Уруш даврида Россия иқтисодиётига босим кучаймоқда: россияликлар пулларини яна "кўрпача қатида" сақлай бошладими?

Қизил жемпер кийган, қуёш кўзойнак таққан ва ўнг елкасига кичик сумка осган аёл Россия Федерацияси Марказий банки биноси олдида телефонда гаплашмоқда. Бино тепасида Россия байроғи кўриниб турибди

Сурат манбаси, Anadolu via Getty Images

Сурат тагсўзи, Россияликлар ноаниқ вазиятда эҳтиёт учун қўлида нақд пул сақлашга ҳаракат қилгани боис, банклардан пул ечиб олиш ҳажми бир неча бор кескин ошган.
    • Author, Евгений Пудовкин
    • Author, Даря Мосолова
    • Role, BBC Monitoring
  • Published
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Россияликлар яна нақд пулга қайтмоқда. Мобил интернетнинг ўчирилиши карта орқали тўловларни издан чиқараётган, Украина билан уруш бошланганидан тўрт йилдан ошгач молиявий босим кучайиб бораётган бир пайтда, тобора кўпроқ корхоналар солиқдан қочишга уринмоқда.

BBC таҳлил қилган Марказий банк маълумотларига кўра, йил бошидан бери Россияда муомалага 1,56 триллион рубл (20 миллиард доллар) нақд пул қўшилган. COVID-19 пандемияси даврини ҳисобга олмаганда, бу йилнинг шу даврида қайд этилган энг катта ўсишдир.

Бу кескин ўсиш Украина дронлари ҳужумлари манзарасида юз бермоқда. Ушбу ҳужумлар ортидан Кремл мамлакатнинг катта ҳудудларида мобил интернетни қайта-қайта ўчириб қўйди ва натижада кўпчилик карта орқали тўлов қила олмай қолди. Ҳукуматнинг айтишича, интернетни ўчиришдан мақсад дрон ҳужумларининг олдини олишдир.

"Ёнингизда нақд пул бўлиши сизга вазиятни маълум даражада назорат қилаётгандек ва ўзингизни хавфсиз ҳис қилиш имконини беради", деди Москвадаги бир аёл BBCга исми ошкор этилмаслиги шарти билан. "Агар шаҳарда фавқулодда ҳолат юз берса, мобил тармоқ ишламай қолган тақдирда ҳам энг зарур нарсаларни сотиб ола билишимни биламан".

Сўнгги пайтлар россияликлар банк ҳисобларидан нақд пулни кўпроқ ечиб ола бошлаган. Уруш бошланганидан бери бундай ҳолат бир неча бор кузатилган: одамлар ноаниқ вазиятда эҳтиёт шарт қўлида нақд пул сақлашга ҳаракат қилади.

Муомаладаги нақд пул ҳажми 2022 йил сентябрда президент Владимир Путин қисман сафарбарлик эълон қилганидан сўнг, шунингдек, 2023 йил июнда "Вагнер" ёлланма жангчилар гуруҳининг қисқа давом этган исёни пайтида кескин ошган.

Нақд пулга қайтиш эса давлатнинг солиқ ундиришини қийинлаштирмоқда. Айни пайтда бюджет тақчиллиги тобора ортиб борар экан, Украинадаги урушни молиялаштириш учун давлат йиғиши мумкин бўлган ҳар бир рублга муҳтож.

Давлат даромадларининг қарийб тўртдан бир қисми Россиянинг нефт-газ сектори ҳиссасига тўғри келади. Бу соҳа Эрон урушидан кейин нефт нархилари кўтарилишидан фойда кўрган бўлса-да, мамлакат иқтисодиётида ўсиш секинлашмоқда.

Май ойида Россия Иқтисодиёт вазирлиги 2026 йилда мамлакат иқтисодиёти атиги 0,4 фоизга ўсишини маълум қилди. Агар прогноз тўғри чиқса, бу 2022 йилдан бери энг паст ўсиш бўлади.

Давлатга кўпроқ пул тушириш учун Кремл январда қўшилган қиймат солиғини 20 фоиздан 22 фоизга оширди. Бу солиқни тўлаши керак бўлган кичик ва ўрта корхоналар сони ҳам кўпайди. Натижада, аввалдан қийналиб келаётган кўплаб корхоналар банкротлик ёқасига келиб қолди.

Солиқлар ошгани ва иқтисодиёт секинлашаётгани учун корхоналарнинг фойдаси камаймоқда. Шу сабаб дорихоналар, ресторанлар, гўзаллик салонлари ва кичик дўконлар даромадининг кўпроқ қисмини расмий ҳисоботда кўрсатмаслик учун мижозлардан нақд пул олишга уринмоқда.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Skip podcast promotion and continue reading
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

"Бозоримиздаги савдо расталари бирин-кетин ёпиляпти, чунки очиб ўтириш энди фойда келтирмай қўйди", деди Псков шаҳридаги бозорда кичик кийим-кечак дўконини юритадиган аёл.

"Савдо қилаётганларнинг аксарияти харидордан имкон қадар нақд пулда тўлашни сўрашади. Шунда тушумнинг камроқ қисми касса орқали ўтади".

Россиянинг энг йирик банки "Сбербанк"нинг молиявий масалалар бўйича директори Тарас Скворцов ўтган ой иш ҳақини норасмий равишда, "конвертда" тўлайдиган корхоналар сони кўпайиб, вазият жиддий тус олаётганидан огоҳлантирди.

"Бу жуда ташвишли ҳолат... Нақд пул инкассация, банкоматлар ёки ўз-ўзига хизмат кўрсатиш терминаллари орқали банк тизимига қайтмаяпти. Пул одамларнинг қўлида қоляпти", деди Скворцов. Унинг сўзларини "Интерфакс" давлат ахборот агентлиги келтирди.

Россиядаги кичик ва ўрта бизнеснинг энг йирик уюшмаси "Опора России" май ойида ўтказган сўров натижаларига кўра, тадбиркорларнинг қарийб 6 фоизи янги солиқ юкига мослашиш учун "кулранг схемалар"дан фойдалана бошлаган. Жумладан, айримлари савдони касса чекисиз амалга оширмоқда.

Нақд пулда тўлов қилинса, корхоналар савдо айланмасини кам кўрсатиб, қўшилган қиймат солиғини тўламаслиги мумкин. Ходимларга иш ҳақини нақд бериб, бу билан боғлиқ солиқларни тўлашдан ҳам қочиш мумкин бўлади.

Яширин иқтисодиётга қарши курашни кучайтириш Кремлнинг устувор вазифаларидан бирига айланган.

Қўшилган қиймат солиғининг (ҚҚС, товар ва хизматлар нархига қўшиладиган солиқ) оширилган ставкаси кучга киришидан олдин Путин янги қоидалар корхоналарни яширин фаолият юритишга ундамаслиги кераклигини таъкидлаган ва "ноқонуний бандликни кескин қисқартириш"га чақирган эди.

"Ҳукуматнинг бир қисми юқори солиқлар, жарималар ва бошқа тўловлар орқали одамлардан имкон қадар кўпроқ пул ундиришга уринмоқда", деди Европа сиёсатини таҳлил қилиш марказининг штатдан ташқари катта илмий ходими Александр Коляндр BBCга.

"Аммо ҳукуматнинг бошқа қисми террор таҳдидлари деб аталаётган хавфларга қарши курашишга уриниб, солиқ йиғишни қийинлаштирмоқда ва шу тариқа ўша стратегияга путур етказмоқда", деди у. Бу билан Коляндр мобил интернетнинг ўчирилишини назарда тутган.

Rossiya banki, tomida Rossiya bayrog'i bor
EPA
Bu juda tashvishli holat... Naqd pul inkassatsiya, bankomatlar yoki o‘z-o‘ziga xizmat ko‘rsatish terminallari orqali bank tizimiga qaytmayapti. Pul odamlar qo‘lida qolyapti...
Taras Skvorsov
"Sberbank" moliyaviy masalalar bo‘yicha direktori (batafsil bbc.com/uzbekda o'qing)

Банк омонатлари ўн ва ундан юқори фоизли даромад келтираётганига қарамай, совет давридан қолган пулни "кўрпача қатида" сақлаш одати яна қайтмоқда.

Уруш туфайли кучайган ва пасаймаётган инфляцияни жиловлашга уринаётган Марказий банк омонат фоизларини юқори даражада ушлаб турибди.

Айни пайтда Россиянинг энг йирик банки "Сбербанк"да бир йиллик муддатли омонатга қўйилган 100 минг рубл (1 280 доллар) йилига 10 фоиз даромад келтиради.

Шунга қарамай, Марказий банк маълумотларига кўра, россияликлар май ойида банк ҳисобларидан 550 миллиард рубл ечиб олишган. Шундан 200 миллиард рубли муддатли омонатлар ҳиссасига тўғри келади.

Москвада яшовчи матннавис Антоннинг айтишича, винил пластинкалар дўконидаги сотувчи нақд пулда тўласа, унга чегирма беришни таклиф қилган. "У сабабини яширмади. Солиқлар ошгани учун эканини айтди", деди Антон BBCга.

Май ойи Россияда Ғалаба куни тантаналари муносабати билан хавфсизлик чоралари кучайтирилгач, мобил интернетни ўчириш ҳолатлари ҳам ортган. Антоннинг айтишича, ўша пайтда у Москва марказидаги гул бозорида ишлатиш учун пул ечиб олишга қийналаётган одамларни кўрган.

"Бир аёл ичида ҳали нақд пул бор банкоматни излаб, бир банкоматдан бошқасига бориб келиб юрган эди".