Футбол: Муҳаммад Салоҳ – 'Миср қироли' барча даврларнинг энг буюк ўйинчиларидан бирими?

    • Author, Нада Ҳешам
    • Role, Араб хизмати, BBC News
  • Published
  • Ўқилиш вақти: 6 дақ

Муҳаммад Салоҳ Англиянинг "Ливерпул"ини мавсум охирида тарк этишини эълон қилди. Футболчи босиб ўтган йўлга бир назар.

Муҳаммад Салоҳ 156 та гол урган дастлабки беш мавсумда клубга бош мураббий бўлган Юрген Клопп футболчини "барча даврларнинг энг буюк ўйинчиларидан бири", деб атади.

Салоҳ Клопп қўл остида Чемпионлар лигаси, Премер-лига, мамлакатнинг учта кубоги, Суперкубок ва Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғолиб чиқди. У, шубҳасиз, ўзгача футболчи.

Бироқ бу уни Ливерпул шаҳридан анча йироқларда – Буюк Британия, Европа, бутун Африка, араб дунёси ва барча мусулмонлар учун ибрат намунасига айлантирган кўплаб жиҳатлардан биттаси, холос.

Салоҳнинг босиб ўтган йўли юксак садоқат, матонат ва иштиёқни акс эттиради.

Мисрнинг чекка қишлоғи Нагригда улғайган Салоҳ ўз фаолиятини "Ал-Маковлун ал-Араб" клубида бошлаган. У 14 ёшидан бошлаб Қоҳирадаги машғулотларга бориш учун ҳар куни автобусда тўққиз соат йўл босарди.

Унинг муваффақият сари йўли осон кечгани йўқ, бироқ Салоҳ ҳаммасини ўзгартириб юборган бир лаҳзани эслайди.

"Мен икки ой захира ўриндиғида ўтирдим, – дейди у "Sports Illustrated" нашрига. – Отамга: "Ҳар куни бориб, захирада ўтира олмайман", дедим. Йиғладим. У эса: "Қулоқ сол, машҳурликка эришган ҳар бир инсон аввал кўп азоб чеккан. Осон бўлмайди. Шунчаки диққатингни жамла, қаттиқ машқ қил, ишончим комил, сен яна майдонга тушасан ва буюк футболчи бўласан", деди.

Бироқ Салоҳнинг маҳорати Миср клубларида бир неча йил тўп сургачгина уни Европага етаклади. У Швейцария Суперлигасининг "Базел" клуби билан шартнома имзолади.

"Базел" кўригидан ўтиш учун Мисрдан кетган илк кунданоқ ўзимга бутунлай бошқа футболчи бўлишим кераклигини айтганман, – дейди Салоҳ Миср телевидениесининг "Kol Youm" дастурига. – Мен катта ютуқларга эришишни, эътибор тортишни, одамлар севиб кузатадиган футболчига айланишни хоҳлардим".

Лекин у Европада бир кечада эътироф қозонгани йўқ. Салоҳ "Челси"да майдонга тушиш учун курашди ва фаолиятини қайта тиклаш учун Италия А Сериясига ўтиб, аввал "Фиорентина", 2015–17 йилларда эса "Рома" сафида тўп суришига тўғри келди. "Ливерпул" билан Англияга қайтгач, у шундай деган эди: "Бу ерда, Премьер-лигада ўйнаш менга ёқади. Қайтганимдан хурсандман ва ҳаяжондаман".

"Клуб учун боримни бераман. Шу ерда эканлигимдан бахтиёрман ва бу клуб учун нимадир ютишни жуда истайман".

"Агар ҳозирги мен билан беш йил аввалги мени солиштирсангиз, ҳам руҳан, ҳам жисмонан ҳамма нарса ўзгарганини кўрасиз, – дейди Салоҳ "Энфилд"даги илк мавсумида BBC Sport'га.

"Ҳар куни ўз устимда ишлашга ҳаракат қиламан. Янада ўсиш учун ўзимни доим зўриқтиришни ёқтираман.

"Бутун ҳаётимни футболга бағишладим. Фақат футбол ҳақида ўйлайман. Хаёлимда доим шу".

Орадан тўққиз йил ўтиб, Салоҳ сўзи устидан чиқди, ортидан нафақат совринлар ва унвонларни қолдирди, балки Африкани тарк этаётганда айтган "одамлар севган футболчига айланиш" орзуси ҳам рўёбга чиқди.

