Тошкент: Мирзиёев Ўзбекистонда ҳали ҳеч ким қилмаган ишни қилмоқчи ёки Россия бўлмаса, бошқасими?

Ўзбекистон ва АҚШ президентлари

Сурат манбаси, rasmiy

Сурат тагсўзи, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг айнан Трамп маъмурияти бошқаруви остидаги Америка Қўшма Штатлари билан стратегик шерикликнинг "янги даври"ни бошлаган президенти бўлади.
Ўқилиш вақти: 10 дақ

Шавкат Мирзиёев айтганини қилдирдими – бунақаси Ўзбекистон тарихида бўлмаган.

Шу кунларда Ўзбекистондан кутилмаган хабарлар олинди.

Бунақаси бўлмаган

АҚШ чегарасида ўзбек паспортини ушлаб турган ўзбекистонлик.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ўзбекистон минтақанинг энг кўп фуқароси четда меҳнат муҳожирлигида банд давлатидир.

Ўзбекистонликлар Америка Қўшма Штатларига мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларига юборилиши мумкин.

Бунақаси Ўзбекистон тарихида бўлмаган.

Ўзбекистон минтақанинг энг кўп фуқароси четда меҳнат муҳожирлигида банд давлати бўлади.

Уларнинг сони миллионларга нисбат берилади.

Ташқи меҳнат миграцияси, йилларки, ҳам мамлакат ҳукумати ва ҳам аҳолиси учун муҳим аҳамиятга молик мавзу, масала.

Ўзбекистон Марказий Осиёнинг аҳолиси энг катта мамлакати бўлади.

Аҳолисининг сони биргина расмий рақамларнинг ўзида 38 миллиондан ортади.

Улардан энг катта фоизини яна ёшлар ташкил этади.

Мамлакат иқтисоди узоқ йиллар давомида асосан қишлоқ хўжалигига асосланиб келган.

Ҳукумати ҳануз ишсизлик ва камбағаллик муаммосига жадал барҳам бериш ҳаракатида бўлган давлат.

Диний радикализм хавфи ҳануз масъулларнинг диққат-эътиборидан тушмаган мамлакат.

Бошқа томондан, ҳозир Толибон ҳаракати бошқаруви остида бўлган ва илдизлари Ўзбекистонга бориб тақалувчи Ўзбек жангари гуруҳлари ҳам ҳануз жон сақлаб келаётгани ишонилувчи Афғонистонга чегарадош.

Четда меҳнат муҳожирилигида банд фуқаролари ҳар йил ортга юбораётган маблағлар эса миллиардлаб долларни ташкил этади.

Бу пуллар Ўзбекистон иқтисодини тутиб, юритиб келаётган асосий молиявий манбалар сирасига киради.

Мамлакатдаги ижтимоий, иқтисодий муаммолар таъсирини енгиллатиб, ҳар қандай ижтимоий портлаш хавфини юмшатиб келаётган энг самарали воситалардан бири сифатида тилга олинади.

Агар, шу йил март ойида эълон қилинган расмий рақамларга таянилса, Ўзбекистонга чет элдан пул ўтказмалари миқдори қарийб $19 миллиард долларни ташкил этган.

Ўзбекистонга мигрантлар жўнатган пуллар миқдори беш йилнинг ичида уч баробарга ўсган.

Шу пайтгача Россия ва Қозоғистон ўзбекистонликлар учун энг йирик ташқи меҳнат бозорлари бўлиб келган.

Бу икки давлатда меҳнат қилиб келган Ўзбекистон фуқароларининг жами сони миллионларга нисбат берилган.

Мамлакатнинг реал иқтисодий имкониятлари назарда тутилганида, инсон ресурслари бугунги кунда замонавий Ўзбекистоннинг энг муҳим бойлиги сифатида кўрилиши ҳам бор гап.

Айнан Шавкат Мирзиёев қудратга келиши ортидан, Ўзбекистон ўзининг миграция сиёсатини тубдан ўзгартира бошлаган.

Ислом Каримов дангасалар, деб номлаган мигрантларни Мирзиёев фарзандларимиз, деб аташгача борган.

Буёғи энди Америкагами?

Америка Қўшма Штатларининг Нью-Йорк шаҳридаги одамлар билан тирбанд кўча.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Агар, Ўзбекистон президенти шу йил январ ойида тилга олиб ўтган маълумотларга таянилса, ўзбекистонликлар бугунги кунда ташкилий меҳнат миграцияси доирасида дунёнинг 30 дан ортиқ давлатида меҳнат қилмоқда.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳукумати ўз фуқаролари учун ташқи меҳнат бозорларини турфалаштириш, меҳнат миграцияси географиясини кенгайтириш ҳаракатига тушган.

Бунга Украина уруши ва Россиянинг кучайиб бораётган аксилмиграцион сиёсати ҳам сабаб бўлмай қолмаган.

Бу икки омил орада Россияда меҳнат муҳожирлигида банд ўзбекистонликларнинг ҳам ялпи ортга қайтишларига сабаб бўлиши мумкинлигига оид хавотирларни кучайтирган.

Россияда Марказий Осиё давлатлари билан виза тартибини жорий этишга оид даъватларгача янграгани кўрилган.

Полиция рейдларининг сони ҳам кескин ортган, мигрантларга нисбатан номақбул муносабатлар айрим минтақа давлатлари пойтахтларининг Россия томонига норозилик ноталари билан чиқишларига ҳам сабаб бўлган.

Россия томонидан турли сабаблар билан Марказий осиёлик мигрантларни ҳам Украина урушига ёллаш ҳаракатларига оид хабарларнинг сони ортган, бу ҳам уларнинг она ватанларида, айниқса, фаолларнинг қўрқув ва хавотирларга сабаб бўлмай қолмаган.

Агар, Ўзбекистон президенти шу йил январ ойида тилга олиб ўтган маълумотларга таянилса, ўзбекистонликлар бугунги кунда ташкилий меҳнат миграцияси доирасида дунёнинг 30 дан ортиқ давлатида меҳнат қилмоқда.

"Илгари эса улар асосан икки ёки учта мамлакатда ишлаган".

Шавкат Мирзиёев бу ҳақда 15 январ кунги Ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолиятига бағишланган йиғилишда тўхталиб ўтган.

Худди шу йиғилиш чоғида Ўзбекистон фуқароларини хорижда юқори маошли ишларда ишга жойлаштиришга кўмаклашиш устувор вазифа сифатида белгиланган.

Бу давлатлар сирасида АҚШ, қатор Европа давлатлари ва бой араб мамлакатлари ҳам тилга олинган.

Элчига эса Ўзбекистонни АҚШдаги мавсумий ишчилар жалб қилинадиган давлатлар рўйхатига киритиш бўйича музокаралар ўтказиш топиширилганди.

Сўнгги янгилик президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган ана шу йиғилишдан саноқли ҳафталар ўтиб олинган.

Бу хусусда томонлар ўртасида келишув имзоланганига оид янгилик қисқа соатлардаёқ Ўзбекистондаги етакчи нашрларда сарлавҳаларга чиққан.

Бунга ўхшаш хабарнинг ҳозирча қолган бирор бир минтақа давлатидан олинмагани унинг аҳамиятини янада бўрттирган.

АҚШ, Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар...

Америка Қўшма Штатлари

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Америка Қўшма Штатлари ҳар йили юз минглаб ўзбекистонликлар бориш илинжида бўлган мамлакатдир.

Америка Қўшма Штатлари дунёнинг энг йирик иқтисоди бўлади.

Жаҳоннинг ўзбекистонликлар энг кўп саноқли давлатлари сирасига киради.

Уларнинг сони бир неча ўн мингга берилади, аммо катта кўпчилигини Америка Қўшма Штатларига Грин-карта билан борганлар ташкил этиши айтиб келинган.

Ҳар йили юз минглаб ўзбекистонликлар бориш илинжида бўлган мамлакат.

Айниқса, Демократчи президент Жо Байден бошқаруви остида кечган тўрт йил ичида қамоқ ва ўлим хавфига ҳам қарамай, ҳудудига ноқонуний киришга уринаётганларининг ҳам сони жиддий ортган давлат.

Ўзбекистонликлар ўтган йили ҳатто энг кўп Грин-карта ютганлар сони бўйича жаҳонда биринчи ўринни эгаллашган.

Бу янгилик ўшанда дунё бўйлаб сарлавҳаларга ҳам чиққан.

Орада Америка Қўшма Штатларида "нелегал" экани айтилувчи "11 миллиондан ортиқ" одам орасида ҳам Ўзбекистон фуқаролари кам эмаслиги тахмин этилган.

Воқеаларнинг сўнгги ривожи Ўзбекистон Америка Қўшма Штатлари билан савдо-иқтисодий алоқаларини кучайтириш, ўзаро муносабатларини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш ҳаракатида бўлган бир пайтга тўғри келган.

Аммо, бошқа томондан, янгилик АҚШ Грин-карта лоторея схемасини тўхтатган, Ўзбекистонни ҳам фуқаролари учун ҳам иммиграция визаларини расмийлаштиришни тўхтатган давлатлар қаторига киритган, қисман ва тўлиқ саёҳат чекловига юз тутувчи давлатлар рўйхатини кенгайтирган, президенти Америка тарихида "мисли кўрилмаган" бўлишини ваъда қилган оммавий депортациялар авжида бўлган бир ҳолатда ҳам олинган.

Доналд Трамп қудратга қайтган сўнгги бир йилнинг ўзида Америка Қўшма Штатларидан ноқонуний мавқеъдаги ўнлаб ўзбекистонликларнинг ҳам ортга депортация этилганликларига оид хабарлар олинган.

Аммо орада Америкада қонуний яшаб, меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар орасида етакчи олимлар, ишбилармонлар, банкирлар, турли халқаро ва жамоат ташкилотлари вакиллари мақомида бўлганлари, нуфузли университетларида таҳсил олаётганлари ҳам оз эмаслиги таъкидлаб келинган.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлигининг расман хабар беришича, келишув АҚШнинг USA Farm Labor ташкилоти билан имзоланган.

Онлайн тарзда ўтган мулоқотда томонлар ўзбекистонлик номзодларни илк бор АҚШдаги мавсумий ишларга жалб этиш тартибларини муҳокама этишган.

Бунда:

  • Иш муддатининг: 9-10 ой;
  • Ўртача ойликнинг: $3500;
  • Турар-жойнинг: иш берувчи ҳисобидан бўлиши;
  • Малакали мутахассисларга устуворлик берилиши;

ҳақида сўз боргани айтилган. Аммо малакали мутахассислар дейиларкан, бундан ортиқ тафсилотларга ҳалича тўхталинмаган. Уларнинг эҳтимолий сонига ҳам ҳозирги босқичда аниқлик киритилмаган. Ишга жўнатиш жараёнининг аниқ қачон бошланиши ҳам айни паллада ноаён қолган.

Ўзбекистон томонининг бу ҳақдаги расмий хабарида фақат ўзаро келишув имзолангани, ҳамда ҳамкорликни кейинги босқичларини энг тез муддатларда амалга оширишга келишиб олинган айтилган.

Шундай экан, ўзбекистонликлар қонуний, ташкиллаштирилган меҳнат муҳожирлигида банд бошқа давлатлар билан қиёсланганда, Америка Қўшма Штатлари улар учун қанчалик йирик, жозибали, муқобил ва истиқболли ташқи меҳнат бозори бўла олиши мумкин?

