Ўзбекистон - Қирғизистон: Маданият ортида турган сиёсат - Видео

Kollaj

Сурат манбаси, BBC/Rasmiy

    • Author, Даврон Ҳотам
    • Role, BBC O'zbek muxbiri
  • Published
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Яқинда, Ўш шаҳрида ўзбекистонлик ёзувчи Каримберди Тўрамурод билан адабий учрашув бўлиб ўтди. Бир қарашда бу оддий адабий тадбирдек туюлиши мумкин. Аммо мазкур учрашувни сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида мустаҳкамланаётган муносабатларнинг маданий ифодаларидан бири сифатида ҳам кўриш мумкин.

Айниқса, бу жараён мустақилликдан кейинги узоқ йиллар давомида кузатилган ёпиқлик ва келишмовчиликлар ортидан юз бераётганини ҳисобга олсак, бундай тадбирлар алоҳида аҳамият касб этади. Бир вақтлар минтақа давлатлари ўртасидаги сиёсий таранглик, мураккаб чегара масалалари ва чекланган алоқалар кун тартибининг асосий мавзуларидан бири эди. Бугун эса чегаралар очилиши билан бирга одамлар, ғоялар ва маданий алоқалар учун ҳам янги имкониятлар пайдо бўлмоқда.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Адабиёт ана шу яқинлашув жараёнининг муҳим воситаларидан бири бўлиб қолмоқда.

Қирғизистон президенти эътибор берган китоб

Учрашувда Каримберди Тўрамуроднинг қирғиз тилида нашр этилган "Қора китоб"и ҳақида илиқ фикрлар айтилди.

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Сурат тагсўзи, Учрашувда Каримберди Тўрамуроднинг қирғиз тилида нашр этилган "Қора китоб"и ҳақида илиқ фикрлар айтилди.

Кимдир ёзувчи ва публицист Каримберди Тўрамуродни "Жийда гули" телесериали сценарийси муаллифи сифатида танийди. Бошқалар эса уни машҳур қўшиққа айланган "Бу олис 18 ёшимда эди" шеъри орқали билади.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров эса ёзувчи ижоди билан "Қора китоб" асари орқали танишган. Асар 2024 йилда шоир ва таржимон Тўрабой Жўраев томонидан қирғиз тилига таржима қилинган.

Ёзувчининг яна бир асари , "Сўнгги бек" қиссасини қирғиз тилига таржима қилиб, нашрга тайёрлаётган журналист ва таржимон Соҳиба Шокированинг айтишича, "Қора китоб" Афғонистон уруши оқибатида тақдири издан чиққан инсонлар ҳақида ҳикоя қилади.

Журналист ва таржимон Соҳиба Шокирова ёзувчининг "Сўнгги бек" асарини қирғиз тилига таржима қилиб, нашрга тайёрламоқда.

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Сурат тагсўзи, Журналист ва таржимон Соҳиба Шокирова ёзувчининг "Сўнгги бек" асарини қирғиз тилига таржима қилиб, нашрга тайёрламоқда.

"Асар фақат ўзбек халқининг эмас, балки бутун Марказий Осиё халқларининг, жумладан қирғизистонликларнинг ҳам ўтмишдаги дардли хотираларини акс эттиради. Шунинг учун ҳам китоб президент Садир Жапаровнинг эътиборини тортди. Китоб билан танишгандан кейин у "кўпроқ нусхада чоп этинглар, қирғизистонликлар бу китобни ўқиши керак", деган эди", - дейди Соҳиба Шокирова.

Каримберди Тўрамуроднинг сўзларига кўра, китоб билан танишгандан кейин Қирғизистон президенти номидан унга эсдалик совғалари ва Чингиз Айтматов номидаги кўкрак нишони юборилган.

Аммо мазкур воқеанинг аҳамияти бир ёзувчининг эътироф этилиши ёки китоб тақдимоти билангина чекланмайди. У икки давлат муносабатларида сўнгги йилларда кузатилаётган ўзгаришларнинг ҳам бир кўриниши сифатида намоён бўлмоқда.

Совуқ муносабатлардан яқин қўшничилик сари

Каримберди Тўрамуродга ўзбек тўни ва қирғиз миллий қалпоғи кийдирилди.

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Сурат тагсўзи, "Мени ўз юртимдагидан кўра, Қирғизистонда кўпроқ танишади", дейди ёзувчи.

Яқин ўтмишда Ўзбекистон ва Қирғизистон муносабатлари бугунгидек эмас эди. Чегара масалалари, сув ресурсларидан фойдаланиш, анклавлар ва айрим ҳудудий келишмовчиликлар муносабатларда совуқликка сабаб бўлган даврлар ҳам кузатилган.

Айрим йилларда чегара постлари ёпилиб, икки давлат фуқароларининг бориб-келиши қийинлашган. Айниқса, Фарғона водийси аҳолиси учун қўшни мамлакатга ўтиш баъзан соатлаб, баъзан эса кунлаб вақт талаб қиларди. Қардош халқлар ўртасидаги қариндошлик ришталари, савдо ва маданий алоқалар ҳам турли чекловлар таъсирида қолган.

Karimberdi To'ramurod
bbc.com/uzbek
Bir paytlar o‘zbek qirg‘izni, qozoqni yoki tojikni bemalol ko‘ra olmaydigan sharoitda yashaganmiz. Chegaralar yopiq edi. 2016 yildan keyin chegaralar ochildi, muloqot qayta tikland
Karimberdi To'ramurod
Yozuvchi va publisist

Бугунги кунда эса вазият анча ўзгарган дейди, Каримберди Тўрамурод Би-Би-Си билан суҳбатда:

"Бир пайтлар ўзбек қирғизни кўрмасдан, қозоғу тожик ўзбекни кўрмасдан, ўзбек туркманни кўрмасдан, ҳамма томонимиз ёпиқ, чегаралар ёпиқ шароитда яшадик. Иқтисод ҳам шунга яраша ривожланмади. Бизнинг тилимиз 2016 йилдан кейин чиқди. Чегараларимиз очилди, тилимиз очилди ва биз мана бундай муаммолар ҳақида 2016 йилдан кейин айтадиган бўлдик. Тўғри, мен давлат раҳбарларини ҳам, бошқаларни ҳам кўп танқид қиламан. Сиёсатни ҳам танқид қиламан. Лекин, бор нарсани ҳам борлигини айтиш керак. Ҳалол бўлиш керак. Давлат раҳбарининг ҳам яхши ишларини айтиш керак. Масалан, энг яхши иши, чегараларни очди. Биз қирғиз, қозоқ, тожик биродарларимиз билан дўст бўлиб, яна аҳлликда яшай бошладик. Бир-биримизни кўрмай, ўттиз йилни ўтказиб юбордик".

Китоблар ҳам кўприк вазифасини бажармоқда

Расмий маълумотларга кўра, кейинги йилларда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги сайёҳлик алоқалари сезиларли даражада кенгайган. Икки давлат фуқароларининг ўзаро қатнови ва иқтисодий муносабатлари ҳам фаоллашган.

Маданий-гуманитар соҳада ҳам ҳамкорлик кучаймоқда. Ўш шаҳридаги Бобур номидаги ўзбек миллий академик мусиқали драма театрининг тўлиқ таъмир қилиниши, таълим муассасалари қурилиши ва қўшма маданий лойиҳалар ана шу жараённинг амалий кўринишлари сифатида баҳоланмоқда.

Қирғизистондаги ягона ўзбек театрининг биноси Ўзбекистоннинг моддий кўмаги билан таъмирдан чиқарилган.

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Сурат тагсўзи, Қирғизистондаги ягона ўзбек театрининг биноси Ўзбекистоннинг моддий кўмаги билан таъмирдан чиқарилган.

Шу нуқтаи назардан қараганда, «Қора китоб» тақдимоти ҳам шунчаки китобхонлар учрашуви эмас. У икки халқнинг умумий тарихи, ўхшаш тақдири ва муштарак хотираси ҳақидаги мулоқот ҳамдир. Афғонистон уруши ҳақидаги асарнинг қирғиз тилига таржима қилиниши, унга юқори даражада эътибор қаратилиши ва китобхонлар қизиқиши билан қарши олиниши маданий майдондаги яқинлашувнинг бир белгиси сифатида кўрилиши мумкин.

Skip Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг: and continue readingБизни ижтимоий тармоқларда кузатинг:

End of Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг:

Тадбирнинг яна бир жиҳати эътиборга молик. Учрашув, асосан, расмий ташкилотлар ташаббуси билан эмас, балки китобхонлар ва муаллиф ижоди мухлисларининг қизиқиши туфайли ташкил этилган. Ижтимоий тармоқлардаги эълонлар орқали тадбирга келган ёшлар ҳам бўлгани адабиётга қизиқиш сақланиб қолаётганини кўрсатади.

Ёшлар Каримберди Тўрамуродни кўпроқ ижтимоий тармоқдаги чиқишлари орқали таниганликларини айтишади.

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Сурат тагсўзи, Ёшлар Каримберди Тўрамуродни кўпроқ ижтимоий тармоқдаги чиқишлари орқали таниганликларини айтишади.

Айни пайтда Каримберди Тўрамуроднинг яна бир асари, "Сўнгги бек" қиссаси қирғиз тилида нашрга тайёрланмоқда.

Ўшда бўлиб ўтган мазкур адабий учрашувни эса маданият ортида турган ишонч, яқинлик ва яхши қўшничилик сиёсатининг яна бир ифодаси дейиш мумкн.

Тадбир иштирокчилари айтганидек, сиёсатчилар имзолайдиган келишувлар давлатлар ўртасидаги муносабатларни белгиласа, китоблар, театрлар ва маданий мулоқотлар халқларни бир-бирига яқинлаштиради.