Хитой ва Россияни аслида нима бирлаштириб туради?

- Author, Анкур Шаҳ
- Role, BBC
- Published
- Ўқилиш вақти: 8 дақ
Ўтган йилнинг сентябрь ойида Пекиндаги Тянанмен майдонида сайр қилар экан, Хитой раиси Си Цзинпин ва Россия президенти Владимир Путин орган трансплантацияси инсон умрини сезиларли узайтириши мумкинлиги ҳақида гаплашаётгандек эди.
"Инсон аъзоларини узлуксиз кўчириб ўтказиш мумкин. Қанча узоқ яшасангиз, шунча ёшарасиз ва ҳатто умрбоқийликка эришасиз", дегани эшитилди Путин таржимони.
"Баъзилар бу асрда одамлар 150 ёшгача яшаши мумкинлигини башорат қилмоқда", дея жавоб қайтарди Си таржимони.

Сурат манбаси, Kremlin Press Office/Anadolu via Getty Images)
Бу бир-бирини энг яқин дўст деб биладиган ва умумий 39 йиллик ҳукмронликдан сўнг ҳам ҳокимиятдан кетиш ниятини кўрсатмаётган икки қудратли етакчи учун ўринли суҳбат эди.
Бу анча нотўғри тушуниб келинадиган ҳамкорлик моҳияти ҳақида камёб тасаввур берадиган ҳолат эди. Ушбу суҳбат парчаси ўта махфий муносабатларнинг саноқли кўринишларидан биридир.
Путин шу ҳафтада Пекинга боради. Бу ташриф Россия ва Хитой ўртасидаги Яхши қўшничилик ва дўстона ҳамкорлик тўғрисидаги шартноманинг 25 йиллигига тўғри келади.
Ўтган ҳафта АҚШ президенти Доналд Трамп Хитойга ташриф буюрганида, уни тилла идишларда тортилган дабдабали зиёфатлар ва қадимий ибодатхонага ташриф билан кутиб олишган эди. Путиннинг ташрифи эса анча камтарона бўлаётган кўринади, чунки олдиндан тайинли маълумот берилмади.

Сурат манбаси, EPA-EFE/REX/Shutterstock
Кремл матбуот котиби айтишича, улар Трамп-Си учрашуви ҳақида биринчи манбадан маълумот эшитишга умид қилмоқда.
Хабарларга кўра, ўтган ҳафта икки раҳбар одатда хорижий меҳмонлар учун ёпиқ бўладиган Чжуннанҳай боғида сайр қилаётганида, Си Трампга дўсти Путиннинг номини тилга олиб, Путин Пекиннинг бу сиёсий масканига аввал ҳам келгани ҳақида гапирди.
Вашингтондаги айримлар Трамп Пекинни Москвадан узоқлаштира олади деб умид қилган бўлса-да, бу умидлар хомхаёлдек кўринади.
Сўнгги йилларда Хитой ва Россия ўзаро алоқаларини "чегарасиз дўстлик" дея таърифлаб келади. Хўш, бунинг замирида нима ётибди ва бу "муҳаббат қиссаси" қанчага чўзилади?
Шартни Хитой қўядими?
"Муносабатлар ўта номутаносиб ва икки давлат ўртасида тузиладиган ҳар қандай битим, катта эҳтимол билан, Хитой шартлари асосида бўлади", дейди Карнеги номидаги Россия ва Евроосиё маркази директори Александр Габуев. Унинг таъкидлашича, "Россия тўлиқ Хитойнинг измида ва шартларни Пекин қўяди".
Бу ҳолат кўплаб соҳаларда, хусусан, иқтисодиётда ҳам яққол кузатилади. Хитой Россиянинг энг йирик савдо шериги бўлса, Россия Хитой халқаро савдосининг атиги 4 фоизини ташкил этади. Хитой Россияга бошқа ҳар қандай мамлакатдан кўпроқ маҳсулот экспорт қилади ва унинг иқтисодиёти Россияникидан анча йирикроқ.
Ғарбнинг кўп йиллик санкциялари Москвани Пекин билан савдо алоқаларини янада чуқурлаштиришга мажбур қилди. АҚШ санкцияларига учраган ва Британия ҳукумати текширувидан сўнг Буюк Британиянинг 5G тармоқларидан сиқиб чиқарилган технология гиганти Huawei Ғарб компаниялари йўқлигидан фойдаланиб, Россия телекоммуникация соҳасининг асосий таянчига айланди.
Ғарб билан алоқалари тобора узилиб бораётган бир пайтда, Хитой технологик, илмий ёки саноат соҳасидаги тажриба учун биринчи мурожаат қилинадиган манзилга айланди.
Rossiyaning 2022 yilda Ukrainaga keng ko‘lamli bosqinidan so‘ng, Moskva o‘z harbiy mashinasi uchun Xitoy ehtiyot qismlariga yanada qaram bo‘lib qoldi.
Россиянинг 2022 йилда Украинага кенг кўламли босқинидан сўнг, Москва ўз ҳарбий машинаси учун Хитой бутловчи қисмларига янада қарам бўлиб қолди. Bloomberg яқинда эълон қилган ҳисоботида Россия санкциядаги технологияларнинг 90 фоиздан ортиғини Хитойдан импорт қилаётгани, бу ўтган йилга нисбатан 10 фоизга кўп экани айтилади.
Россия бу номутаносиблик хавфини жуда яхши англайди. Россия Халқаро муносабатлар кенгаши таҳлил маркази президенти Дмитрий Трениннинг яқинда чоп этилган "Биз ҳеч кимга бош эгмаймиз" сарлавҳали шарҳида Россиянинг вассал давлат бўлишни истамаслиги аниқ баён қилинган.
Хитой ҳақида гапирар экан, у шундай дейди: "[Биз учун] муносабатларда тенг ҳуқуқлиликни сақлаш ва Россия кичик ҳамкор бўла олмайдиган буюк давлат эканини ёдда тутиш мутлақо зарур".
Москванинг Пекинга муқобил бошқа танловлари деярли йўқ, чунки бу харидор Россиянинг жон сақлаши учун зарур бўлган талаб ва бозорни таклиф қилади. Агар Хитой Ғарб билан муносабатлар бузилганини ҳисобга олиб, Россия билан савдо ҳажмини камайтирса, бу Россиянинг ташқи сиёсий мақсадларига эришишини сезиларли қийинлаштиради.
Бироқ Москванинг энг катта устунлиги ва Пекиннинг тазйиқларига қарши қалқони – ўз позициясида мустаҳкам тура олиш қобилиятидир.

Сурат манбаси, AFP via Getty Images
Глазго университети хавфсизлик тадқиқотлари ўқитувчиси Марцин Качмарскининг айтишича, Хитой бу асимметрия қанчалик катталигини билади ва Россия ичида ёки унинг элитаси орасида бирор норозилик келтириб чиқаришни истамайди.
"Менимча, Хитойнинг Россияга нисбатан сиёсатини бир сўз билан «ўзини тийиш» деб ифодалаш мумкин, – дейди у. – Хитой Россияга тазйиқ ўтказмаяпти".
Бунинг сабабларидан бири шуки, бундай қилиш ақлсизлик бўларди – Россия кичик ҳамкор бўлиши мумкин, лекин айни пайтда у мағрур ҳам.
Карнеги марказидан Габуевнинг айтишича, агар Хитой Россияни нимагадир мажбурламоқчи бўлган тақдирда ҳам, Россия "бунга дарҳол кўнадиган давлатлардан эмас".
У Си Цзинпиннинг 2023 йилда Москвага сафарини мисол келтиради. Ўшанда Хитой президенти Путинни Украинада ядро қуролидан фойдаланмасликка ундагани хабар қилинган эди. Орадан бир неча кун ўтгач, Россия томони Беларусда ядро қуролини жойлаштиришини эълон қилди. Баъзилар бу қадамни Москва ташқи босимга атай қаршилик кўрсатаётгани ва дунёга ўз мустақиллигини эслатиб қўяётгани сифатида баҳолади.
Россиянинг Украинадаги уруши уни кўп жиҳатдан заифлаштириши мумкин, аммо Тайванга эҳтимолий босқин вариантларини кўриб чиқаётган Пекин учун бу айни пайтда бир устунлик ҳамдир. "Россияда ҳамон сотиши мумкин бўлган баъзи ҳарбий технологиялар бор ва айрим Хитой ускуналари ёки компонентларини синовдан ўтказишда кўп нарса таклиф қила олади", дейди Габуев.

Сурат манбаси, Bloomberg via Getty Images
Шунингдек, Россия Хитой учун стратегик аҳамиятли улкан энергия захираларига эга. Май ойидаги матбуот анжуманида Путин икки томон "нефть-газ соҳасидаги ҳамкорликда олдинга жуда муҳим қадам ташлаш" арафасида турганини айтган эди.
У кўп йиллик тўхтаб қолган музокаралардан сўнг Россиянинг газ гиганти "Газпром" ва Хитой Миллий нефть корпорацияси дастлабки келишувни имзолагани айтилаётган "Сибир қудрати – 2" қувурини назарда тутган бўлиши мумкин.
Агар қурилса, бу қувур Мўғулистон орқали Хитойга йилига 50 миллиард куб метр Россия газини етказиб бериб, вазиятни бутунлай ўзгартириб юборади.
Ҳўрмуз бўғозидаги инқироз давом этар экан, Хитойнинг Россия энергиясига тиккан гарови ўз самарасини бераётган кўринади. Бу ерда гап фақат нархларда эмас, балки тобора беқарорлашиб бораётган дунёда Хитойнинг ички энергетика хавфсизлиги келажагини кафолатлаш ҳақида кетмоқда.
Иттифоқчи эмас, ҳамкор
Хитой ва Россия йўллари айрилаётгандек туюлган ҳар бир ҳолатда уларнинг муносабатлари замиридаги оддий ҳақиқат намоён бўлади: ҳеч бир давлат иккинчисига эргашишга мажбур эмас, чунки бу расмий иттифоқ эмас.
Австралиянинг Москвадаги элчихонаси миссияси раҳбарининг собиқ ўринбосари Бобо Лонинг айтишича, ҳамкорликни ҳарбий иттифоқнинг қатъийлиги эмас, балки айнан мана шу стратегик эгилувчанлик бардошли қилади.
"Бу иттифоқ эмас, балки эгилувчан стратегик ҳамкорликдир", дейди у. Бу ҳамкорлик парчаланиши ҳақида қайта-қайта башорат қилинганига қарамай, сақланиб қолди.
Ғарб таҳлилчилари Хитой-Россия ҳамкорлигини икки хил тасвирлаб келган: ё асосан Ғарбни енгиш истаги билан бирлашган "авторитаризм ўқи", ё доимий парчаланиш хавфи остида турган мўрт биродарлик.
Бу икки таърифнинг ҳеч бири номутаносиблик ва тафовутларга қарамай, ҳаётий муҳим манфаатларга эга бўлган икки давлат ўртасидаги муносабатлар қандай қилиб ажралмас ва ўрнини босиш тобора қийинлашиб бораётган алоқага айланганини тўлиқ очиб бера олмайди.
Ло Ғарб билан муносабатлари яхшиланган тақдирда ҳам, икки давлатнинг келишиб яшаши учун сабаблар етарли, дейди.

Сурат манбаси, Bloomberg via Getty Images
Энг асосий сабаб – илгари беқарорлик чегараси бўлган 4300 километрлик умумий чегарадир. Шунингдек, уларнинг бир-бирини тўлдирувчи иқтисодиётлари ҳам бор: Россия нефть, газ ва бошқа хомашёларнинг йирик экспортчиси, Хитойнинг саноат иқтисодиёти эса улар учун улкан бозор. Уларнинг АҚШ бошчилигидаги дунё тартиботига биргаликда қарши эканини ҳам эътибордан четда қолдириб бўлмайди.
Инсон ҳуқуқлари каби турли қадриятлар бузилгани сабабли санкция қўллайдиган ва жазолайдиган Ғарб давлатларидан фарқли ўлароқ, Россия ва Хитой бир-бирининг ҳаракатларини муҳокама қилмайди. Хитойнинг Шинжон ҳудудида инсон ҳуқуқлари кенг миқёсда поймол этилаётгани ҳақидаги такрорий айбловлар (Хитой буни рад этади) ва Россия мухолифати етакчиси Алексей Навалнийнинг ўлими баъзи Ғарб давлатларини бу мамлакатлар билан ҳамкорлик қилиш борасида янада эҳтиёткор бўлишга ундади, бироқ Москва ва Пекин бу каби масалаларга кўз юмади.
"Улар Шинжон, Навалнийнинг заҳарланиши ва шу каби масалаларда бир-бирини танқид қилмайди, – дейди Габуев. – Улар БМТда ҳам кўплаб масалаларда якдил... бу эса ўзаро манфаатли табиий муносабатни вужудга келтиради".

Сурат манбаси, Getty Images
Шунингдек, мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни яхшилашнинг узоқ анъанаси бор, дея қўшимча қилади у. "Прагматикроқ муносабатларга бўлган бу мойиллик... Андропов, Черненко, Горбачёв, Елцин давридаги совет тизимига бориб тақалади, – дейди у. – Менимча, хитойликлар ҳам шу йўлдан борган".
Бу романтик муносабатлар давом этадими, деган саволга исмини ошкор қилмасликни сўраган хитойлик таҳлилчи ҳар икки давлат Хитой-Россия муносабатларини ажралмас жуфтлик сифатида оммага тақдим этиши қисман намойишкорона эканини, бирлик ва барқарорликни кўрсатишга қаратилганини тан олди.
Аслида, бу манфаатлардаги вақти-вақти билан юзага келадиган тафовутларни бартараф этиш учун қулай сиёсий воситадир. Гарчи ҳар икки ҳукумат ўзлари "Ғарб гегемонлиги" деб билган нарсага қарши бўлса-да, уларнинг бу борадаги ёндашувлари фарқланиши мумкин. Таҳлилчи фикрича, Россия АҚШни бутунлай четлаб ўтадиган дунё тартибини қуришни истайди, бироқ Хитой анча эҳтиёткор ва прагматиклигича қолмоқда. Пекин кўпинча шошма-шошарлик билан қарор қабул қилишдан қочади ва узоқ муддатли натижаларни таъминлаш учун сабр-тоқат ҳамда босқичма-босқич ютуқларга эришишни афзал кўради, деб ҳисобланади.
Улар АҚШнинг Эрондаги ҳаракатларига Хитойнинг муносабатига ишора қилиб, Пекин ўзини вазмин тутганини ва Трампнинг ташрифига тайёргарликни бекор қилмаганини айтди. "Бу Пекиннинг провокацияга йўл қўймаслик ва эшикларни ёпмасликка тайёрлигини яққол кўрсатади", дея қўшимча қилади улар. Уларнинг таъкидлашича, Хитой ҳамон Вашингтон билан алоқа каналларини очиқ сақлашни ва кераксиз иғволардан қочишни истайди – бу Россиянинг ёндашувидан тубдан фарқ қилади.
Инсоний омил
Бу ҳамкорликка кўпинча геосиёсат ва хавфсизлик нуқтаи назаридан қаралади, бироқ яна бир муҳим омил – икки жамият халқлари ўртасидаги алоқаларнинг не чоғли чуқурлигидир.
Энг юқоридан бошлаб, Путин ва Си ўзаро бемисл дўстликни кўрсатишга ҳаракат қилиб келади. Бу Путиннинг Хитойга 25-сафаридир ва россиялик бюрократлар бошқа мамлакатлар расмийларига қараганда хитойлик ҳамкасблари билан кўпроқ мулоқотда бўлиши эҳтимоли юқори.
Энг юқори сиёсий даражадаги бу қалин дўстликка қарамай, Британиянинг Хитойдаги собиқ дипломати Чарлз Партон оддий хитойликлар ва руслар ўртасидаги табиий маданий яқинликка ишончсизлик билан қарайди.
"Хитойликлар Москвада ўқишни, шу ерда яшаб қолишни ва квартира сотиб олишни хоҳлайдими? Йўқ." Унинг фикрича, агар танлов имкони берилса, россияликлар Ғарбга сармоя киритишни ва, айтайлик, Пекиндан кўра Париж, Лондон ёки Кипрда квартира сотиб олишни афзал кўради.
End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:
Бунга ҳамма ҳам қўшилавермайди. Габуевнинг таъкидлашича, одамлар ўртасидаги ўзаро алоқалар жадал ривожланмоқда ва бунга қисман Ғарб санкциялари ҳамда Европанинг виза сиёсати қатъийлашгани сабаб бўлмоқда.
Россияликлар учун Хитойга бориш анча осонлашди. Ўзаро визасиз режим бир неча соат ичида Москвадан Хитойнинг йирик шаҳарларига ҳар куни қатнайдиган бир неча рейсдан бири билан учиб бориш имконини беради.
Айниқса, Ғарбнинг Москвага қарши санкцияларидан сўнг, россияликлар Хитой телефонларидан тобора кўпроқ фойдаланиб, Хитой автомобилларини минмоқда.
"Шундай қилиб, ўзаро боғлиқлик, визасиз саёҳат ҳамда тўлов ва навигациянинг қулайлиги Хитойни аввалгига қараганда анча яқинлаштирмоқда, – дейди Габуев. – Қолаверса, алмашинув дастурлари, стипендиялар, қўшма тадқиқот лойиҳалари икки жамиятни янада яқинлаштиради."

Сурат манбаси, China News Service/VCG via Getty Images
Москва ва Пекин муносабатларидаги номутаносиблик кучайиб бораётгани узоқ муддатда заифликни англатса-да, бу алоқалар барбод бўлиши ҳақидаги ҳар қандай башорат, ҳеч бўлмаганда, қисқа муддатда амалга ошмайдиган кўринади.
Икки мамлакат ўртасидаги фарқларга қарамай, Ло шундай дейди: "Хитой-Россия ҳамкорлиги мустаҳкамлигича қолмоқда. Ҳар икки томон бу алоқаларнинг барбод бўлишига йўл қўйиб бўлмаслигини тан олади, айниқса, ҳамкорликни давом эттиришдан бошқа муносиб муқобил йўқлигини ҳисобга олганда."






















