You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Caravan Group иши Янги Ўзбекистон учун синовми? Кремл Ўзбекистонга таъсирини текширдими?
Қатор веб нашрлар ҳамда Телеграм каналлар Ўзбекистондаги таниқли ресторатор Тимур Мусин ўз бизнесларини нега ёпишга қарор қилгани ҳақида мақола ва суҳбатлар эълон этдилар.
Тимур Мусиннинг ўзи қандай муаммоларга дуч келгани ҳақида видео эълон қилди.
У Ўзбекистон иқтисодига ётқизилган сармоя ҳимояланмагани, ҳозирги адлия тизими самарасиз деган хулосага келганини айтди.
Ўзбекистон рестораторлари бирлашмаси раҳбари дуч келган муаммоларга кўплаб блогер ва фаоллар эътибор қаратдилар.
Жумладан, TROLL.UZ Telegram канали шундай ёзди:
"Caravan Group асосчиси ўзининг асосий активларини («Osh muzeyi», Cinara's, Sato) сотувга қўйишга мажбур бўлмоқда. Сабаби инқироз эмас, балки 7 йиллик чарчатувчи судлар, 140 та мажлис ва бюрократик абсурд.
Қисқача:
1. Компенсацияларнинг бекор қилиниши: Давлат томонидан олиб қўйилган ерлар учун қонуний 12, 5 млрд сўм товон пули турли инстанция судлари томонидан шунчаки бекор қилинмоқда.
2. Ўтмишнинг йўққа чиқарилиши: 10–18 йил олдинги кадастр ва қарорлар орқа сана билан ҳақиқий эмас деб топилмоқда.
3. Берк кўча: Олдинги мусодаралар учун айнан компенсация сифатида берилган ерлар (10, 9 га ва 4 га) Бўстонлиқ тумани ҳокимлиги томонидан суд орқали яна тортиб олинмоқда.
Натижа: Лойиҳага етказилган зарар 50 млн долларга баҳоланмоқда. Инвесторлар кетиб қолди. Активларнинг сотилиши бу Мусиннинг мағлубияти эмас, балки бизнеснинг ўз-ўзини сақлаб қолиш ҳаракати. Ҳужжатлар бир зумда йўққа чиқариладиган, суд қарорлари эса "тепадан" блокланадиган иқтисодиётга ким ҳам сармоя киритишни хоҳлайди?
Бизнесга "Янги Ўзбекистон" ҳақидаги шиорлар эмас, балки чинакам мустақил судлар керак. Ушбу ишдаги барча ҳолатлар бўйича зудлик билан Ўзбекистон Республикаси Олий судига тафтиш протестларини киритиш зарур. Мулк ҳуқуқи дахлсиз бўлиши шарт!"
Матбуотдаги чиқишлар ортидан Ўзбекистон Бизнес омбудсмани тадбиркор Мусин ҳуқуқларини Олий Судда ҳимоя қилиб чиқишини билдирди.
"Ҳозирда ҳоким қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш қисми бўйича тафтиш тартибида шикоят тайёрланмоқда.
Бизнес-омбудсман девони тадбиркорнинг мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилишда қатъий позицияда эканлигини ва суд жараёнларида охиригача кўмаклашишини билдиради", дейилади баёнотда.
Шу куни Президент Шавкат Мирзиёев ҳокимларнинг тадбиркорлар муаммоларига эътиборсизликларини танқид қилди.
"Айрим раҳбарлар тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал қилиш ўрнига масофа сақлашга ҳаракат қиладилар, масала республика даражасига чиққанидан кейин ўзларини оқлашни бошлайдилар", дея Президент Мирзиёевдан иқтибос келтирди gazeta.uz
Кремл Ўзбекистонга ўз таъсирини текширдими?
Қатор кузатувчилар Ўзбекистон президенти маъмурияти раҳбари Саида Мирзиёеванинг АҚШдаги мулоқотлари ортидан Россия юқори лавозимли амалдори Тошкентга борганига алоҳида эътибор қаратдилар.
Мирзиёеванинг Америкага норасмий сафари эса Кремлпараст матбуот ҳужумларига дуч келди.
Президент Шавкат Мирзиёев Россия президенти маъмурияти раҳбари ўринбосари Сергей Кириенкони қабул қилар экан, томонлар ядровий энергетика, рақамли технологиялар ва ёшлар сиёсатини муҳокама этганлари хабар қилинди.
Таниқли журналист, Fergana news веб нашри бош муҳаррири Даниил Кисловнинг фикрича, Кириенконинг Тошкентга сафаридан кўзланган мақсад, ўзларининг Ўзбекистон билан иттифоқи нақадар яқин эканини текшириш бўлган.
"Россия президенти маъмурияти раҳбарининг ўринбосари Сергей Кириенко 15 апрелда Тошкентга бежиз келгани йўқ. Ўзбекистонга оддий вазир ёки бош вазир ўринбосари эмас, айнан Кремл маъмурияти раҳбари ўринбосарининг боргани суҳбат жиддий, бироқ ҳар доим ҳам оммага мўлжалланмаган нарсалар ҳақида бўлганидан далолат беради", деб ёзди Даниил Кислов.
Кисловга кўра, Сергей Кириенко Россия босиб олган Украина ерларининг мафкуравий кураторига айланган, шунинг учун ҳам Кириенконинг собиқ Совет республикаларига пойтахтларига сафарлари оддий дипломатларнинг ташрифларидан фарқ қилади.
"Москва Ўзбекистон қанчалар ҳамон "ўзиники" бўлиб қолаётганини англашни хоҳлайди. Бугун Кремл учун Тошкентнинг олисга кетиб қолмаслиги муҳим", деб ёзди Fergana news.
23 апрел. Россия: Ўзбек, Тожик мигрантлари ўрнини Ҳиндлар эгаллаяпти, ўзбекистонликлар пешқадам Мах мессенжери фойдаланувчилари, ер хорижикликларга берилмайди
Россия статистик идораси маълумотларига кўра, Россияга қўшни ва визасиз мамлакатлардан борган меҳнат мигрантларига берилган ишлаш ҳуқуқи сони 2020 йилдаги пандемия давридан кейинги энг паст нуқтага тушган.
Бунинг сабаблари - Россиядаги анъанавий ишчи кучи манбалари бўлиб келган Ўзбекистон ва Тожикистондан бораётган мигрантлар сони камайгани, бунга эса Россияда аксилмуҳожир кайфияти ва сиёсати кучайтириб борилаётгани ҳамда Россия иқтисодининг хорижий иш берувчилар учун жозибасини йўқотиб бораётганидир.
Россиядаги машҳур газета "Известия"нинг давлат статистика идорасига таяниб хабар беришича, 2026 йилнинг биринчи чорагида Россия 475 000 мигрантга ишлаш ҳуқуқини берадиган "патент" берган.
Бу дегани 2025 йилнинг биринчи чорагига солиштирганда 22 фоиз кам ва 2021 йилдан буён энг паст кўрсаткич деганидир.
Охирги йилларда Россияда аксилмигрант кайфияти 2024 йил мартида Москва яқинидаги Crocus City Hall марказига ҳалокатли қуролли ҳужум ортидан кучайди, Россия расмийлари ушбу ҳужумларда тўрт Тожикистон фуқаросини айблаб қамадилар.
Шундан сўнг Россия ҳукумати миграция қонунларини кучайтирди, 2025 йили "назоратдаги шахс регистрацияси"га ўхшаш тартиб жорий этди.
Бу тартиб миграция қонунларини бузган шахсларни молиявий ва ижтимоий хизматлардан узиб қўйишни назарда тутади.
Айни пайтда нолегал мигрантлар яшайдиган жойларга рейдлар ҳамда ноқонуний мигрантларни мамлакатига депортация қилиш кўпайди.
Россиянинг айрим ҳудудлари мигрантларнинг ишлаши мумкин бўлмаган соҳаларни эълон қилди.
Мисол учун, Сибирдаги Новосибирск ўлкаси мигрантларнинг савдо, транспорт, умумий овқатланиш ва маориф соҳаларида ишлашларини тақиқлади.
Узоқ Шарқдаги Приморский ўлкаси муҳожирларнинг ишлаши тақиқланган 88 соҳани эълон қилди.
Улар орасида медицина, маориф ва ҳатто, аксар мигрантлар орасида машҳур такси ҳайдовчилик касби ҳам бор.
