АҚШ вице-президенти "охирзамон узоқ эмас" деди

Сурат манбаси, Getty Images
Яқинда АҚШ Вице-Президенти Жей Ди Вэнснинг Антихрист ва "охирзамон" ҳақида айтган гаплари "жуда кенг тарқалган эътиқод" дея уни ҳимоя қилди дўстларидан бири.
Вэнс яқинда христианлар подкастида саволга жавоб берар экан, диний қарашлари ҳақида фикр билдирди.
У "Антихрист орамизда юриб юрган бўлса, бундан ҳайратланмаслигини" айтди ва дунёнинг охири яқинлашган-яқинлашмагани ҳақида мулоҳаза қилди.
Унинг дўсти, консерватив ёзувчи Род Дреэр бу фикрлар вице-президентга зарар етказиши мумкинлиги ҳақидаги қарашларни рад этди.
Род Дреэр Би-би-сининг Today дастурига шундай деди: "Республикачиларга овоз беришга мойил америкаликларнинг аксарияти бу каби қарашларга аллақачон ишонади."
Подкастдаги сўзларида Вэнс бу каби фикрлар уни доимий равишда ўйлантириб юрмаслигини ҳам таъкидлади.
Насронийлар эътиқодида "охирзамон" атамаси дунёнинг охирида нима содир бўлиши ҳақидаги назарияларни англатади.
Кўплаб черковлар Худонинг барча нарсаларнинг якунига оид илоҳий режаси бор деб ҳисоблайди.
Антихрист эса Худонинг душмани сифатида тасаввур қилинади. Эътиқодга кўра, у дунё мавжудлигининг сўнгги босқичида пайдо бўлиб, уни ўз назоратига олади.
Мусулмонлар ҳам охирзамонга ишонадилар.
Ислом уламолари қиёмат яқинлашганининг кичик ва катта аломатлари кўринишини айтадилар.
Сунний мусулмонлар этиқодига кўра, Маҳдий чиқиши, Дажжол пайдо бўлиши, Исо Алайҳиссаломнинг ерга тушиши ва Яъжуж-Маъжуж чиқиши катта аломатлар сифатида тилга олинади.

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Католикликни вояга етгач қабул қилган Жей Ди Вэнс охирзамон мавзусида АҚШлик христиан подкастери Брайс Кроуфорд билан бўлган суҳбатда фикр юритди.
"Биз охирзамонда яшаяпмизми? Билмайман", деди у Кроуфорднинг бу мавзудаги саволига жавобан. "Менимча, бу ҳақда ҳаддан ташқари кўп ўйлаш руҳий жиҳатдан мен учун яхши эмас. Чунки бажаришим керак бўлган ишларим бор.
Мен хотинимга яхши муносабатда бўлишим керак. Болаларимга яхши ота бўлишим керак. Шунингдек, Америка Қўшма Штатлари учун қўлимдан келганча яхши раҳбар бўлишим лозим."
Вице-президент сўзида давом этиб деди:
"Атрофимизда шундай ҳодисалар бўлаяптики, уларни кўриб Антихрист орамизда юриб юрган бўлса, бундан ҳайратланмайман."
Бироқ Вэнс асосий эътибори вице-президентлик вазифасига қаратилганини яна бир бор таъкидлади.
"Ҳозир мен эътибор қаратаётган нарса Худонинг иродасига мувофиқ ишларни имкон қадар кўпроқ қилишдир", деди у.
Вэнснинг Антихрист ҳақидаги гапларига муносабат билдирган Дреэр шундай деди:
"Бу христианликдан ташқаридаги одамларга ғалати эшитилиши мумкин, аммо бу христианлик доирасида жуда-жуда кенг тарқалган эътиқоддир."
Унинг айтишича, дўсти шунчаки сунъий интеллектнинг жадал ривожланиши ва давом этаётган можаролар туфайли дунё "ақлдан озгандек" туюлаётганини назарда тутган.
Вэнснинг Католик черковига қабул қилиниши маросимида қатнашган Дреэрнинг айтишича, АҚШнинг собиқ президенти Роналд Рейган ҳам президентлик даврида шунга ўхшаш фикрларни билдирган ва бу унинг сайловчилари томонидан "мутлақо оддий ҳол" сифатида қабул қилинган.
Вэнс 2019 йилда, ўттиз ёшлар ўртасида бўлган пайтида католикликни қабул қилган. У Черков унинг оилавий ва ижтимоий қадриятлари ҳамда консерватив сиёсий қарашларига мос келганини айтган.
Вице-президент бўлганидан буён у айрим масалаларда, жумладан Трамп маъмуриятининг иммиграция сиёсати юзасидан, Рим папаси Лео ва ундан аввалги папа Франциск билан фикрий тортишувларга киришган.




























