Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 15 Август, 2007 - Published 12:32 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Эрон Президенти Туркманистон сафарида
Туркманистон телевидиниесидан олинган сурат
Гиёҳванд моддалар муаммоси Аҳмадинежодга кўра, ҳар икки мамлакат учун умумий таҳдиддир
Эрон Президенти Маҳмуд Аҳмадинежод Ашхабодда Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳаммадов билан музокаралар ўтказган.

Эрон ва Туркманистон ҳукуматлари ҳайъатлари ўртасидаги мулоқотлар пайти жаноб Аҳмадинежод қўшни Туркманистонни гиёҳванд моддалар ва ўзининг сўзларига кўра, зиён амалларига қарши биргаликда курашишга чақирган.

"Биз - ушбу икки мамлакат маълум бир йўналишларда умумий бир таҳдидга дуч келаяпмиз. Гиёҳванд моддалар ва бошқа зиён амаллари икки мамалакат учун ҳам хавф ҳамда ҳамкорликда қарши туришни талаб қиладиган мисоллардир,"- деб айтган Эрон Президенти Аҳмадинежод жаноблари.

Эрон раҳбари тилга олган гиёҳванд моддалар муаммоси Туркманистонда нақадар долзарб? Би-би-си ушбу савол билан Швецияда истиқомат қиладиган туркманистонлик таҳлилчи Мурод Эсеновга мурожаат қилди:

Мурод Эсенов: Туркманистонни Сапармурод Ниёзов бошқарган даврда гиёҳвандлик муаммоси жуда ўткир муаммо эди. Чунки Туркманистон раҳбарияти гиёҳванд моддаларни олиб ўтишга қарши атайдан самарали курашни йўлга қўймаган эди. Гап шундаки, Ниёзов ҳукмронлиги пайтида амалдорларнинг бир қисми, албатта Ниёзовнинг рухсати билан, наркотикларни транзит қилишда иштирок этардилар. Шу сабабдан ҳам ҳатто халқаро миқёсда катта можаролар юзага келган пайтлар ҳам бўлган. Гиёҳванд моддалар Туркманистонга Афғонистондан ўтарди ва ундан кейин Каспий орқали минтақа ва жаҳоннинг бошқа жойларига жўнатиларди.

Би-би-си: Мамлакат қонунчилигида гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятлар учун қандай жазолар кўзда тутилган эди?

Мурод Эсенов: Қонунчилигида ҳаммаси жойида эди. Лекин 1990 йилларнинг ўртасида Ниёзов Туркманистон телевидениеси орқали чиқиш қилиб, ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилган - жуда кам миқдорда гиёҳванд модда истеъмол қиладиганларни қаттиқ жазолмасликни айтган эди. У ўзининг ушбу кўрсатмасини шу билан изоҳладики, қадимдан Туркманистонда гиёҳванд моддадан дори сифатида фойдаланиб келишган. Бу эса жуда аянчли оқибатларга олиб келди. 1990 йилларнинг охири, янги асрнинг бошига келиб, Туркманистон ёшларининг 50-60 фоизи гиёҳванд модда истеъмол қиладиган бўлди, Ашгабат бозорларида гиёҳванд моддани топиш ҳеч ҳам мушкул иш бўлмай қолди.Бундан ташқари, туркманистонлик наркотужжорлар Эрон ҳудудига ҳам гиёҳванд моддани олиб ўтишни бошладилар. Кўп Туркманистон фуқаролари Эронда қўлга ҳам тушишди, лекин айримлари ўз молини Эронда сотишга ҳам муваффақ бўлиб келаётган эди. Эронга наркотиклар ҳам Афғонистондан, ҳам Туркманистондан ўтгани боис, Эрон Президенти Ашгабатда ушбу муаммони кўтарган, деб ўйлайман.

Би-би-си: Энди бугун Туркманистонда гиёҳванд моддаларга кураш аҳволи қандай?

Мурод Эсенов: Ҳокимият тепасига янги одамлар келганидан кейин, айниқса Президент Бердимуҳамедов раҳбарлигида гиёҳвандликка қарши кураш Туркманистонда анча кучайтирилди. Бунинг сабаби шуки, Бердимуҳамедов касби шифокор бўлгани, мамлакатда соғликни сақлаш вазири лавозимида ишлагани боис, Туркманистоннинг ҳиёванд бозоридаги аҳволни жуда яхши билади. Олдинги раҳбарият қўйиб берганидан кейин жуда кўп одамлар гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишни бошладилар. Бу борадаги вазиятдан эса айниқса соғликни сақлаш вазирлиги яхши бохабар бўлган. Ҳозир гиёҳванд моддаларни олиб ўтиш ва истеъмол қилишга қарши жиддий кураш бошлангани сабабидан ҳам Эрон ва Туркманистон раҳбарияти ўртасида муҳокама этилган масалага айланди.

Би-би-си: Энди Эрон билан Туркманистон ўртасида эришилган келишув нақадар самара беради, деб ўйлайсиз?

Мурод Эсенов: Бу ерда бир жиҳатга эътибор қаратиш лозим. Туркманистонга гиёҳванд моддалар Эрондан эмас, Афғонистондан кириб келади. Биз биламизки, Эронда гиёҳванд моддаларга қарши кураш жуда юқори даражада ташкил этилган ва бундай жиноятлар содир этганларга қарши қаттиқ жазо амаллари қўлланилади. Эрон ҳам, Туркманистон ҳам Афғонистонга қўшни мамлакатлар бўлгани учун икки мамлакат ўртасида гиёҳванд моддаларга қарши курашда ахборот алмашиш жуда муҳим. Икки президентлар келишиб олганларидан кейин Эрон ва Туркманистоннинг махсус хизматлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари бу борадаги ахборотни алмашишни бошлайдилар ва бу яхши самара беради. Шунинг учун мамлакатлар ўртасидаги ушбу битимни мен юқори баҳолайман.

Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy