳисобланади. Ҳаттоки, Тожикистон ҳам бу синтез миллат, яъни синтез халқ, худди Ўзбекистонга ўхшаб. Яъни, Тожикистонда жудаям кўп ўзбеклар бор, Ўзбекистонда тожиклар кўп, бу иккита давлат тарихан битта давлатчиликда бўлган ва уларнинг илдизи бир-бирига боғланиб кетган.
Лекин ўтган 30 йил ичида мана бу бешта давлат ўртасида тўлақонли интеграция бўлмади.
Интеграция ҳақида ҳар доим айтилди, лекин реал интеграция бўлмади.
Мана, бугунги кунда, 2016 йилдан бошлаб давлатларнинг яқинлашуви бошланган.
Лекин бу ҳокимиятлар, ҳукуматларнинг яқинлашуви.
Институционал, яъни институтлашган, халқаро даражада, яъни, бешта давлат ўртасида ҳукуматлардан мустақил бўлган, бутун бир минтақанинг манфаатлари ва интеграциясини таъминлайдиган халқаро қурилмалар, институтлар ҳалига қадар мавжуд эмас.
Маслаҳат кенгашлари бешта давлат раҳбарининг бир йилда бир марта учрашиб туриши, холос.
Биламиз, ўртада зиддиятлар кўп. Мана, кейинги пайтда Тожикистон билан Қирғизистон ўртасидаги маълум бир чегара ҳудудидаги муаммолар, олдин Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасида, қолаверса, Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги рақобат кайфияти, рақобат ҳиссиёти минтақа лидерлиги учун дейиларди - мана бу омиллар ҳам бўлган.
Лекин янги бир давр шаклланаяпти.
Одатда, давлатлар интеграцияга қачон боради, қачонки уларни ёки бирор бир ички ёки ташқи кулфат, муаммолар бирлаштирса.
Мана шундай муаммолар, албатта, бор. Бу ташқи таҳдидлар, ташқи босимлар. Жумладан, шарқдан ва шимолдан ўша қудратли давлатларнинг босимлари.
Мана шу фонда интеграцияни англаш ва интеграцияга мойиллик кучайиб бораяпти.
Лекин тўлақонли интеграцион жараён, яъни институтлашган жараён бошлангани йўқ.
Савол: Биргина бугунги геосиёсий танглик ва кучайиб бораётган ташқи таҳдид манзарасида ҳам ҳали-ҳануз Туркманистон вп Тожикистон томонидан имзоланмаган XXI асрда Марказий Осиёни ривожлантириш бўйича дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома мисолида оладиган бўлсак, ҳозир минтақа давлатлари интеграцияси йўлидаги асосий тўсиқлар нима?
Камолиддин Раббимов: Менинг назаримда бир қанча омиллар мавжуд.
Биринчиси - давлат, ҳокимиятлар даражасидаги ва қолаверса, жамиятлар даражасидаги миллатчилик, национализм.
Бу Каримов даврида Ўзбекистонда ҳам бор эди, яъни, мен улуғ миллатман, яъни, мен улуғ давлатман, улуғ ҳокимиятман ва қолганлар мен билан ҳисоблашиши, менга бўйсўниши керак, деган нарса.
Иккинчиси, геосиёсий бўлиниш бор эди 2016 йилга қадар. Яъни, айниқса, 2005 йилга қадар, мисол учун, бешта давлатнинг учтаси Россия билан биргаликда ёки Россиянинг орбитасида, Россиянинг геосиёсий, геоиқтисодий лойиҳалари доирасида эди. Бу Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон.
Ўзбекистон 2005 йилгача Ғарб геостратегиясида бўлди. Ички сиёсатда ўзининг аксини топмаса-да, лекин имкон қадар Ғарбга геосиёсий масалаларда, ташқи сиёсатда мойиллик кўрсатди. Туркманистон нейтрал сифатида қолди.
Яъни, минтақадаги геосиёсий бўлиниш 2016 йилга қадар мавжуд эди ва бу ҳам сиёсий тафаккурнинг шаклланишида ўзининг ҳиссасини қўшди.
Учинчиси, давлатларнинг ресурслари ҳар хил тақсимланган.
Мана, Қозоғистонда жудаям катта ҳудуд бор.
Минтақанинг ярим аҳолиси битта Ўзбекистоннинг ўзида яшайди.
Тарихий давлатчилик масаласида ҳам давлатларнинг ҳар хил ресурслари, ҳар хил имкониятлари бор.
Баъзи бир давлатлар аҳоли нуқтаи назаридан, ҳудуд нуқтаи назаридан жудаям кичкина.
