Лукашенко нега Хитойга борди ва бу билан Путинга нима демоқчи?

Лукашенко ва Ши Жинпин

Сурат манбаси, President.gov.by

Published
Ўқилиш вақти: 3 дақ

29 июнь куни Александр Лукашенко Хитойга олдиндан эълон қилинмаган ташрифи доирасида Пекинда Хитой Халқ Республикаси раиси Ши Жинпин билан учрашди. Бу Лукашенконинг Валдайда Владимир Путин билан ёпиқ эшиклар ортида ўтказган музокараларидан сўнг содир бўлди.

Учрашув чоғида Ши Минск ва Пекин ўртасидаги муносабатлар «тарихий юксак чўққи»га чиққанини, Хитой эса Беларуснинг миллий суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишини қўллаб-қувватлашини таъкидлади, деб хабар берди «Синхуа» агентлиги.

ХХР раисига кўра, икки мамлакат «Бир макон, бир йўл» дастурини (Осиё, Африка ва Европадаги 100 дан ортиқ мамлакатни боғлайдиган инфратузилма ва савдо йўлакларини модернизация қилиш ва яратишга қаратилган Хитой ташаббуси) амалга оширишга кўмаклашиш учун барча ресурсларни сафарбар қилиши, шунингдек, «нотинч дунёда барқарорлаштирувчи омил бўлиш мақсадида кўп томонлама майдонларда мувофиқлаштириш ва ҳамкорликни мустаҳкамлаши» лозим.

Александр Лукашенко эса Минск ва Пекин ўртасидаги муносабатларга Хитой раиси томонидан берилган «ижобий баҳони» қадрлашини айтди.

«Бу сиз билан аввал гаплашган масалаларимиз эди. Балки, маълум маънода, Беларус билан Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги бу глобал ҳамкорлик ҳақида орзу ҳам қилгандирмиз».

Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Николай Снопков томонлар иқтисодий ва технологик ҳамкорлик, шунингдек, минтақадаги вазиятни муҳокама қилганини билдирди.

Lukashenko and Putin
EPA
Buni bir tomondan Zelenskiyga ogohlantirish deb o’ylash mumkin, ammo menimcha, bu Putinga berilgan signal.
Aleksandr Klaskovskiy
Tahlilchi, Belarus

Лукашенконинг Пекинга ташрифи ҳақида хабар берган Беларус давлат ОАВлари Ши Жинпин уюштирган анъанавий оилавий тушликка Лукашенко таклиф этилганига алоҳида эътибор қаратди.

Беларус раҳбари матбуот хизмати таъкидлашича, бу каби формат «дипломатик протокол доирасидан анча чиқади ва икки раҳбар ўртасидаги алоҳида шахсий ишонч белгиси» ҳисобланади.

Пекиннинг Беларус мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаши ҳақидаги баёноти Владимир Путинга юборилган сигнал бўлиши мумкин, дейди мустақил Беларус ахборот агентлиги «Позирк» сиёсий таҳлилчиси Александр Класковский.

«Буни бир томондан Зеленскийга огоҳлантириш деб ўйлаш мумкин, аммо менимча, ҳар қандай ҳолатда ҳам бу Путинга берилган огоҳлантириш ёки сигнал,— яъни, кичик укани бу ишларга [Украинадаги урушга] аралаштирма, деган маънода», — деди Класковский Би-би-си Рус хизматига берган интервюсида.

«Бир томондан, Хитой уруш давом этишидан маълум даражада манфаатдордек кўринади — бу Россияни заифлаштиради, Россия қанча заиф бўлса, Хитойга шунча кўпроқ қарам бўлади. Лекин бошқа томондан, Пекин Беларус ҳарбий ҳаракатлар майдонига айланишидан мутлақо манфаатдор эмас. Аввало, чунки бу муҳим транзит ҳудуди ҳисобланади: Беларус орқали темир йўл йўналиши Брестга, у ердан эса Полша ва Европа Иттифоқи мамлакатларига ўтади. Хитой учун Европа бозори жуда муҳим», — деди у.

Класковский Минск яқинидаги Хитой—Беларус «Буюк тош» индустриал паркига ҳам эътибор қаратди.

«У ерда Хитой капитали иштирокидаги кўплаб компаниялар бор. Бу парк Европага дарвоза сифатида кўрилади — маҳсулотни истеъмолчига яқин жойда ишлаб чиқариб, Европада сотиш мақсад қилинган. Албатта, уруш бу режаларнинг барчасини барбод қилади».

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Сўнгги вақтларда Россиянинг Беларусни Украинага қарши урушга жалб қилишга уринаётгани ҳақидаги хабарлар тобора кўпаймоқда. Бундай иддаолар ҳам Киевдан, ҳам Ғарб оммавий ахборот воситаларидан янграмоқда.

Яқинда The Wall Street Journal амалдаги ва собиқ европалик ҳамда россиялик амалдорларга таяниб, Москва Минскни Украина билан можарода янада фаол иштирок этишга ундаш учун босимни кучайтиргани, ҳатто молиявий ёрдамни тўхтатиш билан таҳдид қилаётгани ҳақида хабар берган эди.

Класковскийнинг фикрича, Лукашенко маълум маънода Пекинни Москвага, «Москва экспансиясига, Москва таъсирига ва Россия иқтисодиётига улкан қарамликка қарши мувозанат» сифатида кўради.

2022 йилги Украинага босқинидан олдин Россия ўз харбий техникаларини Беларусга олиб келганди.

Сурат манбаси, BELARUS DEFENCE MINISTRY PRESS SERVICE / HANDOUT

Сурат тагсўзи, 2022 йилги Украинага босқинидан олдин Россия ўз харбий техникаларини Беларусга олиб келганди.

«Биз биламизки, Беларусдан калий ўғитлари, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа турли юклар айнан шу йўналиш орқали ташилади».

Лукашенко бундан олдин ўтган йил сентябрида Хитойга борган эди. Ўшанда у Пекиндаги ҳарбий парад, ҳамда Тянзин шаҳрида ўтган ШҲТ саммитида қатнашган.

Ўтган дам олиш кунлари Лукашенко Валдайда Россия президенти Владимир Путин билан учрашди, шундан сўнг Шарқий ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларига ташрифини бошлади. Хитой бу минтақада Лукашенко ташриф буюрган биринчи мамлакат бўлди.

Ўтган ҳафта Украина президенти Владимир Зеленский Лукашенкодан Россия ҳокимияти Украинага дрон ҳужумларини мувофиқлаштириш учун фойдаланган, деб таъкидланган ретрансляторларни ўчиришни талаб қилди. Зеленскийнинг айтишича, кўп ўтмай ушбу ретрансляторлар ўчирилган.

Тахминан шу вақтларда Лукашенко Киев вакиллари билан учрашганини айтди ҳамда Беларуснинг Украинадаги урушга аралашиши керак эмаслигини таъкидлади.

Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларга Лукашенко ташрифи чоғида Путинга Владимир Зеленскийдан ҳеч қандай хабар етказмаганини билдирди.