19 Сентябр, 2006 - Published 13:12 GMT
Жабрдийдалар чақалоқдан тортиб 11 ёшгача бўлган норасидалар, дейилмоқда.
Қозоғистон расмийлари бу ишда шифокорларнинг ва ё қон қуйиш шохобчларида ишловчиларнинг ўз ишларига совуққонлик билан муносабатда бўлишгани сабабчи, дейишаётир.
ВИЧ вируси шифохоналарда даволанаётган болаларга қон қуйиш чоғида ифлос тиббий жиҳозлардан фойдаланиш туфайли юққан, деган тахминлар ҳам ўртага ташланган.
Аммо расмийлар ВИЧ вирусига чалинган донорлардан олинган қон туфайли ҳам бу касаллик болаларга ўтгани эҳтимолини буткул назардан соқит қилишаётгани йўқ.
Ҳозирда ВИЧ билан касаллангани тахмин этилаётган бир неча донорнинг изланаётгани ҳам билдирилаяпти.
ВИЧ юқтириб қўйилган норасидалар, асосан, Ўзбекистонга яқин Чимкент шаҳридадир.
Маълум бўлишича, ВИЧ вирусини юқтирган болалардан баъзилари қўшни Ўзбекистонга даволаниш учун олиб борилган бўлиб, ҳозирда айни шу ҳолатга дохил вирус манбаи Ўзбекистонда ҳам бўлиши мумкин, деган тахминлар ҳам йўқ эмас.
Аммо Қозоғистон тиббиёт мулозимлари бу борада хулоса чиқаришга шошилмаслик кераклигини таъкидлашмоқда.
Ҳозирча Ўзбекистон тарафи ҳам мазкур ҳодиса юзасидан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирган.
Қозоғистонда айрим депутатлар тиббиёт соҳасида мутахассис бўлмаган одамлар соғлиқни сақлаш тизимини бошқаришаётгани ҳам бунга сабаб, дея Соғлиқни сақлаш вазири Ерболат Досаевнинг истеъфосини талаб қилишаяпти.
Қозоғистондаги журналистларга кўра, кўчаларда яшовчи уйсиз кимсалар пул ишлаб олиш учун донор сифатида ўз қонларини таклиф этишади.
Айни дамда уларнинг қонларини обдон текшириш тажрибаси яхши йўлга қўйилган, дейиш қийинлиги ҳам қайд этилмоқда.
Собиқ Совет ҳудудларида гўдакларга СПИДга етакловчи ВИЧ вирусини юқтириб қўйиш илк бора содир этилаётгани йўқ.
Ҳали 90-йиллари Россиянинг Элиста шаҳридаги шифохонада ҳам ўнлаб гўдаклар катталарнинг совуққонлиги туфайли "аср балоси" вирусини юқтиргандилар.