Россия – Ўзбекистон: Санкт-Петербург Халқаро Иқтисодий форуми, Ўзбекистондаги АЭС лойиҳаси ва Украина дрон ҳужумлари

Россия – Ўзбекистон: Санкт-Петербург Халқаро Иқтисодий форуми

Сурат манбаси, Getty Images

Published
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида Халқаро Иқтисодий Форум ўз ишини бошлади.

3-6 июн куни 29- маротаба ўтказилаётган Халқаро форумда жума, 5- июн куни Россия президенти Владимир Путиннинг нутқи кутилмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, форумда 100 дан ортиқ мамлакатдан келган вакиллар иштироки қайд этилган.

Бу йилги форум "Амалий диалог барқарор келажак сари" шиори остида ўтказилмоқда.

Баъзи хабар агентликларига кўра, Украина уруши сабабли Россиянинг Европа давлатлари ва Шимолий Америка халқаро изоляциясида бўлганига қарамай иштирокчилар сони кўп. Расмий Москва буни Ғарб жазо чораларидан қатъий назар мамлакатнинг халқаро ҳамкорлари кўплигини намойиш қилиш сифатида тақдим этмоқда.

Совет Иттифоқининг қулаши ортидан ҳар йили ўтказилаётган форум мамлакат бизнесга очиқ давлат эканлигини кўрсатиш, сармоя ва лойиҳаларни жалб этиш воситаси сифатида кўрилади.

Форумнинг асосий мақсади иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш эканлиги айтилса ҳам охирги йилларда Москва ундан халқаро саҳнадаги ўз қарашларини тарғиб қилиш ва сиёсий алоқаларини мустаҳкамлаш йўлида фойдаланмоқда.

Ўзбекистон Президенти Санкт-Петербуркка нима билан келмоқда?

Россия президенти Путин ва Ўзбекистон раҳбари Мирзиёев май ойидаги учрашув вақтида.

Сурат манбаси, Getty Images

Расмий маълумотларга кўра, Санкт-Петербургдаги форумда Жиззахда Россиянинг "Росатом" ширкати билан ҳамкорликда қурилажак Атом Электр станцияси қурилишига расман старт берилади.

Россия билан ҳамкорликда Ўзбекистонда Атом Электростанциясини қуриш режалари 2018 йили президент Владимир Путиннинг Ўзбекистонга сафари мобайнида эълон қилинганди.

Аммо атом электростанциясининг қурилиши атрофида кўплаб хавотирлар юзага чиққани манзарасида лойиҳада бир неча йил илгари силжиш кузатилмади.

Лекин 2025 йили президент Путиннинг Ўзбекистонга яна бир сафаридан сўнг АЭС қуриш масаласи яна кун тартибига қайтди.

Россиянинг "Росатом" ширкати билан имзоланган келишувга кўра, Жиззахнинг Фориш туманидаги Тузкон кўли яқинида қурилиши режалаштирилган Ўзбекистоннинг биринчи атом электр станцияси жами 330 мвт қувватга эга олти реактордан иборат бўлиши айтилди.

2025 йил октябр ойига келиб "Росатом" АЭС қурилишининг дастлабки босқичи бошланганлигини маълум қилди.

Ўзбекистонда АЭС қурилиши тарафдорлари ҳам, лойиҳага очиқ қарши чиқаётганлар ҳам кўп.

Бу мавзу айниқса Ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Бу Ўзбекистоннинг энергетик келажагини ўзгартирадиган лойиҳами ёки хавфсизлик ва шаффофлик бўйича ҳали кўплаб жавобсиз саволларни қолдирмоқдами?

Сув захиралари тақчиллиги кузатилаётган ва сейсмик фаол ҳудуд кўрилган Ўзбекистонда Атом Электростанциясини қуриш на қадар хавфсиз эканлиги ҳақида ҳам хавотирлар мавжуд.

Расмийларга кўра, Ўзбекистонда электр энергиясига талаб тез суръатларда ўсмоқда. Мамлакат аҳолиси ва саноат ҳажми кенгайиб бораётган бир пайтда, атом электр станцияси келажакда барқарор энергия манбаи бўлиши мумкин. Лойиҳа тўлиқ ишга тушса, мамлакат электр таъминотининг муҳим қисмини қоплашга ёрдам бериши кутилмоқда.

Яна бир жиҳат — Ўзбекистон дунёдаги йирик уран захираларига эга давлатлардан бири. Ҳукумат атом энергетикасини энергия хавфсизлиги ва иқтисодий ривожланишнинг муҳим қисми сифатида кўрмоқда.

Лойиҳанинг қиймати қанчага тушиши, қурилиш ва кейинги эксплуатация жараёни қанчалик шаффоф бўлиши, радиоактив чиқиндилар қандай сақланиши ва энг муҳими, ядровий объект хавфсизлиги қандай таъминланиши атрофидаги саволлар ҳам очиқ қолмоқда.

Яна бир жиҳат Россия Ўзбекистондаги лойиҳалардан керак бўлган тақдирда босим ричаги сифатида фойдаланиши эҳтимолидан ҳам хавотирлар бор.

Атом энергетикаси дунёда кўплаб давлатларда арзон ва барқарор электр ишлаб чиқариш йўлларидан бири сифатида кўрилади.

Бироқ Украинадаги Чернобил ва Япониядаги Фукусима Атом электростанцияларидаги фожиалар хавфсизлик масаласини доим кун тартибида сақлаб келади.

Форум арафасида Украина дрон ҳужумлари

Санкт-Петербуркка дрон ҳужуми ортидан шаҳар узра қуюқ тутун

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Санкт-Петербуркка дрон ҳужуми ортидан шаҳар узра қуюқ тутун кўтарилган.

Украина Россиянинг Санкт-Петербургдаги иқтисодий форум очилишидан бир неча соат олдин дрон ҳужумларини амалга оширган.

Хабарларга кўра, ҳужум 3 июн эрта тонгда форумунинг очилиш маросимидан атиги бир неча соат аввал қилинган.

Санкт-Петербург маҳаллий ҳокимиятининг хабар беришича, ҳаво мудофааси бир кечада 59 та дронни уриб туширган ва Санкт-Петербургнинг учта турли туманига зарба берилган, аммо қурбонлар йўқ.

Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков Москва ҳужумларга жавоб беришини айтди. "Бизнинг жавобларимиз тизимли, муттасил характерга эга бўлади", деди у.

GETTY
Ukraina hujumlariga javobimiz tizimli, muttasil xarakterga ega bo‘ladi”
Dmitriy Peskov
Kreml matbuot kotibi BBC.COM/UZBEK

Ҳужум оқибатида шаҳарда интернет узилган ва Санкт-Петербургнинг Пулково аэропорти вақтинча ёпилган. Қўшни Латвия ва Эстониянинг баъзи ҳудудлари ҳам ҳаво ҳужумлари ҳақида огоҳлантиришлар янграган.

Бир неча соат ўтгач, Украина президенти Володимир Зеленский Украина дронлари Россиядаги бир нечта жойларга, жумладан, яқин атрофдаги Кронштадтдаги нефт терминали ва денгиз базасига зарба берганини тасдиқлади.