Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 06 Июн, 2008 - Published 12:59 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Медведев илк бор МДҲ саммитига мезбонлик қилмоқда
Жаноб Медведев бу каби саммитга илк бор мезбонлик қилади
Жаноб Медведев бу каби саммитга илк бор мезбонлик қилади
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар раҳбарлари Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида норасмий олиймақом йиғинга тўпланишмоқда.

Бу МДҲга аъзо давлатларнинг Россиянинг янги президенти Дмитрий Медведев мезбонлик қиладиган илк саммити бўлади.

Москвада бўлган мухбиримиз Жеймс Рожерс (James Rodgers)нинг хабар беришича, йиғин чоғида жаноб Медведевнинг жорий вақтда расмий Москва сан-манга бориб қолган Гуржистон ва Украина президентлари билан учрашувига асосий эътибор қаратилиши кутилмоқда.

Шу сабабдан ҳам жорий саммит Кремлнинг янги раҳбари учун оғир синов бўлиши мумкин.

Россиянинг Гуржистондан мустақил бўлишга интилаётган бўлгинчи Абхазия ва Жанубий Осетия билан алоқалари ҳамда расмий Тбилисининг НАТОга аъзо бўлиш нияти анча вақтдан буён ўзаро муносабатларга соя солиб келади.

Жаноб Медведевнинг гуржистонлик ҳамкасби Михаил Саакашвили билан учрашуви бўлгинчи Абхазия минтақаси юзасидан тангликлар кучайиб бораётган жорий вазиятда икки ўртадаги келишмовчиликларни муҳокама этиб олишга имконият яратади.

Россиялик мулозимлар ўзаро музокараларнинг "жиддий, бироқ босиқ" бўлишини айтишмоқда.

Гуржи раҳбари Михаил Саакашвили музокаралар чоғида бирор бир тўхтамга келишга умид қилаётганини билдирган. Бироқ бу каби қалтис масалалар борасида келишиб олиш осон бўлмаслиги мумкин.

Россия томони Украина Президенти Виктор Юшченко билан ҳам музокараларнинг "қийин" бўлишини аввалдан тан олмоқда.

Худди Гуржистон мисолида бўлгани каби, расмий Москва расмий Киевнинг ҳам НАТОга аъзо бўлиш ва ўз денгизчиларининг Украинада узоқ муддатли ҳозирликлари масаласида келишолмай турибди.

Каримов ҳам йиғинда иштирок этмоқда

Минтақадан келаётган хабарларга кўра, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ҳам МДҲ давлатларининг норасмий саммитида учрашиш учун Санкт-Петербургга жўнаб кетган.

Жаноб Каримовнинг йиғин баҳонасида россиялик ҳамкасби билан юзма-юз мулоқотлар олиб бориши кутилмоқда.

Расмий манбаларга кўра, ўзаро музокаралар чоғида асосан Марказий Осиё минтақаси, Афғонистондаги вазият, террорчилик ва гиёҳванд моддаларга қарши кураш масалалари кўриб чиқилади.

Шунингдек, икки томонлама иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш ва иқтисодий лойиҳалар хусусида ҳам сўз юритилиши айтилмоқда.

Айрим минтақавий кузатувчиларга кўра, ўзаро музокаралар чоғида Ўзбекистон томони Россия тарафидан ўз қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспортига қўйилган қисман чекловларни бекор қилиш, расмий Москва эса, "Газпром" ширкати Ўзбекистонда дуч келаётган муаммоларни ҳам кўтариши мумкин.

Би-би-си Ўзбек Хизмати Лондондаги "Глобал инсайт" тадқиқот марказидан таҳлилчи Наталья Лешченкодан саммит кун тартибидаги масалалар хусусида сўраган:

Наталья Лешченко: Санкт-Петербургдаги иқтисодий форум доирасида ўтувчи бу каби норасмий саммитлар ўтмишда расмийларига қараганда бир мунча самарали бўлиб келган. Бу галги учрашув натижасида бирон аниқ сиёсат ишлаб чиқилиши ва ё-да ҳужжат имзоланишини кутмасам-да, бу учрашув таъбир жойиз бўлса кўприклар қуриш, шахсий муносабатлар ўрнатиш имкониятидир. Ана шу нуқтаи назардан, ушбу саммит аҳамиятини паст кўрмаган бўлардим.

