Газ нархларидан тортиб "схемалар" ва коррупцияга қарши курашгача: Украина ЕИ ва ХВЖ кредитлари эвазига нималарни ваъда қилмоқда?

    • Author, Анастасия Зануда
    • Role, Би-би-сининг Украина хизмати
  • Published
  • Ўқилиш вақти: 6 дақ

Пайшанба куни Украина Европа Иттифоқи икки ой аввал маъқуллаган 90 миллиард евролик кредит дастурининг илк 3,2 миллиард евролик қисмини олади. Яна бир ижобий янгилик шуки, Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) ҳам Украинага ажратилаётган кредитнинг навбатдаги қисмини дастлабки тарзда маъқуллади. Бу маблағлар Украина томонидан ҳарбий бўлмаган харажатларни молиялаштириш учун ишлатилади. Бироқ бу келишувларнинг бошқа томони ҳам бор - Киев амалга ошириши керак бўлган ислоҳотлар мажбурияти. Бу қандай ислоҳотлар ва улар Украина аҳолиси учун қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?

Май ойи охирида ЕИ ёрдамини олиш тўғрисидаги битим Олий Рада томонидан ратификация қилинди. Бош вазир Юлия Свириденко ҳукумати буни катта муваффақият сифатида тақдим этди: назарий жиҳатдан бу маблағларни уруш тугаганидан кейин Россия Украинага тўлаши мумкин бўлган репарациялар ҳисобидан қоплаш мумкин, деб ҳисобланмоқда. Брюсселда бундай репарациялар эҳтимоли борасида катта умидлар бўлмаса-да, мазкур битим Киевга Европа кредитини "деярли грант" сифатида тақдим этиш имконини берди.

Бироқ Олий Рада битим билан бирга тасдиқлаган Меморандум ўрганилганда, вазият унчалик ҳам оддий эмаслиги аён бўлади. Ушбу 90 миллиард евронинг учдан икки қисми ҳарбий харажатларга йўналтирилади ва улар ҳеч қандай шартларга боғланмаган. Қолган қарийб 30 миллиард евро эса Украина иқтисодиётида муайян ўзгаришлар амалга оширилиши билан чамбарчас боғлиқ.

Бу ўзгаришлар Украинанинг яна бир йирик кредитори бўлган ХВЖ талаб қилаётган ислоҳотлар билан мос тушади. ХВЖ делегациясининг июнь бошидаги Киев ташрифидан сўнг томонлар экспертлар даражасида умумий ҳажми 8 миллиард доллардан ортиқ бўлган кредит дастуридан деярли 700 миллион долларлик навбатдаги қисмини ажратиш бўйича келишувга эришди. Якуний қарорни ХВЖ Директорлар кенгаши қабул қилади.

Шу билан бирга, ХВЖ "таркибий ислоҳотлар бўйича тараққиёт секинлашганини" қайд этди. Украина ҳукумати билан келишилган икки кўрсаткич кечикиб бажарилган, яна бири эса умуман бажарилмаган. Жамғарма баёнотида айтилишича, томонлар янги жадвал ва Киев зиммасига олинадиган янги сиёсий мажбуриятларни келишиб олган.

Халқаро кредиторлар Украина давлат дастурлари харажатларининг сунъий равишда ошириб юборилишига қарши курашиши, қўшимча ички даромад манбаларини топиши ва бюджетни тежаш имкониятларини излаши кераклигини таъкидламоқда. ХВЖнинг фикрича, Киев солиқ маъмурчилигини ва солиқ сиёсатини мунтазам равишда такомиллаштириб бориши лозим. Бунга эришишнинг энг адолатли ва самарали йўли эса яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришдир.

Еврокомиссия ҳам шунга ўхшаш баёнотлар бермоқда. 90 миллиард евролик кредит меморандуми имзоланиши чоғида унинг вакиллари Украина иқтисодий сиёсати уч асосий йўналишга — солиқларни йиғиш, бюджет харажатларининг самарадорлиги ва давлат молиясини бошқаришга таяниши кераклигини таъкидладилар.

Жуда қимматга тушаётган арзон газ

Уруш бошланганидан беш йил ўтиб, ХВЖ Киев урушдан аввал ҳам амалга оширишга журъат этмаган ислоҳотларга - коммунал хизматлар тарифларини бозор нархларига яқинлаштириш масаласига қайтмоқда. Ҳозирда бизнес субектларидан фарқли равишда аҳоли газ ва иссиқлик учун сунъий равишда пасайтирилган нарх бўйича ҳақ тўлайди. Нархлар ўртасидаги фарқ эса аҳолига газ ва иссиқлик етказиб бериш бўйича махсус мажбурият (ПСО) юклатилган давлат компаниялари зиммасига тушади.

