WhatsApp да "совчилик": ОИВ юқтирган болалар оналари фарзандлари бахтини излашмоқда

Сурат манбаси, Getty Images
Йигирма йил аввал Қирғизистоннинг Ўш шаҳри, Новқат ва Қорасув туманларидаги шифохоналарда юзлаб болалар тиббий хатолар оқибатида ОИВ (ВИЧ) инфекциясини юқтириб олган эди. Ўша пайтда улар ҳали гўдак ёки боғча ёшидаги болалар бўлган. Бугун эса улар вояга етиб, мустақил ҳаёт бошламоқда, оила қурмоқда ва фарзанд тарбияламоқда.
Бу воқеа Қирғизистон тиббиёти тарихидаги энг оғир фожиалардан бири сифатида эсда қолган.
Фожианинг оғир оқибатлари
Расмий маълумотларга кўра, 2006–2007 йилларда Ўш вилоятидаги шифохоналарда оммавий тарзда ОИВ юқтирилган 422 нафар боладан 61 нафари вафот этган.
Айни пайтда 361 нафар жабрланувчи шифокорлар назоратида бўлиб, даволанишни давом эттирмоқда.
2007–2008 йилларда юзлаб чақалоқларга шифохоналарда турли муолажа орқали ОИВ инфекцияси юққани аниқланган эди.
"Бир марталик ишлатиладиган воситалар етишмаган"
Ўш вилояти ОИВ/ОИТСга қарши кураш маркази директори вазифасини бажарувчи Сабиржон Тошпўлатовнинг айтишича, 2006–2008 йилларда мамлакат соғлиқни сақлаш тизимида жиддий етишмовчиликлар кузатилган.
Унинг сўзларига кўра, ўша даврда тиббий воситалар танқислиги сабаб баъзи ҳолларда бир марта ишлатиладиган игналар қайта-қайта қўлланган.
"Ўш вилоятида, жумладан Ўш шаҳрида ҳам 2006–2008 йилларда шифохоналарда деярли эпидемия бўлган, десак муболаға бўлмайди. 378 нафар болага ОИВ юққан. Бир марталик тиббий воситалар етишмаган, томирга қўйиладиган катетерлар учун игналар ҳам тақчил бўлган. Игналар бир марта эмас, бир неча марта ишлатилган ҳолатлар бўлган. Ана шу каби етишмовчиликлар натижасида инфекция юқтириш ҳолатлари юз берган", дейди Сабиржон Тошпўлатов.
Ҳодисадан кейин қўзғатилган жиноят иши доирасида бир қатор тиббиёт ходимлари жавобгарликка тортилган ва шартли жазосига ҳукм қилинган.
Аммо орадан ўтган йигирма йил давомида фожиа қурбонлари нафақат тирик қолиш, балки жамиятда ўз ўрнини топиш учун ҳам курашиб келишди.
"Қизимнинг тўйини қилишни орзу қилардим"
Ўшлик Меҳринисонинг қизи ҳам ана шундай ёшлардан бири.
Унинг сўзларига кўра, қизи уч ёшида сариқ касаллиги билан шифохонага ётқизилган. Кейинроқ маълум бўлишича, у ОИВ инфекциясини айнан ўша даволаниш жараёнида юқтириб олган.

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Йиллар давомида она қизининг келажаги ҳақида хавотир билан яшаган.
"Қизим катта бўлганда уни ким қабул қилади? У ҳам бахтли оила қура оладими?" деган саволлар мени узоқ вақт қийнар эди.
Бугун эса Меҳринисо бошқа ташвиш билан — қизининг тўйи билан юрибди.
Куёв томони қалин беришга ва тўйни барча урф-одатлари билан ўтказишга тайёр. Она эса қизини муносиб кузатиш учун қўлидан келганича ҳаракат қилмоқда.
"Тўй ҳаракатини бошлаб юбордик. Худо хоҳласа, қудаларим 200 минг сом қалин берамиз, дейишяпти. Қизимга сарпо қилиб, одатдагидек тўй билан келин қилишади. Жуда хурсандман. Илгари қизим вояга етганда тақдири нима бўларкан, деб кўп хавотир олардим. Энди эса тўй ташвишлари билан югуриб юрибман. Қудамга: пахтанинг пулини ҳам берасиз, дедим. Кеча ўзим 150 килограмм пахта тайёрлаб қўйдим. Куёв бола эса: "Ҳеч нарса қилдирманг, она, қиз қуруқ келаверсин", дебди. Ахир қизимни ҳеч нарсасиз никоҳлаб жўнатиб юбораманми? Йўқ. Мен ҳам қўлимдан келганича қизимга берганимни бераман", - дейди у.
Оналар яратган «Совчилар» гуруҳи
Бу ҳикоянинг энг қизиқ жиҳатларидан бири, бу фарзандлари ОИВ билан яшайдиган оналар томонидан ташкил этилган WhatsApp гуруҳи.
"Совчилар" деб номланган бу гуруҳда ўғли бор оналар келин, қизи бор оналар эса куёв қидиради.
Гуруҳ бир неча йил аввал болалар улғайиб, оила қуриш ёшига етганида ташкил қилинган. Оналарнинг айтишича, бир хил ҳаётий тажрибага эга ёшлар бир-бирини яхшироқ тушунади. Доимий даволаниш зарурати, вирус билан яшаш масъулияти ва жамиятдаги муносабатларни икки томон ҳам бирдек ҳис қилади.
Бугунга келиб гуруҳ орқали ўнлаб ёшлар оила қурган. Уларнинг кўпчилиги фарзандли бўлган ва фарзандлари соғлом туғилган.
Камситишлар ҳали ҳам сақланиб қолмоқда
ОИВ билан яшовчи инсонлар бугун ҳам турли стереотиплар ва камситишларга дуч келмоқда.
Айрим ҳолларда қизлар соғлом йигитларга турмушга чиққан, ҳатто соғлом фарзанд кўрган. Бироқ кейинчалик келиннинг ОИВ мақоми маълум бўлгач, қариндошлар босими туфайли оилалар парчаланган ҳолатлар ҳам бўлган.
Шу каби воқеалардан кейин оналар фарзандларига ўзлари каби тақдирни бошидан кечирган ёшлар орасидан жуфт излашга ҳаракат қила бошлаган.
Давлат ёрдами ва ота-оналарнинг талаблари