Демак, мана бу ҳам интеграцияга халақит бераётган омиллардан биттаси.
Яъни, иқтисодий жиҳатдан, мана, Қозоғистонда аҳоли жон бошига Ялпи Ички Маҳсулот 10 минг доллардан юқори. Лекин, айтайлик, бошқа бир давлатларда 2 минг, 3 минг доллар. Яъни, ўртадаги тафовут тўрт, балким, 5 баравар ҳам бўлиши мумкин.
Энди, интеграцияга эҳтиёжни англаш даражаси ҳам сиёсий тизимларда ҳар хил. Марказий Осиё давлатлари асосан авторитар, жумладан, Қирғизистон ҳам.
Кейин ташқи таҳдидни ҳис қилаётган асосий, биринчи давлат бу - Қозоғистон.
Мана бу авторитаризм эса, интеграцияни у қадар ҳис қилмайди.
Агар жамиятларга боғлиқ бўлганида эди ва демократия даражаси бироз бўлса-да, юқорироқ бўлганида эди, ўйлайманки, интеграция тезлашган бўларди.
Умуман олганда, интеграция учун демократик сиёсий тизимларда эшиклар кўпроқ очилиши эҳтимоли мавжуд, деб ўйлайман.
Савол: Марказий Осиё анъанавий равишда Россиянинг таъсир доираси остидаги ҳудуд сифатида кўрилади. Сўнгги йилларда минтақага Хитойнинг таъсири ҳам кучайган, расмий Пекин ҳали яқинда минтақа давлатлари билан ҳар томонлама алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган улкан режасини ҳам эълон қилган. Ҳар икки давлат ўзининг асосий хомашё базаси сифатида кўрувчи ҳудуд. Бой, кучли ва қудратли Марказий Осиё Россия ва Хитой учун бутунлай янгича хавотирларни англатиши айтилади. Сизнингча, минтақадаги интеграцион жараёнлар учун бу омил нимани англатади?
Камолиддин Раббимов: Бу тўғри савол. Бу жудаям ўринли савол.
Ўйлайманки, бу икки давлатнинг минтақа интеграцияси борасидаги позицияси бироз фарқли бўлиши мумкин.
Ҳар қандай кўринишдаги интеграцияни Россия салбий қабул қилади.
Яъни, минтақа давлатларининг ўзидан мустақил ҳолатда ўзаро Маслаҳат Кенгашлари учрашувлари, "С5+" форматлари саммитларини ташкил қилишига Россия рашк билан қарайди, минтақа менинг назоратимдан чиқиб кетаяпти, деган хавотир билан қарайди.
Россия шу пайтга қадар бу минтақа устидан ўзининг назоратини кучайтириш учун ҳар хил геосиёсий хийлалар қилди. Жумладан, Афғонистон билан қўрқитди.
Бутун бир минтақа Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти доирасида бўлиши керак, акс ҳолда Афғонистондан таҳдид бўлади, деган баёнотларга Толибон ҳар доим билвосита "Йўқ", деб жавоб берди.
Яъни, биз ҳеч қандай таҳдид солмаймиз, деди ва бу билан Россиянинг мана бу лойиҳаси мажруҳланди.
Лекин, айни пайтда, Украина уруши фонида Россиянинг минтақага таъсири сўниб бораяпти.
Энди, Хитойга келадиган бўлсак, Хитой минтақада авторитар сиёсий тизимларнинг сақланиб қолиши ва кучайиб боришидан ниҳоятда манфаатдор.
Россия ҳам, Хитой ҳам минтақа давлатлари, айниқса, Қозоғистон ва Ўзбекистонда тўғридан-тўғри сиёсий плюрализмга асосланган демократик сиёсий тизимлар шаклланишидан қаттиқ қўрқади. Нима учун, чунки демократия бўладиган бўлса, сиёсий партиялар сони, саноғи, сифати кучли ва кўп бўладиган бўлса, ҳокимиятга миллий, диний омиллар яқинлашади, ҳокимиятга келади.
Натижада (Хитойнинг - таҳр.), энг катта хавотири, яъни, Уйғур Шинжон, Шарқий Туркистондаги бўлгинчиликни минтақа "кўрмасин", қўллаб-қувватламасин, деган стратегияси барбод бўла бошлайди.
Чунки ҳар сафар 5-10 йилда алмашиб турадиган ҳокимият ижтимоий кайфиятга, аҳолининг кайфиятига қарайди, у Россия билан Хитойнинг геосиёсий кайфиятини биринчи ўринга қўймайди, қўя олмайди.
Хитойнинг асосий вазифаси минтақа ҳокимиятлари авторитар бўлиши ва мана шу авторитар тизимда қолиши асосий роль ўйнайди.