ХВЖ қайд этишича, ҳозирча гап тўғридан-тўғри тарифларни ошириш ҳақида эмас, балки "энергия бозорини либераллаштиришга тайёргарлик кўриш ислоҳотлари" ҳақида кетмоқда. Аммо барибир тарифларни оширишга тўғри келади. Акс ҳолда Россия бомбардимонлари натижасида вайрон бўлган энергетика инфратузилмасини тиклаш ёки янги энергетика обектларини қуриш учун маблағ топиш мушкул бўлади.

Ҳозирда ҳукумат ХВЖ техник кўмаги билан энергия бозорини босқичма-босқич либераллаштириш бўйича "йўл харитаси"ни ишлаб чиқмоқда. Унда коммунал хизматлар учун тўловларни тўлиқ тўлаш имконига эга бўлмаган оилаларни ҳимоя қилиш механизми мажбурий элемент сифатида назарда тутилиши керак. Шундан сўнг аҳолини аста-секин бозор нархларида тўлов қилиш тизимига ўтказиш режалаштирилмоқда. ХВЖнинг фикрича, бу энергетика соҳасидаги молиявий муаммоларни ҳал этади ва уни инвесторлар учун жозибадор қилади.

Украина ҳукумати зиммасига юклатилган мажбуриятлардан бири - паст тарифларнинг давлат бюджетига қанчалик юк бўлаётганини кўрсатадиган аудит натижаларини эълон қилишдир. Мутахассисларнинг фикрича, энг мураккаб масала газ бўйича компенсатсияларни бекор қилиш бўлади. Урушдан олдинги даврдан буён аҳоли учун газнинг 1 кубометри нархи 7,96 гривна бўлиб қолмоқда, бозор нархи эса аллақачон 15 гривнага яқинлашган.

Амалдаги қонунга кўра, ҳарбий ҳолат даврида газ, иссиқлик ва иссиқ сув тарифлари 2022-йил даражасида музлатиб қўйилган. Давлат ушбу тарифларни ҳарбий ҳолат давомида ва у тугаганидан кейин яна олти ой сақлаб қолиши шарт. Шу боис тарифлар масаласида ё қонунга ўзгартириш киритилиши, ё эса уруш тугаши билан тезкор ислоҳотлар бошланиши керак бўлади.

Бундан ташқари, аҳолининг тўлов қобилияти масаласи ҳам долзарб бўлиб қолмоқда. Уруш шароитида у яхшиланмаяпти, коммунал қарзлар эса ортиб бормоқда. Ракутен Вибер платформасида ўтказилган тадқиқотга кўра, сўнгги икки йил ичида респондентларнинг 60 фоизи ҳеч қандай янги жамғарма қила олмаган. Яна 14 фоизи эса нафақат тежай олмаганини, балки урушдан олдин жамғарган маблағларини сарфлашга мажбур бўлганини билдирган.

QQSni o'zgartirish xavfli

Ўтган йил кузида ХВЖ ва Киев янги ҳамкорлик дастури параметрларини келишиб олган эди. Шартлардан бири якка тартибдаги тадбиркорларга қўшимча қиймат солиғи (ҚҚС)ни жорий этиш бўлган. Аммо бу ғоя бизнес вакиллари ва экспертлар томонидан кескин танқид қилинди, шу сабабли депутатлар бу борадаги қонунлар учун овоз беришга шошилишмаяпти.

Натижада мазкур талаб соддалаштирилган солиқ тизими билан боғлиқ суиистеъмолларнинг олдини олишга қаратилган ислоҳотларга айлантирилди. Айниқса, фирмаларни сунъий равишда бўлиб ташлаш ва меҳнат шартномаларини якка тартибдаги тадбиркорлар билан ишлаш шаклига алмаштириш амалиётларига қарши кураш назарда тутилмоқда.

Украина яширин иқтисодиётининг улуши турли ҳисоб-китобларга кўра 30 фоиздан 50 фоизгача баҳоланади. Айрим экспертлар савдо соҳасидаги "кулранг" операциялар ҳажми 60–70 фоизга етишини айтмоқда. Шу билан бирга, кўплаб тадбиркорлар ва экспертлар муаммонинг асосий сабаби иш ҳақларига солинадиган юқори солиқлар эканини таъкидлашади. Тадбиркорлар соддалаштирилган тизимни айнан шу юкдан қочиш воситаси сифатида қадрлашади.

Экспертлар огоҳлантиришича, ушбу тизимни нотўғри ислоҳ қилиш бюджет тушумларини кўпайтириш ўрнига бизнеснинг янада кўпроқ сояга кириб кетишига олиб келиши мумкин.

ҚҚС бўйича ўзгаришлар кутилаётган йўналишлардан бири эса хориждан почта орқали юбориладиган товарлардир. Киев анчадан бери ХВЖга 45 евродан қиммат бўлган халқаро жўнатмаларга солиқ жорий этишни ваъда қилиб келади.

Бу ташаббус тарафдорлари уни "АлиЭкспресс солиғи" деб атаб, бундай жўнатмалар Украинага жуда катта ҳажмда кириб келаётганини таъкидлашади. Қаршилар эса уруш шароитида хориждан келаётган ёрдам ва товарларга қўшимча юк юклаш зарарли эканини айтишмоқда. Шу сабабли Олий Рада узоқ вақт давомида бундай чорага қаршилик кўрсатиб келди.

ХВЖ эса бу тизим солиқлардан қочишнинг навбатдаги усулига айланганини таъкидлайди ва Украина учун бундай йиғимларни жорий этиш муддатини июлгача узайтирган.

Коррупцияга қарши кураш: йирик секторлар биланми ёки оддий тадбиркорлар биланми?

Киевнинг халқаро кредиторлар олдидаги энг эски ваъдаларидан бири коррупцияга қарши кураш ва бюджет маблағларини самарали бошқаришдир. Ўтган ёзда Украина ҳукумати коррупцияга қарши органларнинг ваколатларини чеклашга урингач, хорижий ҳамкорлар бу мажбуриятларнинг бажарилиши устидан назоратни кучайтирди. ХВЖ дипломатик оҳангда бошқарув сифати ва коррупцияга қарши институтларни мустаҳкамлаш бўйича ислоҳотлар "янгиланишга муҳтож" эканини қайд этмоқда.

Коррупцияга қарши чоралар Европанинг иккита ёрдам дастурига ҳам боғланган: 90 миллиард евролик кредитнинг ноҳарбий қисми ҳамда "Ukraine Facility" дастури. Ушбу дастур доирасида Украина 2024–2027-йиллар давомида макроиқтисодий барқарорликни сақлаш, тикланиш ишлари ва ЕИга аъзо бўлиш учун зарур бўлган ислоҳотларни амалга ошириш мақсадида 50 миллиард евро кредит ва грант олиши кўзда тутилган.

Бунинг эвазига ЕИ давлат активлари, корхоналар, банклар ва давлат компанияларини бошқариш тизимида реал ислоҳотлар талаб қилмоқда.

2023-йилда Украина ҳукумати Солиқ ва божхона тизимларини ислоҳ қилишга қаратилган Миллий даромадлар стратегиясини эълон қилган эди. Бу ҳужжат тадбиркорлар ва экспертлар томонидан танқид остига олинди. Ўтган йил охирида ҳукумат ХВЖ билан музокараларда деярли шу таклифларни такрорлагач, баҳслар яна авж олди.

Украинанинг бир қатор иқтисодий тадқиқот марказлари ҳисоб-китобларига кўра, давлатнинг энг катта бюджет йўқотишлари божхона қоидабузарликлари, контрабанда ва чегара коррупсияси билан боғлиқ. Бу йўқотишлар 105–120 миллиард гривна (2,06–2,36 миллиард евро) атрофида баҳоланади. Бундан ташқари, қалбаки маҳсулотлар ва ноқонуний аксиз товарлари савдоси туфайли 39–43 миллиард гривна, сохта тадбиркорлик туфайли эса шунга яқин миқдорда маблағ йўқотилади.

Мутахассисларнинг фикрича, соддалаштирилган солиқ тизимидаги суиистеъмоллар мавжуд бўлса-да, уларнинг бюджетга етказаётган зарари юқоридаги муаммоларга нисбатан анча кичик. Шу сабабли, иқтисодиётни соядан чиқариш ва бюджет тушумларини оширишнинг энг самарали йўли кичик ва ўрта бизнесга қўшимча босим ўтказиш эмас, балки солиқ ва божхона тизимларини тубдан қайта ишга туширишдир.

Аксиз товарлари - сигарет, алкогол ва ёқилғи бозорида "кулранг" сектор 70 фоизгача етади. Экспертлар фикрича, айнан шу соҳалардаги ислоҳотлар якка тартибдаги тадбиркорларга ҚҚС жорий этиш ёки хориждан почта орқали келадиган товарларга солиқ қўллашдан кўра анча катта самара беради.

Бундан ташқари, аҳолига қаратилган кенг кўламли ёрдам дастурлари — "қишки минг гривна", "миллий кешбек" ва нафақадагиларга бир марталик тўловлар ҳам иқтисодчилар назарида бюджет даромадларини кўпайтириш ва молиявий сиёсатни қатъийлаштириш ҳақидаги ваъдаларга унчалик мос келмайди.

Яқинда Украина президенти администрациясининг янги раҳбари Кирилл Буданов урушдан кейинги Украина иқтисодиётини "Европа Иттифоқидаги энг либерал, энг очиқ ва энг рақобатбардош иқтисодиёт"га айлантиришга ваъда берди. Аммо бу мақсадга элтувчи йўл осон кечмаслиги аниқ.