"Буларнинг қонунлари тугамади". Россияда қоидалар яна қаттиқлашди

Россиядаги миграция марказларининг бирида полиция ходими муҳожирларни назорат қилиб турибди.

Сурат манбаси, Getty Images

    • Author, Санжар Эралиев
    • Role, bbc.com/uzbek
    • Reporting from, Бишкек
  • Published
  • Ўқилиш вақти: 3 дақ

Катта жарима, депортация ва узоқ муддатли қамоқ - Россияда чет элликлар, хусусан меҳнат муҳожирлари учун қонун-қоидалар яна қаттиқлашди. Энди бу мамлакатга кириш учун олдиндан махсус илова орқали ариза топшириш ҳам талаб этилади.

27-май куни қабул қилинган қонунга кўра, узоқ муддатга келган хорижликлар Россияга кирганидан кейин 30 кун ичида тиббий кўрикдан ўтиши шарт. Илгари бу муддат 90 кун эди. Талабни бажармаганлар 50 минг рублгача жарима тўлаши ва мамлакатдан чиқариб юборилиши мумкин. Шунингдек, ҳужжатларни сохталаштирган шахсларга 8 йилгача қамоқ ва 3 миллион рублгача жарима белгиланган.

Ушбу чоралар Россияда охирги икки йилда кучайган муҳожирларга қарши қонунларнинг навбатдаги қисмига айланди.

Янги талаблар бир неча йилдан бери Москвадаги дўконда фаррош бўлиб ишлаётган ўзбекистонлик 38 ёшли Нафисанинг хавотирларини янада оширган.

"Буларнинг қонунлари ҳеч тугамади" , дея гап бошлади у Би-би-си мухбири билан суҳбатлашаркан.

"10 йилдан бери бунақа бўлмаганди. Охирги икки йилда қонунлар кучайиб кетди, топган маошимиз ҳужжат тўғрилашдан ошмаяпти", деди у.

Давлат Думаси раиси Вячеслав Володин охирги қабул қилинган қонунлар асосан муҳожирларни назорат қилишга қаратилганини айтгани ҳақида парламентнинг Телеграм-канали хабар берди.

Шунингдек, 30-июндан бошлаб Россияга узоқ муддатга боришни истаган ҳар бир хорижлик сафаридан камида 72 соат олдин RUID иловаси орқали ариза топшириши шарт бўлади.

Ҳукумат бу тизим чет элликлар ҳақидаги маълумотларни ягона электрон базага жамлаш учун жорий этилганини маълум қилди. Фақат яқин қариндоши оғир касал бўлиб қолса ёки вафот этса, аризани 4 соат олдин топширишга рухсат берилади.

Агар илова орқали рўйхатдан ўтмаса, шахс Россияга киритилмаслиги ёки кирган тақдирда ҳужжатлар билан боғлиқ муаммоларга дуч келиши мумкинлиги огоҳлантирилмоқда.

2025-йилда Москва шаҳри ва вилоятида чет элликларнинг яшаш жойини рақамли назорат қилиш учун "Амина" иловаси ишга туширилган.

"ДумаБинго" лойиҳаси маълумотларига кўра, 2021-йилдан бери Россияда мигрантларга оид 70 дан зиёд чекловчи қонун лойиҳаси кўриб чиқилган. Уларнинг ярмидан кўпи "Крокус" терактидан кейин муҳокама қилинган. Шу билан бирга, Марказий Осиёдан келган муҳожирларга ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан босим ва таҳқирлаш ҳолатлари ҳақидаги хабарлар ҳам кўпайган.

Рус ҳукумати бу чораларни хавфсизликни таъминлаш ва ноқонуний миграцияга қарши кураш билан изоҳламоқда. Экспертлар эса буни Россиядаги мигрантларга нисбатан салбий кайфият билан боғлайди.

Taqdim
Ukrainadagi urush ortidan kelib chiqqan iqtisodiy krizisdan e’tiborni burish maqsadida muammolarni muhojirlarga yo‘naltirish siyosati qo‘l kelayotgandek ko‘rinadi.
Botirjon Shermuhammad
Migrant.uz portali muassisi, huquqshunos

Migrant.uz портали муассиси, ҳуқуқшунос Ботиржон Шермуҳаммад шундай дейди, "Россия жамиятида мигрантларга нисбатан салбий кайфият кучайиб, журналистлар, жамоатчилик фаоллари ва сиёсатчилар кўпинча ҳар қандай муаммода муҳожирларни айблай бошлади. Украинадаги уруш ортидан келиб чиққан иқтисодий кризисдан эътиборни буриш мақсадида муаммоларни муҳожирларга йўналтириш сиёсати қўл келаётгандек кўринади. Миграция қонунлари урушгача ва "Крокус" воқеасигача ҳам ўзгариб, янги қоидалар киргизиларди, лекин шу билан бирга енгилликлар ҳам бўларди. Ҳозир енгилликлар йўқ".

Унинг фикрича бундай сиёсат уруш тугаб, жамиятда муҳожирларга нисбатан муносабат яхшиланганда ва ишчи кучига талаб кескин ошгандагина ўзгариши мумкин.

"Ҳозирги шароитда ижобий ўзгаришлар сезилмаяпти", дейди ҳуқуқшунос.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Россияда мигрантларга асосий чекловлардан бири – назорат рўйхати. Унга миграция қонунларини бузган чет элликлар киритилади. Давлат Думаси раиси Вячеслав Володиннинг маълумотича, 2025-йил -сентябрга келиб рўйхатда 770 мингдан ортиқ мигрант бор, уларнинг учдан бири аёллар ва болалар.

Ўзбекистон президенти администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ўтган йили Москвада бош вазир Михаил Мишустин билан учрашиб, мигрантларга патент бериш жараёнининг бир қисмини Ўзбекистонда амалга оширишни таклиф қилган. Бу таклифнинг натижаси ҳозирча маълум эмас.

Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Акмал Бурҳонов 2025-йилнинг июн ойида журналистларга берган маълумотида "Россияда ишлаётган ўзбекистонликлар сони бир миллион атрофида" эканини билдирган. У 7–8 йил аввал ўзбек мигрантлар сони 5–6 миллион бўлганини таъкидлаган.