Лекин унинг интеграциясида, айтайлик, демократия орқали миллий ва диний омилнинг пропорцияси қанчалик кўп ва кам бўлишига Хитой алоҳида бир эътибор бериб келади.
Энди, бу иккала давлат ҳам имкон қадар минтақани ўзининг назоратида алоҳида, алоҳида ёки биргаликда "тандем" бўлиб ушлаб туришга жиддий ҳаракат қилаяпти ва бундан кейин бу ҳолат кучайиб боради.
Энди, Россияда Путин ҳокимиятдан кетадиган бўлса, Хитойнинг минтақага эътибори кучаяди.
Нима учун, чунки Путиндан кейинги ҳокимият Ғарб билан муносабатларини нормаллаштиришни истайди.
Ва мана шу фонда коллектив Ғарбнинг шарти ягона бўлади, у "биз билан биргаликда Хитойга қарши фронтга қўшиласан", деган шарт бўлади ва буни Путиндан кейинги Россия раҳбарлари қабул қилади, деб ўйлайман.
Xудди шу каби манзарада Марказий Осиё устидан ўзининг юмшоқ таъсирини сақлаб қолиш учун Хитойнинг сармоявий, иқтисодий, ҳарбий ва бошқа иштироки, минтақадаги иштироки, албатта, кучаяди.
Ўйлайманки, яқин ўн йилликларда Америка билан Хитой ўртасида муқаррар ҳарбий тўқнашув юз беради. Тайвандда ёки бошқа бир ҳудудларда, умуман гибрид конфликт аллақачон бошланиб кетган.
Шунинг учун, минтақа бу катта ҳудуд. Хитой билан минтақани паст текислик боғлайди, баланд тоғлар ёки катта чўллар мавжуд эмас. Яъни, минтақа тўғридан-тўғри очиқ бўлганлиги сабаб, Хитойнинг хавфсизлик, қолаверса, Уйғур Шинжон, яъни Шарқий Туркистонда ўзлик билан кучли боғланиш мавжуд бўлганлиги учун минтақага эътибори Путин кетганидан кейин кучайса кучаяди, пасаймайди.
Эркин Абдураззоқов
Сиёсий таҳлилчи, Қирғизистон
Бугунги кунда Марказий Осиё давлатларининг иқтисодий интеграцияга кириши жуда зарур, деб ҳисоблайман.
Сабаби, собиқ Иттифоқ давридаги каби кўплаб маҳсулот ва хизматларимизни Европа бозорлари ёки Россия орқали экспорт қилиш имконига эга эмасмиз.
Йирик портлар ёки улкан авиация марказларини қуриб қўя олмадик.
Қозоғистонни олсак, у ўзининг савдо-сотиғини Хоргос орқали Хитой Халқ Республикаси билан амалга оширмоқда.
Қирғизистон мисолида эса, Қирғизистон-Ўзбекистон-Хитой темир йўли қурилса, жуда яхши бўларди.
Афсуски, бу темир йўл фақат лойиҳа бўлиб турибди, ҳали фойдаланишга топширилмади.
Шунинг учун, бизни Ҳинд океанидаги портларга, йирик бозор ва бошқа жойларга чиқишга имконимиз бўлмаяпти.
Бизда жуда кўп фойдали қазилмалар бор.
Марказий Осиёнинг ўзида ҳам сув ресурсларидан унумли фойдаланишнинг имконияти бўлмаяпти.
Сўнгги пайтларда Марказий Осиёда глобал иқлим ўзгариши бошқа минтақаларга нисбатан 1,5-2 даражага ошган.
Сув ресурсларини эса, ўзингиз кўриб турибсиз, жуда танқис бўлиб қолди.
Марказий Осиёда ичимлик сувининг, чучук сувнинг (пресная вода) 20 фоиздан ортиғи мавжуд.
Уни ҳам тўғри фойдаланиб, тўлақонли қишлоқларимизга олиб кела олмадик, шаҳарларда тўлақонли инфратузилмага кирита олмадик.
Шу боис, бу борада биргаликда иш олиб бормасак, албатта, бу келажак учун яна кўп қийинчиликларни келтириб чиқариши мумкин.
Иккинчи томондан, муносабатларнинг яхшиланишидан, иқтисодий интеграциялашувдан манфаатдор бўлмаган томонлар ҳам бор, деб очиқ айтсак бўлади.
Афғонистондаги воқеалар бизни хавотирга солади.
Бошқа томондан, Хитой давлати ресурсларимизни фақат хомашё шаклида олиб кетишдан манфаатдор.
Ҳеч ким бизга илғор технологияларни олиб келмади.
СССР даврида қурилган заводларнинг ҳаммаси бу талабга жавоб бермайди.
Замонавий, илғор технологияларни олиб келиб, Марказий Осиё даражасида нефтни қайта ишлаш, электр энергиясини қайта бир ҳалқага айлантириб ишлатиш масалалари турибди.
Бизнинг ресурсларимиз, олтин, кўмир бор. Марказий Осиёда ҳамма нарса бор.
Уларни ҳамкорликда ишлатадиган корхоналар қуриб, ўзга юртлардаги ўғил-қизларимизни олиб келиб, яхши мутахассислар тайёрласак бўлади. Таълим масканларимиз ҳам Аллоҳга шукр, бор.
Шу нуқтаи назардан қараганда, интеграцияда олдинга силжиш имконияти мавжуд.
Минтақа давлатлари сўнгги пайтларда бир-бирлари билан учрашиб, яхши гапларни айтишаяпти.
Аммо, мана, Чўлпонотада саммит бўлиб ўтди, у ерда Марказий Осиё бўйича ягона қараш ва сиёсат бўлмагани, ҳар ким фақат ўз манфаатини кўзлаганини кўрдик.
Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара шу вақтгача тўлиқ аниқланмаган.
Ўтган йили можарода кўп одамларимизни йўқотдик.
Шунга қарамай, Қирғизистон ва Тожикистон умумий чегара масаласини тўлиқ ҳал қилгани йўқ.
Менимча, бу ҳал қилиб бўлмайдиган масала ва бошқаларга қўл келаверади.
Бундай саммитлар ўтаверади.
Бироқ Россия, Хитой иштирокидаги ШҲТ, КХШТ, ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқлари тўлиқ ишламади.
Қирғизистон Жаҳон Савдо Ташкилотига аъзо бўлса-да, олтин ва асалдан бошқа маҳсулотларимизни бошқа тарафларга олиб чиқа олмадик.
Ўзбекистон пахтаси билан ўзининг тўқимачилик саноатини яхши ривожлантирмоқда.
Бизда ҳам эски ХБКлар ўрнига янгилари қурилди, ўшаларни ишлатса бўлади. Комбинатлар бор. Улар хомашё етишмагани учун атиги 20-30 фоизгина ишламоқда.
Агар биз уларни жонлантириб, биргалашиб ишлатсак, бу, албатта, ҳар икки давлат учун жуда фойдали бўлади.
Тўқимачилик бўйича Ўзбекистон ва Қозоғистон анча олдинда.
Туркманистон ёпиқ давлат. Йиғилиш ва саммитларда қатнашса-да, ўз сиёсатига эга. Улар кўпроқ Эрон ва Яқин Шарқ мамлакатларига мойил.
Марказий Осиёда эса, ўзининг нефть, газини сотиш, транспорт хаби масалаларини ҳал қилиш, ҳаво кемалари қатновларини Россия ва Хитойдан мустақил равишда бошқа давлатларга тўғридан-тўғри ва доимий равишда учишини йўлга қўйишнинг имкони бўлмаяпти.
Шу маънода Марказий Осиё мамлакатлари ҳамжиҳатликда ҳаракат қилиши давр талаби бўляпти.
Иккинчи жиҳат - геосиёсат.
Ҳарбий ҳаракатлар, бошқалар бизнинг заминимизга ҳам келиб, орамизда низо чиқаришга ҳаракат қилмоқда.
Шу нуқтаи назардан қараганда, бизнинг асосий ютуғимиз шундаки, бир юртмиз, динимиз, урф-одатларимиз, тақдиримиз бир ва бирлашиш имкониятимиз жуда катта.
Бу қадимий урф-одат ва анъаналар билан олға интилиш барча мамлакатлар, халқлар, барчанинг орзуси бўлса керак.
Бошқа томондан, иқтисодни биринчи ўринга қўйиб, хавфсизлигимизни таъминлашга ҳаракат қилиб, умумий чегараларни, Афғонистон ва Хитой билан чегараларни мустаҳкамлаб, ички салоҳиятимиз: завод, фабрикаларимизни реконструкциялаб, ишламаётган корхоналарни жонлантириб, ягона маҳсулотимиз билан жаҳон бозорига чиқишга ҳаракат қилишимиз, ўзимизда кадрларни тайёрлашимиз керак.
Ўйлайманки, шундагина биз ривожланиб, ҳар ким ўз манфаатидан юқорироқ, келажакда, 15-20 йилдан кейин нима бўлади, деган сиёсат устида ишлагандагина яхши ютуқларга эришамиз.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002