BBC Ўзбек хизмати худди шундай савол билан ҳозир Америка Қўшма Штатларида яшаб, меҳнат қилаётган асли ўзбекистонлик социолог Баҳодир Файзга мурожаат қилди:

Bahodir Fayz
facebook
Bu jarayon murakkab, ayni vaqtda Amerika orzusi uchun juda katta umid bo‘lmasa ham, lekin AQSHga kelishning real va qonuniy yo‘llaridan biri.
Bahodir Fayz
Asli o‘zbekistonlik sotsiolog, AQSH (batafsil: bbc.com/uzbek da).

Баҳодир Файз: Тўғри, Америка дунёнинг энг катта иқтисоди ҳисобланади.

Америкада иш имконлари, маош ва ҳаёт шартлари ҳам бошқа давлатларга қараганда анча жозибадор.

Бу ҳолат баъзан Америка ҳақида бироз оддий, бироз янглиш "катта иқтисод — катта имконият", деган тасаввурга сабаб бўлиши мумкин.

Фикримча, АҚШ ватандошларимиз учун Россия, Туркия ёки Қозоғистон каби "оммавий" йўналишда муқобил меҳнат бозори бўла олмайди.

Айниқса, муҳожирликни чеклаш ва муҳожирларга қарши радикал чоралар қўллаётган ҳозирги Трамп маъмурияти даврида.

Қолаверса, агар гап Н-2А дастури ҳақида борадиган бўлса, ўзбекистонлик ишчиларни Америкага олиб келиш жараёни реал ҳаётда анча мураккаб бўлиши мумкин. Чунки бу дастур орқали ҳамма ҳам кела олмайди.

Н-2А дастури орқали ишларга мурожаат қилиш мумкин, ишга қабул қилинган тақдирингизда ҳам, лекин барибир якуний қарорни АҚШ элчихонаси беради.

Албатта, Америкада ҳозирда қишлоқ хўжалиги соҳасида, хусусан, фермаларда мавсумий ишчиларга жуда катта талаб бор.

Аммо Америкага дунёнинг бошқа мамлакатларидан келмоқчи бўлганлар кўламини катталигини ҳисобга олсак, танлов жараёни ҳам жуда қаттиқ кечади.

Фермер хўжаликларида, умуман қишлоқ хўжалиги соҳасидаги меҳнат бу ерда ҳам енгил иш ҳисобланмайди. Бошқа ишларга қараганда меҳнати анча оғир.

Хуллас, АҚШ меҳнат бозори ўзбекистонликлар учун жуда кенг эмас , лекин миграция жараёнидаги мураккаб танловлардан муаффақиятли ўтиб, бу ерга келиб ишловчилар учун даромадли ҳам бўлиши мумкин.

Албаттаки, Ўзбекистон Миграция агентлиги билан USA Farm Labor ўртасида келишувга тўхталадиган бўлсак, умуман олганда, бу яхши бир янгилик.

Бу хусусий ширкатнинг фаолияти америкалик фермерларга чет эллик ишчиларни жалб қилишга қаратилган.

Яъни, у АҚШ ҳукумати томонидан тасдиқланган қишлоқ хўжалиги ишлари учун вақтинчалик, мавсумий ишчиларни етказиб бериш ишлари билан шуғулланади.

Яна ҳам аниқроқ айтадиган бўлсак , фермерлар билан меҳнат муҳожирлари орасида воситачи ҳисобланади.

Яъни, бу фирма ўз базасида иш қидираётганларга мавжуд бўш иш ўринларига мурожаат қилиш ва иш берувчилар учун ишчи танлаш имконини беради.

Лекин, юқорида айтганимдек, виза олишни, Америка Қўшма Штатларига келишни тўлиқ кафолатламайди.

Бу жараён мураккаб, айни вақтда Америка орзуси учун жуда катта умид бўлмаса ҳам, лекин АҚШга келишнинг реал ва қонуний йўлларидан бири.

Бу қонуний усулларни ташвиқ қилиш эса ҳукуматимиз учун ҳам, ватандошларимиз учун ҳам албаттаки ижобий ҳолат.

Демак, Америка меҳнат бозори ватандошларимиз учун жозибали лекин, ҳамма учун эмас.

Қишлоқ хўжалиги ишлари учун чидамли ва иш берувчи талабларига мос келадиганлар учун, балким, яхши имкон бўлиши мумкин.

Савол: Меҳнат шароитлари, иш ҳақи, меҳнат хавфсизлиги ва меҳнат муҳожирининг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимояси, кафолати назарда тутилганида, бир ўзбекистонлик мисолида Америка Қўшма Штатларида меҳнат муҳожири бўлишнинг нимаси яхшию нимаси ёмон?

Америка Қўшма Штатларидаги қишлоқ хўжалиги ишчилари

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Баҳодир Файз: "Албатта бу ерда бир муҳим жиҳат, ватандошларимиз агар Америкада ҳуқуқий мақомга эга бўлсалар, улар қонуний ҳимоя остида бўладилар."

Баҳодир Файз: Албатта, Америка Қўшма Штатларида (АҚШда) меҳнат муҳожири бўлиш – бу катта имкониятлар билан бирга жиддий синовларни ҳам ўз ичига олади.

АҚШда ҳатто оддий ишларда ишлаб (қурилиш, логистика, хизмат кўрсатиш) ҳам кўплаб ривожланаётган давлатларга нисбатан анча юқори иш ҳақи олиш мумкин.

Бу ерда "пастки поғоналардан бошлаб юқорига чиқиш" ҳам мўъжиза эмас, балким интилганлар учун янги имкониятлар кўп.

Касб ўрганиш, университетларда таълим олиш, малака ошириш, тадбиркорлик билан шуғулланиш каби имкониятлар тенглиги мавжуд.

Шу жиҳатдан, АҚШ кўпчилик учун нафақат иш жойи, балки ривожланиш маконидир.

Хуллас, иқтисодий шароитини яхшилашни истаганлар учун бу давлат, гўёки, янги ҳаёт бошлаш майдони бўлиши мумкин.

Мисол учун, ҳозирда логистика, қурилиш, хизмат кўрсатиш каби соҳаларда ишлаётган ватандошларимиз қисқа вақт ичида сезиларли миқдорда даромад топишди.

Албатта бу ерда бир муҳим жиҳат, ватандошларимиз агар Америкада ҳуқуқий мақомга эга бўлсалар, улар қонуний ҳимоя остида бўладилар.

Иш берувчининг ноқонуний ҳаракатларига қарши туриш, ўз ҳаққини талаб қилиш имконияти мавжуд бўлади.

Бу эса кўплаб бошқа давлатларга қараганда муҳим устунлик ҳисобланади.

Шу билан бирга, албатта, меҳнат муҳожирлигининг ўзига яраша муаммолари ҳам мавжуд.

Кўпинча янги келган муҳожирлар жисмоний жиҳатдан оғир ва узоқ соатлик ишларда ҳам меҳнат қилишларига тўғри келади.

10–12 соатлаб ишлаш кўпчилик учун одатий ҳолга айланади.

Бу эса вақт ўтиши билан жисмоний ва руҳий чарчоққа олиб келади.

Энг катта муаммолардан бири — бу ҳужжатсиз (иллегал) бўлиш хавфидир.

Бундай ҳолатда инсон нафақат депортация таҳдиди остида яшайди, балки кўпинча паст маош, меҳнат эксплуатацияси ва алдовларга дуч келади.

Энг ёмони, у ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан қўрқади.

Ижтимоий ёлғизлик ҳам муҳим муаммо.

Янги маданиятга мослашиш, тил ўрганиш ва жамиятга интеграция қилиш жараёни ҳам осон кечмайди.

Бундан ташқари, АҚШда ҳаёт қиммат. Уй ижараси, суғурта, транспорт ва солиқлар катта харажат талаб қилади.

Натижада, кўп пул топган одам ҳам кўп сарфлашга мажбур бўлади.

Баъзан муҳожирлар дискриминация ёки стереотипларга ҳам дуч келади.

Бу ҳолат, айниқса, янги келганлар учун янада сезиларли бўлади.

Америка Қўшма Штатларидаги пахта даласи

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Баҳодир Файз: "Америка қишлоқ ҳўжалиги соҳасидаги ишчиларнинг тахминан 80 фоизга яқин чет эллик экани айтилади."

Савол: Ўз ўрнида, Америка Қўшма Штатларида қишлоқ хўжалигидаги мавсумий ишлар айнан нималарни кўзда тутади, у ердаги ферма ва ранчоларда айнан нималар етиштирилади ва меҳнати қанчалик оғир?

Баҳодир Файз: Америка Қўшма Штатларида қишлоқ хўжалиги — юқори технологияларга асосланган, лекин барибир катта миқдорда инсон меҳнатини талаб қиладиган соҳа.

Айниқса, мавсумий ишларда фермаларда, асосан, жанубий Америкадан келган мигрант ишчлар ишлашади.

Америка қишлоқ ҳўжалиги соҳасидаги ишчиларнинг тахминан 80 фоизга яқин чет эллик экани айтилади.

Ташқаридан қараганда, бу оддий "фермада ишлаш"дек туюлиши мумкин , аммо амалда бу жуда аниқ, тизимли ва кўпинча жисмонан оғир меҳнатни англатади.

Бу ишлар асосан мавсумий, яъни, йилнинг маълум даврларида, асосан экин экиш ва ҳосил йиғиш вақтида ишчи кучига бўлган эҳтиёж ошиши билан боғлиқ ишлар.

Қишлоқ хўжалигида айнан кузги мавсум — энг банд ва энг оғир давр ҳисобланади.

АҚШда қишлоқ хўжалиги барча штатларда кенг тарқалган, аммо айрим штатлар бу соҳада анча етакчи ҳисобланади.

Бу фарқ иқлим, ер унумдорлиги, сув ресурслари ва тарихий ривожланиш билан боғлиқ.

Мисол учун, Калифорнияда катта фермалар, сабзавот маҳсулотлари етиштириш кўп бўлса, Техас штати эса чорвачилик маҳсулотлари, ранчолари билан машҳур.

Маккажўхори, буғдой, картошка етиштириш Айова, Небраска ва Канзас штатларида кўп тарқалган.

Флорида штати ўзининг апелсин, яъни цитрус мевалари билан дунёга танилган.

Албатта, Америкада биз ўзбекистонликлар учун таниш бўлган "оқ олтин" ҳам етиштирилади.

Пахта етиштириш асосан "Cotton Belt" (пахта минтақаси) деб аталадиган жанубий ҳудудларда жамланган.

Бу ҳудудларда иқлим иссиқ, вегетация даври узун ва ер шароити пахта учун жуда мос.

Техас, Жоржия, Миссисипи ва Алабама штатлари пахтанинг Америкадаги базаси ҳисобланади.

Савол: Америка дунёнинг ўзбекистонликлар энг кўп саноқли давлатларидан бири бўлади. Сонлари ўн минглаб экани, улардан кўпчилигининг у ерга Грин-карта билан борганлар экани айтилади. Шундай экан, улар шу пайтгача Америка Қўшма Штатларида айнан қайси соҳаларда банд бўлиб келишган? Ўзбекистонликларнинг энди қишлоқ хўжалигидаги мавсумий ишларга ҳам жалб қилиниши эҳтимоли қанчалик яхши хабар? Бунинг Ўзбекистонга, ўзбекистонликларга фойдаси нимада бўлади?

Баҳодир Файз: АҚШда ўзбекистонликлар асосан логистика, ҳайдовчилик, хизмат кўрсатиш, қурилиш, транспорт ва кичик бизнес соҳаларида банд бўлиб келишган.

Бугунгача қишлоқ хўжалиги соҳаси бизнинг ватандошларимиз учун анъанавий йўналиш эмас эди.

Энди ушбу йўналиш агар очилса, албаттаки, бу яхши хабар бўлади.

Чунки ватандошларимизнинг Амарикага келиб, меҳнат қилишлари учин яна бир қонуний канал пайдо бўлади.

Қолаверса , Америка билан Ўзбекистон орасида миграция тизими шаффофлашади;

Меҳнат муҳожирларимизнинг даромадлари расмийлашади.

Лекин ҳозирча бу жараённи ортиқча меҳнат муҳожирлари учун ягона даромад манбаи сифатида кўриш хато бўлади.

Чунки бу имконият ҳамма учун эмас, бу фақат танлов орқали, чекланган миқдорда олинадиган ишчиларни ўз ичига олади.

Шунга қарамай, Ўзбекистон учун эса фойда аниқ: пул ўтказмалари ошади, иш бозори босими камаяди, халқаро тажриба кенгаяди.

Аммо бу узоқ муддатда ички иқтисодий муаммоларни ўрнини босмайди.

Ўзбекистон бозорларидан бири.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ўзбекистон минтақанинг аҳолиси энг катта давлати бўлади, сони расмий рақамларда бугун 38 миллион кишидан ортиши айтилади.

Савол: Қишлоқ хўжалигидаги мавсумий ишларда ишлаш учун Америка Қушма Штатларига бориш истагидаги ўзбекистонликларга тавсияларингиз?

Баҳодир Файз: Энг муҳим тавсиям, катта орзу, амалга ошмайдиган тахайюлий хаёлларга берилмасдан, вазиятга реал қараш.

Яъни, АҚШга келиб ишлаш меҳнат муҳожири учун:

  • тезда бойиш имконияти эмас;
  • осон йўл ҳам эмас;
  • ва ниҳоят ҳамма учун ҳам эмас.

Бу жараён авалламбор меҳнат, интизом ва сабр талаб қилади.

Бунинг ёнида ватандошларимиз инглиз тилини ўрганишлари керак, бу устунлик эмас, зарурат ҳисобланади.

Америка қонунлари, маданияти ва яшаш шарт-шароитлари билан олдиндан танишиб чиқиш ҳам бу ерда адаптацияни осонлаштиради.

Шартномаларга давлат ҳомийлик қилган тақдирда ҳам, шартномани яҳшилаб ўқиб ва тушуниб олишлари керак.

Агар сиз бу йўлга реал қараётган бўлсангиз, албатта у фойда беради. Уни орзу сифатида кўраётган бўлсангиз эса, тез орада тушкунликка тушиб қолиш мумкин.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бу ўзбекистонлик ватандошларимиз учун учун янги эшик, янги имконлар дегани.

Албатта бу эшик кенг эмас, лекин имкониятларга бой бир йўл очади.

BBC. Қисқача маълумот ўрнида: Расмий Тошкент ўтган йили АҚШ фуқаролари учун Ўзбекистонга 30 кунлик визасиз тартибни жорий этишга қарор қилган.

Бу хусусда Ўзбекистон президентининг фармони қабул қилинган.

Ўшанда янги фармоннинг шу йилнинг 1 январидан бошлаб кучга кириши айтилган.

Америка Қўшма Штатлари айнан Трампнинг илк бошқаруви даврида Ўзбекистон билан "стратегик шерикликнинг янги даври"ни бошлаган.

Айнан Трампнинг таклифи билан Ўзбекистон президенти 2018 йилда Америка Қўшма Штатларига ўзининг илк расмий ташрифини ҳам амалга оширган.

Томонлар ўшанда бир ташрифнинг ўзидаёқ "стратегик шерикликнинг янги даври"ни бошлаганликларини эълон қилишган.

Доналд Трамп ўшанда Ўзбекистон президентининг бу ташрифини "тарихий", деб аташгача борганди.

Бошқа томондан, меҳнат миграцияси, йилларки, Ўзбекистон илова аксарият Марказий Осиё давлатларига ўзининг турли кўринишдаги босимларини ўтказишда Кремл қўлидаги энг муҳим ва самарали таъсир воситаларидан бири сифатида кўриб келиниши ҳам бор гап.