АҚШ ва Эрон иккинчи кеча ҳам зарбалар алмашди

Сурат манбаси, CENTCOM
- Author, Вики Вонг
- Author, Мэтт Спайви ва Тэбби Уилсон
- Published
- Ўқилиш вақти: 5 дақ
АҚШ ва Эрон кетма-кет иккинчи кеча ўзаро зарбалар алмашди. Кузатувчиларнинг билдиришича, ҳарбий ҳаракатлар қайта бошланганидан бери Ҳурмуз бўғози орқали ҳаракатланаётган кемалар сони кескин камайган.
АҚШ ҳарбийлари маълум қилишича, улар 90 га яқин ҳарбий нишонга, жумладан, баъзилари Ҳурмуз бўғози яқинида жойлашган объектларга зарба берган. Эрон расмийлари эса сўнгги икки кунда 14 киши ҳалок бўлганини айтмоқда.
Эрон мамлакатнинг бир нечта соҳилбўйи ҳудудларида портлашлар содир бўлганини маълум қилди ҳамда жавоб чораси сифатида Кувайт, Баҳрайн ва Қатардаги АҚШ объектларини нишонга олганини билдирди.
Мустақил танкер эгалари халқаро ташкилоти - Intertankoнинг денгиз масалалари бўйича директори Фил Белчернинг айтишича, ҳозирда бўғознинг жанубий йўналиши орқали ҳаракатланаётган кемалар сони саноқли даражага тушиб қолган.
Унинг сўзларига кўра, бир ҳафта аввал кунига тахминан 70 та кема ўтган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич тахминан 30 тага тушган. Бу эса йил бошида Эрондаги уруш бошланишидан аввал қайд этилган 130 та кема кўрсаткичидан анча паст.
"Уммон соҳиллари яқинида АҚШ томонидан назорат қилинадиган жанубий йўналиш орқали кечаси ўтаётган кемалар сони кескин камаймоқда", деди у BBC Radio 4'нинг Today дастурига берган интервюсида. Шу билан бирга, Эрон назорат қиладиган шимолий йўналиш орқали тахминан 20 та кема ҳаракатланган.
Белчернинг таъкидлашича, ўтган ой Эрон ва АҚШ ўртасида англашув меморандуми имзолангач, минтақадаги денгиз ташувлари соҳасида катта оптимизм кузатилган эди, аммо ҳозир вазият ўзгарган.
"Қуролли тўқнашувлар тўхтамаётгани ва вазиятнинг доимий беқарорлиги ҳам бизнесга, ҳам денгизчиларнинг ўзига катта таъсир кўрсатмоқда", деди у.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги АҚШ зарбаларини "қўпол ҳарбий жиноят" деб атади ва улар фуқаролик инфратузилмаси, жумладан темир йўл кўприкларини нишонга олганини билдирди.
Вазирлик баёнотида АҚШ маъмурияти "ёвуз ва психопатик" деб таърифланди ҳамда Теҳронни Машҳад шаҳри билан боғловчи темир йўл йўналиши ва кўприкларга зарар етказган ҳужумлар қораланди. Машҳад шаҳрида марҳум олий раҳбар Али Хоманаий пайшанба куни кечроқ бўлиб ўтадиган жаноза маросимидан сўнг дафн этилиши кутилмоқда.
Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, жангларнинг сўнгги босқичида 14 киши ҳалок бўлган.
Вазирликнинг жамоатчилик билан алоқалар бўйича раҳбари Ҳусайн Керманпурнинг айтишича, 8-9 июл кунлари АҚШнинг Эроннинг беш вилоятига қилган ҳужумлари оқибатида яна 78 киши жароҳатланган, уларнинг 47 нафари ҳали ҳам шифохонада қолмоқмоқда.
АҚШ зарбаларидан сўнг Форс кўрфази давлатлари ҳам Эрон ҳужумлари ҳақида хабар берди. Баҳрайн пойтахти Маномада портлашлар кузатилди, Кувайт ракеталар ва дронларни тўхтатди, Қатар эса хавфсизлик огоҳлантиришини эълон қилди.
Ислом инқилоби қўриқчилари Кувайт ва Баҳрайндаги АҚШ ҳарбий базаларига жавоб зарбалари берилганини тасдиқлади ва бу ҳаракатларни "америкалик битим шартларини бузувчиларга қарши жазоловчи чораларнинг биринчи босқичи", деб атади.
Эрон парламенти спикери ва мамлакатнинг АҚШ билан бош музокарачиси Муҳаммад Боқир Ғолибоф X ижтимоий тармоғида шундай ёзди: "Америка ҳали ҳам таҳдид қилиш ва ваъдаларни бузиш жавоб чораларисиз қолмаслигини англаб етмади".
"Очиғини айтаман: агар зарба берсангиз, жавоб зарбасини оласиз", деб ёзди у. Шунингдек, Ҳурмуз бўғози фақат Эрон белгилайдиган тартиблар асосида очиқ бўлишини, "Америка таҳдидлари"га кўра эмаслигини таъкидлади.