2022 йилда қабул қилинган қонунга мувофиқ, ушбу фожиадан жабрланган шахсларга бир марталик 100 минг сом (тақрибан 1150 доллар) миқдорида товон пули тўланган.
Бундан ташқари, улар ҳар ой тахминан 6,5 минг сом (тақрибан 75 доллар) нафақа олади.
Бироқ ота-оналар бу маблағ кундалик эҳтиёжлар, даволаниш харажатлари ва мустақил ҳаёт бошлаётган ёшларни қўллаб-қувватлаш учун етарли эмаслигини айтишмоқда.
Уларнинг айтишича, айрим оналар бу муаммоларни бевосита президент Садир Жапаровга ҳам етказган. Улар давлатдан уй-жой, иш билан таъминлаш ва қўшимча ижтимоий ёрдам масалаларига эътибор қаратишни сўрамоқда.
Мустақил ҳаёт орзуси
Бугун бу ёшларнинг кўпчилиги учун асосий масала турмуш қуриш эмас, балки мустақил ҳаёт қуришдир.
Кўплари иш топишда қийналади. Айримлари соғлиғи ёки мавжуд чекловлар сабаб чет элга ишлаш учун бора олмайди.
Шу боис уларнинг ота-оналари давлатдан имтиёзли ипотека ва уй-жой масаласида ёрдам кутишмоқда.
Йигирма йил аввал шифохоналарда юз берган хатолар уларнинг тақдирини бутунлай ўзгартирган эди. Аммо бугун улар оила қуриб, фарзанд тарбиялаб ва келажак учун режалар қилиб, ОИВ ҳаётни тўхтатиб қўймаслигини намоён этмоқда. "Совчилар" гуруҳи эса ана шу умид ва ҳаётга ишончнинг рамзига айланган.
Марказий Осиёда болаларга ОИВ юқтирилиши билан боғлиқ йирик ҳодисалар
Ўшдаги воқеа Марказий Осиёда тиббий муассасалар билан боғлиқ ягона ОИВ можароси эмас.
Наманган воқеаси
2008 йилда Ўзбекистоннинг Наманган вилоятида ҳам ўнлаб чақалоқларга ОИВ вируси юқтирилгани ҳақида маълумотлар тарқалган.
Ўша пайтда маҳаллий манбалар камида 40 нафар болада вирус аниқланганини билдирган. Текширувчилар инфекция қон қуйиш орқали ўтганми ёки шприцлардан юққанми, деган саволларга жавоб излаган.
Расмий текширувларга Бош прокуратура, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа идоралар жалб этилган.
Чимкент фожиаси
2006 йилда Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида ўнлаб болаларга ОИВ юқтирилгани аниқланган. Жабрланганлар чақалоқлардан тортиб 11 ёшгача бўлган болалар эди.
Текширув давомида вирус қон қуйиш жараёнида ёки ифлосланган тиббий жиҳозлар орқали юққани ҳақида тахминлар илгари сурилган. Айрим мутахассислар инфекция манбаи ОИВ билан касалланган донорлар қони бўлиши мумкинлигини ҳам айтган.
Мазкур воқеа Қозоғистонда соғлиқни сақлаш тизимига нисбатан кескин танқидларга сабаб бўлган ва юқори лавозимли амалдорларнинг жавобгарлиги масаласини кун тартибига олиб чиққан.
Совет ҳудудидаги илк ҳолатлардан бири
Бундай фожиалар собиқ Совет иттифоқи ҳудудида аввал ҳам кузатилган. 1980-йиллар охирида Россиянинг Элиста шаҳридаги шифохонада ўнлаб болаларга ОИВ юқтирилгани маълум бўлган. Кейинчалик бу ҳолат тиббий хавфсизлик талабларини тубдан қайта кўриб чиқишга туртки берган.
Россия ва Марказий Осиёда рўй берган мазкур ҳодисалар соғлиқни сақлаш тизимида инфекция назорати, донор қони хавфсизлиги ва тиббий жиҳозлардан фойдаланиш қоидаларига риоя қилиш ҳаётий аҳамиятга эга эканини яна бир бор намоён қилди.





























