Дайжест: Ўзбекистонда демографик пасайиш тенденцияси, ҳарбий рейтингда Ўзбекистон Қозоғистонни ортда қолдирди

Болани кўтариб турган шифокор

Сурат манбаси, gazeta.uz

Ўқилиш вақти: 4 дақ

Ўзбекистон Миллий статистика қўмитаси маълумотлари таҳлили мамлакатда никоҳлар ва туғилиш камайиб бораётганини кўрсатмоқда.

Миллий статистика қўмитаси хабар қилишича, Ўзбекистонда 2026 йилнинг биринчи чорагида, яъни январдан март ойигача жами 191 086 нафар чақалоқ дунёга келган.

Уларнинг 51,5 фоизини (98,5 минг нафар) ўғил болалар, 48,5 % ини (92,6 минг нафар) қиз болалар ташкил этган.

Ўзбекистондаги Batafsil.uz веб-нашри ёзишича, мамлакатда демографик пасайиш тенденцияси давом этаяпти.

Туғилиш кўрсаткичларининг пасайиши Ўзбекистонда янги барпо этилаётган оилалар сонининг камайгани билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Расмий маълумотларга кўра, 2026 йилнинг дастлабки уч ойида 42,3 мингта никоҳ қайд этилган.

Бу ўтган йилнинг биринчи чорагига солиштирганда 1,5 мингга камдир.

Мисол учун, мамлакатда 2022 йили 57,9 мингта никоҳ қайд этилган.

Бу рақам йилдан йилга камайиб келаётгани кузатилмоқда.

Таҳлилларга кўра, демографик вазиятни пасайтираётган яна бир омил - ажралиш ва ўлим ҳолатларининг ҳам кўпайишидир.

Хусусан, 2026 йилнинг дастлабки уч ойида Ўзбекистонда 12,7 мингта ажралиш қайд этилган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг дастлабки уч ойига нисбатан 1,2 мингтага кўп деганидир.

Iqtibos

Вафот этган инсонларнинг сони 43,5 минг кишини ташкил этган, бу эса ўтган йилнинг илк чорагига қараганда 2,1 минг нафарга кўплигини англатади.

Ўзбекистон доим кўп болали оиласи кўп мамлакат бўлиб келган.

Аҳоли сони ўсиши Иккинчи Жаҳон урушидан кейин доим юқори бўлиб келган.

2026 йил май ойи бошида Ўзбекистон аҳолисининг сони расман 38 миллион 382 минг 700 кишини ташкил этди.

Охирги йилларда мамлакат аҳолиси ҳар икки йилда бир миллионга кўпайиб келаётган, демографик ўсиш тенденцияси мунтазам кузатиб келинаётган эди.

Аммо охирги уч йилда туғилиш камаяётгани кўринмоқда.

Демографик пасайиш тенденцияси жамиятда қадриятлар, хусусан, оила тушунчасига муносабат ўзгараётганидан дарак бериши ҳам мумкин.

Ўзбекистон Қозоғистонни ҳарбий рейтингда ортда қолдирди

Президент Шавкат Мирзиёевнинг ҳарбий самолётни кўздан кечириши

Сурат манбаси, O'zbekiston prezidenti matbuot xizmati

Қозоғистондаги Inbusiness.kz веб нашри хабар қилишича, Ўзбекистон Марказий Осиёдаги етакчи ҳарбий куч сифатида Қозоғистонни ортда қолдирди.

Global Firepower рейтингига таяниб, нашр сўнгги беш йил ичида Қозоғистон 2021 йилдаги 62-ўриндан 2026 йилда 58-ўринга кўтарилганини қайд этади.

Бироқ, ўтган йилга нисбатан бир поғона пастлаб, Қозоғистон 2026 йилда минтақавий етакчиликни 53-ўринни эгаллаган ва айни пайтда Марказий Осиёда энг кучли ҳарбий салоҳиятга эга деб ҳисобланаётган Ўзбекистонга бўшатиб берган, дейилади хабарда.

«Global Firepower рейтингида Ўзбекистон юқорироқ ўринни эгаллаганига қарамасдан, аҳоли жон бошига мудофаа харажатлари бўйича Қозоғистон минтақада етакчиликни сақлаб қолмоқда. 2026 йил маълумотларига кўра, республика аҳоли жон бошига тахминан 288 доллар мудофаага сарфлаган бўлиб, бу Ўзбекистонга (170 доллар) нисбатан қарийб 1,7 баробар кўпдир. Шу билан бирга, Ўзбекистон бир қатор кўрсаткичлар, жумладан техника ва шахсий таркиб сони бўйича Қозоғистондан устун (470 та танк, Қозоғистонда эса 353 та)», — дейилади хабарда.

«Қозоғистоннинг ҳарбий қудрат индекси 1,0433 ни ташкил этди. GFP методологиясига кўра, PowerIndex қанчалик паст бўлса, давлатнинг ҳарбий салоҳияти шунчалик юқори деб баҳоланади. Индекс армия ҳажми, техника миқдори, авиация ва флот ҳолати, логистика, молиявий имкониятлар, ресурслар ва мамлакат географияси каби 60 дан ортиқ параметр асосида ҳисобланади. Шу билан бирга, рейтинг асосан очиқ маълумотларга таянади ва реал можарода армиянинг ҳақиқий жанг қобилиятини эмас, балки давлатнинг умумий салоҳиятини баҳолайди», — деб аниқлик киритади нашр.

«Жаҳонда ҳарбий харажатлар ошиб бораётган бир пайтда, Қозоғистон ҳам мудофаа ва армияни модернизация қилишга эътиборни босқичма-босқич кучайтирмоқда. Айни дамда республика техника ва шахсий таркиб сонини оширишдан кўра, қурол-яроғни янгилаш, инфратузилмани ривожлантириш ва бюджетдан самарали фойдаланишга кўпроқ эътибор қаратмоқда. Шу нуқтаи назардан, мамлакатнинг Global Firepower рейтингидаги ўрнидаги ўзгаришлар нафақат ҳарбий салоҳиятни, балки хавфсизлик масалалари ва давлат харажатларига бўлган кенгроқ ёндашувни ҳам акс эттиради", - деб ёзади Inbusiness.kz.

Айни пайтда Forbes Kazakhstan веб нашри Қозоғистон охирги йилларда мудофаа харажатларини ошириб бораётганига бағишланган мақола эълон қилди.

Хабарга кўра, 2026 йил Қозоғистон давлат бюджетидан мудофаа соҳасига 1 530 млрд тенге — 3,31 млрд доллардан ортиқ маблағ ажратган.

Молия вазирлиги маълумотларига таянилган ҳолда, бу рақам 2015 йилда мудофаа харажатлари 454 млрд тенгени ташкил этган даврга нисбатан уч баробардан зиёдга ошганини кўрсатади.

«Энг катта ўсиш 2022 йилга тўғри келди. Ўша йили мудофаа бюджети 48,6 фоизга ошиб, 753,7 млрд тенгедан 1 120 млрд тенгега етди. Бу кўриб чиқилаётган бутун даврдаги энг юқори ўсиш суръатидир. Бундан ташқари, айнан шу йили кўрсаткич илк бор 1 000 млрд тенгедан ошди ва ўсишни давом эттирди. 2023 йилда мудофаа бюджети 1 180 млрд тенгени, 2024 йилда — 1 280 млрд тенгени, 2025 йилда эса — 1 380 млрд тенгени ташкил этди», — деб санаб ўтилади мақолада. Умуман олганда, ҳукумат маълумотларига кўра, 2026 йилда хавфсизлик блокига (мудофаа, полиция, махсус хизматлар ва бошқа куч тузилмалари) 3 000 млрд тенге ажратилган бўлиб, бу 2025 йилга нисбатан 335 млрд тенгега кўпдир.

Бироқ, мақолада валюта курсидаги кескин ўзгаришлар инобатга олинмаган.

Хусусан, 2015 йил бошида доллар курси 200 тенгеден паст бўлган бўлса, 2016 йил бошига келиб у 350 тенгедан ошиб кетди.

Қозоқ миллий валютаси 2020 йил мартигача 400 тенгедан паст даражада сақланиб турди, бироқ ўша ойда кескин қадрсизланиб, доллар учун 450 тенгедан ошди ва ўтган йил кузига келиб деярли 550 тенгега яқинлашди.

Ҳозирги пайтда бозордаги ўртача курс бир доллар учун 462 тенгени ташкил этади.