Туркий давлатлар нима режада, Ўзбекистонда газ камайдими ва Қозоғистонда Туркия дронлари? Дайжест

Published
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Ўзбекистонда табиий газ қазиб олиш камаймоқда, Туркий давлатлар қандай режада ва Туркия ҳамда Қозоғистон абадий дўстлиги амалда нимани англатади?

Марказий Осиё марказида, Қозоғистондаги Туркистон шаҳрида Туркий давлатлар норасмий саммити бошланди.

Ушбу марказ туркий халқларнинг тарихий ва маданий меросини намойиш этиши ва туркий давлатлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилади.

Қозоғистон Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатларнинг IT ва сунъий интеллект соҳасида ҳамкорлик қилишларига оид ташаббус билан ҳам чиққан.

Беш туркий давлат - Ўзбекистон, Қозоғистон, Озарбайжон, Туркманистон ва Қирғизистон мустақилликка эришиши билан Туркия биринчилардан бўлиб улар билан алоқаларни мустаҳкамлашга қизиқиш кўрсатган.

Лекин узоқ йиллар Ўзбекистон ва Туркия алоқалари совуқ бўлиб қолди ва айрим ҳолларда, минтақадаги собиқ Совет республикалари ораларидаги муносабатлар ҳам ҳавас қиларли даражада эмас эди.

Кейинги йиллари эса вазият ўзгарди.

Одамлар ўртасида мулоқот ва борди-келди кучайди, мамлакатлар эса ўз муносабатларини стратегик шериклик ёки абадий дўстлик билан мустаҳкамлашга киришдилар.

Алоқалар эса савдо-сотиқ, маданият ё саёҳатдан тортиб, геосиёсат ҳамда ҳарбий ҳамкорлик даражасига қадар бормоқда.

Туркия бу ўринда минтақа геосиёсий саҳнасида тил, дин ва маданий яқинлик орқали ўзига хос ўрин топишга интилмоқда.

Лекин Марказий Осиёдаги катта таъсирга эга иқтисодий ва ҳарбий ҳамкорлар ҳамон шимол ва шарқдаги икки улкан қўшни Россия ҳамда Хитой бўлиб қолишмоқда.

Абадий дўстлик

Айни пайтда, Анқара ва Остона абадий дўстлик шартномасини ҳам имзолашди.

Президент Эрдоғаннинг Қозоғистонга давлат ташрифи давомида нафақат савдо, иқтисод, энергетика ва маданий соҳаларни қамраб олинмоқда.

Балки энди бу икки қардош ўлка ҳарбий техника соҳасида ҳам биргаликда иш олиб боришмоқчи.

Қозоғистон ва Туркия муносабатлари шу асно янги босқичга кўтарилиши мумкин.

Бу - Марказий Осиёнинг энг йирик иқтисоди бўлган Қозоғистон Туркияга тобора яқинлашаётгани далолати.

Сўнгги йиллари Ўзбекистон ҳам турли соҳа ва йўналишда Туркия билан алоқаларини кучайтирган.

Минтақанинг энг катта икки давлати Ўзбекистон ҳамда Қозоғистоннинг Туркияга яқинлашиши ҳам Туркий бирдамлик кучаётганини кўрсатиши, ҳам Тошкент ва Остона кўп тармоқли сиёсат олиб боришаётганини англатиши мумкин.

Одатда Россия таъсири кучли бўлгани айтиб келинадиган Марказий Осиё аллақачон Хитой билан ҳам жипс муносабатларни йўлга қўйган.

Ўзбекистонда газ

Ўзбекистонда жорий йилнинг илк чорагида қазиб олинган газ йилма-йил таққослаганда 15% камайган.

Ўзбекистон Энергетика вазири билан суҳбат асосида бу борада ёзаётган gazeta.uz нашри мақоласида ҳозирги пасайиш аслида кутилган ҳолат экани ва олдиндаги вазифа - газ қазиб олишни барқарорлаштириш ва ҳажмини ушлаб туриш экани урғуланади.

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов билан суҳбат қурган нашр айни ҳолат сабабларига ҳам эътибор қаратган.

Мулозим Устюртда янги конларни очишга қаратилган ишлар кетаётганини таъкидлаган.

Бухоро-Хива ва Қашқадарё ҳудудларидаги конлар аллақачон 85-90% ўзлаштириб бўлингани ҳам қайд этилган.

Маълумки, Бухоро ва Қашқадарё газ конлари ҳали Совет давридан бери ишлатиб келинади.

Skip Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг: and continue readingБизни ижтимоий тармоқларда кузатинг:

End of Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг:

Ўтган чорак аср давомида эса Ўзбекистоннинг кўплаб ҳудудларида энергия танқислиги, хусусан, табиий газ етишмаслиги муаммовий тус олган.

Сўнгги йиллари Ўзбекистон ичкарида истеъмол ортиб, четга газ сотишни кескин камайтиришини ҳам айтган, бироқ бу муаммони тўлиқ ҳал этмаган.

Совет даврида жуда кўплаб соҳалар ва аҳоли-уй жойларидаги энергия эҳтиёжларнинг муайян қисми табиий газ ҳисобидан қондирилишга мослаштирилганди.

Ўзбекистон сўнгги йиллари янги газ конларини ўзлаштиришга эътибор қаратиб, сармоядорларни жалб этишга интилади.

Аммо мутахассислар мамлакат табиий газ захиралари тугаб, охири кўриниб бораётганини ҳам айтадилар.

Мамлакат сўнгги йиллари кичик ГЭСлардан кўпроқ энергия олишга интилиб, қўшни мамлакатлар қураётган улкан гидроиншоотларга ҳам умид тикмоқда.

Шунингдек, бошқа давлатлардан газ сотиб олишни ҳам бошлаган.

Айни дамда, Россия кўмагида АЭС қуриш режасини айтганди.

Охирги йилларда Ўзбекистон иқтисоди ривожланиб, кўплаб янги корхоналар, турар-жой ҳамда бошқа масканлар қурилмоқда.

Буларнинг барчаси учун эса энергия зарур.