Эксклюзив: Мирзиёев танқид қилган Элла Острогожская ҳозир қаерда?

Би-би-си суҳбатлашган Элла Острогожскаяга яқин манбалар унинг ҳозирда Тошкентда, икки хонали уйда истиқомат қилишини айтишди.
Острогожскаянинг собиқ ҳамкасбларидан бирига кўра, у турмушидан ажрашган ва бир қизи Москвада, отасининг ёрдамида таҳсил олиш билан банд.
У Москвада ижара уйда яшайди.
Президент Шавкат Мирзиёев 22 декабрь кунги нутқида "ноинсоф Острогорский" ҳақида сўз юритган ва "ҳозирга қадар ҳисоботлардан Острогорскийнинг ҳиди келиб тургани"ни айтганди.
Шу куннинг ўзида маҳаллий нашрлар Президент айтган "Острогорский-Мастрогорский-Састрагорский-Гастрогорский" деб атаган шахснинг 2016 йилда ишдан бўшатилган Молия вазирлиги Давлат бюджети бош бошқармасининг собиқ бошлиғи, "Шуҳрат ордени" мукофоти совриндори Элла Острогожская экани ҳақида ёзган.
Президентнинг нутқи ортидан ""Острогорский" исми 22 декабрь куни интернетда энг кўп изланган исм бўлган.
'Айб'сиз айбдoр
Давлат хабар агентлиги ЎзА 27 декабр куни чоп этган мақолада Острогожская "давлат бюджетига катта зарар етказгани" даъво қилинган, аммо ҳеч қандай далил келтирилмаган.
Ҳозирга қадар Острогожскаянинг расман бирон жиноий ҳаракатда гумон қилинаётгани маълум эмас.
Аммо айни пайтда у матбуотнинг диққат-эътиборида қолмоқда.
Элла Острогожская ҳақида расмий матбуотда эълон қилинган мақолаларда унинг ҳозирда қаердалиги ва нима билан машғул экани ҳақида маълумот йўқ.

Сурат манбаси, official
Острогожская ва унинг эски бошлиғи, собиқ Молия вазири Рустам Азимовга нисбатан матбуотда мамлакат иқтисодиётига доир расмий рақамларни сохталаштириш ҳақидаги айблар янграган, аммо бирон текширув ёки жиноий иш очилгани ҳақида маълумот йўқ.
Айни пайтда молия вазирлиги тизимида ишдан бўшатилган 500 дан ортиқ мутахассислар ўрнига янги одамларни олиш бошланган.
Янги номзодларнинг аксари Ёшлар иттифоқи томонидан тавсия этилгани айтилмоқда.
Айрим таҳлилчилар ижтимоий тармоқларда янги ишга олинаётган кадрларнинг касбий малакаси ва салоҳиятини савол остига олишган.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002






























