Москва параллел саммитлар уюштириш билан нима демоқчи?

Сурат манбаси, AP
- Author, Нажам Аббос
- Role, Шарқ Ғарб Институти
- Published
2015 йилнинг 9 май ва 9 июл ўртасида Россия қатор халқаро тадбирларга мезбонлик қилди. Мазкур йиғинлар кўпи минтақавий, айримлари глобал аҳамиятга эга эди.
9 майда Хитой, Ҳиндистон, Мўғулистон, Марказий Осиё ва Қофқоз раҳбарлари Москвада Иккинчи Жаҳон уруши тугагани 70 йиллиги муносабати билан тўпландилар.
8-9 июл кунлари эса, Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка лидерлари Уфа шаҳрида БРИКС ташкилоти саммити учун боришган.
9-10 июлда Бошқирдистон пойтахти Уфа Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти йиғинига ҳам мезбонлик қилади.
Унда ташкилотга аъзо 6 давлат – Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон, шунингдек, икки янги мамлакат раҳбарлари иштирок этадилар.
Саммит давомида ШҲТ Ҳиндистон ва Покистоннинг аъзолигини маъқуллаши кутилади. Бу икки давлат аҳолиси жами 1.5 миллиардни ташкил қилади.
Аъзо давлатлар аҳолисини ҳам қўшиб ҳисоблаганда ШҲТ 2.9 миллиард одам номидан амал қилувчи ташкилотга айланади.
Бу жаҳон аҳолисининг 40% демакдир. Ва Россия мазкур ташкилотда асосий ўйинчи ҳисобланади.
Билвосита олганда, ушбу рақамлар Россия қайси минтақа билан ҳамкорликни афзал кўринишга эслатма ҳамдир. Оврўпо аҳолиси эса, 742 миллионни, дунё аҳолисининг 11% яқинини ташкил қилади.

Сурат манбаси, Vesti.ru
Яқинда Вести янгиликлар канали Ғарб давлатлари Россияни иҳоталаш билан қўрқитган нарса шуми, дея истеҳзоли савол қўйганди.
АҚШ ва ОИда айримлар Москвага қарши янги жазо чоралари жорий этишга хайрихоҳлик билдираётган бир пайтда Президент Путин қўшни мамлакатлар раҳбарлари, минтақавий ташкилотлар ва баъзи шлобал бизнеслар раҳбарлари билан дипломатик марафон ўтказиб келди.
Барча саммитларга мезбонликдан берилаётган мужда Россия минтақавий иттифоқдошликни янгилаётгани, минтақа ва глобал миқёсда муҳим ўйинчилар билан иқтисодий жиҳатдан манфаатли дипломатик алоқаларни давом эттираётганини кўрсатишдир.
Қирғиз-Славянск университетидан сиёсатшунос Игор Халанскийга кўра, ШҲТ ҳажмини кенгайтираётган бир пайтда Туркия ва Эронни ҳам ўз сафларига тортиш эҳтиёжи пайдо бўлган. “Токи, Россия ўзига қарши жазо чоралари учун Қўшма Штатлар ва Оврўпога муносиб жавоб қайтаришни лозим ҳисоблар экан, ШҲТ платформаси унга жуда қўл келади”, дейди эксперт.
Баъзилар Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотидаги фаолият Россия ва Хитойнинг Марказий Осиёда рақобатлашувига етакламайдими, дея савол қўядилар. Айримлар эса, Россия ва Хитой иқтисодий манфаатлари бўлина бошлаганига ишонадилар.
Аммо, Россиядаги кўплаб кузатувчилар келаси 5 йил ичида ШҲТ давлатлари манфаатлари мувофиқлашиб боришини башорат қиладилар. Уларга кўра, шунда ҳам Хитой ва Россия параллел геосиёсий ва стратегик мақсадлар йўлида давом этаверишлари мумкин.
Таҳлилчилар Оврўосиё Иқтисодий Иттифоқи доирасида интергациялашув аъзо давлатларни анъанавий бозорлардаги ўринларини мустаҳкамлаши ва хориждаги ҳозирликларини кучайтиришига ишонадилар.
Аксинча, таҳлилчиларнинг огоҳлантиришларича, қатор собиқ Шўро давлатлари иқтисодлари минтақа ва ундан ташқаридаги қудратли иқтисодлар таъсирида қолиб кетиши мумкин.
Уларнинг даъво қилишларича, иттифоқдошлик имкониятни бой бериш мавжуд мақомдан пастлаш, гиёиқтисодий рақобатда гиёсиёсий рақиблар доирасида гангиш, ўз миллий заҳиралари устидан назоратни ва ривожланиш истиқболларини йўқотишга олиб боради.
Афтидан, Москва Марказий Осиёдаги ҳамкорларига Украина каби иқтисодий заиф ва сиёсий беқарор жамиятга айлангандан кўра Россия жамлоғига қўшилишни маслаҳат бераётгандек.
Худди шу даъволардан келиб чиқилса, Оврўосиё Иқтисодий Иттифоқи қисқа муддатда Россиянинг сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан марказий рол ўйнаётганини намойиш қилади. Узоқ муддатда эса, Марказий Осиё давлатларини Хитойнинг кучайиб бораётган иқтисодий таъсирига олдида қаддиларини тикроқ тутишларига хизмат қилишини ҳам англатиши мумкин.
Россия Президенти Владимир Путин раҳбарлигининг бу галги даврида бир баррел нефт нархи 110 доллардан 50 долларга тушгани кузатилди (2014 йил сентябри ва 2015 йил феврали ўртасида). Жазо чоралари таъсирида Россия иқтисодининг пастга кетиши Путин жаноблари иқтисодий бошқаруви шаклу шамойилига салбий нуқс берди.
Оврўосиё Иқтисодий Иттифоқидаги роли билан Путин ўз иттифоқчиларини ўзи билганча танлашини кўрсатаётгандек.
Айни пайтда у ўзининг асосий сиёсий ҳамкорларига Украинадаги рус озчилиги ҳақлари учун жангга киргани ва ҳатто, кескин жазо чораларига қарамай, Донецк ва Луганскдаги рус жамоасини ташлаб қўймаганини айтаётган кўринади.
Россиянинг Овросиё Иқтисодий Иттифоқидаги иштирокидан мақсадлари қаторида, Марказий Осиё давлатларини тобора ўсиб бораётган Хитой таъсиридан "ҳимоя" қилиш нияти ҳам бор.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
Instagram – BBC UZBEK
Twitter – BBC UZBEK
Odnoklassniki – BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - bbcuzbekradio































