Путин Украина талабалар ётоқхонасига зарба берганини айтиб, қасос олишга ваъда берди

Сурат манбаси, Reuters
Владимир Путин Украина шарқий Украинадаги ишғол этилган ҳудуддаги талабалар ётоқхонасига ҳалокатли ҳужум уюштирганликда айблаб, қасос олишга ваъда берди.
Россия фавқулодда вазиятлар вазирлигининг маълумотига кўра, Луганск вилоятининг Старобелск шаҳрида тунги зарба натижасида 16 киши ҳалок бўлган, 42 киши жароҳатланган. Яна беш киши вайроналар остида қолган бўлиши мумкин.
Украина ҳарбийлари Старобелскда Россиянинг элита "Рубикон" дрон бўлинмаси штабига зарба берилганини билдирди. Аммо бу зарба Россия таъкидлаётган айнан ўша бинога тўғри келган-келмагани очиқ айтилмади.
Путин эса бу ерда "ҳеч қандай ҳарбий иншоотлар, разведка хизматлари ёки уларга алоқадор объектлар бўлмаганини" таъкидлади.
"Шунинг учун ҳам ўқ-дорилар бино пойига бизнинг ҳаво мудофаа ёки электрон уруш тизимларимиз ҳаракати натижасида келиб тушган деб даъво қилиш учун мутлақо ҳеч қандай асос йўқ", - деди у жума куни Москвадаги Кремл қароргоҳида бўлиб ўтган қабулда.
У Россия ҳарбийларига қандай қилиб жавоб қайтариш бўйича "таклифлар" тайёрлашни буюрди.
Россия раҳбарига кўра, Украина зарбаси уч тўлқинда, 16 та дрон ёрдамида амалга оширилган.
Давлат телевидениеси жабрланганлардан бири сифатида 19 ёшли талаба Диана Шовкунни кўрсатди.
Маълумотларга кўра, у қулаган бетон парчаси тегиб, бошидан жароҳат олган.
Москва ҳалок бўлганлар деб айтган шахсларнинг фото ёки видеолари намойиш этилмади.
Шанба куни эрталаб Россия расмийлари кора денгиз буйидаги Новороссийск портида дронлар қолдиқлари ёқилғи омборида ёнғинга сабаб бўлганини, натижада икки киши жароҳатланганини маълум қилди.
Краснодар ўлкасининг жанубий штаби хабар беришича, "бир нечта техник-маъмурий бинолар ёнган" ва дрон бўлаклари ёқилғи терминалига тушган.
Икки киши шифохонага ётқизилган, ўлим ҳолатлари қайд этилмаган.
Штаб, шунингдек, дронлар шимолроқда жойлашган Анапа шаҳрида хусусий уйларга зарар етказганини айтди.
Украина ҳарбийлари жума куни кечқурун Старобелскдаги "Рубикон" штаби нишонга олинганини яна бир бор тасдиқлади. Улар мазкур махсус дрон бўлинмаси Украинадаги фуқаролар ва фуқаролик инфратузилмасига мунтазам ҳужумлар уюштириб келаётганини таъкидлади.
Баёнотда, шунингдек, Украина кучлари "халқаро гуманитар ҳуқуқ, уруш қонунлари ва одатларига қатъий амал қилган ҳолда фақат ҳарбий мақсадларда фойдаланилаётган инфратузилма ва объектларга зарба бераётгани" қайд этилди.
Пайшанба куни Украина президенти Владимир Зеленский Россия босиб олган Херсон вилоятидаги ФСБ штабига зарба берилганини билдирган.
Унинг айтишича, тахминан 100 нафар россиялик "оккупант" ҳалок бўлган ёки жароҳатланган.
Москва ҳарбийлари бу ҳақда изоҳ бермаган, бироқ Кремлга яқин Telegram каналларидан бири "оммавий дрон ҳужуми" ортидан "йўқотишлар" бўлганини хабар қилди.
Украина 2022 йилда Россия тўлиқ босқин бошлаганидан бери Россия армиясини фуқароларни атайлаб нишонга олишда айблаб келмоқда - Москва бу айбловларни мунтазам рад этади.
Ўтган ҳафта Украина расмийлари Киевдаги кўп қаватли турар жой биносининг бир қисми Россия ракета ҳужуми натижасида вайрон бўлиб, 24 киши, жумладан уч нафар қиз бола ҳалок бўлганини маълум қилган.






