Мигрантлар учун молиявий талаблар ҳам кучайтирилди, иш рухсатини олишдан олдин солиқ тўлаш мажбурий қилиб қўйилди, рухсат пули ҳам оширилди.
Россия иқтисодиёти аҳволи ҳам оғирлашаяпти.
Украина уруши боис мамлакатда инфляция кўтарилиб кетаяпти, Россия рублининг қадри ҳам бир пасайиб, бир кўтарилиб турипти.
Бу эса оиласига пул жўнатмалари юборадиган мигрантлар даромади пасайишига олиб келди.
Ҳамон Россияда 2,3 миллион хорижий ишчи бор деб кўрилади ва уларнинг аксари ўзбекистонлик ва тожикистонлардир.
Аммо Россия расмийлари ишчи кучи тақчиллигига дуч келаётганларини айтадилар.
Бу тақчилликни тўлдириш мақсадида Ҳиндистондан мигрантларни Россияга ишга жалб этиш бошланган.
2021 йили Россияда 5000 ҳиндистонликка иш рухсати берилган бўлса, 2025 йил бу рақам 72000 га етгани хабар қилинди.
Ўзининг мамлакатига солиштирганда юқори маош олаётганини айтадиган ҳиндлар кўп оғир ишларга жалб этилаяптилар.
"Ўзбекистонликлар Мах мессенжерини ўрнатишда пешқадам"
Россиянинг Мах мессенжери асосчиларига кўра, аудио, видео мулоқот қилиш имконини берадиган бу иловани ўз мобил телефонига ўрнатган хорижликлар орасида Ўзбекистон биринчи ўринда.
Мах иловасини ҳозиргача 7 миллион чет эллик ўз телефонига ўрнатиб олгани хабар қилинади.
Уларнинг 90 фоизини МДҲ республикалари яшовчилари ташкил қилади.
Асосчиларга кўра, биринчи ўринда ўзбекистонликлар.
Шу вақтгача 2,3 миллион ўзбекистонлик Махни ўрнатган.
Иккинчи ўринда Беларус, сўнг Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон.
Апрел ойи бошида Махнинг жами фойдаланувчилари сони 110 миллионга етгани хабар қилинган.
Мах иловасини 2025 йили VK ширкати ишлаб чиққан.
Охирги пайтда Россияда фойдаланувчиларни мажбуран Махга ўтказиш кузатилаяпти.
Россияликлар ўз телефонларида Телеграм ёки WhatsApp ишламай қолаётганларидан шикоят қилдилар, ҳукумат хорижнинг муқобил мессенжерларига блок қўйилаётганини хавфсизлик эҳтиёжи билан тушунтирди.
Мах мессенжерини ҳали пухта ишлаб чиқилмагани, ҳаддан зиёд тажовузкор реклама жойлаштирилиши ҳамда давлатгаа яқин бўлгани учун танқид қилишади.
Ўзбекистон хорижликларнинг ерга ҳуқуқини чекламоқчи
Ўзбекистонда ер ислоҳотини янада илгари суришга қарор қилинди.
Мамлакатга ер ислоҳоти зарурлиги, "ер ўзининг ҳақиқий эгасини топса, бундан ҳам аҳолига, ҳам мамлакатга фойда", деган гап ҳали 1988 йиллардан бери айтиб келинади.
Бироқ Президент Ислом Каримов, "ер давлат назорати остида қолиши керак, Ўзбекистон шароитида ерни хусусий мулк қилиб бериш оқибати яхши бўлмайди", деган мавқеъда бўлди.
Президент Мирзиёев қудратга келганидан кейин ҳам ер ислоҳотига жуда эҳтиёткорлик билан ёндашилаяпти.
Синов тариқасида экспериментлар ўтказилаяпти.
Шу кеча-кундузда Президент Шавкат Мирзиёевга ер ислоҳоти бўйича олиб борилаётган экспериментлар илк хулосалари тақдим қилинди.
Президент матбуот хизматига кўра, ердан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ерларини ижарага бериш ҳуқуқини хорижий инвесторларга аукцион орқали таклиф этишни тўхтатиш режалаштирилмоқда.
Расмийларга кўра, охирги беш йилда Ўзбекистон ерларни тақсимлашда аукцион тизимига ўтди ва маҳаллий ҳокимларнинг ер участкаларини тўғридан-тўғри тақсимлаш ваколати бекор қилинди.
