Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 07 Апрел, 2008 - Published 14:48 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Автомобил бошқариш маданияти ўзбекларга нақадар хос....

ЙПХ ходими
Ўзбекистонда Йўл Патрул хизмати ходимлари сони кўплиги бахтсиз ҳодисалар сонини камайтирмайди
Ўзбекистонда йўлларни тўлдириб "чинқириб" чопаётган автоуловлар сони йилдан-йилга кўпайиб, кўчаларда тирбандлик оддий ҳол бўлиб қолар экан, бу тирбандликка янада шиддатли тус берувчи бир қадар тартибсизлик, яъни автомобил бошқариш маданиятининг етишмаслиги ҳайдовчилару пиёдаларга жиддий муаммо туғдирмоқда.

Йўл патрул хизмати (ЙПХ) ходими йўқ чорраҳаларда қизил чироққа тўхтамаслик, пиёдаларга йўл бериш тугул, улар ўтадиган йўлни тўсиб туриш, таъқиқланган жойларда бурилиш ва тўхташ, қувиб ўтиш қоидаларига умуман амал қилмаслик, икки басавлат ҳайдовчининг йўл ўртасида тўхтаб ҳангомалашиши бугун деярли ҳар қадамда учрайдиган ҳолатдир. Албатта, президент трассаси ва айрим марказий кўчалар бундан мустасно.

Мамлакат пойтахтида автомобиллар оқимини равонлаштириш учун қурилган ўнлаб кўприклар, кенгайтирилган магистрал йўллар ва ўтган йилдан буён қабул қилинган янги қонунлар ўзбек ҳайдовчиларини автомобил бошқариш маданиятига ҳали тўла-тўкис ўргата олмаган кўринади.

Расмий маълумотларга кўра, ўтган йили Ўзбекистон автомобил йўлларида 2300 нафар киши ҳалок бўлган ва 12 минг нафардан зиёди жароҳатланган. Жуда кўплаб майда тўқнашувлар эса одатда рўйхатга олишгача бориб етмайди.

"Мен яқин 10 йилдан бери марказий кўчалардан бирида ҳар куни ўз машинамда ишга қатнайман. Лекин бугунга келиб эрталаб кўчага чиқиб кетиб, кечқурун машинанинг бир жойини тирнамасдан қайтиб келиш мен учун энг катта иш бўлиб қолди," дейди автоҳаваскорлардан бири.

Автомобиллар сони кўпайиши иккинчи ва учинчи даражали йўлларда ҳам тирбандликни кучайтирган.

"Бизнинг кўчамиз атиги 3-4 йўл олдин бехавотир йўллардан бири эди. Ҳозир бу йўлдан невараларимни мактабга олиб ўтиш энг катта муаммо," дейди ёши 60 дан ўтган аёл. "Ҳаммаси машинасини учириб ҳайдайди, йўл тополмай қолса, пиёдалар йўлагидан ҳам ҳайдаб кетаверади. Ўшалардан биттаси икки ой аввал мени туртиб кетиб, оёғимни синдирганди," дейди у.

Албатта, ҳукумат йўллардаги хавфсизликни таъминлаш учун аллақачон жиддий қайғуришга тушган. 2007 йилнинг ёзидан бошлаб хафсизлик камарини тақиш мажбурий этилди, автомобил бошқариш пайти қўл телефонидан фойдаланиш, машинанинг олд қисмига видеомониторлар қўйиш тақиқланди. Яқинда парламент ҳайдовчининг масъулиятини мажбурий кафолатлаш ҳақида қонун тайёрлади.

Лекин аксар қонунлар каби бу янги қоидалар ҳам қоғозда қолиб кетаётгандек. Хавфсизлик камари ҳақидаги қонун чиққандан сўнг бу янгиликка нари борса уч ой амал қилинди, холос. Бугун Тошкент кўчаларидаги ҳайдовчиларнинг 3 ёки 4 фоизи камар тақиши мумкин, вилоятларда эса хавфсизлик камари деярли тақилмайди.

ЙПХ маълумотига кўра, йил бошидан буён пойтахтнинг ўзида 266 мингдан зиёд ҳайдовчи хавфсизлик камарини тақмаганлиги учун жарима тўлаган. Айрим кузатувчиларнинг фикрича, бу хил қоидабузарликка белгиланган жариманинг озлиги (1,5 доллар атрофида) туфайли унга ҳеч ким риоя этмайди.

"Хавфсизлик камарини тақмаганлик учун жарима олиш ўта мушкул. Аксар ҳайдовчилар бошқаларни рўкач қилиб жарима тўлашдан бош тортиб туриб олади. Нега мени тўхтатдинг, нега буни тўхтатмайсан, дея тортишади. Бизда ҳам асаб бор, баъзан қўл силтаб ташлайсан," дейди ЙПХ ходими хавфсизлик камарини тақмай келаётган ҳайдовчиларга ишора қилиб.

Баъзи бир ҳайдовчилар эса камар тақиб юргандан кўра жарима тўлашни афзал кўрар экан. Муҳими ўзининг қайсидир маънода "ижтимоий мавқеини" сақлаб қолиш, содда айтганда "гўл" эмаслигини кўрсатиш экан.

"Хавфсизлик камари ўзимизнинг саломатлигимиз учун зарур эканини тушунаман. Лекин уни тақиб олсам, кўчада ҳамманинг ичида ола ҳаккага ўхшаб ажраб қолаётганга ўхшайман, чунки бошқалар тақмаган-ку", дейди бир ёш ҳайдовчи.

Баъзи кузатувчилар Ўзбекистонда автомобил бошқариш маданиятининг камлиги ва йўл қоидаларига беписандликни ўзбекларнинг менталитети билан ҳам боғлашга ҳаракат қилади.

"Агар бугун йўлларни кузатсангиз, кўплаб ҳайдовчилар ўз ижтимоий мавқеини нафақат автомобил русуми ва безаги билан, балки бу автомобилни бошқариш усули билан ҳам урғулашга ҳаракат қилишади. Қолганлар эса қовун қовундан ранг олади, қабилида иш тутади," дейди у.

Яқинда Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизмати томонидан тайёрланган қисқа бир кўрсатув Ўзбекистоннинг асосий телеканалларида қайта-қайта намойиш этилди. Узуқ-юлуқ тайёрланган бу кўрсатув йўлларда "ўзи хон, кўланкаси майдон" қабилида юрадиган, ЙПХ ходимларини ҳам назар писанд қилмайдиган ҳайдовчиларнинг айримларини мисол тариқасида кўрсатди.

Бундай кескин танқид илк марта намойиш этилиши кутилмаган ҳол албатта, лекин бунга миллий хавфсизлик хизмати ҳам аралашгани бу "қисқа кўрсатув" осонликча юзага келмаганидан дарак берса ажаб эмас.

Ўзбекистонда милиция ходимлари, жумладан ЙПХ ходимлари сони бошқа мамлакатларга нисбатан бир неча баробар кўп эканини кўпчилик урғулайди. Агар шу қадар кўп сонли милиция ходимлари билан йўл қоидаларига амал қилишни таъминлаш шу қадар қийин бўлса, яна 3-4 йилдан кейинги аҳвол қандай бўлиши мумкин. Чунки, автомобил ҳайдовчилар сони кун сайин кўпайиб бормоқда.

Масалага танқидий қаровчи бир кузатувчининг айтишича, аҳвол шу тахлитда давом этса, бир неча йилдан кейин йўллардаги вазият қўпол қилиб айтганда болаларнинг "эшак минди" ўйинига ўхшаб кетиши мумкин экан.

Бошқа бир ҳамсуҳбат эса бундай фикрни рад этади. "Бугун йўллардаги тиғиз ҳаракатнинг ўзи кўплаб ҳайдовчиларни тобора ҳушёрликка чорлаб, йўл қоидасига амал қилишга мажбур қиляпти. Чунки қоидадан четга чиқса кўнгилсизликка учрайди" дейди у.

Лекин бозорлар ва бекатлар атрофидаги киракашлар бетартиблиги ҳамда йўл бўйидаги емакхоналар ва тўйхоналар атрофидаги автомобиллар талотўпини кузатган киши охирги ҳамсуҳбатнинг фикрига шубҳа билдирса ажаб эмас.

Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
Москвадаги меҳнат муҳожирлариВВС Гаштак
Гастарбайтерлар мамлакат фахрими ёки?..
Хонобод базасидаги АҚШ учоғиВВС Гаштак
Ўз афсоналаримиз: динозавр тухумидан Америка қадар
Тошкентдаги "Эски Жўва" бозориBBC Гаштак
Тошкент бозорида қоғоздаги гўштни қидириб
Сэм тоғаBBC Гаштак
'Британиядан кўринган яна бир қора доғ'
Тошкентдаги "Эски Жўва" бозориBBC Гаштак
'Дарс ўтилди деб журнал тўлдиринглар, барака топгурлар!'
Тошкентдаги "Эски Жўва" бозориBBC Гаштак
'Отим ориқ, манзил йироқ...' ёки нарху наво ҳақида ўйлар
Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy