You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Россия: Евронигоҳга кремлча жавоб. Ўзбекистонлик иштирокчи Розенбергнинг диққатини тортди
- Author, Стив Розенберг
- Role, Би-би-сининг Москвадаги муҳаррири
- Published
- Ўқилиш вақти: 7 дақ
Москвадаги концерт залида Шоҳруҳмирзо Ғаниев муҳаббат ва она ватани Ўзбекистон ҳақида хониш қилмоқда.
"Оёқларингизни эркакдек жипс тутинг, – дейди унинг овоз мураббийси ва хореографи. – Қўлларни кенгроқ ёйинг!"
Бу шунчаки машқ, аммо Шоҳруҳмирзо бутун қалби билан берилиб куйламоқда. У анъанавий ўзбек куйларини замонавий услубда ижро этиб, Марказий Осиёнинг қадимий ноғораси – доира чалмоқда.
Ўзбекистон "Интернигоҳ" қўшиқлар танловида иштирок этаётган 23 та давлат қаторига кирди.
Бу Россиянинг "Евронигоҳ"га жавоби. Камроқ сийқа, кўпроқ кремлча.
«Интернигоҳ-2025» Владимир Путиннинг ғояси. У "халқаро маданий ва гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш" мақсадида совет давридаги қўшиқлар фестивалини қайта тиклаш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Аниқроқ мақсад – Москва иштирок эта оладиган халқаро қўшиқ танловини яратиш. 2022 йилда Россия Украинага кенг кўламли бостириб кирганидан сўнг "Евронигоҳ"да қатнашиши тақиқланган эди.
Энди янги бир йўналиш пайдо бўлмоқда.
Россия терма жамоаси Олимпия ўйинларидан четлатилганда, Москва «Келажак ўйинлари» ва «Бутунжаҳон дўстлик ўйинлари» каби муқобилларни яратишга уринган эди.
Энди Кремль "Евронигоҳ"нинг ўз версиясини ўйлаб топди.
Аммо у қандай бўлади, унда кимлар иштирок этмоқда?
Руслар Интернигоҳ учун Осиё, Африка, Яқин Шарқ ва Лотин Америкасидан иттифоқчиларни таклиф қилди. Бошланғич таркиб Россия аъзо бўлган BRICS давлатлари, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги каби сиёсий ва иқтисодий иттифоқлардан иборат.
Иштирокчи давлатлар рўйхатида Хитой, Ҳиндистон, Бразилия, Жанубий Африка, Вьетнам, Венесуэла, Қатар, Саудия Арабистони ва Мадагаскар бор: бу "Евронигоҳ"дан бутунлай фарқ қилувчи мусиқий харита ва Кремль учун Украинага бостириб кирганига қарамай, Россиянинг ҳали ҳам дўстлари борлигини кўрсатиш имкониятидир.
Қўшма Штатлар ҳам иштирок этмоқда: бу Доналд Трамп Оқ уйга қайтганидан бери АҚШ-Россия муносабатларидаги илиқлик нишонаси.
Илиқлик муаммо йўқ дегани эмас. Американинг дастлабки Интернигоҳ иштирокчиси Брэндон Ҳовард танлов арафасида чиқиб кетди.
"Афсуски, бу ерда баъзи... оилавий муаммолар сабабли боролмадим," дейди Б.Ҳовард тахаллусли бу қўшиқчи менга АҚШдан қўнғироқ орқали.
"Аммо бу жуда ажойиб тадбир эканига чиндан ишонаман."
"Сизга "Брэндон, уруш туфайли бормаслигинг керак", деган одамлар бўлдими?" деб сўрадим ундан.
"Баъзи мухлислар шунга ўхшаш гапларни айтиб, хавотир билдиришарди. Аммо кўпчилик у ерга боришимни, яхшилик элчиси бўлишимни жуда қўллаб-қувватлади."
Б.Ҳовард ўрнини Лос-Анжелесда яшовчи асли австралиялик-юнон қўшиқчи Васси эгаллади.
"Қатнашаётган 23 мамлакатда 4,3 миллиард киши яшайди," деб мақтанди Кремлнинг юқори мартабали амалдори Сергей Кириенко. "Бу дунё аҳолисининг ярмидан кўпини ташкил этади."
Қўшиқлар танловининг кузатув кенгашига президент Путин маъмурияти раҳбари ўринбосари жаноб Кириенко раислик қилади. У шу ҳафта Интернигоҳ матбуот анжуманида ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва Бош вазир ўринбосари Дмитрий Чернишенко билан бирга қисқа кўриниш берди.
"Биламан, баъзилар "Евронигоҳ"да сиёсат элементи бор деб ўйлайди, – дедим жаноб Лавровга. – Аммо қаранг, бу ерда кимлар вакиллик қилмоқда: Кремль, ташқи ишлар вазирлиги ва Россия ҳукумати. Бу Интернигоҳнинг соф сиёсий ёки геосиёсий лойиҳа экани тасдиғи эмасми?"
"Агар баъзи давлатлар ҳукуматлари маданиятни қўллаб-қувватлаш механизмларини яратишга ҳаракат қилмаса, бу уларнинг танлови, – деб жавоб беради жаноб Лавров. – Бизнинг мамлакатимизда давлат санъатни тарғиб қилиш билан шуғулланади. Саволингиз замирида рақобатдан қўрқув ётибди."
Украинадагилар бутунлай бошқа нарсадан хавотирда: Москва бутун дунё эътиборини урушдан чалғитиш учун Интернигоҳдан фойдаланмоқда.
"Украина Ташқи ишлар вазирлиги Россия томони ташкил этган Интернигоҳ-2025 қўшиқ танловини душманона тарғибот воситаси ва Россия Федерациясининг тажовузкор сиёсатини оқлаш усули деб ҳисоблайди," дея таъкидлади вазирлик май ойида.
Уруш баъзи одамлар хаёлида "Интернигоҳ"да эди.
"Қўрқинчли томони урушда, нима бўлса бўляпти. Айнан шу нарсалар ҳақида ўйлагандик," дейди Жанубий Африканинг "Мзанси Жикелеле" гуруҳидан Рене Крюгер.
"Аммо бизни ишонтиришди: "Йигитлар, келинглар, ёмон нарса бўлаётгани йўқ". Албатта, биз [хавотирлангандик], лекин мана, келдик ва бизга жуда яхши муносабатда бўлишди."
Интернигоҳ-2025 да Россия номидан Ярослав Дронов иштирок этмоқда, у кўпроқ «Шаман» тахаллуси билан танилган. Ўтган йили Европа Иттифоқи уни "Украинанинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетига путур етказувчи ҳаракатлар ва сиёсатни қўллаб-қувватлагани" учун санкциялаган эди.
Унинг аввалги хитлари орасида "Мен русман" номли ватанпарварлик поп қўшиғи бор бўлиб, унда шундай сўзлар учрайди:
"Мен русман, охиригача бораман... Мен бутун дунёга қарши ўлароқ русман."
Бу "Муҳаббат порласин" ёки "Мен учун бўсаларингни сақла" каби қўшиқлардан анча фарқ қилади.
Аммо Россия Украинадаги уч ярим йиллик урушда шаклланган тасаввурдан юмшоқроқ қиёфа яратиш учун Интернигоҳдан фойдаланмоқда.
Қўшиқ танловининг расмий қуръа ташлаш маросимида халқаро делегацияларга зиёфат берилмоқда. Унда Интернигоҳ логотипи туширилган творогли қуймоқлар ва пряниклар ҳам бор. Халқ раққосалари томоша кўрсатаётган пайтда, кўнгиллилар рус меҳмондўстлиги рамзи бўлган тешик кулчадан ясалган улкан маржонларни тарқатишди.
Иштирокчилар бирин-кетин улкан самоварга яқинлашиб, пиёлани танлаб, уни иссиқ сув билан тўлдиради. Пиёлалар ҳар бир мамлакат учун чиқиш тартиб рақамини кўрсатади.
Халқ либосларидан тортиб блиниларгача, бу ерда урғу анъаналарга қаратилган.
Қўшиқларда ҳам шундай. Танловнинг расмий эълон қилинган мақсади "иштирокчи мамлакатларнинг ўзига хос маданий анъаналари ва ютуқлари билан танишиш, турли халқларнинг умуминсоний, маънавий, оилавий, маданий, ахлоқий ва диний анъаналарини тарғиб қилиш"дир.
Халқаро ижрочилар қоидалар китобини яхши ўқиб олишган кўринади.
"Менинг қўшиғим Вьетнам маданияти ҳақида ҳикоя қилади, – дейди вьетнамлик иштирокчи Дҳук Пҳук. – Мен Вьетнам маданиятини барча билан баҳам кўришим керак."
"Мамлакатингиз вакили сифатида қандай танландингиз?" деб сўрайман.
"Маданият вазирлиги танлади."
"Бизнинг қўшиғимиз Мария исмли аёл ҳақида," дейди бразилиялик иштирокчи Таис Надер. "Мария ҳар қандай бразилиялик аёлга ўхшайди. У яшаш учун кўп меҳнат қилади, аммо доим кулиб туради, кўзлари порлайди."
"Евронигоҳ ҳақида эшитганмисиз?" деб сўрайман.
"Аслида биз интернетда Интернигоҳ ҳақида қидириб, Евронигоҳни кашф этдик! Аввал Интернигоҳ ёки Евронигоҳ ҳақида билмасдик. Бу биз учун янгилик."
Кўпчилик руслар учун ҳам Интернигоҳ янгиликдек кўринади. Аслида, у ўтмишдаги қўшиқ мусобақалари қабридан чақириб олинган коммунистик давр арвоҳидир.