Салоҳнинг 2017–18-йилги мавсумдаги ёрқин ўйинлари "Энфилд"даги "Коп" трибунасида янги қўшиқ ёзилишига сабаб бўлди: " Mo Salah, Mo Salah, Mo Salah, running down the wing, Salah, la-la, la-la, the Egyptian king!". Бу қўшиқ "Ливерпул"нинг ашаддий футбол ва мусиқа рақиби бўлган Манчестернинг "Жеймс" гуруҳи ижросидаги "Sit Down" куйига мосланган эди.

Ўша пайтда қўшиқнинг асл матнини ёзган хонанда Тим Бут "Ливерпул"га шундай деган эди: "Биз "Sit Down"га жуда эҳтиёткорона муносабатда бўлганмиз. Бу қўшиқ одамлар учун катта аҳамиятга эга ва биз унинг обрўсини тушириши мумкин бўлган кўплаб рекламаларда ёки бошқа ҳолатларда ишлатилишига йўл қўймаганмиз. Аммо дунёнинг энг буюк футболчиларидан бири ундан фойдаланиши мумкин. У шундай чиройли футбол намойиш этаётган бир пайтда, бу биз учун бир завқ".

Бироқ ўша мавсумда Салоҳдан илҳомланиб янгиланган ягона бритпоп мадҳияси "Sit Down" эмас эди. Лондондаги "Dodgy" гуруҳининг "Good Enough" таронаси трибуна қўшиғи учун куй бўлиб хизмат қилди. Салоҳнинг ўз мусулмонлигидан фахрланишини эътироф этган ҳолда, мухлислар шундай куйлашади: "Агар у сенга маъқул бўлса, менга ҳам маъқул, Агар яна гол урса, мен ҳам мусулмон бўламан, Агар у сенга маъқул бўлса, менга ҳам маъқул, У масжидда ўтирибди, мен ҳам ўша ерда бўлишни истайман".

Салоҳ Премьер-лига тарихидаги энг тезкор ўйинчилардан бири бўлиб, "Opta" расмий статистик маълумотларига кўра, 2021 йилда соатига 36,64 км максимал тезликни қайд этган.

"Тескари қанот ҳужумчи" сифатида у ўнг қанотдан кенг кўламда ҳужумга ўтади, сўнг тана ҳаракатлари ва тезликни кескин ўзгартириш орқали ҳимоячиларни алдаб ўтиб, кучлироқ бўлган чап оёғи билан зарба бериш учун ичкарига киради. Бироқ, бу самарали тактика билан чекланиб қолмаган Салоҳ ўнг оёғини босқичма-босқич кучайтириш учун жадал машғулотлар ҳам олиб борган.

"Мен ўз заиф томонларим устида ишлайман ва доим ўсишга ҳаракат қиламан – машғулотлардан кейин, машғулотлардан олдин спорт залида ёлғиз шуғулланаман," дейди Салоҳ "Sports llustrated" нашрига.

Аммо Салоҳ учун ҳақиқий меҳнат машғулотдан уйга келганида бошланади. У парҳез, жисмоний машқлар ва қатъий тартибга амал қилади. У тикланишга ёрдам бериш ва чарчоқни камайтириш учун элита даражасидаги тренажёр зали ва реабилитация воситаларидан, жумладан, ўзининг уйидаги гипербарик кислород камерасидан фойдаланади. "Уйимда ҳамма нарса бор, – деган эди у. – Худди шифохонадек".

Салоҳ кунига камида икки марта тренажёр залида шуғулланади, шундан сўнг оғриқ ва яллиғланишни камайтириш учун музли ванна қабул қилади. Бундан ташқари, у эгилувчанликни ошириш ва жароҳатлар олдини олиш учун йога ва пилатес билан ҳам шуғулланади.

Унинг қатъий режими ҳатто оилавий уйнинг бошқа қисмларига ҳам тааллуқли. "Men in Blazers Media Network" нашрига берган интервьюсида "Чиройли қорин мушаклари ошхонада шаклланади", деган Салоҳ ўз кун тартибида овқатланиш рациони муҳимлигини таъкидлайди.

Салоҳ оқсил ва кўкатларга бой қатъий парҳез тутади. У одатда кунига беш-олти марта мувозанатли овқатланади ва унинг таомномасидан тухум, авокадо, брокколи, ширин картошка, сули ёрмаси, бодом сути ва мевалар каби маҳсулотлар ўрин олган. У шакардан тийилади ва фақат глютенсиз қора нон истеъмол қилади. Аммо Мисрга қайтганида, у ҳозир ҳам ясмиқ ва пиёз қўшиб қовурилган гуручли миллий таом – анъанавий кошарийни севиб истеъмол қилади.

