Истанбулда Дурдона Ҳакимова ўлимига қарши норозилик, "O'zbekiston pochtasi" шубҳа остида, ОАВ ходимларини яна товламачиликда айблашаяпти - дайжест

Истанбулда ташкил этилган норозилик юриши

Сурат манбаси, X/Kadınlar Direniste

Сурат тагсўзи, Дурдона Ҳакимова қотиллиги аёлларга қарши зўравонлик протестига сабаб бўлди
Ўқилиш вақти: 6 дақ

25 январ куни Истанбулнинг Шишли туманида бўлакланган жасади чиқинди контейнерларидан топилган Ўзбекистон фуқароси Дурдона Ҳакимова қотиллигига қарши норозилик юриши ташкил этилди.

Туркия ҳуқуқ-тартибот органлари қотилликда гумонланувчи сифатида қўлга олинган шахсларни Ўзбекистон фуқаролари Дилшод Аҳрол ўғли Турдимуратов ва Ғофуржон Акмалхонович Камолхўжаев деб эълон қилди.

"Aёллар ўлдирилишини тўхтатамиз" платформаси ва аёллар ташкилотлари чақирғи билан Истанбул шаҳрининг Шишли Пангалти метро бекатида тўпланган аёллар норозилик юриши уюштирдилар. Акцияга кўп сондаги полиция ходимлари ҳам жалб этилдилар.

Иқтибос

Намойишчилар "Мигрант аёллар ёлғиз эмас", "Ҳимоя қил, оқлама — жиноятчиларни суд қил", "Эркак уради, давлат ҳимоя қилади", "Сукут сақламймиз, қўрқмаймиз, итоат қилмаймиз", "Эркак адолати эмас, ҳақиқий адолат" деган шиорларни айтдилар.

Туркия жамиятида хотин-қизлар дуч келаётган зўравонлик ҳақида масъул идораларга мурожаат қилинганда самарали суриштирув ўтказилмаётгани ва "аёллар ҳимоя қилинмаётгани"ни таъкидлаган "Аёллар ўлдирилишини тўхтатамиз" платформаси қотиллик юзасидан баёнот эълон қилди.

Баёнотда шундай дейилади:

"Ёнимиздан ўтган бир эркак бир аёлни ўлдириб, бўлаклаб, чиқиндиларга ташлади. Биз Дурдонанинг ҳаётини билмаймиз, аммо бу қотилликка сабаб бўлган эркак зўравонлигини яхши таниймиз. Мигрант аёллар депортация қилиниш хавфи туфайли кўп ҳолларда дуч келаётган зўравонлик ҳақида полицияга мурожаат қила олмайдилар. Самарали суриштирув ўтказилмайди, махфийлик таъминланмайди, узоқлаштириш қарорларига амал қилинмайди."

"Эркаклар зўравонлиги ҳукуматнинг аёлларга нисбатан душманона сиёсати натижасида юзага келаяпти" дейилади баёнотда.

"Дурдона балки ажрашмоқчи бўлган, балки ўз ҳаёти ҳақида қарор қабул қилмоқчи бўлган, балки 'йўқ' дегани учун ўлдирилгандир. Жиноятчилар жасоратни АКП депутати уйида ўлдирилган Нодира Қодирова жинояти осонгина ёпиб қўйилганидан олади."

"Ўзбекистон почтаси" шубҳа остида

O'zbekiston pochtasi пакети

Сурат манбаси, gazeta.uz

Германиядаги Bild газетаси журналистик суриштируви ортидан ҳуқуқ-тартибот органлари тергов бошлагани хабар қилинмоқда.

Bild газетаси ўтказган текширувидан кейин санкцияга тушган товарлар Ўзбекистон почтаси орқали Россияга посилкаларда юборилаяпти деган хулосага келган.

Bild рўзномаси ёзишича, газета мухбирлари Украинага уруш бошлагани учун Россияга қарши санкциялар рўйхатига киритилган электрон жиҳозлар солинган бешта почта қутисини Берлиндан Москвага юборганлар, аммо посилкалардаги жиҳозлар бузуқ бўлган.

Шу йўл билан санкциядаги товарларни Россияга етказиш осон ёки қийинлигини текширишга қарор қилинган.

Посилкалар ҳужжатларида ичига китоб, шарф ва шапкалар солинган деб расмийлаштирилган.

Ҳар бир қутига GPS-трекер ўрнатилган, охир-оқибат улар Москвадаги манзилга етиб борганини кўрсатган.

Германиядан Москвага посилка юбориш билан Берлин шаҳридаги логистика ширкатларидан бири шуғулланган.

Журналистлардан посилкаларни олган ширкат ходими қутиларга UzPost ёрлиқларини ёпиштирган.

Посилка юбориш билан шуғулланадиган Германия компанияси "Ўзбекистон почтаси" билан ҳамкорлик қонуний деган.

Bild ёзишича, "Ўзбекистон почтаси" хусусий логистика компаниялари билан ҳамкорлик қилишларини тасдиқлаган.

2025 йил октябрида "Ўзбекистон почтаси" акциядорлик жамиятининг давлат ихтиёрида бўлган улушлари Россия ширкатига сотилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Интернетда харидор Wildberries бўлиши мумкинлиги айтилди.

Ўзбек расмийлари олди-сотди ҳақида маълумот бермадилар, "махфий" келишув танқидларга сабаб бўлган эди.

Оммавий ахборот воситаси ходимларини яна товламачиликда айблашаяпти

Фурқат Рўзметов ва Азамат Авезов

Сурат манбаси, Telegram/qonundoirasidauz, instagram.com/azamat_avezovqd

Сурат тагсўзи, Фурқат Рўзметов ва Азамат Авезов Qonun Doirasida ОАВ ходимлари

Ўзбекистонда яна бир ОАВ — Qonun Doirasida лойиҳаси ходимлари туҳмат ва товламачилик айбловлари билан қўлга олинди, деб хабар тарқатди Gazeta.uz веб-нашри.

Хоразм вилояти ИИБ маълумотига таяниб шундай дейилади хабарда:

"Ўзбекистонда яна бир ОАВ ходимлари туҳмат, товламачилик ва бошқа жиноятларда айбланиб ҳибсга олинди. Хоразм вилояти ИИБ Урганчда Qonun doirasida лойиҳаси раҳбари — 45 ёшли юрист Фурқат Рўзметов ва унинг ходими — 33 ёшли юрист Азамат Авезов ҳибсга олинганини хабар берди".

Милиция "қатор фуқароларнинг аризалари асосида терговга қадар текширув ўтказилаётган"ини маълум қилган.

Хабарга кўра, қўлга олинганларга Ўзбекистон Жиноят Кодексининг етти моддаси бўйича айб илгари сурилган.

Улар қуйидагилар:

  • оғир ёки ўта оғир жиноятни содир этганликда айблаш билан боғлиқ туҳмат;
  • уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларида жуда катта миқдорда содир этилган товламачилик;
  • мансаб ваколатларидан фойдаланган ҳолда йирик миқдорда фирибгарлик;
  • катта зарар етказган ҳолда қасддан ҳосил, ўрмон, дарахтлар ёки бошқа ўсимликларни шикастлаш, заҳарлаш ёки йўқ қилиш;
  • ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкларни тайёрлаш, сохталаштириш, сотиш ёки олдиндан келишилган гуруҳ томонидан улардан фойдаланиш;
  • ўзбошимчалик;
  • ёлғон маълумот тарқатиш.

"Жиноят ишида бошқа шахслар ҳам иштирок этмоқда, аммо уларнинг исмлари ёки сони очиқланмаган", дейилади хабарда.

Бу воқеа 20 январ куни Фарғона вилоятида суд журналист Элёр Тожибоевни бир қатор айбловлар — туҳмат, давлат хизматчисини ҳақорат қилиш ва товламачиликда айбдор деб топгани ва тўрт йил қамоқ жазосига ҳукм қилгани ҳақидаги хабар ортидан кузатилди.

16 январ куни эса Тошкент шаҳрида журналистик суриштирув билан шуғулланган ОАВ — Taftish.uz нинг беш журналисти ҳам "товламачилик схемаси" иши доирасида қўлга олгани хабар қилинган эди.

Оммавий ахборот воситалари ходимлари билан кузатилаётган ушбу сўнгги ҳодисалар мамлакатда матбуот эркинлигига оид хавотирларни яна кучайтирган.

25 январ. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Истанбулдаги қотиллик ҳақида маълумот берди

Туркиянинг Истанбул шаҳрининг Осиё ва Европани боғлайдиган Босфор кўприги устидан кўриниши

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Қотиллик Истанбул шаҳрида рўй берган

Боши ва оёқлари танасидан жудо қилинган аёл жасади тунда Истанбул чиқинди иши ичида топилгани ҳақида Туркия матбуоти хабар тарқатди.

Жасад қолдиқлари матога ўралган бўлган, Истанбулнинг Шишли туманидаги чиқинди контейнери ичидан шанба, 24 январ тунида қоғоз йиғувчи томонидан топилган, деб хабар берди DHA ахборот агентлиги.

Терговчилар қурбоннинг 37 яшар Ўзбекистон фуқароси эканини аниқлаганлар.

Терговчилар аёл боши ва оёқларини дарров тополмаганлар.

Бироқ кузатув камераларидаги тасвирларни ўрганиш чоғи шаҳарнинг бошқа бир чиқиндихонасида икки эркак бир жомадонни ташлаб кетгани видеосини кўриб қолганлар.

Жомадон ичида нима борлиги маълум бўлмаган.

Орадан бир неча соат ўтиб полиция Истанбул аэропортида Туркиядан учиб кетаётган икки Ўзбекистон фуқароси бўлган гумондорни ҳибсга олган.

Орадан кўп ўтмай учинчи гумондор ҳам қўлга олинган.

Аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари ушбу қотилликка ғазабнок муносабат билдирмоқдалар.

Iqtibos

Фемицид - аёлга нисбатан нафрат ҳолатлари кўпайиб бораётганидан норозилик билдираётган Туркиядаги аёл ҳуқуқлари ташкилотлари фемицидга қарши самарали чора кўришни талаб қилмоқдалар.

Шу муносабат билан 25 январ куни маҳаллий вақт билан соат 16 да Анқара шаҳрида норозилик юриши эълон қилинди.

Туркияда расман фемицид ҳолатларига оид расмий маълумот эълон қилинмайди.

Шунинг учун хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланадиган ташкилотлар аёллар қотиллиги ва шубҳали ўлимига оид рақамларни матбуот хабарлари асосида йиғиб борадилар.

"Биз фемицидни тўхтатамиз" деб номланган ташкилот эълон қилган маълумотларга кўра, ўтган 2025 йили мамалакатда 294 аёл ўлдирилган, 297 аёл эса шубҳали вазиятларда ҳаётдан кўз юмган.

Қотиллик бош консулхона назоратига олинган

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурхонов ўзининг Телеграм каналида маълум қилишича, қотиллик Ўзбекистоннинг Туркиядаги Бош консулхонаси назоратига олинган.

"Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси Шишли туманида ватандошимиз вафоти тўғрисидаги хабарни чуқур қайғу билан қабул қилди.

Аниқланишича, 2026-йил 24-январ куни соат 19: 40 атрофида Истанбул шаҳрининг Шишли туманида чиқиндилар орасидан буюм тўплаб юрган фуқаро контейнер ичида ўралган жасадни кўриб, бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар берган. Кўрик жараёнида жасаднинг бош қисми мавжуд эмаслиги қайд этилган.

Бош консулхона томонидан маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, суд-тиббий экспертиза маркази ҳамда прокуратура билан ҳамкорликда ўтказилган ўрганишлар натижасида марҳуманинг шахси Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ҳакимова Дурдона экани тасдиқланди.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикасининг 2 нафар фуқароси қўлга олинган. Улар Туркиядан Грузияга авиарейс орқали қочишга уринган вақтида ушланган.

Бош консулхона дипломатлари томонидан марҳуманинг оила аъзолари билан алоқа ўрнатилди ҳамда уларга тегишли консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилмоқда.

Мазкур ҳолат бўйича суриштирув жараёнлари Бош консулхона назоратига олинган.

Бош консулхона ушбу ҳолат юзасидан қўшимча маълумотларни расмий манбалар орқали тақдим этиб боради.

Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси марҳуманинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради", дейилади Ўзбекистон ТИВ хабарида.