Асл Интернигоҳ қўшиқ танлови Шарқ ва Ғарб ҳамма нарсада рақобатлашаётган бир пайтда Темир парда ортида туғилган. Совуқ урушда космик пойга, қуролланиш пойгаси ва маданий урушлар ҳам бўлган.
1950-йиллар ўрталаридан бошлаб Евронигоҳ Ғарбий Европада тезда катта ҳодисага айланди, Чехословакия ва Польшадаги Шарқий блок қўшиқ фестивалларида эса вақти-вақти билан "Интернигоҳ" номи қўлланди.
Шундай бўлса-да, ўзаро алоқалар ҳам бўлган. Финляндия Евронигоҳда ҳам, Интернигоҳда ҳам иштирок этган ва Ғарбнинг таниқли юлдузлари Шарқда меҳмон сифатида чиқиш қилган. Глория Гайнор, Петула Кларк ва Бони-М Интернигоҳда қатнашган.
Коммунизм қулагандан сўнг, Россия ва Шарқий Европа қитъани қамраб олган сиёсий ўзгаришларни қабул қилди ва Евронигоҳда қатнашишга шошилди. Мен буни 1996 йилда тақдир тақозоси билан Евронигоҳ танловида иштирок этиш учун Россия телевидениесининг "Европа учун қўшиқ" танловида ҳамбошловчилик қилганимда кўрганман.
Россия телевидениеси бўйлаб экскурсия пайтида кўрсатув режиссёри билан гаплашиб қолдим. Мен унга Евронигоҳнинг ашаддий мухлиси эканлигимни айтганимда, у кечқурун дастурни эфирга узатишда ёрдам сўради. Ўша кеча студиядагиларнинг барчаси қанчалик ҳаяжонланганини ҳеч унутмайман: нафақат Евронигоҳ, балки Россия Европанинг бир қисми эканлигидан ҳам эди бу ҳаяжон.
Аммо Кремлнинг Ғарб билан муносабатлари ёмонлашгани ва Москванинг Ғарб либерализми ва "ноанъанавий қадриятлари"га ҳужумлари кучайгани сайин, Россиянинг Евронигоҳ қўшиқ танлови билан зиддияти ҳам зўрайди.
Айниқса, австриялик дрэг-қиролича Кончита Вурст 2014 йилда Евронигоҳда ғолиб бўлганидан кейин.
"Соқолли хонимга биринчи ўринни бериш инсониятга қарши ҳақорат," деган эди ўшанда менга россиялик депутат Валерий Рашкин.
Жаноб Рашкин Россияни Евронигоҳдан воз кечишга ва "Евроосиё овози" танловини ташкил этишга чақирди. Яна бир депутат унинг ўрнига "Goodvision"ни таклиф қилди.
Ўшанда Евронигоҳ қўшиқ танлови ва Россия тўқнашув йўлида эканлиги аниқ эди. Евронигоҳ ЛГБТҚ ҳамжамиятини қутлаб, ўзини инклюзивлик ва хилма-хиллик намойишчиси сифатида кўрсатди. Россия эса гейлар ҳуқуқларига қарши кураш бошлади ва ЛГБТҚнинг оммавий ифодаларини жиноий жавобгарликка тортди.
Интернигоҳ қўшиқ танловида бундай эркинликдан асар ҳам бўлмайди.
Лекин одамлар уни томоша қилармикан? Интернигоҳ қўшиқчилари ва қўшиқлари қитъалардаги омма тасаввурини забт эта оладими? Иштирокчи мамлакатлар ўртасидаги сезиларли вақт фарқлари, эҳтимол, Евронигоҳдаги каби умумий томоша ҳиссини олишга тўсқинлик қилади.
Оммавий овоз бериш ҳам бўлмайди. Фақат ҳакамлар ҳайъати: ҳар бир мамлакатдан биттадан аъзо. Лекин овоз бериш қандай ўтади?
"Овоз бериш тизими жуда машҳур олим ва математик томонидан махсус ихтиро қилинган, – дейди менга Россия телевидениесининг Интернигоҳ шарҳловчиси Яна Чурикова. – Махсус Интернигоҳ учун."
Репетиция хонасида Ўзбекистон вакили Шоҳруҳмирзо Ғаниев овоз бериш тизимининг нозик томонларини билмаслигини тан олди. У шунчаки бу ердалигидан ҳаяжонда. Онаси ҳам шундан қувонмоқда. У ўғли репетиция қилаётганини фахр билан кузатади.
Гарчи унинг мамлакати Евронигоҳда қатнашмаса-да, Шоҳруҳмирзо менга бу танлов Ўзбекистонда машҳурлигини айтди. Ҳозирча эса у шу ердаги чиқишига эътиборини қаратган.
"Интернигоҳга келганимдан жуда хурсандман, – дейди у менга. – Евронигоҳни ўтмишда қолдиряпман."