Би-би-си: Ушбу учрашувга МДҲга аъзо давлатлар раҳбарларининг ҳаммалари истисносиз келганлари уларнинг ҳам бу каби муносабатларни ўрнатишга иштиёқманд эканликларидан далолат берадими?

Наталья Лешченко: Албатта, лекин шуни ҳам ёддан чиқармаслик керакки, бу каби норасмий саммитларга раҳбарлар ҳамиша яхши қатнашиб келганлар. Баъзида бир ёки икки раҳбар норасмий саммитда қатнашмаган вақтлар бўлган, ўшанда ҳам, улар қатъий бир сиёсий норозиликларини намойиш қилмоқчи бўлган пайтларда. Бу гал ҳар бир раҳбарнинг Россиянинг янги президенти билан мубоҳаса қилиши керак бўлган мавзуси бор. Масалан, Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги Тоғли Қорабоғ муаммоси, Молдова президенти учун эса, ўз бўлгинчи муаммоси, яъни Преднестровье масаласи бор. Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари учун энергия масалалари кун тартибида бўлади ва албатта, Гуржистон ҳамда Украина билан муносабатлар масаласи, чунки охирги вақтларда уларнинг Россия билан алоқалари анчайин танг...

Би-би-си: Сиз санаб ўтган муаммоли масалалар юзасидан ушбу учрашув мобайнида бирон ижобий илгари силжишлар юз бериши мумкинми?

Наталья Лешченко: Аввал айтиб ўтганимдек, бирон расмий қарорлар берилмайди, лекин балким, Украина Қора денгиздаги Россия денгиз кучлари, НАТОнинг Шаркка томон кенгайиши ва энергия масалалалари юзасидан фикр алмашиб олишар. Худди шу каби, Гуржистон ва Россия президентлари орасидаги музокараларга ҳам умид кўзи билан қаралаётгандир. Ҳозирда Россия Гуржистоннинг бўлгинчи ҳудудидаги темир йўлни қайта тиклаш лойиҳасига ёрдам бермокда, лойиҳа амалга оширилса, бутун Қофқоз минтақаси бундан манфаатдор бўлиши мумкин, лекин Гуржистон ҳукумати бу каби ҳаракатлар Абхазиядаги бўлгинчилик кайфиятларини кучайтириб юборади деган хавотирда. Ҳозирда ана шу йўналишларда ижобий фикр алмашинуви рўй беришига умид қилинмоқда.

Би-би-си: Жаноб Медведевнинг июл ойида Туркманистонга бориши эълон қилинди ва у ўзининг биринчи сафари ўлароқ Қозоғистонга ҳам бориб келди. Ана шу манзарада Россия минтақада Ўзбекистонга у қадар ҳам катта эътибор бермаётганлигини англатадими?

Наталья Лешченко: Менимча, икки томон алоқалари президент Каримов ва Медведев ўзаро не қадар шахсий муносабатлар ўрната олишлари ҳамда бир-бирларини тушуна олишларига боғлиқ. Президент Каримов шу йил бошларида Россияга келган вақти жаноб Путиннинг учинчи муддатга сайланиши тарафдори эканлигини айтганди. Балким бу изҳорот икки ўртада тангликни туғдирмас, лекин ўзаро ҳамжиҳатлик йўлида ҳаракат қилиш кераклигига ишора этади. Каримов ва Медведев Санкт-Петербургда юзма-юз учрашишлари тасдиқланган, демак, биз бу учрашувда икки томон ўзаро алоқаларни қанчалик ўрнатишга ҳаракат қилишларига гувоҳ бўлишимиз мумкин бўлади. Икки томондан ҳам бу йўлда қаршиликлар бор деб ўйламайман, масала - фақат суҳбат қуриб, илгари силжиш йўлларини биргаликда ишлаб чиқа олишга боғлиқ.

Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy