ЕИ ва НАТОнинг янги босими ортида нима бор? Путин Ғарбни огоҳлантирди

Сурат манбаси, Reuters
Европа Иттифоқи ва НАТО Германиядаги "янги кескинлашув" ортидан Россияга босимни кучайтиришга ваъда берди

Сурат манбаси, Reuters
BBCнинг Европа бўйича рақамли муҳаррири Пол Кирбининг ёзишича, НАТО ва Европа Комиссияси раҳбарлари Россия тобора эҳтиётсиз ҳаракат қилаётгани ҳақида огоҳлантириб, бунга нисбатан "янги воқелик" шароитида жавоб қайтаришга ваъда берди.
Европа Комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйеннинг айтишича, Германия Россияни Лейпциг аэропортига уюштирилган муваффақиятсиз дрон ҳужумида айблаганидан бир кун ўтиб, "Лейпциг Европа Иттифоқи ҳудудида Россия билан бевосита боғланган янги кескинлашувни англатади".
НАТО Бош котиби Марк Рутте алянс, жумладан АҚШ ҳам, "Германия билан тўлиқ ҳамжиҳатликда" эканини билдирди.
Россия 4 август куни портловчи модда ортилган дрон ёрдамида Украина юк самолётини нишонга олгани ҳақидаги айбловларни рад этади.
Россия Германиянинг янги санкцияларига жавобан мамлакат ҳудудидаги Германиянинг Гёте-институти маданий марказларини ёпишини маълум қилди.
Bizning hududimizga bevosita qaratilgan g‘arazli faoliyatlar ko‘paydi.
Дрон Лейпциг/Халле аэропортида робот томонидан зарарсизлантирилди. Иккинчи дрон бошқа юк самолёти билан тўқнашган деб ҳисобланмоқда.
Учинчи дрон, хабарларга кўра, 10 кун ўтгач аэропортдан топилган. У НАТОнинг муҳим маркази ҳисобланади ва ундан Украинанинг «Антонов» транспорт самолётлари мунтазам фойдаланади.
Фақат сешанба куни Германия ҳукумати полиция терговлари ва разведка маълумотлари Россия ушбу ҳодисалар ортида турганини исботлаганини билдирди.
Ички ишлар вазирининг айтишича, дроннинг конфигурацияси, таркибий қисмлари, портловчи моддалари ва детонатори Россиянинг бошқа гибрид операцияларидан маълум бўлган.
Хабарларга кўра, Лейпцигдаги ҳужум бўйича икки нафар гумонланувчи аниқланган. Улардан бири Россия паспортига эга беларуслик бўлиб, туристик виза билан кирган. Иккинчиси эса Латвия ва Россия паспортларига эга бўлиб, самолётда Берлинга келган ва муваффақиятсиз ҳужумдан икки кун олдин самолётда чиқиб кетган.

Сурат манбаси, Getty Images
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Берлин Бонндаги Россия консуллигини, шунингдек Берлинда Кремл учун тарғибот майдони сифатида фаолият юритиши кенг гумон қилинадиган «Россия уйи» маданий муассасасини ёпишини маълум қилди.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги Берлин ўз айбловларини тасдиқлаш учун ҳеч қандай далил тақдим этмаганини билдирди.
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Берлиннинг ҳаракатларига жавоб сифатида Москва, Санкт-Петербург ва Екатеринбургдаги Германиянинг Гёте-институти маданий марказлари ёпилишини эълон қилди.
Бундан аввал Германиянинг муваққат ишончли вакили Бернд Финке Москванинг Берлиннинг "мутлақо асоссиз айбловлари"ни рад этишини эшитиш учун чақирилган эди.
Россия президенти Владимир Путин Германиянинг чораларини "Германия халқи манфаатларига очиқчасига зид келадиган" жиддий хато сифатида қоралади.
Москва Берлин билан муносабатларни узишга тайёрми, деган саволга Россия ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Александр Грушко "балки" дея жавоб берди, аммо ҳозирча дипломатияга имконият берилаётганини айтди.
Германиядаги танқидчилар Германиянинг жавоби нисбатан кучсиз бўлганини таъкидлашди, аммо Берлин Европа Иттифоқининг кенгайтирилган санкциялари ва блок бўйлаб россиялик меҳмонлар учун кириш чекловларини ўз ичига оладиган, иттифоқчилари билан мувофиқлаштирилган жавоб чораларига кўз тикмоқда.
Урсула фон дер Ляйен ўз баёнотида Лейпцигдаги ҳужум "Европа Иттифоқи ҳудудида Россия агентлари томонидан амалга оширилган ҳарбий даражадаги материаллар билан боғлиқ ҳужум" бўлгани аниқ эканлигини таъкидлади.
"Биз бунга тоқат қилмаймиз", деди у. "Биз ҳаракатларни кучайтиришимиз керак ва бу Россиянинг оқибатини ўйламай қилаётган ҳаракатларига тезроқ ва самаралироқ жавоб беришга тайёр бўлишни англатади".
У Брюсселда Рутте билан учрашиб турган бир пайтда, Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари Ирландиянинг Уиклоу шаҳрида йиғилиш ўтказди. У ерда Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ноэл Барро Европа Иттифоқи санкцияларини четлаб ўтиш мақсадида нефт ва бошқа юкларни ташувчи Россиянинг "соя флоти" деб аталувчи кемаларига қарши Европа даражасида чоралар кўрилиши мумкинлигини айтди.
Барро ҳамда Белгия ва Нидерландиядан бўлган ҳамкасб вазирлар ҳужумга норозилик сифатида Россия элчиларини чақиртирганини маълум қилди.
Литва ташқи ишлар вазири Кястутис Будриснинг айтишича, Россия Европа иттифоқчиларига қарши гибрид операцияларида ҳеч қандай сиёсий баҳо тўламаслигини кўриб тургани аниқ.
Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича раҳбари Кая Каллас амалдаги санкциялар ижросини қандай кучайтириш устида иш олиб борилаётганини айтди ва Россиянинг собиқ жангчилари учун Европа Иттифоқига кириш визаларини тақиқлаш, шунингдек россиялик сайёҳлар учун виза чекловларини кучайтириш таклифи кенг маъқулланаётганини қўшимча қилди.
Швеция, Нидерландия, Полша ва Испанияни ўз ичига олган бир қатор Европа Иттифоқи давлатлари музлатиб қўйилган Россия активларининг 193 миллиард евродан ортиқ қисми Украинага ёрдам бериш учун ишлатилишини талаб қилмоқда. Бу ғоя илк бор 2025 йил охирида режалаштирилган ва маблағлар сақланаётган Белгия томонидан рад этилган эди. Бироқ Белгиянинг позицияси ўзгармаган, чунки у судлар томонидан молиявий жавобгарликка тортилишидан хавотирда.
Фон дер Ляйеннинг айтишича, Лейпцигдаги ҳужум тобора хавфли тус олаётган ҳодисалар, жумладан дронлар ва муҳим инфратузилмага аралашувлар каби кенгроқ тенденциянинг бир қисми ҳисобланади.
Марк Рутте алянснинг шарқий қанотидаги мамлакатлар ҳудудига кириб келаётган дронлар ва ракеталар туфайли европаликлар учун хавф ортганини қўшимча қилди. Шунингдек, "бизнинг ҳудудимизга бевосита қаратилган ғаразли фаолиятлар кўпайди, бу Украина учун мудофаа ускуналарини ишлаб чиқараётган заводларда атайлаб чиқарилган ёнғинлар бўладими ёки Лейпцигдаги Россиянинг гибрид ҳужуми бўладими, фарқ этмайди", деди у.

Сурат манбаси, Reuters
Сўнгги 24 соат ичида фақат Германиянинг ўзида бир нечта эҳтимолий саботаж ҳолатлари ҳақида хабар берилди. Улар орасида электр подстанцияларига қилинган икки ҳужум ҳам бор, уларнинг бири мамлакат шарқида, иккинчиси эса ғарбда, Кёлн яқинида содир бўлган.
