Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти аъзолари сафи кенгаяди

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг айтишича, Покистон, Ҳиндистон ва Эрон яқин кунларда Шанҳай Ҳамкорлик Ташкилотига қўшилиш имкониятига эга бўладилар. Бу ҳақида жаноб Лавров "Российская газета"да чиққан "ШҲТ сири" сарлавҳали мақоласида ёзган.
Душанбеда 11-12 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган ШҲТ саммитида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Хитой ва Россия давлат раҳбарлари билан бир қаторда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ҳам иштирок этади.
Жаноб Лавровнинг ёзишича, Душанбедаги саммитда ШҲТга янги аъзоларни қабул қилишнинг ҳуқуқий, маъмурий ва молиявий шароитлари муҳокама қилинади.
"Бу мунозара Россия раислиги даврида ташкилотни кенгайтириш жараёнини бошлашган имкон беради", - деб ёзади Лавров.
Унинг айтишича, Покистон, Ҳиндистон ва Эрон ташкилотга тўлақонли аъзо бўлиб кириш истагини изҳор қилганлар.
Жаноб Лавровга кўра, ШҲТнинг устивор мақсади минтақавий хавфсизликни таъминлашдир, хусусан, террорчилик, экстремизм, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдосига қарши курашиш.
Айни дамда ШҲТнинг бош котиби Дмитрий Мезенцев янги аъзоларни қабул қилиш бўйича ишлар ниҳоясига етай деб қолганини билдирган.
Унинг тасдиқлашича, Ҳиндистон ва Покистон ШҲТга тўлақонли аъзо бўлиб кириш иштиёқини билдиришган, аммо халқаро санкциялар остида қолаётган Эроннинг аризаси кўриб чиқилмайди.
Таҳлилчиларга кўра, 2015 йилда Уфа шаҳрида бўлиб ўтадиган ШҲТ саммитида ташкилот аъзолари сафи бойиши кутилади.
Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти баъзи сиёсий таҳлилчилар томонидан НАТО ва Ғарбга қарши ва муқобил тузилма деб қараб келинади.