Руҳий саломатлик ҳам у учун муҳим ўринда туради. Салоҳ ҳар куни ухлашдан олдин ёки уйғонганидан сўнг 15–20 дақиқа давомида медитация қилиб, ўз мақсадларига диққатини жамлайди ва фикрларини тиниқлаштиради. У мунтазам равишда шахмат ўйнайди, бу эса унинг диққатини жамлаш ва қарор қабул қилиш қобилиятига ёрдам беради.

Мисрда Салоҳни миллий илҳом манбаи сифатида билишади, кўплаб мухлислар уни "ҳар бир мисрлик боланинг умиди" деб таърифлайди. У бу масъулиятга жиддий қарайди.

"Мен барча мисрликлар ўз устида ишлаш учун менинг йўлимдан боришларини истайман, – дейди Салоҳ BBC Sport'га. – Биз катта мамлакатмиз. Болаларимиз кўп. Мен ҳар бир инсон орзу қилишини ва нимадирга қодир эканини ҳис этишини хоҳлайман".

У айтган гапини амалда исботлайди: Нагригдаги «Муҳаммад Салоҳ» хайрия жамғармаси орқали етимлар, ажрашган ва бева аёллар, камбағаллар ҳамда беморларга ёрдам беради.

Айни пайтда, "Ливерпул"да Салоҳнинг маҳорати, шунингдек, профессионаллиги ва камтарлиги уни ҳам клуб, ҳам шаҳар учун фахр тимсолига айлантирди. У туфайли ижтимоий аҳиллик ортгани, ҳатто нафрат жиноятлари камайгани, шунингдек, "Энфилд"га тобора кўпроқ мусулмон мухлислар жалб қилинаётгани айтилади.

"Умид қиламан, ушбу сўнгги ўйин кунида барчангизнинг юзингизда табассум бўлади, биз гувоҳ бўлган энг ажойиб каръералардан бирининг бир қисми бўлганингиздан шунчаки миннатдор бўласиз", деган эди Клопп "The Anfield Wrap" подкастида "Ливерпул" мухлисларига.

"Мо доимо гол уришни ўйлайдиган одам эди. Буни машғулотда ўргатиб ёки ўрганиб бўлмайди. Бу унинг ичида бор нарса. Бу унга хос. У умрининг охиригача шундай бўлиб қолади".

Салоҳнинг кейинги фаолияти борасидаги тахминлар тобора кучайиб бормоқда.

Хабарларга кўра, 2023 йилда "Ливерпул" "Ал-Иттиҳод"нинг 200 миллион долларлик таклифини рад этган. Ушбу клуб ва Саудия Про-лигасининг қолган учта "катта тўртлиги" – "Ал-Аҳли", "Ал-Ҳилол" ва "Ан-Наср" ҳамон уни ўз сафига қўшиб олиш истагида. Бошқа эҳтимолий манзиллар қаторида АҚШдаги Олий Лига футбол франшизаси, Туркия Суперлигасидаги клуб ёки ҳатто Италияга қайтиш ҳам бор.

Халқаро миқёсда Африка Миллатлар Кубогида ғолиб чиқиш унинг энг катта орзуларидан бири бўлиб қолмоқда. Шунингдек, Салоҳдан Мисрни 2026-йилги Жаҳон чемпионатининг плей-офф босқичига олиб чиқиши кутилмоқда.

Агар у буни уддаласа, бу воқеа унинг 34 ёшга тўлганидан бир неча ҳафта ўтиб содир бўлади. Унинг ўйин услуби асосан жисмоний шиддатга – тезлик, тезланиш, ҳимоячилар ортидаги ҳаракат ва тезкор қарши ҳужумларга таянгани учун Салоҳга уни дунёнинг энг яхшилари қаторига қўшган ўйинини сақлаб қолиш қийин бўлиши мумкин.

Бироқ бутун дунёдаги миллионлаб мухлислари учун – Мерсидан Нилгача – Салоҳ абадий "Миср қироли" бўлиб қолади.

Нагригда Салоҳнинг бир мухлиси бутун халқнинг ҳис-туйғуларини шундай ифодалайди: "Биз Муҳаммад Салоҳни, у қаерга бормасин, қайси жамоада ўйнамасин, доим севамиз ва қўллаб-қувватлаймиз".