Мадрид яқинидаги ёнғинларни жиловлаб бўлмаяпти — Франция ва Испанияда 270 минг киши эвакуация қилинди

Сурат манбаси, Alberto Ortega/Europa Press via Getty Images
Испания расмийлари Мадрид яқинидаги ўрмон ёнғинларини жиловлаш "ўт ўчирувчилар имкониятидан ташқарида" эканини маълум қилди. Аввалроқ Испания ҳукумати мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилган, Мадрид ҳокими Изабел Диас Аюсо эса ёнғинни "минтақа тарихидаги энг даҳшатлиси" деб атади.
Айни пайтда Франция ва Испанияда эвакуация қилинганлар сони қарийб 270 минг кишига етган.
Испания
Жума куни минтақавий фавқулодда вазиятлар бошқармаси раҳбари Карлос Новило Мадрид яқинида давом этаётган ёнғин "энг авж нуқтаси"га чиққани ва уни ўчириш ўт ўчирувчилар имкониятидан ташқарида эканлигини маълум қилди.
Унинг айтишича, олов Мадриднинг ғарбий чеккасидан бир неча ўн километр узоқликда жойлашган Робледо-де-Чавела ва Фреснедиляс-де-ла-Олива муниципалитетлари томон силжимоқда.
"Бу ҳудудда ёнғинга қарши курашишнинг иложи йўқ, шу сабабли ҳимоя чораларини кўряпмиз", — деди Новило журналистларга.

Сурат манбаси, Alberto Ortega/Europa Press via Getty Images
Испания Ички ишлар вазирлигининг BBC'га маълум қилишича, шанба тонгига қадар Мадрид минтақаси ва Авила провинциясидан 60 мингдан ортиқ киши эвакуация қилинган.
AFP ва маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, мамлакат бўйлаб эвакуация қилинганлар сони 70 мингдан ошган.
Ёнғинлар сабаб NASA'нинг космик аппаратлар билан алоқа қилишга хизмат қилувчи учта антенна тизимидан бири бўлган Мадриднинг узоқ космик алоқа мажмуаси фаолияти ҳам вақтинча тўхтатилган.

Сурат манбаси, Gabri Solera/Europa Press via Getty Images
Мадрид минтақаси ҳокимияти аҳолини тутун таъсиридан сақланиш учун уйларини тарк этмасликка чақирмоқда. Ўрмон ёнғинлари шаҳар атрофидаги ҳудудларда ҳаво сифатини кескин ёмонлаштирган.

Сурат манбаси, Cesar MANSO / AFP via Getty Images
Comunidad de Madrid сайтида эълон қилинган огоҳлантиришда болалар, кексалар, ҳомиладор аёллар ҳамда нафас йўллари ёки юрак-қон томир касалликларига чалинганлар ўта эҳтиёт бўлиши кераклиги айтилган.
Расмийлар уйларнинг эшик, дераза ва барча шамоллатиш тешикларини ёпишни, тутун киришининг олдини олишни ҳамда мутлақо зарурат бўлмаса ташқарига чиқмасликни тавсия қилмоқда.

Сурат манбаси, By Rafael Bastante/Europa Press via Getty Images
Франция
Шу билан бирга, Франция ҳукумати мамлакатнинг жануби-ғарбий соҳилидаги Кап-Ферре ярим орлида одамларни тўлиқ эвакуация қилишга буйруқ берди.
Жиронда минтақасида улкан ҳудудни қамраб олган ўрмон ёнғинлари ўн минглаб маҳаллий аҳоли ва сайёҳларни олов қуршовида қолиш хавфи остида қолдирмоқда.

Сурат манбаси, Thibaud MORITZ / AFP via Getty Images
BBC'нинг Париждаги мухбири Хю Скофилднинг ёзишича, Францияда ўрмон ёнғинлари тарқалиши эҳтимоллари умидларни сўндирмоқда. Бир неча ойдан бери давом этаётган жазирама ва қурғоқчилик ниҳоятда хавфли шароитни юзага келтирган. Яқин кунларда ёмғир кутилмаяпти, келаси ҳафтада эса ҳарорат янада кўтарилиши прогноз қилинмоқда.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:
Маҳаллий вақт билан тунги соат учлар атрофида расмийлар Бордо яқинидаги етти шаҳарни (қарийб 60 минг киши) эвакуация қилишни буюрди. Бунга шамол йўналиши сабаб ёнғинларнинг шаҳар томон тарқалиш хавфи асос қилиб кўрсатилган.
Франция Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, мамлакатда эвакуация қилинганлар сони 200 минг кишига яқин.
Умуман олганда, Франция ва Испанияда ўрмон ёнғинлари сабаб 270 мингдан ортиқ киши эвакуация қилинган.





























