Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 30 Май, 2006 - Published 15:45 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Daewoo асосчиси озодликдан маҳрум этилди
ДЭУ асосчиси Ким Ву Чунг
Ким Ву Чунг олти йил қочиб юрганидан сўнг ўз ихтиёри билан ватанига қайтган
Сеул маҳкамаси ДЭУ ширкатининг асосчиси ва раҳбари Ким Ву Чунгни ўн йиллик қамоқ жазосига ҳукм этган. Бундан ташқари у 22 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги маблағни давлатга қайтариши ва 10 миллион долларлик жарима тўлаши шарт.

Ким Ву Чунг ДЭУга раҳбарлик қилган йиллари бухгалтерия ҳужжатларини сохталаштириш, ноқонуний молиялаш ва маблағни мамлакатдан четга чиқариш каби бандларда айбдор, деб топилган.

69 ёшли, Сеулдаги маҳкамага ногиронлар аравасида келтирилган Ким Ву Чунгга қўйилаётган асосий айб - у узоқ йиллар мобайнида ДЭУ ширкатининг ҳақиқий иқтисодий аҳволини яшириб келганликдир.

Кейин аниқланишича, ДЭУ йилдан йилга даромад кўрмасдан фаолият юритган, унинг ишлаб чиқариш корхоналари йилни молиявий зарар билан якунлайверган. Бироқ компанияга асос солган ва уни бошқариб келган Ким Ву Чунг ширкатнинг молиявий аҳволини ҳужжатларда кўнгилдагидек қилиб кўрсатиб келган ҳамда давлатдан, банклардан кредитлар олишни давом эттирган.

1998 йилдаги Осиё мамлакатларидаги молиявий инқироздан кейин ДЭУ ҳам касодга учради, ширкатнинг 80 миллиард АҚШ долларилик қарзи мавжудлиги аниқ бўлди. Кредиторлар ўз маблағларини талаб қила бошладилар. Можародан сўнг Ким Ву Чунг Жанубий Кореядан қочишга мажбур бўлди.

Ким Ву Чунг қочиб кетганидан кейин қарзлардан қутилиш учун ДЭУга тегишли маиший техника жиҳозлари ишлаб чиқарадиган, кемасозлик сингари заводларини сотиб юборишга тўғри келди. ДЭУнинг Дунёнинг қатор мамлакатларидаги автомобилсозлик заводлари Американинг "Женерал Моторс" ширкати ихтиёрига ўтди.

Олти йил мобайнида Ким Ву Чунг асосан Францияда яшириниб юрган. Бир йил олдин у Кореяга қайтишга қарор қилган, аэропортда у ҳибсга олинганди.


ДЭУ инқирози Ўзбекистондаги корхоналарига қандай таъсир қилди?

"UzDaewooauto" қўшма корхонаси рамзи
Асакадаги "УзДЭУавто" заводи Ўзбекистон фахри бўлган корхоналардан
Ўзбекистонда ДЭУ билан ҳамкорликда Асакадаги "УзДЭУавто" автомобиль заводига асос солинган, Тошкентдаги "Зенит" заводи ўрнида телевизор, видеомагнитофонлар йиғиш корхонаси иш бошлаган, Хоразмда телефон аппаратларини йиғиш бошланганди.

Жанубий Кореяда ДЭУнинг асосий ширкати банкротга учраган пайтда Ўзбекистонда фақат автомобиль заводи фаолият юритаётганди, орада бирмунча вақт "УзДЭУавто" ҳам Кореядан эҳтиёт қисмларни етказиб бериш мушкулликларига дуч келди.

"Женерал Моторс" 2002 йилда ДЭУнинг автомобилсозлик заводларини сотиб олганидан кейин Ўзбекистон ҳукумати "Женерал Моторс" раҳбарияти билан "УзДЭУавто" қўшма корхонаси келажагини муҳокама этдилар. Ҳукуматнинг тўла кафолати олинганидан кейин заводнинг фаолият йўналиши ва чиқарилаётган автомобиллар русумларини ўзгартирмасликка қарор қилинди.

"УзДЭУавто"нинг бошланғич қиймати 650 миллион долларга баҳоланган бўлиб, ўтган йили Ўзбекистон ҳукумати қўшма корхонанинг корейс ҳамкорларга тегишли бўлган улушларини ҳам сотиб олиб, заводнинг тўла хўжайинига айланди.

Ўзбекистон расмийлари Жанубий Кореядаги инқироз "УзДЭУавто"га сезиларли салбий таъсир кўрсатмаганини айтишган, буни завод учун эҳтиёт қисмларнинг аскарини Ўзбекистоннинг ўзида ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани билан тушунтиришган. Ҳозир "УзДЭУавто"ни автомобиль ойналари, ғилдираклар, бўёқлар ва электр симлари билан 30 тача корхона таъминлаб туради.

Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy