Қирғизистон: президент қизининг болаларга совға тарқатиши муҳокамаларга сабаб бўлди - минтақа ва сиёсат

Сурат манбаси, Social media
Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг қизи Жанайим Жапарова Иссиқкўл вилоятидаги "Олтин болалик" болаларни реабилитация қилиш марказида дам олаётган болаларга совғалар тарқатди. Бу воқеа акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинмоқда.
Видеолар тарқалганидан сўнг жамоатчилик орасида турли фикрлар пайдо бўлди. Айрим фойдаланувчилар буни давлат раҳбари оила аъзоларини оммага танитиш ёки сиёсий имиж шакллантиришга қаратилган ҳаракат сифатида баҳолади. Бошқалар эса уни оддий хайрия тадбири сифатида қабул қилди.
Шу муносабат билан Садир Жапаров "Кабар" миллий ахборот агентлигига изоҳ бериб, воқеанинг сиёсат ёки пиар билан ҳеч қандай алоқаси йўқлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, рафиқаси Айгул Жапарова сўнгги уч йил давомида мазкур марказга шахсан бориб, болаларга совғалар тарқатиб келади. Бу сафар эса оилавий сабабларга кўра ўзи бора олмагани учун унинг ўрнига қизи Жанайим юборилган.
Мен болаларимни ҳам, яқинларимни ҳам сиёсат ва давлат ишларига аралаштирмайман. Бу ҳеч қандай пиар эмас.
"Мен болаларимни ҳам, яқинларимни ҳам сиёсат ва давлат ишларига аралаштирмайман. Бу ҳеч қандай пиар эмас. Рафиқам ҳар йили болаларнинг кайфиятини кўтариш учун совғалар бериб келади. Бу сафар боролмагани учун қизимиз совғаларни тарқатиб қайтиб кетган", — деди Жапаров.
Давлат раҳбари тадбирга оммавий ахборот воситалари таклиф этилмаганини ва бу ҳақда маълумот тарқатиш режалаштирилмаганини қайд этди. Унинг таъкидлашича, иштирокчилардан бири тадбирни телефонга ёзиб олиб, кейин ижтимоий тармоққа жойлаштирган.
Президент оиласи ва эски муҳокамалар
Садир Жапаров ва унинг рафиқаси Айгул Жапарова тўрт фарзандни тарбиялаган. Оиланинг тўнғич ўғли Дастан Жапаров 2019 йилда йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида вафот этган. Иккинчи ўғил Рустам Жапаров тадбиркорлик ва инвесторларни жалб қилиш фаолияти билан шуғулланади, унинг номи ўтган йилларда йирик давлат қурилиш лойиҳалари билан боғлиқ журналистик суриштирувларда тилга олинган. Учинчи ўғил Нурдўўлўт Жапаров эса мамлакатда янги ташкил этилган "Берекет банк" асосчиларидан бири сифатида эътироф этилган. Жанайим Жапарова — оиладаги ягона қиз.
Президент бу ҳолатларга муносабат билдириб, фарзандлари давлат ишларида иштирок этмаётганини бир неча бор таъкидлаган.
Айгул Жапарова эса Қирғизистоннинг биринчи хоними сифатида ижтимоий ва хайрия тадбирларида мунтазам қатнашиб келади. Президент оиласи аъзоларининг жамоатчилик ҳаётидаги бундай иштироки илгари ҳам муҳокамаларга сабаб бўлган.
Ижтимоий тармоқлардаги баҳслар
Жанайим Жапарова иштирокидаги видеолар тарқалганидан кейин ижтимоий тармоқлардаги баҳслар нафақат президент оиласи, балки жамиятдаги умумий сиёсий муҳит ҳақидаги муҳокамаларни ҳам кучайтирди.
Қирғизистонлик адвокат ва сиёсий социология тадқиқотчиси Канат Хасанов бу воқеага ўзининг Facebook саҳифасида муносабат билдириб, уни энг кўп ҳайратлантирган жиҳат совғалар ёки тадбирнинг ўзи эмас, балки жамоатчиликнинг бир қисми томонидан кичик қизга нисбатан билдирилган кескин муносабат бўлганини таъкидлади.
"Мени катта ёшли инсонларнинг кичик қизга нисбатан тўккан нафрати, ғазаби ва заҳарли сўзларининг кўлами ҳайратга солди. Шундан кейин жамиятимиздаги муаммолар ташқи томондан кўринганидан анча чуқурроқ экан, деган хулосага келдим. Сиёсий социология тадқиқотчиси сифатида жамият аста-секин турли сабабларга кўра бир-биридан нафратланишга тайёр гуруҳларга бўлиниб бораётганини тобора кўпроқ кузатяпман", — деб ёзди Хасанов.
Эксперт жамиятда танқид ва сиёсий баҳслар табиий ҳол эканини, бироқ болаларнинг сиёсий тортишувлар марказига тушиб қолиши ижтимоий муносабатлар соғломлиги ҳақида ўйлашга ундашини қайд этди. Унинг фикрича, болалар ҳар қандай сиёсий тортишувлардан ташқарида қолиши керак.
End of Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг:
Бироқ пост остида бошқа нуқтаи назарлар ҳам билдирилди. Жумладан, фойдаланувчи Жази Мураталиева муҳокамаларнинг марказида президентнинг қизи ёки тарқатилган совғалар эмас, балки ҳокимиятга бўлган ишонч масаласи турганини таъкидлади.
"Гап қизда ҳам эмас, совғаларда ҳам эмас. Бу ерда гап халқнинг ҳокимиятга бўлган ишончи ҳақида кетяпти. Чунки халқ президентнинг ҳар бир сўзи ва ҳаракатини кузатиб турибди. Айтган гапи билан қилган иши мос келяптими, деган саволни беради. Агар сўз билан амал бир-бирига тўғри келмаса, жамиятнинг реакцияси ҳам шундай бўлади", — деб ёзган у.
Шу тариқа, мазкур воқеа Қирғизистон жамиятида нафақат президент оиласи аъзоларининг жамоатчилик олдидаги иштироки, балки давлат раҳбарларига бўлган ишонч, очиқлик ва жамоатчилик назорати каби масалалар бўйича ҳам кенг муҳокамаларни келтириб чиқарди.
Жанайим Жапарова атрофидаги баҳслар Марказий Осиёда давлат раҳбарлари оила аъзоларининг жамоатчилик ва сиёсий ҳаётдаги роли доимо катта қизиқиш уйғотиб келишини яна бир бор кўрсатади.
Минтақанинг деярли барча давлатларида президентларнинг оиласи ва яқин қариндошлари давлат бошқаруви ёки сиёсий институтларда фаол иштирок этаётган бўлса, бошқаларида эса уларнинг таъсири ва фаолияти жамоатчилик муҳокамаларига сабаб бўлиб келади. Шу боис президентлар оиласи билан боғлиқ ҳатто оддий ижтимоий ёки хайрия тадбирлари ҳам кўпинча сиёсий маъно касб этиб, ҳокимиятга ишонч, оилавий таъсир ва сиёсий ворислик ҳақидаги кенгроқ баҳсларни юзага чиқаради.





