Ҳукумат ҳозирча бу ҳодисалар ортида ким турганини билмаётган бўлса-да, Шимолий Рейн-Вестфалия ички ишлар вазири Херберт Ройл Ғарбий Германиядаги Бергхайм шаҳрида электр узатиш тармоқларини нишонга олган ҳужум атайлаб қилинганини ва уни амалга оширган шахс бутун мамлакатга ҳужум қилганини билдирди.
"Биз икки эҳтимолни текширяпмиз - чет давлат томонидан йўналтирилган саботаж ва сўл қанот экстремизми", деди у.
Бир нечта электр узатиш тармоқлари ишдан чиққан, бу эса икки алоҳида кўмир ёқилғисида ишловчи электр станциясидаги бешта энергетика блокининг тармоқдан узилишига олиб келган. Полициянинг айтишича, даладан олтита учириш қурилмаси топилган.
Сешанба куни эрта тонгда Бранденбургдаги Яншвалде кўмир ёқилғисида ишловчи электр станцияси яқинида юқори кучланишли электр узатиш тармоқларига шикаст етказилган, кейинроқ эса подстанциядан портловчи қурилмалар топилган.
Айни пайтда қўшни Полшада Бош вазир Доналд Туск Варшавадан 140 километр жанубда жойлашган Скаржиско-Каменна шаҳрида жанговор дронлар ишлаб чиқарувчи заводда содир бўлган ёнғинни атайлаб қилинган ўт қўйиш ва саботаж ҳаракати деб атади. Якшанбадан душанбага ўтар кечаси Люблин шаҳридаги заводда чиққан ёнғинда ҳам ўт қўйиш эҳтимоли истисно қилинмаган.
Фон дер Ляйеннинг айтишича, Россияни тийиб туриш учун санкциялар аллақачон қўлланилган ва Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари "Россиянинг урушни молиялаштириш манбаларига янада қаттиқроқ зарба бериш" бўйича қўшимча чораларни муҳокама қилмоқда.
Европа Иттифоқи аллақачон Украинага 90 миллиард евро қарз беришга келишиб олган. Фон дер Ляйеннинг айтишича, Киев PAC-3 ҳаво ҳужумидан мудофаа ракеталарини молиялаштириш учун қўшимча равишда бир неча миллиард евро сўраган. Шунингдек, Европа ва Украина ўртасидаги Freyja баллистик ракеталарга қарши мудофаа тизими бўйича қўшма лойиҳа устида ҳам иш олиб борилмоқда.
У Европа ва НАТО Москвага босимни сақлаб қолишини, бироқ "уни янада кучайтиришини ва Россия Украинадаги бегуноҳ эркаклар, аёллар ва болаларни бомбардимон қилиш ва ўлдиришни тўхтатмагунча тўхтамаслигини" ваъда қилди.
Розенберг: Путиннинг Британияга қаратилган пўписаси Россиянинг Ғарбга қарши кампаниясининг бир қисми

Сурат манбаси, Reuters
Россия президенти Владимир Путин матбуот анжуманида Москва Украинага Британия томонидан етказиб берилаётган қуролларга жавоб тариқасида Буюк Британиядаги ҳарбий объектларга зарба бериши мумкинми, деган саволга бир қисқа жумла билан жавоб қайтарди.
"Бу сир. Ҳарбий сир".
Ҳарбий сир дегани "ҳа" эмас. Ва "йўқ" ҳам эмас. Бу бизни ўйлантириб қўяди.
Ва менимча, айнан шу мақсад қилинган.
Бу икки сўз Кремл томонидан психологик босимга ўхшайди - Британияни Москва ниятлари ҳақида тахмин қилишга ва хавотирланишга мажбурлаш, шунингдек, Украинага қатъий қўллаб-қувватловини яна бир бор ўйлаб кўришга ундаш.
Бу менга бир неча кун олдин ўқиган газетадаги мақолани эслатади. "Московский комсомолец" газетаси Буюк Британия бош вазири Энди Бернам Россияни тушида эмас, "балки даҳшатли тушларида" кўриши кераклигини ёзган эди.
Қўрқинчли тил. Аммо бу даҳшатли тушлар қандай кўриниш олиши ҳақида тафсилот жуда кам.
Биз Россия ракеталари Буюк Британиядаги нишонларга қарши ишлатилиш арафасида, деган хулосага кела олмаймиз.
Аммо Европанинг бошқа жойларида нима бўлаётганига назар ташланг.
Германия ҳозир Россия ўтган ой Лейпциг аэропортига қилинган дрон ҳужуми учун жавобгар эканини айтмоқда.
Путин Германияни "далилларни сохталаштиришда" айблади. Аммо Германия ички ишлар вазири Александр Добриндт буни "Европадаги Россия гибрид операцияларининг яхши маълум бўлган андозаси" деб таърифлади.
Шундай "операциялар" энди Буюк Британияда ҳам кучайтирилиши мумкинми?
Бироқ Путин матбуот анжуманида билвосита таҳдид олган фақат Британия эмас эди.
Ғарб умуман шундай таҳдидни қабул қилди. Путин Ғарб давлатларини акулаларга қиёслади.
"Агар кимдир бизни заифлаштиришга, бизни ютиб юборишга ёки еб ташлашга уринса, уларнинг тишига мушт тегиши мумкин", деди у. "Россия, бу акулаларнинг иштаҳаси ва тишлари тез ўсиб бораётганига қарамай, бунга тайёр".
Тобора кўпроқ Россия президенти геосиёсий мавзуларни зоологик образлар билан аралаштирмоқда. Яқинда у Россиянинг Украинадаги урушига асос сифатида йиртқич китлар "оқ айиқларни парчалаётгани" ҳақида гапирган эди.
Қирғизистон пойтахти Бишкекдаги матбуот анжумани Путиннинг кайфияти ва фикрлаш тарзига назар ташлаш имконини берди.
Қирқ беш дақиқа давомида у россиялик журналистларнинг саволларига жавоб берди ва жанговар ҳамда ғалабага ишончи комил кўринди. Шу кунларда Путин Россия билан Ғарб ўртасидаги геосиёсий қарама-қаршилик ва Украинадаги уруш ҳақида гапирганда ўта фаол кўринади.
Гарчи уруш режадагидек кетмаган бўлса ҳам. Россия жанг майдонида улкан йўқотишларга учради. Мамлакат иқтисоди жиддий босим остида.
"Душман барибир қулашига менда ҳеч қандай шубҳа йўқ", деди у. Бироқ уруш тўрт ярим йилдан ортиқ вақт давом этмоқда ва Украина ҳали ҳам курашмоқда.
Расман Кремл буни ҳамон "махсус ҳарбий операция" деб атайди. Аммо энди Путиннинг ўзи ҳам "уруш" сўзини ишлатмоқда.
"Уруш шафқатсиз ва олдиндан айтиб бўлмайдиган нарсадир", деди у матбуот анжуманида.
У можарога барҳам бериш бўйича музокараларга очиқлигини айтди ва АҚШ маъмуриятидан ким билан музокара столи атрофида ўтиришни афзал кўришини ҳам яширмади - Доналд Трампнинг вакиллари билан.
"Биз яхши танийдиган ва умуман ишонадиган одамлар билан ишлашда ўзимизни мутлақо қулай ҳис қиламиз", деди Путин. "[Жаред] Кушнер ва [Стив] Уиткофф ҳар доим хуш келган меҳмонлардир. Улар билан ҳамкорлик қилишдан мамнунмиз".
Ўтган ҳафта Москвага кутилмаган ташриф билан келган Марказий разведка бошқармаси раҳбари учун бундай алоҳида эътироф бўлмади. Кремлнинг айтишича, Россия президенти ўша сафар давомида Жон Рэтклифф билан учрашмаган.
Путин яқин орада Уиткофф ва Кушнер билан учрашиши мумкинми?
Ҳозирча бундай учрашув режалаштирилмаган.
Аммо агар улар Москвага боришса, президент Трампнинг вакиллари Украинадаги ҳар қандай тинчлик Россия шартлари асосида бўлиши керак, деган қатъий позицияда турган Кремл раҳбари билан юзма-юз келишади.





























