|
Салом мактаб, хайр дарслар! | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Бу сўзлар бир пайтлар ўқувчи бўлган ҳар бир кишининг қулоғида ёқимли жаранглагани табиий. Ўзбекистон мустақилликка эришиб, биринчи сентябр байрам куни дея эълон қилингач, биринчи ўқиш куни иккинчи сентябрга кўчди. Лекин ҳали ҳам мактабни соғинган болалар “биринчи сентябрни” мактаб бошланиши сифатида соғинади. Ўзбекистонда бу йил давлат миқёсида кетма-кет нишонланган юбилейлар ва эндиликда фақат “энг улуғ ва энг азиз” деган сўзлар ила айтилувчи мустақиллик байрами ҳам улкан дабдабалар билан нишонлангач, ниҳоят бу ҳафта мактаб даври бошланди. Мустақиллик байрами олдидан Ўзбекистоннинг 16 йил ичида эришган ютуқлари кунма-кун матбуот ва телевизорда санаб ўтилди. Лекин баъзи кузатувчилар ўтган 16 йил ичида янги мактаб ва коллеж бинолари қурилган бўлса-да, ўқувчиларга билим бериш савияси ҳақида бу қадар баландпарвоз сўзлар топиш қийинлигини айтишади. Улардан бири оддий мисол тариқасида биринчи ўқиш кунидаги шаҳар ва қишлоқ кўчаларидаги манзарага диққат қаратади. “Мана бугун душанба, биринчи ўқиш куни. Ҳозир соат 10.30. Мактабларда иккинчи соат дарси кетаётган бўлиши керак, лекин сиз кўчага қаранг, бекатларга қаранг”, дейди ёши элликларга борган киши. Кўча ва бекатлар гуруҳ- гуруҳ бўлиб турган оқ кўйлакдаги болаларга тўла. Ҳаммаси мактабдан қайтиб келишяпти. “Мустақиллик дарси ва ёзги таассуротларни ўтдик, кейин ҳаммага жавоб бўлди, уйга кетаяпман,” дейди 14 ёшли ўқувчи мактабдан эрта қайтгани боисини тушунтириб. Унинг айтишича, кўплаб ўқувчилар уйига, кўплари уч ойлик танаффусдан кейин синфдошлари билан учрашувни нишонлаш учун гамбургер ейишга ёки боғларни сайр қилишга кетишяпти. “Ўша биз ўқиган даврдаги мактаб ҳаёти, биринчи ўқиш кунига ҳаяжонли тайёргарлик, ҳашарлар, туғилган кунлар, синфдошлар билан саёҳатга чиқиш, барчаси сақланиб қолган, фақат афсуски, бу рўйхатда тўлақонли дарс ўтиш йўқ, холос,” дейди бояги киши. Тошкентнинг марказий туманларидан бирида яшовчи бошқа бир киши қизи бу йил саккизинчи синфга ўтганини айтар экан, яқин йилларда қизининг мактабда икки, кўпи билан уч соатдан ошиқ дарс ўтганини эслай олмаслигини айтади. “Тўғри, қизим баъзан бизни ҳайратга солиб соат иккида ҳам мактабдан қайтган, лекин кейин сабабини билсак, комиссия келгани учун уларни синфда ушлаб туришган экан холос,” дейди у. Унинг айтишича, қизининг мактабда ҳеч қурса ўрта ҳол билим олишига кўзи етмайди. Шу сабаб бунга қўл силтаб қўя қолган. Кейинчалик қизимни ўқитмоқчи бўлсам зарур фанлар бўйича репетитор ёллашдан бошқа иложим йўқ, ҳамма ота-оналар шундоқ қилишаяпти, мактабдан эса гувоҳнома керак холос, дер экан у яна қўшимча қилади: “Ҳозир энг машъум кунлар дея таърифланадиган ўша Шўро пайтлари биринчи сентябр куни аввал Ленин дарси бўлиб, сўнг қолган дарслар тўлиқ ўтиларди. Бугун қизимнинг айтишича, уларда ҳатто дарслар жадвали ҳали ҳам тузилмаган экан." Тошкентда яхши билим берадиган мактаблар ўта саноқли, лекин бу мактабларга фарзандингиз қатнаши учун ёки амалдор ёки пулингиз ўта кўп бўлиши керак, дейди айрим кузатувчилар. Пойтахт мактабларига нисбатан қишлоқ мактабларида дарслар тўлароқ ўтилади. Сабаби қишлоқ жойларда фақат ўқитувчилар ва нафақахўрларгина ойда бўлмасада, ҳар икки ойда бир давлатдан қўлига нақд пул олади. Қолаверса, ўқитувчининг ўртача 70 минг сўм ойлиги қишлоқ шароити учун бир нави. Лекин ўқитувчи бу маошни олиш учун қандай синовларга дош бериши керак. “Уч йил аввал мени мажбуран мактаб директорлигига тайинлашган, чунки пахта хархашаси туфайли ҳеч ким бу лавозимга кўнмаганди,” дейди қишлоқ ўқитувчиларидан бири. “Ҳозир додимни кимга айтишни билмай юрибман. Август бошида вилоят маориф бўлимидан икки киши келиб (ўғлим тенги болалар), зудлик билан ўқитувчилардан иборат 20 кишилик гуруҳ тузиб, ғўза чилпишга жўнатишимни, йўқса аҳволимга маймунлар йиғлашини айтди,” дейди у хўрсиниб. Ўқитувчиларни уйидан йиғиб чиқиш, беш олти чақирим наридаги фермерлар даласига олиб бориш, қўйингки, барча ташвиш директорнинг бўйнида экан. Ҳоким эса далада қанча ўқитувчи ғўза чилпиётганини шахсан назорат қилар экан. Унинг айтишича, фермерлар бу иш учун ҳақ тўлаш тугул ҳатто бир пиёла чой ҳам бермас экан. “Мана энди сентябр, пахта машаққати, ўқувчиларни далага олиб чиқиш керак. Ўқитувчининг қулдан фарқи қолмади. Шундай экан, ўқувчиларга билим бериш кимнинг хаёлига келади,” дейди у афсусланиб. Бир коллеж ўқитувчисининг каминага айтган сўзлари бу шароитни янада яққолроқ ифодалайди: “Бир куни коллеж директори биздан қаттиқ хафа бўлди. Ўқувчиларга умуман дарс бермасликларингни жуда яхши биламан, ҳеч бўлмаса шу шу дарслар ўтилди деб журнални тўлдириб қўйинглар, барака топкурлар дея роса жиғибийрон бўлди директоримиз”. |
ИЧКИ САҲИФАЛАР Байрам қувончлари ва ташвишлари20 Март, 2007 | Bosh Sahifa 'Биз нечун севамиз' Владимир Путинни? 13 Март, 2007 | Bosh Sahifa Қайта мутолаа ёки Қаҳҳор домланинг 'анорлари'04 Феврал, 2007 | Bosh Sahifa BBC Гаштакда Бунёд Бек блоги06 Декабр, 2006 | Bosh Sahifa 'Алло, мен рулдаман!' ёки яна 'салла деса калла' қабилида бўлдими?19 Январь, 2007 | Bosh Sahifa Олисдаги олов тафти ёки байрамдан байрамгача13 Ноябр, 2006 | Bosh Sahifa Ўз уйингни ўзинг асра, мактабингни ҳам!23 Октябр, 2006 | Bosh Sahifa 'Биздан қайтмаса Худодан қайтсин...'11 Октябр, 2006 | Bosh Sahifa | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||