Qurolli to‘qnashuvlar to‘xtamayotgani va vaziyatning doimiy beqarorligi ham biznesga, ham dengizchilarning o‘ziga katta ta’sir ko‘rsatmoqda.
АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) сўнгги зарбалар Эроннинг мазкур муҳим сув йўлида "тижорий кемалар ва тинч фуқаро денгизчиларига ҳужум қилиш имкониятларини янада чеклаш" мақсадида амалга оширилганини билдирди.
Баёнотда айтилишича, Эроннинг 90 та ҳарбий нишонига зарба берилган бўлиб, улар орасида ҳаво мудофааси тизимлари ва Эрон соҳиллари бўйлаб жойлашган ҳарбий логистика инфратузилмалари ҳам бўлган.
"Сўнгги зарбалар бир кеча аввал Эрон ҳудудида амалга оширилган муваффақиятли ҳужум ҳаракатларининг давоми бўлди", деди CENTCOM.
Шунингдек, Эрон соҳилларининг бошқа ҳудудларида, жумладан Конарак ва Чобаҳор шаҳарларида ҳам бир нечта портлашлар ҳақида хабар берилди.
Эрон давлат телевидениеси Бандар Аббосда саккизта портлаш содир бўлганини хабар қилди ва Эрон жанубида жойлашган Сирик ҳамда Жаск портларига иккитадан ракета келиб тушганини айтди.
Шунингдек, узоқ йиллардан бери Эрон ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида баҳс мавзуси бўлиб келаётган Абу Муса оролига ҳам икки снаряд тушгани айтилди.
Хабарларга кўра, Бандар Аббосда ҳаво мудофааси тизимлари ишга туширилган.
АҚШ зарбаларидан келиб чиққан зарар ҳажми ҳозирча маълум эмас. Бироқ Эрон оммавий ахборот воситалари Чобаҳорда электр таъминотида узилишлар ва Бушеҳр шаҳридаги Ислом инқилоби қўриқчилари казармасида ёнғин чиққанини хабар қилди.
Эрон Талабалар ахборот агентлиги маълум қилишича, Чобаҳорда ишдан чиққан учта электр линияларидан иккитаси тезда тикланган, учинчиси ҳам яқин вақтда ишга туширилади.
Чоршанба куни аввалроқ CENTCOM баёнот бериб, Эронни "муҳим халқаро сув йўли орқали эркин ҳаракатланаётган тижорий кемалар ва фуқаро экипажларига қарши сўнгги асоссиз тажовузлар" учун жавобгар деб атаган эди.
Чоршанба кечқурун Air Force One самолётида журналистлар билан мулоқот қилар экан, АҚШ президенти Эрон "бир оз аввал қўнғироқ қилгани" ва келишувга "жуда қаттиқ интилётгани"ни айтди.
Жумладан Трамп шундай деди: "Мен улар келишувга лойиқми-йўқми, билмайман. Улар келишувга амал қиладими-йўқми, муаммо шунда".

Сешанба куни АҚШ ҳарбийлари бўғоздаги учта танкерга қилинган ҳужумларга жавобан "кучли" зарбалар берганини маълум қилди.
Сешанбадан чоршанбага ўтар кечаси АҚШ ва Эрон ўртасидаги англашув меморандуми 17 июн куни имзоланганидан бери энг оғир зарбалар алмашинуви кузатилди.
Трамп чоршанба куни ўтган ой Эрон билан имзоланган оташкесим келишуви "тугагани"ни айтиб, АҚШ "кеча қақшатқич зарба бергани" ва эҳтимол "бугун кечаси ҳам қаттиқ зарба бериши"ни билдирди.
У журналистларга шундай деди: "Мен улар билан бошқа музокара қилишни истамайман. Улар разил кимсалар. Разил кимсалар қандай бўлишини биласизми? Улар айнан шундай кимсалар. Улар носоғлом одамлар".
Бунга жавобан Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи X тармоғида шундай ёзди: "Биз ҳақоратга ҳақорат билан эмас, балки қўрқмасдан ва катта жасорат билан амал билан жавоб берамиз".
АҚШ ва Эрон ўртасидаги келишув 14 банддан иборат бўлиб, улар орасида 60 кунлик оташкесим даври, музокараларни давом эттириш, Ҳурмуз бўғози орқали кемаларнинг хавфсиз ўтишини таъминлаш ва АҚШнинг Эронга қарши санкцияларни бекор қилиши каби масалалар бор эди.
Музокаралар учун ажратилган 60 кунлик муддат ҳали тугамаган бўлса-да, Трамп кейинги музокараларни "вақтни беҳуда сарфлаш" деб атади.
Бу англашув меморандуми имзоланганидан кейинги илк зарбалар эмас.
26 июн куни Ҳурмуз бўғозида эронлик снаряд юк кемасига тегганидан кейин АҚШ Эронга қарши бир қатор зарбалар берган эди.
27 июн куни ҳам танкерга қилинган ҳужумдан сўнг қўшимча АҚШ зарбалари амалга оширилди. Бироқ ой охирида ҳар икки томон ҳам "вазиятни кескинлаштирмасликка" келишиб олган эди.




