Шу давр мобайнида 616 минг гектардан ортиқ ер аукцион орқали берилди ва давлат бюджетига 1,4 триллион сўм (115 940 доллар) тушум тушди.
Расмийларга кўра, ислоҳотлар хусусий ер фойдаланувчилари пайдо бўлишига ва ишлаб чиқариш ҳажми ошишига олиб келди. Бир гектардан олинадиган даромад уч баробарга ошиб, 50–60 миллион сўмни (4 140–4 970 доллар) ташкил этди. Аукцион орқали ажратилган ерларда ҳозир йиллик қиймати тахминан 539 триллион сўм (44 635 398 500 доллар) лик маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда ҳамда 2,1 миллиард долларлик экспорт амалга оширилаяпти.
Шу билан бирга, муаммолар мавжудлигига ҳам эътибор қаратилди. Қарийб 117 600 гектар ер ҳали ҳам ажратилмаган, бунга ижарачиларнинг ердан қандай фойдаланиш бўйича ваколатлари чеклангани сабаб бўлаётгани айтилди.
Буни ҳал этиш мақсадида ҳукумат янгиланган ижара тизимини жорий этиш ва жорий йилда қўшимча 100 000 гектар ерни янги шартлар асосида аукционга чиқаришни режалаштирмоқда. Янги шартларда ердан самарали фойдаланиш учун кучлироқ иқтисодий рағбатлар назарда тутилади.
Асосий ўзгаришлардан бири хорижий инвесторларга тааллуқли бўлади. Таклиф этилаётган қоидаларга кўра, хорижликлар энди Ўзбекистонда ерни аукцион орқали олиш имкониятига эга бўлмайдилар.
Қишлоқ хўжалиги ерларига кириш фақат ҳудудий ҳокимиятлар орқали расмийлаштириладиган иккилламчи ижара шартномалари асосида ва камида 10 миллион доллар инвестиция киритиладиган лойиҳалар учун рухсат этилади. Бу лойиҳалар ҳам паст самарадорликка эга бўлган ерларни, жумладан, яйловлар ва лалмикор майдонларни ўзлаштиришга қаратилган бўлиши шарт.
Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги ерлари бўйича аукционларда иштирок этиш ҳуқуқи фақат маҳаллий фермерлар ва тадбиркорлар билан чекланади. Мудофаа, чегара ҳудудлари, ўрмон фонди ва маданий мерос объектлари учун ажратилган ерлар фақат Ўзбекистон фуқароларига берилади. Барча тоифадаги ерлар учун ягона ижара муддати сифатида 49 йилгача бўлган давр таклиф этилмоқда.
Тақдимотда Фарғона водийсида, шунингдек Жиззах ва Тошкент вилоятларида ҳамда Қорақалпоғистонда ўтказилган муваффақиятли пилот лойиҳалар қайд этилди. У ерларда тадбиркорларга экин турларини мустақил танлашга рухсат берилган. 16 минг гектар майдонга юқори ҳосилли ва экспортга йўналтирилган экинлар экилиб, 2025 йилда тахминан 150 миллион долларлик экспортга ҳисса қўшилган.
Янги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳукумат бир қатор молиявий имтиёзларни таклиф этишни режалаштирмоқда. Булар жумласига етти йилгача муддатга имтиёзли кредитлар, имтиёзли даврлар, инфратузилма харажатлари учун субсидиялар ҳамда қадоқлаш харажатларининг 50 фоизигача бўлган қисмини қоплаб бериш киради. Шунингдек, ер унумдорлигини ошириш учун замонавий қишлоқ хўжалиги технологияларини кенг жорий этиш режалаштирилган.
Расмийлар соҳада рақамлаштиришни жадаллаштириш зарурлигини ҳам таъкидламоқдалар. Айтилишича, ер тоифасини ўзгартириш ва компенсация ҳисоб-китоблари каби кўплаб жараёнлар ҳали ҳам қоғоз шаклида амалга оширилаяпти, бу эса кечикишларга ва инвесторлар норозилигига сабаб бўлмоқда. Режаларга кадастр, қишлоқ хўжалиги ва ҳуқуқий маълумотлар базаларини интеграция қилиш, шунингдек ижара шартномаларини узайтириш бўйича ошкора тартибларни жорий этиш киритилгани хабар қилинди.